Ундан бошқа ҳеч кимга бундоқ йиғламаган эдилар…

Ундан бошқа ҳеч кимга бундоқ йиғламаган эдилар…
89 views
26 June 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 58

(давоми)

Бу Уҳуд урушида саҳобалардин етмиш неча киши шаҳид бўлиб, қолганларининг кўплари оғир ярадор эдилар. Шундоқ бўлса ҳам, бу Худодўст ҳақиқий мўминларнинг бу ишдан кўнгиллари чўкиб, руҳлари тушмади, балки буларнинг ҳиммат ва ғайратлари аввалгисидан ҳам ортиқроқ бўлди. Алар: «То ўлгунчалик душманга қарши сабот кўрсатиб, чидамлик билан уруш қилгаймиз», деб Расулуллоҳга қайтадан ваъда бердилар, разияллоҳу анҳум.

Сўнгра Ҳазрати Али Пайғамбаримизнинг буйруқлари билан, алар ортидан қоралаб бориб кўрдиларким, туяларини минишиб, отларини етаклашиб Макка шаҳри томонга жўнамоқчи бўлдилар. Жўнаш олдида Абу Суфён Мадина шаҳрини бўш қолганини билиб, шаҳарни талонтарож қилмоқчи, хотун-болаларни ўлжа, асир олмоқчи бўлиб, бу тўғрида аскар бошлиқларидан маслаҳат сўради. Анда Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайя айтдиким:

— Душманларимиз бу урушда енгилишдилар, алардин бир қанчалари ўлдирилди, шунинг учун қаттиқ қайғурмоқдалар. Агар шул хол устига яна Мадинага бориб ҳужум қилур бўлсак, жон аччиғида чўнг-кичик демай, борлиқ қувватлари билан қарши тургайлар, биз учун ул чоғда қандай натижа чиқиши маълум эмасдур. Ҳозирча душманларимизни бу жойда енгган бўлиб, ўтган Бадр урушида енгилган номусимизни қайтардик. Энди, шунчалик қўлимизга келган бу улуғ ютуқни сақлаб қолишимиз керак, — деди.

Бу сўзга ҳаммалари рози бўлишиб, Маккага қараб қайтдилар. Бу баҳона билан Аллоҳ таоло Мадина шаҳрини душман оёғи остига тушишдан сақлади. Бу ҳам Расулуллоҳнинг мўжизалари деб айтилса, лойиқдур.

Энди душманлар кетгандан кейин Расулуллоҳ бу урушда ўлган ва қолган мўминларни текширмоқчи бўлиб: «Саъд ибн Рабиъ хабарини ким келтиргай? Бир тўп душманлар қилич найзаларига қарши чопишиб турганлигини майдонда кўрган эдим», дедилар. Анда ансор саҳобалардин Убай ибн Каъб:

— Ё, Расулаллоҳ, ман анинг хабарини келтиргаймен, — деб ўрнидан турди.

Расулуллоҳ айтдилар: — Агар уни тирик кўрсанг, мендин салом айтиб, ҳолинг нечук бўлди, деб сўрагил — дедилар.

Сўнгра ул саҳоба ўликлар ичидан излаб юриб, ҳазрати Саъдни топди. Рамақи жони бор эди. Айтдиким:

— Расулуллоҳ сенга салом айтиб, мени юбордилар. Сенинг ҳолингни билмакка келдим — деди.

Анда Саъд:

— Ўн икки еримдан найза еб, ярадор бўлдим, жон еримдан ўтиб, заҳим ичимга тушди. Энди мен тирик эмасман, ўликлар қаторидадурман. Мендин Расулуллоҳга салом етказгил, бизга ҳақ йўлни кўрсатиб, ҳидоят йўлига солдилар. Аллоҳ уларга ажр берсун, иккинчидан, қавм-қариндошларимга мендим салом еткур, то бир жон киши қолгунча Расулуллоҳни душмандин сақласинлар. Агар бу ишда бўшлик қилсалар, Аллоҳ олдида узр топа олмагайлар, — деб, жон таслим қилди. Борган киши бу хабарни Расулулоҳга етказди. Анда Расулуллоҳ:

«Раҳимаҳуллоҳу насаҳа лиллаҳи ва лирасулиҳи ҳайян ва маййитан», яъни: «Аллоҳ уни раҳмат қилсин, Худога ва унинг Пайғамбарига тирик ҳолида ва ўлар чоғида ҳам яхшилик қилди» деб дуо қилдилар.

Бунинг кейинида икки қизи қолиб, меросига эга бўлган эди, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифалик вақтида бир куни шу икки қизнинг бириси халифа олдига келди. Дарҳол ҳазрати Абу Бакр елкасидан ридосини олиб қиз остига солди. Шу чоғда эшикдан Ҳазрати Умар кириб: «Бу кимнинг қизи?» деб сўради. Анда ҳазрат Абу Бакр «Мендин-сендин яхшироқ кишининг қизидур», дедилар. Буни онглаб Ҳазрати Умар:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, у қандоқ киши бўлгай» деди. Ҳазрат Абу Бакр айтди:

«Рожулун табавваъа мақъадаҳу минал жаннати ва бақийту ана ва анта ҳазиҳи бинту Саъд ибн Рабиъ», яъни, «Ул шундоқ одамдурки, жаннатда тайёрланган жойдан ўрин олди. Сен билан биз бу жойда қолдик, энди бу қиз эрса, шу мақомни топган Саъд ибн Рабиъ қизидур».

Расулуллоҳ амакилари амир Ҳамзани ўзлари излаб: «буни кўрган киши борму?» деб сўраганларида, бир киши туриб: «Ё, Расулуллоҳ, анави кўринган қўрам тошлар олдида «ана асадуллоҳ, ана асадурасулиллоҳ», яъни «Мен Аллоҳнинг асрлонидурман, пайғамбарининг йўлбарсидурман», деб наъра тортиб, қилич чопиб юрганини кўрган эдим», деди. Расулуллоҳ ул жойга келиб кўрдиларким, шу жойда йиқилиб, шаҳид бўлмишдур.

Кўзлари ўйилган, қулоқ-бурунлари кесилган, қоринлари ёрилиб, ичак-чавақлари чувалган, қисқаси бу муборак танга кўз қараб, чидаб туролмаслик даражада душманлар тарафидан ваҳшийликлар қилинган эди. Расулуллоҳ бу ҳолни кўриб, қаттиқ хафаланиб қайғурдилар. Муборак юз-кўзлари ёшга тўлди. Сўнгра айтдилар:

— Эй амаким, Аллоҳ сени раҳмат қилсин, яхши ишларга ёвуқ (яқин), ёмон ишлардан йироқ эдинг. Сенинг меҳрибонлигингдан қариндошларинг қониқ эдилар. Эй Аллоҳнинг арслони, бизнинг қаршимизга келган ғаму қайғуларин қайтарур эдинг, — деб муборак кўзларидан ёш тўкдилар.

Ҳазрати Ибн Маъсуд айтди: Расулуллоҳ ҳазрати Ҳамзага қаттиқ йиғладилар, ундан бошқа ҳеч кимга бундоқ йиғламаган эдилар».

Расулуллоҳ айтдилар:

— Биродарим Жаброил менга дедиким: — «Етти қат осмон фаришталари ҳазрати Ҳамзани «Асадуллоҳ» деб атайдилар». Бутун осмонларда шу ном ила танилмишдур.

Сўнгра Расулуллоҳ ҳазрати Зубайрга буюрдиларким: — Ҳазрати Ҳамзанинг қиз қариндоши Сафияни йўлдин қайтаргайсан, чунки инисининг бундоқ оғир ўлдирилганлигини кўриб қолмасун.

Сафия Расулуллоҳнинг аммалари бўлиб, ҳазрати Зубайр Сафиянинг ўғлидур. Хотинларнинг бир туққан қариндошларига меҳрибонлиги бошқалардан ортиқроқ бўлур. Шунинг учун бу ҳолда кўрса, анинг ғамгинлиги ақлига ғалаба қилмасин, деб унга кўзи тушмаслигини маслаҳат кўрдилар. Ҳазрати Зубайр Расулуллоҳнинг амрлари билан онаси Сафияни қайтармоқ учун йўлини тўсди.

Анда Сафия:

— Эй ўғлим, менинг йўлимни тўсмагил, қариндошим Ҳамзага душманларнинг қилган ишларини онглагандурман. Худо йўлида, пайғамбар олдида кўрилган ҳар қандоқ оғир мусибатларга розидурман, иншааллоҳ! Бу ишга сабр қилиб, Аллоҳдин ажр кутармен, — деди.

Бу сўзни Расулуллоҳга етказгандин кейин, Сафияга рухсат қилдилар. Уҳуд шаҳидларининг қонлик либослари кафанлари бўлди. Расулуллоҳ амрлари билан Уҳуд тоғида барчалари дафн қилиндилар. Лекин, икки одам, уч одам бир қабрга қўйилган эди. Чунки ўлимдан қолган мусулмонларнинг кўпчилиги ярадор ва қаттиқ чарчашган эдилар. Ҳар шаҳид учун айрим қабр қазимоқ ул кунларда осон эмас эди. Шаҳидлар сайиди ҳазрати Ҳамза ўз жиянлари Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан икковлари бир қабрга қўйилдилар.

Ривоятда келибдурким, ушбу Уҳуд урушида Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг чопиб турган қиличлари ўртадан синиб, иккига бўлиниб кетди, югурганича Расулуллоҳ олдиларига келган эди: «Ол буни», деб қўлига бир қуриган хурмо шохини бердилар. Буни қўлига олиши билан нақ қилич бўлди. Бунга ўхшаган мўжизаларни ўз ўрни келганида яна очиқ баён қилурмиз, иншааллоҳ.

Шундоқ бўлиб, ҳазрати Ҳамза қабрга қўйилганда, пайғамбаримиз муборак кўзларига ёш олиб туриб: «Агар Сафияни аямасам эрди ва унинг қаттиқ қайғуришини андиша қилмасам эрди, Ҳамзани кўммагай эрдим ва анинг жасадини иту қушлар еб кетсун эди, бу иш менга Аллоҳ олдида улуғ ҳужжат бўлур эди», дедилар.

Яна Расулуллоҳ айтдилар:

— Бу шаҳидлар учун Худо олдида гувоҳлик бергайман, улар қайси ҳолда шаҳид бўлсалар, қиёмат кунида шу ҳол билан қабрдан қўпгайлар. Жароҳатларидан қон оқиб тургай, кўзларига қондек қизил кўринса ҳам, анинг иси мушк-анбардин ортиқроқ бўлгай.

Яна бир ривоятда келди, Пайғамбаримиз саҳобаларга айтдилар:

— Уҳуд (жангида) тоғида шаҳид бўлган биродарларингизни Аллоҳ раҳмат қилди. Алардин Аллоҳ рози бўлди. Шаҳидлар арвоҳларини яшил ранглик жаннат қушлари қилди. Жаннат меваларидан егайлар, Кавсар сувларидан ичгайлар. Аршнинг остига осилган олтин қандилларга қўниб ётгайлар. Бу шахидлар қачонким бундоқ ноз-неъмат, айш-роҳат кўрдилар эса дегайларким: «Эй кошки у дунёда тирик қолган биродарларимиз бизнинг бундоқ роҳат топганимизни билган бўлсалар эди, ҳар вақт Худо йўлида, ҳақ йўлида урушдан, ўлишдан қўрқмас эдилар».

Анда Аллоҳ таоло айтди: — «Эй шаҳидлар, шодбўлинглар, у дунёда қолган мўмин биродарларингизга бу хабарни ўзим етказурман».

Сўнгра шаҳидлар ҳақида аларнинг топган даражаларини, кўрган роҳатларини баён қилиб, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга ушбу оятни юборди:

«Вала таҳсабанналлазийна кутилув фи сабийлиллоҳ амватан, бал аҳъяун инда роббиҳим юрзақувн, фариҳийна бима атаҳумуллоҳу мин фазлиҳ. Ваястабширувна биллазийна лам ялҳақув биҳим мин холфиҳим, анла ҳавфун алайҳим валаҳум яҳзанун».

Маъноси: «Худо йўлида ғазотда ўлдирилган мўминлар ўлик, деб ўйламанглар, балки улар Аллоҳ олдида тирикдурлар. Жаннатдин ризқларини еб-ичиб тургайлар, Аллоҳ таоло уларга берган фазли карами, ноз-неъматлари билан хурсанддурлар. Ортларида ҳаёт қолиб, аларга қўшила олмаган ғазот йўлдошлари мўминларни ўзларига келиб қўшилишларига муштоқдурлар. Шаҳидларга ҳеч қўрқинч бўлмагай. Ва улар ҳеч қандоқ ғам-қайғу юзини кўрмагайлар», демакдур.

(давоми бор)