Аҳил-иноқ партиялар

Аҳил-иноқ партиялар
111 views
26 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(50-қисм)

Демократиянинг битта талаби кўппартиявийлик бўлса, кўрилганидек, Ўзбекистонда унақа партиялардан биратўла 6 (олти) таси тузиб ташланди. Бу борада демократиянинг намунаси бўлмиш Амрикани ҳам ортда қолдириб кетдик. Амрикада чули-чулиларини демаганда, ҳокимият талашадиган бор-йўғи иккита – Республикачилар партияси билан Демократлар партияси бўлса, Ўзбекистонда нақ олтита!

Албатта, иккитаси бир партияга, ундан кейин яна иккитаси биттага бирлашиб, эндиликда тўрт партия қолди, лекин барибир иккита эмас-да!

Битта-иккита майда-чуйда фарқимиз бор. Масалан, Амрикада партиялар ўртасидаги рақобат бир кунга ҳам тўхтамайди – иқтидордаги партия доим қарши партиянинг танқидий назорати остида бўлади. Айниқса, сайлов яқинлашганида Амриканинг тинчи буткул бузилади: ҳар иккала партия бутун куч-қудрати, салоҳияти, мол-дунёси, ҳатто ҳийлаю найрангини ишга солиб, ҳокимият учун ҳаёт ё ўлим жангига киради.

Бизда эса, аксинча, ҳеч бир партия ҳокимият талашмайди. Ҳаммаси аҳил-иноқ. Ўзбекистонда ҳаммаёқ тинч. Тўртала партия бир ёқадан бош чиқариб, тўртта оғиз бир оғизга айланиб, ҳар гал эски президентнинг номзодини қўллайди. Сайловдан кейин ҳам президент сиёсатини танқид қилмайди, аксинча, яхшию ёмон барча ишини олқишлайди, у белгилаб берган йўлдан бориб, тинимсиз ва  яна тинимсиз равишда, у киши буюрган ишларни, олиб бораётган “туб ва изчил ислоҳотлар”ни ҳаётга татбиқ этиш билан шуғулланади.

Амрикада мухолиф партиялар президентликка номзодни олдин ўз ичларидан сайлаб оладилар. Бу палла ҳам жуда қизғин кечади. Бизда Муҳтарам Президент ҳамма партиянинг фахрий аъзоси! Фахрий аъзо не, Бош котиби! Демак, президентликка ҳамма партиядан биринчи нўмирали номзод! Бошқа номзод кўрсатаман деб хомтама бўлманг, тортишманг ҳам!

Тўрттала партиянинг ҳам “Раис”и тўғридан-тўғри ягона бошлиққа – шу “Бош котиб”га бўйин сунади. Ўзининг мустақил ғояси, мустақил йўли, мустақил мафкураси бўлмагани учун “Бош котиб”нинг йўл-йўриғидан зиғирча чиқмайди, сиёсатини тўласича қўллаб-қувватлайди!

“Ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўл” деганимиз шу! Газетларни ўқинг, радио-телевидениега қулоқ солинг: бутун дунёни ҳайратга солаётган, тажрибасини ўрганиш илинжида бутун дунё навбатда турган Ўзбекистоннинг тараққиёт модели – “ўзбек модели” деганлари шу!

I.Энди бу умумий фикрларимизни мисоллар билан исботлашга ҳаракат қиламиз. Гапни олифтароқ номли “Ўзбекистон Либерал-демократик партияси” ва унинг фикр тарқатувчиси, янаям олифта номланган “ХХI аср” газетидан бошлаймиз.

Газетнинг 2011 йил 21 январ сонини қўлга олинг. 1-бетга кўз югуртиринг. Мухбир Қаҳрамон Сайдалиевнинг “Муносабат” рукнида эълон қилинган “Изчил ислоҳотларнинг амалдаги самараси” мақоласини ўқинг. Унда ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоевнинг мана бундай сўзлари келтирилган:

“Юртбошимизнинг 2011 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузаси ҳар биримизни янги марралар сари руҳлантирганини алоҳида таъкидлаш лозим. Маърузада белгилаб берилган устувор йўналишлар тўғри танланган йўлнинг тарихан қисқа муддатлардаги амалий натижаларидан далолатдир. Бу айни пайтда олиб борилаётган туб ислоҳотлар самарасининг амалдаги ёрқин намунаси ҳам бўлди. Бир сўз билан айтганда, ушбу маърузани келгуси ўнйилликларга мўлжалланган ва аниқ мақсадларга қаратилган концептуал дастурларнинг узвий давоми, дейиш мумкин”.

Яна шу соннинг 1–2-бетларида “Парламент фаолиятини Концепция талабларига мослаштирмоқда” сарлавҳали мақола берилган. Парламент кўппартиявийлик асосида ташкил бўлганини ҳисобга олсак, бундан, демак, ҳамма партиялар фаолиятини Президентнинг Консепсияси талабларига мослаштираётгани англашилади. Агар гап ЎзЛиДеП фраксияси фаолиятигагина тегишли бўлса, унда ҳам қизиқ: Президент таклиф қилган Консепсияни жиддий таҳлил қилиш, хатолари бўлса, унга қарши ўзларининг концепцияларини илгари суриш ўрнига, “сўзсиз қабул қилиб”, “тўла маъқуллаб”, “бутун фаолиятини Президент талабларига мослаштириб” оляпти! Президентнинг маърузаси кўп, йиллик ҳисоботларию илгари сурган ғояси кўп, мантиқан бир-бирига рақиб бўладиган партиялар ўз фаолиятларини ҳар гал уларга мослаштираверса, бундан бошқа иш ҳам қиладими бу партиялар, деган савол туғилади. Ўзининг йўлидан юришга вақти қоладими? Ўзи, умуман, бу партияларнинг ўз йўли борми?

Шу соннинг 5-бетида ЎзЛиДеП Матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Тошкент, Наманган, Қашқадрё ва Хоразмда партиянинг шаҳар-вилоят кенгашларидаги йиғилишлар Президент таклиф этган Консепсияни муҳокама қилади. Ҳаммаси бир овоздан маъқуллайди, “маърузадан келиб чиқадиган вазифалари”ни белгилаб олади.

10 феврал сонининг 1-бетида газет мухбири Носир Тошевнинг “Устувор мақсадларимиз ижобат бўлғусидир” мақоласи чоп этилган, унда: “Юртбошимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар… ўз самарасини бермоқда…” дейилади.

3-бетда, партия ҳаёти ёритилган “Масъуллик шаҳодати” мақоласида: “Фракциянинг навбатдаги (бундан кейинги, демоқчи. – Н.М.Р.) фаолияти Президентимиз томонидан тақдим этилган Концепцияда илгари сурилган асосий йўналишлардан келиб чиқиб ташкил этилмоқда”, дейилган.

Бу мисоллардан хулоса: демак, ЎзЛиДеПнинг ўз йўли, ўз мақсади, ўз консепсияси йўқ! Бошқа партиялар йўлидан бир оз бошқача бўлса-да, Президент йўлидан заррача ҳам бошқача эмас. Демак, у президент  партиясидир.

II.Энди Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партиясининг “ғоя-мақсадлари”ни ўрганиб чиқамиз.

Партиянинг фикр тарқатувчиси “Адолат” газети 2011 йил 21 феврал сонида “Муносабат” рукнида “Адолат” СДП фраксияси аъзоси Анвар Сулаймоновнинг сўзини берган. У кўрга ҳассадай қилиб: “Концепция – тараққиётимиз дастури” деб ёзади.

2-бетда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги жамият тараққиётининг гарови” номида давра суҳбати берилган. Унда: “Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, интелектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда”, дейилади.

Эътибор берилса, “ташаббуслари билан…”, “раҳнамоликларида…” амалга оширилаётган ишлар ва чексиз ғамхўрликлар ҳақида гап борганида, одатда, жумлалар узун тузилади,  битта гапда ҳамма яхшиликни санаб ўтишга тиришилади ва, натижада, деярли ҳаммасида “мустаҳкамлаш”, “янада демократлаштириш”, “юксалтириш”, “таъминлаш”, “кенг кўламли”, “туб ислоҳотлар”, “изчил ислоҳотлар”, “амалга оширилмоқда”, “устувор йўналишлар” каби жужур сўз ва иборалар қайта-қайта такрорланади. Бу сўзлар кўп чайналгани ва ўринли-ўринсиз ишлатаверилганидан айрим ҳолларда маъно мутлақо англашилмай қолади. Бунақа матнларни ўқийверсангиз, муаллифлари маънога кўп ҳам урғу бермаётганини англаб қоласиз. Чиндан ҳам, маъно ўзи нимага керак?!.

Бу мисоллардан хулоса: демак, “Адолат” СДПнинг ўз йўли, ўз мақсади, ўз консепсияси йўқ! Бошқа партиялар йўлидан бир оз бошқача бўлса-да, Президент йўлидан заррача ҳам бошқача эмас. Демак, у Президент  партиясидир.

III. “Адолат”да ҳол бу бўлса, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясида нима гап экан, деймизу партиянинг кўзгуси – “Миллий тикланиш” газетига боқамиз.

2011 йил 5 январ 1-сони 3-бетида “Ўз-ўзини танқид” рукнида “Қуйи бўғин кучли бўлса, электорат билан алоқа янада мустаҳкамланади” сарлавҳали мақола босилган. Унда жумладан бундай дейилган: “Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ва мақсадларни кенг аҳоли онгига сингдириш, тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантиришда партия ташкилотларининг ўрни катта…”

Ие, бу партия ҳам бошқа партиялар сингари бир хил сайраяпти-ку. Демак, “Миллий тикланиш” ДП жойлардаги ташкилотларининг асосий иши, худди бошқа партия ташкилотларининг вазифаси сингари, ўз партиясининг ғоя ва мақсадларини эмас, Муҳтарам Президентнинг ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш, кенг кўламда тарғиб-ташвиқ қилиш экан!

Газетнинг 19 январ сони “ЎзМТДП ҳаёти” рукнида чоп этилган “Тараққиёт концепцияси. ЎзМТДП ҳудудий ташкилотлари мазкур ҳужжатдан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб  олишди” деган хабар-мақолада ўртага қуюқ ҳарфлар билан ушбулар ажратиб ёзилган: “Пленумда Президентимиз Ислом Каримов маърузасида (Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 нўябир қўшма мажлисида президент қилган маъруза ҳақида гап кетяпти. – Н.М.Р.) белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ЎзМТДП вилоят партия ташкилотларининг Ҳаракат дастури тасдиқланди”.

2 феврал. “Ҳамкорлик” рукни. “МАҲАЛЛА ЎзМТДПнинг энг яқин ҳамкори” мақоласидан кўчирма: “Бунга, айниқса, истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида маҳалла институти йилдан-йилга такомиллашиб ва ривожланиб бораётгани ёрқин далил бўла олади…”

Ҳамма иш Юртбоши раҳнамолигида қилинаётган ва тўғри қилинаётган бўлса, оёқ тагида сен нимага ўралашиб юрибсан, эй ЎзМТДП?

2011 йил 10 август кунги 31-сонида юридик фанлари доктори, профессор Шуҳрат Рўзиназаров “МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР. Уни эъзозлаш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – демократик тараққиёт гарови” мақоласи билан чиқади. Мақоланинг камида олти жойида Президентдан иқтибос келтиради, унга суянади, тўласича Президент сўзлари руҳида фикрлайди. Ундан ташқарида на шахсий ва на партиясининг фикри бор. Бир замонлар бу каби лектор-профессорлар Компартиянинг ҳар бир қарорини шарҳлаб шу хил маъқуллов мақолалар ёзиб турарди. Ўшалардан ҳеч фарқи йўқ…

Бу мисоллардан хулоса: демак, ЎзМТДПнинг ўз йўли, ўз мақсади, ўз консепсияси йўқ! Бошқа партиялар йўлидан бир оз бошқача бўлса-да, Президент йўлидан заррача ҳам бошқача эмас. Демак, у Президент  партиясидир.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com