Рақиб қўймас тўғри йўлдан юрмоққа

Рақиб қўймас тўғри йўлдан юрмоққа
76 views
27 June 2016 - 6:00

1334746330_hiva1МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Шоҳи қаландар

Ошиқлар аҳлининг хони, султони,
Тажалли тахтининг шоҳи қаландар.
Кезарман йўлларни йитириб ёрни,
Билмасман, хабар бер, қайси қаландар?

Мен бу йўлда аросатда қолмишам,
Ҳайрон бўлиб, ожизлигим билмишам,
Шиблини, Мажнунни олиб келмишам,
Паҳлавон пирёрий, Увайс қаландар.

Хабар олдим боғу бўстон гулиндан,
Ранги сўлмиш боду хазон елиндан,
Бўйни йўғон золим фалак қўлиндан,
Қайишган беллари, ёйи, қаландар.

Рўйхушим йўқ ўйнамоққа, кулмоққа,
Рақиб қўймас тўғри йўлдан юрмоққа,
Бир хилватда ёр хабарин олмоққа,
Сенда бор ошнолик иси қаландар.

Кундузи фикрдир, ўйдир оқшоми,
Баҳорга менгзайди кечган айёми,
Бизга ҳам насиб эт, Раббим бу жомни,
Қийматин айт, не баҳоси, қаландар?

Суйсанг ул яратган қодир Субҳонни,
Мен ғарибга бўстон айла ҳар онни,
Кўтарди оламни, тутди жаҳонни,
Ошиқлар ноласи, саси қаландар.

Махдумқули айтар, танда устихон,
Вужуд сеникидир, оққан томчи қон,
Ақл сеникидир, ҳатто ширин жон,
Чиқсин, оғзимга тут, коса қаландар!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди