“Яна барчалари бирга бўлдилар…”

“Яна барчалари бирга бўлдилар…”
34 views
28 June 2016 - 7:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 59

(давоми)

Энди бу ўринда шаҳидлар ҳақида пайғамбаримиз айтган ҳадислардин бироз бўлса ҳам баён қилиб ўтамиз.

Расулулоҳ айтдилар:

— Пайғамбарлар ва Худо йўлида ғазот қилиб, сўқиш майдонларида ўлган шаҳидларқабрларида чиримайдилар. Уларни ейишни Аллоҳ таоло тупроққа ҳаром қилди. Бошқа барчаинсонлар ўлгандин кейин чириб тупроқ бўлгайлар.

Яна бир ривоятда келтирилур:

— Уҳуд шаҳидларидан ҳазрати Жобирнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умарнинг қабрини қирқ неча йил ўтгандан кейин сел ювиб, очиб кетди. Ота-ўғил ҳар икковлари бир қабрга қўйилган эдилар. Кўрдиларким, буларнинг танларида ҳеч қандоқ ўзгариш бўлмабдур. Янги ётган ўликдек барча аъзолари саломат экандур.

Ҳазрати Муовиянинг ҳалифалик замонларида Уҳуд тоғидаги шаҳидлар ётган қабристон ичидан ариқ ўтказмоқчи бўлдилар. Очилган ўликларни бошқа жойга кўмилсин, деб Муовия буйруқ чиқарди. Шул кунлари бир неча шаҳидларнинг қабри очилган эди.

Қарасалар, кечагина кўмилгандек, танлари юмшоқ, аъзолари саломат экан. Ҳазрати Ҳамзанинг муборак танларига кетмон тегиб кетди, худди тирик кишидек қон оққанлигини кўрдилар. Бу шаҳидларнинг қўйилганига яқин эллик йил бўлган эди, разияллоҳу анҳум.

Ансор саҳобаларидан бир хотуннинг эри, ўғли ва ҳам унинг акаси Уҳуд урушида шаҳид бўлдилар. Буни хотун онглагач «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуан» оятини ўқиб, сўнгра Расулуллоҳ қандай бўлдилар, деб сўради. Расулуллоҳ олдинроқда келаётган эдилар.

Хотуннинг кўзи Расулуллоҳга тушгач, этакларига ёпишиб: — «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, сиз саломат бўлгандин кейин, бошқа мусибатларга парво қилмасман. Ман аларнинг дарди фироқларига сабр қилурман», деди.

Эй бор Худоё, шу хотуннинг содиқ ихлоси, Расулуллоҳга қилган шу муҳаббатининг ҳаққи ҳурматидан барча гуноҳларимизни афв қилгил, устимизга келган ва келмакда бўлган балоларни ўзинг даф қилгин. Омин.

Яна шу Уҳуд урушида ҳазрати Қатода душманлар тарафидан Расулуллоҳга қаратиб отилган ўқларга ўзини тутиб, Пайғамбаримизни қўриқлаб турган эди. Шу чоғда бир ўқ келиб унинг кўзига қадалди, унинг зарбидан кўзи оқиб, юзига тушди. Саҳобалар буни кесиб ташлайлик десалар ҳам, ўзи рози бўлмай, кўзини олоқонига (яъни, кафтига) қўйганича Расулуллоҳ олдиларига келди. Бу ҳолни кўриб пайғамбаримиз унга раҳм қилганларидан йиғладилар. Сўнгра муборак қўллари билан кўзини ўз жойига қўйиб туриб: «Эй бор Худоё, қулинг Қатода пайғамбаринг юзини қўриқлаб, ўз юзини душманлар ўқига қалқон қилди. Ўқ теккан бу кўзини соғ кўзидан ҳам кўркамроқ қилгайсан», деб қутлуқ қўллари билан силаб эдилар, кўзи бурунгисидан ҳам яхшироқ бўлди. Қолмиш умрида ҳеч кўз оғриғи кўрмади.

Яна саҳобалардин Гулсум ибн Ҳайсам деган кишининг кўксига ўқ тегиб, қаттиқ яраланди. Шу ҳолда ўзини Расулуллоҳга еткузди эрса, анинг ярасига туфуриб эдилар, дарҳол шифо топиб, кўрмагандек бўлди. Бу ишлар эрса, Расулуллоҳнинг мўжизаларидур.

Сўнгра душманларнинг Макка шаҳрига жўнаб кетганликлари аниқлангандан кейин, Расулуллоҳ Мадинага қайтмоқчи бўлиб, муборак отларига миндилар. Атрофларини ўрашиб олди-орқаларидан саҳобалар юрдилар. Оз сонлик бир неча кишилардан бошқа қолган ҳаммалари ярадор эди. Қачонким, тоғ тагига келиб эдилар, Расулуллоҳ: «Бу жойда Парвардигорга ҳамд-сано айтгайман, орқа тарафимга ўтиб, ҳамманглар саф боғлаб тургайсизлар», — дедилар. Барча саҳобалар саф боғладилар, булар ортидан ўн тўрт нафар хотунлар туриб саф боғлашди. Сўнгра шул ерда Расулуллоҳ Худога муножат қилиб, узун ҳамду сано айтдилар. Бунинг ҳайбатидан тоғлар, еру осмонлар титрагувдек бўлди. Кўзлардан ёшлар оқиб, кўнгиллар эриб сув бўлди. Шул ҳолда Мадина сари юрдилар.

Мадина халқи ҳам бу урушда ким ўлди, ким қолди, деб, қолган-ўлганларнинг қавму қариндошлари йўл тўсиб чиқмоқда эдилар. Ҳаммадин илгари Ҳимна деган хотун киши Расулуллоҳга қарши келди. Бу хотун бўлса, Расулуллоҳнинг аммалари Умайма бинт Абдулмутталибнинг қизи эди. Расулуллоҳ унга таъзия айтдилар.

— Ё, Расулуллоҳ, кимга таъзия қилурсиз? — деб сўради.

— Тоғанг Ҳамзага таъзия қилурман, — дедилар.

— Яна кимга таъзият қилурсиз? — деди.

— Аканг Абдуллоҳга, — дедилар. «Инна лиллаҳи» оятини ўқиб: — Буларга шаҳодат даражаси муборак бўлгай, буларни Аллоҳ раҳмат қилгай — деди.

Яна Расулуллоҳ:

— Эринг Мисъаб ибн Умайр ҳам шаҳид бўлди. Унга ҳам таъзият айтурман. Аллоҳ сенга сабр берсин,— деб эдилар, ул хотун: «Во вайло ва ҳузно» деб қаттиқ бақириб йиғлади. Буни кўриб Расулуллоҳ айтдилар: «Бу хотуннинг кўнглида эрининг ҳурмати ва унинг муҳаббати ортиқ экандур, деб ул хотунни чақириб:

— Нега бундоқ қилдинг?» — деб сўрадилар.

Хотун:

— Ё, Расулаллоҳ, фарзандларим кўп эрди, аларнинг етим қолишлари ёдимга етиб, ақлим шошганликдан шундоқ қилдим, — деди.

Расулуллоҳнинг унга кўп раҳмлари келди. Бу хотуннинг ва унинг фарзандларининг ҳаққига дуо қилдилар.

Шунинг устига ҳазрати Саъд ибн Муъознинг оқ сочлик кампир онаси Расулуллоҳга қараб югуриб келмоқда эди. Расулуллоҳнинг жиловларида келаётган ҳазрати Саъд онасини кўриб:

«Ё, Расулаллоҳ, сизни зиёрат қилмоққа онам келур», деди. «Марҳабо, хуш келдинг», деб отларини тўхтатдилр. Амр ибн Муъозга таъзият қилиб:

— Эй Саъднинг онаси, мен сенга башорат берурман, суюнчалик хабар айтурман. Уҳуд урушида шаҳодат топган кишиларнинг хотун-болаларига, аларнинг қариндош-уруғларига бу хушхабарни сен етказгил. Аллоҳ улардин рози бўлди, барчаларини раҳмат қилиб, жаннатул Фирдавсда ҳаммаларига бир ўриндин жой берди. Бу дунёда Ислом дини узра ҳаммалари бирга эдилар. Жаннатнинг неъматлари ичра яна барчалари бирга бўлдилар. Қиёмат кунида ҳар бир шаҳид ўз қавм-қариндош, ёру дўстларини шафоат қилмоққа Аллоҳдин изн олдилар,— дедилар.

Расулуллоҳнинг бу сўзлари очиқ далилдурким, қиёмат кунида пайғамбарлардан кейинги энг улуғ шафоатни Аллоҳ таоло шаҳидларга бергай. Худо изни билан шаҳидлар ўз қавм-қариндошларини шафоат қилгайлар, Худо йўлида шаҳодат топган чин шаҳидлардин Аллоҳ рози бўлгай, алар ҳам Худодин рози бўлгайлар.

Анда Саъднинг онаси бу сўзни онглагач:

— Ё, Расулаллоҳ, биз энди рози бўлдик, шаҳидларимиз бундоқ даража топган бўлсалар, аларни қайғуриб биз нечук йиғлайлик? Ё, Расулуллоҳ, шаҳидларимизнинг оилалари ҳақида дуо қилинг, — деди.

Анда Расулуллоҳ бу дуони қилдилар:

«Аллоҳумма азҳиб ҳузна қулубиҳим важбур мусибатаҳум ва аҳсинил ҳалафа ало ман халлафув».

Маъноси: «Эй бор Худоё, мусибат кўрган кишиларнинг кўнгилларидан ғам-ғуссалариникетказгил. Мусибатдин етган синиқларини тузатгил, орқада қолган оилалари устига яхшиодамлардан ёрдамчилар етказгил», демакдур.

Бу дуолари ижобат бўлиб, уларнинг ҳақида нима деган бўлсалар ундин ҳам яхшироқ бўлди. Пайғамбаримиз айтибдурларким:

«Умматларимдан агар бирор кишининг фарзанди вафот топса, вафот топиши билан икки ракат сабр намози ўтаб, ушбу дуони ўқиб:

«Аллоҳумма ажирний мусибатий ва ахлифни хайрам минҳа», яъни: «Эй Тангри, шу мусибатимда мени ажирлик қилгил, анинг ўрнига андин ҳам яхшироғини бергил», деб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унинг ўрнига яхшироғини ато қилгай», дедилар.

(давоми бор)