Туссиз ҳаёт, туссиз сиёсат!..

Туссиз ҳаёт, туссиз сиёсат!..
78 views
28 June 2016 - 8:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(52-қисм)

Мунда-ай қарасангиз, Ўзбекистонда партиялараро жиққамушт бор. Демократиями? Демократия! Газетлар ҳам бир-бирига қарши мақолалар беряпти. Сўз эркинлигими? Сўз эркинлиги!

“Бор экан-ку, – деб юборгингиз ва бирдан ҳайқиргингиз келиб кетади: – Яна нима истайсизлар, эй чет эллик сиёсатчилар, эй ютуқларимизни кўра олмайдиган мухолифатчилар?!”

Ўзингизни босиб, ҳовурингиздан тушиб, бу ёзмаки жанжалларнинг мавзуига боқсангиз… бирдан кулгингиз қистайди: нима устида талашяпти бу партиялар? ва қандай талашяпти?

“Анов партия сайловолди ваъдасини бажармаяпти!” деб ғавғо соляпти биттаси.

“Нимага ўзларинг хотинларингга ковуш олиб бермадиларинг?!” деб айбини очиб ташлаяпти иккинчиси. Шу холос. Бор-йўқ тортишув шу.

Аммо шу гапларниям ўзлари мустақил айтмаяпти, айтолмаяпти. Юз эллик минг сўмга чеккадан “тажрибали” журналист ёллаб, ўзини ўзи билан тортиштириб ётибди. “Демократия”, “сўз эркинлиги” қиляпти.

Яъни, партиялараро мунозара очиқ ясамалиги ва зўракилиги билан ажралиб туради. Партия деган номи бор, ҳарҳолда еган тузини оқлаши керак, шунинг учун хўжакўрсинга “жанг” бошлаб, бир-бирига қарши… пахта отади.

Бир меъёр “уришиб-чўқишиб” хуморлари тарқагач, “жанг майдони”дан ўликлар ва яралиларни йиғиштириб олиш учун берилган озгина фурсат ичида нафас ростлаб, энгил-бошларини қоқиб-нетиб, “Қалай, қойиллатдикми?” дегандай, теваракка мамнун кўз ташлаб қўйишади:

“Адолат” ўзича бундай хулоса ясайди: “Кейинги пайтларда партия нашрларида партиялараро баҳс ва мунозаралар тобора қизиётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу, ўз навбатида, партияларнинг “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонун берган имкониятлардан самаралироқ фойдаланаётганликларидан далолат”, дейди сувли кўзини ғилтиллатиб.

Унга қарши ёзилган мақолада “Ўзбекистон овози” ҳам осмондан келади: “Халқимиз 2011 йилга катта орзу-умидлар, янги режалар билан қадам қўйди. Мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисидаги тарихий маърузаси асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўз ғоявий дастурига таянган ҳолда Президентимиз илгари сурган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни амалга оширишда фаол иштирок этиш бўйича 2011 – 2014 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини қабул қилди”, дейди. Ўртадаги “жанг”лари хўжакўрсинга (президенткўрсинга, халқкўрсинга, четэлкўрсинга) “демократия ўйини” бўлганини шу каби хулосалари билан билдириб қўйишади.

Лекин қалбакиликнинг умри қисқа бўлади. Партиялараро бу “жанг”нинг ҳам тезда этаги очилиб қолди. Ўзбекистонда кўплаб газетчиларнинг устози, собиқ муҳаррир, номи чиққан журналист акамиз бир ўтиришда яқин дўстларини ўзига янаям яқин олиб, оғзидан бир чимдим гуллаб қўйди. Айтишича, иккита партия газети муҳаррири бир куни бу кишини очиқдан-очиқ “холис хизмат”га ёллашибди. Ҳар бир мақола учун 150000 (бир юз эллик минг) сўмдан ваъда қилишибди. Овқат билан пулга суяги йўқлигидан бу “устоз” акамиз арзонгаровга сотилиб, дарров енг шимариб майдонга отилибди: олдинига нариги партия томон бўлиб бу партияга, кейин бу партия томон бўлиб нариги партияга “қарши” мақола ёзибди. Иккала “томон” ҳам бир киши бўлгани учун катта айбларни очмаган, албатта, эҳтиётлаб, қончиқмас ерига… тош билан эмас, пахта билан урган. Журналист акамиз маҳоратли эмасми, “партиялараро жанг”ни шу тариқа роса қиздириб беради.

Қиздиришга қиздирган-у, бу воқеа бизни бошқа томондан ўксинтирди: демократиянинг нархи шу даражада тубанми?! сўз эркинлигини шунақа арзонга сотса бўлаверадими?!

Хўш, бу хил “мунозара” ғояси иккала муҳаррирдан чиққанми? Ўзлари эплаёлмаганидан маҳоратли журналистга мурожаат қилишганми? Устоз, сиз бошлаб беринг, шогирдларингиз давом эттиришади, дейишганми?

Ўзбекистон шароитини билмаганлар шунақа деб ўйлайди. Аслида, бу каби таклифлар бизда Юксак Девонлардан тушади. Йўқ демократияни бор қилиб кўрсатиш керак-да, ахир! “Ҳамманг бир хил сайрайверсанг, сени сайратаётган нуқтани афкор оммага билдириб қўясанлар-ку? Мунда-ай, бир-биринг билан талашиб-тортишмайсанларми?! Лекин чегарадан чиқмаслик шарти ила…” дея секингина оғзаки ижозат берилади. Шундан кейин бошланади.

Ва давом эттирилади…

Кичик хулоса

Партиялар бир-бири билан мусобақалашгандай Муҳтарам Президентга муҳаббатларини изҳор этишлари, у муборак оғиздан чиққан ҳамма гапни маъқуллашлари, у кишининг ички ва ташқи сиёсатини, ҳамма соҳадаги ташаббусини, консепсиясини қўллаб-қувватлашлари ва “аҳолининг кенг қатламига изчиллик билан” тушунтиришлари одамни тўхтовсиз ажаблантириб келар эди: булар бари нега?!

Ниҳоят, парда сал кўтарилгандай бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонуни (2004.29.08.)нинг II боб 7-моддасида жумладан бундай дейилган: “Сиёсий партия… Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади”; “…ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади”.

Бу миқдор тахминан қанча бўларкин, деб ўйланиб турсак, “Адолат” газетининг 2011 йил 4 март 11-сони бизга ёрдамга келди. Унда “Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси 2010 йил бюджетининг ижроси ва 2011 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида маълумот” эълон қилинибди:

“2010 йил мобайнида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳисоб рақамларига 1515925,0 (бир милярд беш юз ўн беш милён тўққиз юз йигирма беш. – Н.М.Р.) минг сўм маблағ келиб тушди. Улардан 1338184,0 минг сўми давлат бюджетидан ажратилган маблағдир (урғу бизники. – Н.М.Р.).

Партиянинг ўз фаолиятидан олинган тушумлар 177741,0 минг сўм (155623,0 минг сўми аъзолик бадалларидан, 2410,0 минг сўми ҳомийлик ёрдамидан ҳосил бўлган)ни ташкил этди…”

Мақола давомида партияга давлат берган пуллар нима ишларга ва қанча сарфлангани батафсил ёзилган.

Сиёсий партия уставда белгиланган фаолиятини давлат ҳисобидан молиялаштиришга эришай деса, қонунга кўра, “Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўл”иши шартдир.

“Зарур миқдор”ни тўплашнинг қийин ери йўқ: бизда бу шарт демократик йўл билан эмас, давлат яширин қўли билан ажратган “квота”га кўра ўринлатилади. Яъни, Ўзбекистонда сиёсий партиялар одамларнинг ғоя асосида ихтиёрий бирлашувларидан ташкил топмаганидек, Олий мажлисдаги ўз ўринларини ҳам ҳақиқий демократик сайлов йўли билан эгалламасликларини ҳамма билади. Ҳеч бўлмаса сурати демократияга ўхшасин деб давлат ҳар бир сиёсий партияга улар Қонунчилик палатасида “фракция тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини ол”ишига кўмаклашиб (!) юборади. Ва бу билан партияни давлат маблағига муҳтож қилиб қўяди. “Адолат” партиясининг тепада келтирилган молиявий ҳисоботига қайтадан бир боқилса, бу очиқ кўринади: бор-йўғи 10 фоиздан сал ортиқроқ маблағнигина партия ўзи топар экан, қолган деярли 90 фоизини давлат беряпти!

Бу рақамлар нисбатини бошқача ифодаласак, партиянинг эркинлик даражаси 10 фоиз атрофидадир, қолган 90 фоиз фаолиятида у қарам ҳисобланади. Зотан, тепада расмий газети келтирган маълумотда бу нисбатнинг исботини очиқ-ойдин кўрдик ҳам.

Ихтиёрсиз оғзингиздан: “Эркинлик ва қарамлик нисбати элликка эллик бўлганида ҳам майли эди!” деган ҳайқириқ чиқиб кетади.

“Эллик” қаёқда, ўн фоиз ҳам эркинлик йўқ партияларда! Ахир, давлат партияга 90 фоиз ҳиммат қилади-ю, партия давлатга 10 фоиз ҳиммат қилмайдими? Ҳиммат қилмаса, нонкўрлик бўлади-ку?!

Шу мулоҳаза ила ҳар бир партия ўзининг ўша охирги 10 фоиз эркинлигини ҳам давлати ва президенти фойдасига бахш этиб юборади! Яъни, 100 фоиз куч-қуввати, салоҳияти ва билимини устини бут, қорнини тўқ қилиб турган меҳрибон давлатининг ва Муҳтарам Президентининг хизматини адо этишга сарфлайди!

Тўғри, бошқа демократик мамлакатларда ҳам сиёсий партиялар давлат бужетидан улуш олишини эшитганмиз. Масалан, Олмонияда сиёсий партиялар “Асосий Қонун томонидан ўз зиммаларига юкланган фаолиятнинг қисман молиялаштирилиши (биз урғу бердик. ‒ Н.М.Р.) учун молиявий маблағлар олади”. Қонун давлатдан олинадиган маблағ миқдорини партия олган овоз сонига боғлаб қўйган. Ҳар бир овоз учун 0.70 евродан маблағ олади. Ҳарҳолда қўллов миқдори биздагидек 10га 90 эмаскан, анча оз бўларкан…

Бизда кўп бўлса, нима қипти? Шунгаям ота гўри қозихонами, дерсиз.

Деярли тўласича давлат ҳисобига кун кўрадиган партия қанақа партия бўларди?! Партияларда уларни бир-биридан кескин ажратиб турадиган ўзларигагина хос юз бўлмаганидан, бу ёғи энди кимнинг итялоғидан кун кўраётганига қараб бўлади-да! Ялоқ бировникими, ўйинни ҳам, мусиқасини ҳам у белгилайди. Хоҳласа чилдирмага, хоҳласа ноғорага ўйнатади!

Қулларча садоқат ила ялоқ эгасининг оёғини ялаб-юлқаб юришлар сабаби энди бир оз ойдинлашгандир…

Ҳол бу экан, росмана тагини суриштирсангиз, улар партия бўлиб партия ҳам эмас. Бошқа-бошқа ота-онадан алоҳида-алоҳида партия бўлиб туғилмабдими, қанақасига партия бўлсин?! Тўртта номдаги битта нарса у. Битта бўлганидан кейин “улар” ҳам эмас, “у”дир!

Аслида, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни (1996.26.12.)нинг “Сиёсий партия тушунчаси” деб номланган 1-моддасида “Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир”.

Бу таъриф ўзи ўта юмшоқ ифодаланган, лекин Ўзбекистондаги сиёсий партиялар мана шу юмшоққина таъриф талабига ҳам жавоб беролмайди. Таърифга кўра, ҳар қандай сиёсий партия буткул бошқача (мухолиф) фикрдан ёки бирон-бир йўналишдаги ҳаракатдан туғилиши лозим эди. Ҳокимият “партияси”нинг фикри ё йўлидан бошқача фикр, бошқача йўл, бошқача мафкураси бўлмаса, партия тузишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Оддий мантиқ шу. Бошқача (мухолиф) фикр йўқ дегани ҳамма битта фикр тарафдори деганидир.

Ўзбекистондаги ҳозирда бор тўрттала “партия” ҳам, кўзгулари бўлмиш матбуотларидан кўрдик, арзимас ғояларда бир-биридан бошқача бўлса-да, президентга қайноқ тарафдорликда ва муҳаббатда ҳаммаси бирлашиб кетади, ўрталаридан қил ҳам ўтмайдиган бўлиб қолади.

Яъни, президентга тугул, бир-бирига ҳам мухолиф эмас бу партиялар. Мухолиф бўлмаса, президент теварагида жипс уюшган бўлса, унда нимага ўзини партия кўрсатиб миллатни чалғитади?! Нимага ўзига айри-айри от қўйиб олиб, аслида бир хил бўлган фойдасиз ишлари учун давлат чўнтаги (бужети)дан катта маблағлар олиб яшаяпти?!

Давлат бужети дегани ҳаводан ясаладиган маблағ эмас, у сиз билан бизнинг чўнтагимиздан, пешана тери билан топган пулимиздан олинувчи солиқлардир. Демак, халқ пулидан бир қисми ясама “партия”лар ялоғига солиниб қорнини тўйғазишга сарфланаётган экан, буни ҳавога совуриш дейилади! Ҳаводан пул ясаб чўнтакка солинса, буни тадбиркорлик деб тақдирласа бўларди, аммо чўнтакдагини суғуриб олиб ҳавога совурилса, бу энди бориб турган телбаликдир!

Кичик хулосанинг қаймоғи бу:

Туссиз партиялар, туссиз матбуот, туссиз “олий” мажлис, туссиз сенат, туссиз Девон!..

Туссиз ислоҳотлар, туссиз иқтисод, туссиз демократия, туссиз ҳаёт, туссиз сиёсат!..

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com