Руҳим булоқ каби эди бокира

Руҳим булоқ каби эди бокира
75 views
29 June 2016 - 7:00

A-field-of-yellow-flowersКомил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(4)

Сариқгул

1

Рангларни гулларнинг ўзи танламас,
Гулларни ҳеч замон танламаган ранг.
Одамлар ҳақида бундай деб бўлмас,
Юраклар бешавқат, бунчалар, аттанг.

Гулларнинг бўғзидан “чирт” узиб, қўллар,
Совуқ шишаларга қамайдилар сўнг.
Рангсизлик қонига ғарқ бўлган бошлар,
Милтирар, шишадан хонага маҳзун.

Ғунчанинг ҳуснига бўлиб маҳлиё,
Нафис бир вужудни қалб қилди хазон.
Гўзаллик расмини қилганлар даъво,
Дидингиз шунчалар эдими, арзон?

2

Икки илдизи бор ҳар бир юракнинг –
Биттаси, кўкларда руҳга тақалар.
Биттаси, ҳасаддан боғлайди, йиринг –
Ғийбат ўчоғига ўтинлар, қалар.

Икки ёқда қайнар, икки мис қозон,
Иккита қозонда – икки хил овқат.
Тўртта фаслда ҳам топилар мезон,
Етишмас, ҳамиша, юҳода тоқат.

3

Мендан рухсат сўрамади, қиёфам,
Томоғимга келиб, тиқилди тилим.
Қани, шундай пайтлар мен индай олсам,
Нафратини сочмас эди-да, гулим.

Бир оғиз сўз демай, хўмрайди номард,
Тил қочди, бошимда синди, ур-калтак.
Юракка тўкилди, чўкаётган дард –
Ҳар икки ўртада қолиб мен ҳамак.

4

Руҳим булоқ каби эди бокира,
Нуқсонлар харсангдек босмасдан бурун.
Оғриқдан шуурим тортганда хира,
Дардларнинг нолиши, тунлардан узун.

Тўлин ой – мукаммал бир кўзгу бўлса,
Кўзларимга боқсам, умрим шомида.
Ранглардан излаган тонгларим отса,
Ҳаёт отлиқ аждаҳонинг комида.

Чўлоқ чумолидек соатнинг мили –
Юрак уришини санаса, бир-бир.
Вақтнинг олапардек, осилиб тили –
Думининг ортидан, қувласа ўзғир.

Қўққисидан турган улкан, қаҳ-қаҳа,
Булутларга кўкда бўлади ҳоким.
Камалак ранглари ёзар сарлавҳа,
Тонгга ким ҳам шунда қиларди зуғум.

Миллион йил аввалги аждодлар саси,
Сукунатга қарши бошлайди исён.
Бўғиб ўлдирмоқчи бўлган қайиси?
Кимга тож кийгизар, хўмрайган майдон.

Саф тортиб, ўтади ранглар уюри,
Олтиндек, товланар балқиган қуёш.
Сирларга бурканар, руҳнинг зоҳири,
Буйракдаги туздек, кўчганида тош.

* * *

(давоми бор)