Қонунлар устиворлиги хусусида гап кетганда имконият эшиклари тақа-тақ ёпилади

Қонунлар устиворлиги хусусида гап кетганда имконият эшиклари тақа-тақ ёпилади
65 views
30 June 2016 - 5:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (9-қисм)

…Деразадан ҳовлини томоша қилаётган Баҳромнинг шу каби хаёллар билан овунишдан ўзга чораси йўқ эди. Хаёл суравериб чарчади шекилли, у яна ўз муаммоси ҳақида бош қотира бошлади.

Бош терговчи ҳар икки оғиз сўзида қонунни пеш қилдими, демакки, у билмаган жуда кўп нарсалар бор эди. Қонунлар устиворлиги хусусида гап кетганда имконият эшиклари тақа-тақ ёпиларди.

Адвокатнинг қиёфасини ҳамиша бўкиб пиво ичиб, тузланган балиқдан тўйган пиёнистага ўхшатадиган Баҳром, унинг офтобдан қорайиб, шўрлаб кетган дайдиларникига ўхшаб кетадиган башарасини кўзлари олдига қанчалар келтирмасин, ундан дарак бўлмаётганди. У мардикорларга термулавериб безор бўлганидан, энди адвокатнинг йўлига кўз тикканди. Тубсиз хаёлларга чўмган сониялари йилларга тенг ўтар, у вақт билан ораларидаги ҳисоб-китобни йўқотганидан, девордаги соат миллари энди унинг зарарига ишлашни бошлаганди.

Бир пайт очиқ турган эшикдан иккита терговчи хонага кириб келди. Улар жойларига бориб ўтиришлари билан ниманидир пичирлашиб муҳокома эта бошладилар. Шивир-шивирлари қулоққа чалингани билан сўзларидан маъно англашилмасди. Кўп ўтмай, олтмиш ёшлар чамасидаги бир маҳбусни икки қўриқчи терговга олиб келди. Суягига ёпишган териси чолни мўмиёланган мурдага айлантирганди. У ҳар киприк қоққанда, кўзлари балчиқдаги шиша синиғидай йилт-йилт этар, суяклари туртиб чиққан ёноқларида тирикликдан асар ҳам қолмаган эди. Терговчиларнинг ғалчадан келган ёшроғи Баҳромнинг ёнидаги бўш курсини боши билан имлаб кўрсатиб:

– Ўша ёқда ўтириб тур! – деди унга.

Шу пайт эшикдан Баҳромни қўриқлаётган миршаб кириб, терговчиларга:

– Ўртоқлар, ижозатларингиз билан тушлик этиб келсам, қорним ноғора чаляпти, шом бўлди, ахир! – деди қорнини шапатилаб.

Шунда терговчилардан бири унга:

– Бўпти, тезроқ келинг! – деб, сўнгра Баҳромга қараб қўйди.

Баҳром шунда қаровсиз қолдирилмаганини англади. Қўриқчи ўшандан буён уни эшик орқасида, даҳлизда пойлаб турганди.

Назарида имиллаётгандек туюлган вақтнинг қандай ўтганини Баҳром сезмасдан қолганди. Аср пайти яқинлашиб, қуёш оға бошлаганига алламаҳал бўлганди.

Ва ниҳоят, хонага адвокат билан терговчи кириб келди. Адвокатнинг қўлида қоғозга ўралган сомса бор эди. У сомсани шотахта устига қўяркан:

– Баҳромжон, иссиқлигида еб олинг! – деди бақасимон кўзларини пирпиратиб, мўйловларини учираркан.

Ҳозир унинг томоғидан қил ҳам ўтмасди.

– Шамшод ака! – деркан, унинг қарашларидан жиддий гаплашиб олмоқчилиги билиниб турарди. – Сиз билан бафуржа гаплашиш иложи борми?

– Ҳа, бемалол, овқатланганингиздан сўнгра гаплашаверамиз! – деди у.

– Мумкин бўлса, ҳозироқ гаплашиб олганимиз маъқул, иштаҳам йўқроқ!

– Майли! – дея талмовсираган адвокатнинг икки кўзи, нима қилсам экан, дегандай, терговчига илтижоли термулди.

Унинг ялинганнамо қарашини пайқаган терговчи, “бўпти” дегандай:

– Ҳозир келаман! – дея хонадан чиқиб кетди.

Хона анча кенг-мўл бўлгани учун, секин гаплашса, нариёқдагиларга овоз етиб бормасди.

Маҳбус чол қоғоздан кўзини узмас, димоқни қитиқлаётган сомса ҳиди кўнглини беҳузур қилаётганди, ҳойнаҳой. Кекирдагидаги тугунчаси лиқиллаб ўйнаши унинг қорни ўлгудек оч эканлигидан далолат берарди. Буни сезган Баҳромнинг унга раҳми келди, чоғи, кишанланган қўллари билан сомсани уни олдига суриб қўймоқчи бўлганди, эплай олмади ва:

– Шамшод ака, сомсани шу кишига беринг. Менинг овқатланишга тобим йўқ, барибир увол бўлади! – деди.

Адвокат сомсани суриб:

– Олинг, енг! – деди маҳбусга.

Кўз қири билан кузатиб турган ғалча терговчи маҳбуснинг қорин тўйдириш орзусини пучга чиқарди.

– Бу ёққа кел, кишкаман! [1] – деди у дўқ уриб.

Маҳбус истамаса-да, ўспиринлардек чаққон юриб унинг олдига борди. У мутелигини билдириш учун кишанланган қўлларини кўксига қўйиб, терговчининг кўзларига кулиб қарашга тиришарди.

Иккинчи терговчи биринчи терговчи билан:

– Эртага кўришамиз энди! – деб хайрлашиб, хонадан чиқанида, бемалол гаплашиб олиш фурсати етганини англаган Баҳром, етимқўзидек қалтираётган маҳбусга эътибор бермасдан, ўз ишини битиришга киришди.

– Шамшод ака, ҳеч нарсага тушунмаяпман! – деди у дабдурустдан гап бошлаб. – Мен томонимдан барча шартлар бажарилган. Сизнинг ваъдаларингизни бирортаси рўёбини ҳозирча кўрганим йўқ. Келишганимизга кўра, бунақа бўлиши мумкин эмас эди. Мени бугуноқ бу ердан олиб чиқиб кетинг!

– Бунинг иложи йўқ! – деди адвокат икки кўзини лўқ қилиб. – Иш бузилди, Баҳромжон. Сиз ҳали Комронга қўнғироқ қилмасингиздан, Ҳамия деган қўшнингиз бошқарма бошлиғига қўнғироқ қилиб, уйда эканлигингизни айтиб қўйипти. Энди қонунга асосан етмиш икки соат ичида прокурор билан келишиб, сизни бу жойдан олиб чиқиб кетишдан ўзга чорамиз қолмади. Аксига олиб, бугун байрам бўлгани учун прокурор ишга чиқмапти. Прокурор билан мошимиз пишмаса, шу жойларда бир фурсат дам олишингизга тўғри келади. Иннан кейин сизни суд залидан чиқариб оламиз. Ёмон томонини ўйламасанг, яхшисига етолмайсан, деганларидек, бу гаплардан хафа бўлманг тағин.

Адвокатнинг орқасига чоптираётганини кўрган Баҳром нима дейишини билолмай қолди. Важ-карсонларнинг берган ваъдасига дахли йўқ бўлса ҳам, у уялмасдан куракда турмайдиган гапларни айтаётганди.

– Ёмон томонини аввалроқ нима учун ўйламадингиз? – деди жони ҳиқиллоғига етган Баҳром. – Ҳамиянинг нима алоқаси бор бу ишга?

– Уйингиз олдидаги баққоллик дўконида сотувчи бўлиб ишлайдиган Ҳамия деган ўша аёл бошлиқнинг хуфияси экан. Жамшиднинг сўзларига қараганда, сизни биринчи бўлиб ундан эшитган бошлиқнинг жаҳли чиқиб, қаманглар, деган эмиш.

Адвокат Баҳромнинг биринчи саволини жавобсиз қолдирди. Унинг Ҳамия хусусидаги баҳонаси ўзига ҳам эриш туюлаётган эди, шекилли, мўйловининг бир томони кесиб ташланган калтакесак думидай ҳар замонда бир ликиллаб тушарди.

– Ҳамиянинг бутун оиласи билан чақимчилигини бутун маҳалла билади! – деди ғирромлик йўлига ўтиб, адвокатнинг аравани қуруқ олиб қочаётганини пайқаган Баҳром. – У мени миршаблар уйимдан чиқазиб олиб келаётганда, кўчада кўриб қолди. Ундан аввал кўрмаган эди. Гапларингизнинг бариси ёлғон. Сиз, ҳамма ишни бош терговчи Рахмонов пишириб қўйди, ҳеч қандай таҳлика йўқ, айтганимни қил, деб туриб, энди айтганларингизга тескари гапираётганингизни биляпсизми?! Барча ишлар сиз айтгандек бўлган бўлса, бошлиқнинг мен билан неча пуллик иши бор? Олган пулларингизни бош терговчига тўлиқ берганмисиз ўзи?

– Секин, секин гапиринг, Баҳромжон! – деди адвокат хавотирга тушиб. Баҳромнинг ўзи билмаган ҳолда, овози баландлаб борарди. Адвокат у ёқ-бу ёғига қўрқа-писа қараб қўйиб, гапида давом этти: – Ҳаммаси, айтилганидай бўлган. Биз сизни юз фоиз бу ердан олиб чиқиб кетамиз. Ишлар режадагидек давом этяпти. Ўйин қоидаси бироз ўзгарди, холос.

Ўксик қалби мавҳум бир синоат шарпасини сезганда, нохуш ҳислар, Баҳромнинг сўнгги умидларини яралаб, буғдой ғарамига ўт кетгандек, юрагини аламлар ёқа бошлади.

– Мелисни топинг, Мелисни! – деди у адвокатга. – Нима бўлганда ҳам, у мен билан учрашиши керак!

Олтинчи боб

– Яқинроқ келинг! – деб, терговчи Баҳромга қаршисидан жой кўрсатди. Энди у ўз тақдирини ҳал этиши мумкин бўлган кимсани яқинидан кузатаётган эди. Айтганимиздек, у оқиш-сарғишдан келган рангпар бир кимса эди. Кимдир у билан жиннихона атрофида учрашиб қолганда, бу кимса жиннихонадан қочган бўлса керак, деб ўйларди. Тушликда кўп овқатланган, шекилли, оғзи қуруқшаётганидан ҳар-ҳар замонда лабини ялаб қўяр, ёқимсиз нафаси унинг қаттиқ чарчаганидан дарак берарди.

У “жиноят иши”лари битилган иккита улкан китобнинг бириничисини кўздан кечиришни бошлади. Баҳром уларда ўзига алоқадор маълумотлар борлигини аллақачон пайқаганди. Нозима Мунис ҳибсхонадан чиқарган хатида “жиноий ишлар” бўйича тўпланган материаллар ўн бешта китобга жой бўлганини ёзганди. Бу китоблар ўшаларнинг иккитаси бўлиб, Баҳромнинг ишига оид маълумотлар ушбу китобларда жамланганди.

Совуқ суҳбатдан дили хира тортган адвокат уриниб кетган қора рангли дипломати тутқичидан ушлаганча терговчига хомуш термулиб ўтирарди. Кўп ичаверганидан кўзлари сўниб, юзлари суви сиқилган пўртаҳолдек бужмайган, катта оғзига ярашмаган мўйлови ҳар-ҳар замонда силкиниб-силкиниб тушарди. Юзларча кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни кўравериб кўзи пишган бу кимсани Баҳромнинг тақдири унча қизиқтирмас, уни қуртдай санаб олган ўн беш минг доллар ташвишга солаётганди. У Баҳромнинг бу ҳақда бошқа бировларга оғзидан гуллаб қўйишидан қўрқарди.

Қонунларни менсимайдиган тузум билан мижозлар ўртасида туриб пул топиш бировлар ўйлаганидай осон иш эмасди. Иш бир ёқлик бўлмагунча адвокат кўксини ўпқонга босиб турар, таваккал этмаса очидан ўларди. Касбий бурчини виждонан бажармоқчи бўлса, қонун душманига айланиб, ҳунарини бой берарди.

– Сожида Нозир деган аёлни танийсизми? – деб сўради “жиноят иш”и билан таниша бошлаган терговчи.

– Ҳа, танийман!

– Қанақа алоқаларингиз бор?

– Ҳеч қанақа алоқамиз йўқ!

– Ундан ўн икки минг АҚШ доллари олганмисиз?

– Олмаганман!

– Олмаган бўлсангиз, у нима учун “Қурбонов Баҳром ўн икки минг АҚШ доллари олди”, деб устингиздан шикоят этяпти?

– Мен қаердан биламан! У билан юзлаштиринг, олганимни кўзимга қараб айтсин!

Ҳар бир сўзни компютерга тушираётган терговчи бошини кўтариб:

– Ўз қўлингиз билан пул олганлигингиз ҳақида ёзиб берган тилхатингиз бор. Яна қанақа исбот керак? – деди.

– Ҳаммаси сохта. Тилхат ёзган бўлсам, Сожида Нозир аслини кўрсатсин? Кўрсата олмайди. Чунки у йўқ нарса! – деди ишонч билан Баҳром. (Баъзи бир нарсалар сири навбати етиб очилади.)

Оғзига талқон солиб ўтирган адвокат:

– Ниғматжон, бу ишлар барчаси аламзадалик орқасидан келиб чиққан, сиз тўғирлаб кетаверинг. Ўзингиздан қолар гап йўқ, бу ёғини келиштирамиз! – деди.

– Келиштиришнинг нима кераги бор? – деб юборди Баҳром алам устида ўзини тутолмай. – Аксинча, менинг ўн икки минг доллар пулимни улар олган. Муаммога тўғри ёндашилса, кимнинг кимлиги ойдинлашаверади.

– Ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилганлар қамоқхоналарда ўтирипди! – деди жаҳли чиққан адвокат. – Сизни фаросатли бир йигитсиз десам, ҳеч нарсани тушунмас экансиз. Ҳуши жойида одам ўз ҳуқуқларини талаб этадими? Тўғри жаҳаннамга равона бўлади-я. Феълингиз шунақа бўлса, сизни бу жойлардан президент ҳам чиқаза олмайди.

Адвокат асабийлашиб, қаттиқ гапириб юборганда, нари бурчакда озғин маҳбусни тергов қилаётган ғалча терговчи:

– Шамшод ака, секинроқ. Деворнинг ҳам қулоғи бор! – деди.

– Отабекжон, узр, қизишиб кетипман! – дея адвокат титраётган мўйловини силади.

– Ўлмайдими, сизга нима? – деди ғалча. – Битта фирибгар ўлгани билан дунё холи қолмайди. Асабингизни бузиб нима қиласиз?

Терговчи гўё ҳеч нимани эшитмаётгандай ёзиш билан банд эди.

У савол-жавобларни қоғозга кўчириб, танишиб чиқиб имзолаш учун адвокатга узатди.

– Ниғматжон, мен сизга ишонаман! – дея у қоғозларга кўз югуртирмасдан имзо чекиб ташлади.

 (давоми бор)

[1] Кишкаман – очкўз, юҳо.