Истанбулдаги терактни Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари амалга оширган

Истанбулдаги терактни Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари амалга оширган
19 views
30 June 2016 - 18:23

Истанбулдаги терактни Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари амалга оширган бўлиб, улар саккиз киши эдилар, дея 30 июнь куни хабар беради Туркия ҳукуматига қарашли Yeni Şafak газетаси.

Тахмин қилинишича, бу Россия фуқароси. Yeni Şafak сайтидан олинган фотосурат

Тахмин қилинишича, бу Россия фуқароси. Yeni Şafak сайтидан олинган фотосурат

Полиция маълумот беришича, дея хабар беради Yeni Şafak, илгари Доку Умаровга хизмат қилган, унинг вафотидан сўнг эса “Ислом давлати”га қўшилган чеченистонлик Россия фуқароси Ахмет Чатаев терактни режалаштириб келган.

Аэропортга ҳужум қилишда саккиз террорчи иштирок этган, уларнинг учтаси ўлдирилган, биттаси қўлга олинган, тўрттаси қидирувда. Уларнинг учтаси станбулга 25 май куни келишган. Ҳужум режасини Ақсарай даҳаси Хорхор кўчасидаги уйда тайёрлашган. Ҳужум куни террорчилар савдо маркази ёнида таксига ўтириб, аэропортга йўл олишган. Улардан бири, чеченистонлик (доғистонлик деган тахминлар ҳам бор) Осман Вадинов аэропортдаги полициячини эътиборини ўзига тортган ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилган. Бунга жавобан террорчи ўқ отишни бошлаган. Полиция унга ҳамда Калашников автоматидан ўққа тутишни бошлаган шерикларига қарата ўт очган. Терорчилардан бири ўзини портлатиб юборган. Кейинроқ полиция терорчилардан иккита Калашников автомати, иккита тўппонча ва қўлбола бомбаларни топган.

Истанбулдаги терактдан сўнг 16 манзилда махсус операция ўтказилиб, Отатурк аэропортида терактга алоқадорликда гумонланган 13 киши ва шу жумладан, уч нафар чет эл фуқаролари қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг ҳаммаси медицина кўригидан ўтказилиб, Истанбул полицияси бошқармасига олиб келинган.

Эслатиб ўтамиз, Истанбулдаги Отатурк аэропортида 28 июнь куни соат 22.00 да амалга оширилган теракт натижасида 41 киши ҳалок бўлган, уларнинг орасида ўзбекистонлик Самат Муҳиддинов ва 22 ёшли наманганлик Аброржон Устабоев бор.

Haberturk фотоси

Туркиянинг Haberturk нашрига ишорат билан “Озодлик” радиоси хабар беришича, наманганлик йигит Истанбулда тижорат билан шуғулланиб келган. Фожиа содир бўлган куни у Отатурк аэропортига келган ва Аброржон таксидан чиққан пайтда бомба портлаган. Йигит ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган.


Истанбул аэропорти. EPA фотосурати

Ҳозирча террорчилик ташкилотларидан бирортаси ҳам теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган. Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ҳужум ортида Ислом давлати турибди, деб билдирган.

Туркия расмийлари маълумотига кўра, касалхонага етказилган 239 ярадордан 109 нафари уйига қўйиб юборилган, 130 киши эса шифокорлар назоратида қолмоқда.

Шу кунларда Туркияда умуммиллий бир кунлик мотам эълон қилинган, бутун мамлакат бўйлаб барча байроқлар тушириб қўйилган.

Манба: “Фарғона” ахборот агентлиги