Аллоҳ касалликка гирифтор қилмасин!

Аллоҳ касалликка гирифтор қилмасин!
27 views
01 July 2016 - 14:33

pozvonochnik-chelovekaСамарқандга акам билан бирга грыжа (чурра) касаллигини операциясиз даволовчи шифокор, тиббиёт фанлари номзоди профессор Абдуғаффор Дўсонов қабулига кириш учун борган эдик.

Акам шифокор қабулига кириш мақсадида 3 кун олдин навбатга ёзилиб қўйган экан. Шифокор беморларни ҳар куни соат 16-30 дан кейин қабул қилар экан. Биз Тошкентдан Самарқандга соат 14-00 да, шифокор қабул қиладиган манзилга эса 14-30 да етиб бордик. Ҳовлида одам гавжум. Уёғи Сурхондарё-ю Хоразмдан, буёғи Тошкенту Қозоғистондан борган беморлар. Биз 28 инюь кунига қабулга кирадиган эркаклар рўйхатида 1-чи эканмиз. Анча хурсанд бўлдик. Кимдир шу куннинг ўзида рўхатга ёзиляпти. Кимнидир қариндошлари кўтариб, яна кимнидир эса етаклаб келяпди. Улар орасида оёғини аранг босиб кириб келаётганлар ҳам, тетиклари ҳам бор.

Соат 17-00 да ҳаммамиз орзиқиб кутган шифокор келди. Биз рўйхат бўйича биринчи навбатдамиз деб хурсандмиз. Аммо хурсандлигимиз узоққа чўзилмади. Шаклланган одатга кўра шифокор аввал хотин-қизларни қабул қилар экан. Аёлларни кўриб бўлгач эркакларга ўтаркан. Орада бир неча дақиқа ўтгандан кейин аёлларни қабул қилиш бошланди. Қабулхонанинг пардалари мустаҳкам ёпилди. Иккинчи хонадан эса навбат кутиб турган аёллар жой эгаллашди. Биз эркаклар ҳовлида кутиб турибмиз. Бир пайт ичкаридан аёлларимизнинг бирин-кетин йиғилари эшитила бошлади. Кимдир “Оёғим, оёғим, бўлди, туширинг, бармоғим узулиб кетади” деб йиғлади. Яна қайсидир аёл эса худди эридан жудо бўлган азадор аёлдай хонани бошига кўтариб “Шу ёшга келиб, оёғимни осмонга қаратиб осиламан деб ўйламагандим. Туширинг, вой белим, оёғим, Грижа бўлмай мен ўлай. Ўлдим, ўлдим, тамом бўлдим, тамом бўлдим” деб аюҳаннос солиб йиғлади. Биз эркаклар сигаретамизни оғзимизга қистириб бурқситиб, носимизни тилимиз тагига ташлаб олиб аёлларимизнинг йиғисидан қаҳқаҳа отиб куламиз. Яна масхара қилиб ҳам қўямиз…

Бирин-кетин муолажаси тугаган аёллар чиқа бошлашди. Энгашиб, оёғини зинапоядан аранг кўтариб кирган аёлнинг кўзи ёшли бўлишига қарамай умумий аҳволи 20 дақиқа олдинги ҳолатидан анча яхши, оёғини босиб чиқиб келди. Хулласи калом шифокор соат 19 дан ўтганда аёлларни тўла қабул қилиб бўлди, энди навбат биз эркакларга келди. Эркакларни қабул қилиш бошланганда қабулхона ойналаридаги пардалар ва ойналар кенг очилди. Рўйхатда олдинги қаторларда турган 5 нафар эркак хонага киришди. Ярим яланғоч ечинди. (Аёллар кирган пайтда ҳамма пардаларнинг мустаҳкам ёпилгани боиси аниқ бўлди). Шифокор ва унинг ёрдамчилари ишга киришди. Даволаш усули: ярим яланғоч ечинган бемор оёғининг чап ва ўнг бош бармоқлари газлама билан боғланди, сўнгра мустаҳкам пресс ип 4-5 қават қилиниб ўша ип билан чап ва ўнг бош бармоқлар бир-бирига жипслаштирилди ва бор куч билан боғланди. Ундан кейин беморнинг боғланган бармоқлари 4 киши ёрдамида томдан тешиб туширилган ва шифтда осилиб турган тросс арқон учидаги илгакка осилди. Беморнинг оёғини осмонга, бошини ерга қаратиб осиб қўишди. Дод-вой бошланди. Дастлаб врач ёрдамчилари беморнинг чурра жойлашган аъзоси атрофини, сўнгра оёқ қисмини ёғлади. Биз ташқаридаги эркаклар ойнадан мўралаб томоша қиляпмиз. Ана ундан кейин шифокор ва унинг ёрдамчиси беморни бақиртириб, унинг баданини муштлари билан уқалай бошлади ва ора-сирада танасини шапатилатиб урди. Муолажа 7-10 дақиқа давом этди. Тугагач беморнинг оёғидаги ип кесилди ва яна 4 киши ёрдамида ерга туширилди. Бемор ерга тушгач 5 дақиқа узунасига чўзилиб ётди ва аста ўрнидан туриб кийимларини кийиб хонани тарк этди. Тамом. даволаш усули шундай…

Мени ҳаратлантирган нарса: оёқнинг икки бош бармоғи бутун бошли танани кўтаргани бўлди. Шифокордан бармоқлар сирини сўрадим. Айтишича, оёғимиздаги бош бармоқлар 500 килоли юкни бемалол кўтара оларкан. Яна бир ҳайратлантирган нарса шу бўлдики, биз эркаклар ҳар қанча чирансак ҳам аёлларга нисбатан сабрсизроқ эканмиз. Аёлларимизнинг дод-войга яқин бўлса-да биздан бардошлилигига тан бердим. Бундай дейишимга айрим эркакларнинг 7-10 минут бармоғи билан осилиб туришга чидай олмагани сабаб бўлди. Бир барзанги эркак 3 минут ўтмай хўнграб юборди. Оёғини ечмагани, пастга туширмагани учун шифокор ёрдамчиларининг энасини сўка бошлади. Натижада 5 минут ҳам бўлмай “дор”дан туширилди.

Хуллас, шахсий кузатувларим жараёнида шу нарса аён бўлдики, шифокор ҳузурига эмаклаб, оёғини судраб кирганлар орасида шаҳдам юриб чиққанлари ҳам, киришдан олдин қандай аҳволда бўлса шундай ҳолатда чиққанлар ҳам бўлди. Акамнинг умумий аҳволи эса, Аллоҳга беадад шукр, анча яхши. Оёғини бемалол босяпди.

Ҳа, нархи билан ҳам қизиқадиганлар бордир. Ҳар бир кишига 60 минг сўм экан.

Аслида грижа хасталиги ҳам ёмон хасталик экан. Бунга беморларнинг аҳволини кўриб иқрор бўлдим. Энг яхшиси, ҳеч кимнинг бундай жойларга иши тушмасин. Аллоҳим бандаларини ҳеч қандай касалликларга гирифтор қилмасин!

Рўзибой Азимий

Facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди