“Молиядагилар мендан “Икки ёшгача болалар нафақаси олаяпмиз” деган тилхатга қўл қўйишимни талаб қилишди…”

“Молиядагилар мендан “Икки ёшгача болалар нафақаси олаяпмиз” деган тилхатга қўл қўйишимни талаб қилишди…”
63 views
02 July 2016 - 6:00
Малоҳат Эшонқулова

Малоҳат Эшонқулова

Самарқандлик Дилшод  Каримовнинг фожиаси шундаки у президент Каримовга “хеш”эмас, шунчаки фамилиядош.

Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги Олтиўғил ҚФЙга қарашли Тортувли маҳалласида яшовчи Дилшод Каримовнинг айби қўли калталиги.

Дилшоднинг бор гуноҳи туман прокурорига ариза ёзиб қўйгани…

Дилшод Эрназаровичнинг камчилиги ҳақ-ҳуқуқ истагани, талаб қилгани…

Бу қишлоқ боласининг қусури оқ-қорани танигани, аризабозлик қилгани…

Мана, энди Дилшоднинг ёзган шикоятлари касрига оила аъзолари қолиб ўтирибди экан.

Ўзбекистонда шундайин бир ёзилмаган тенденция бор: кимда-ким шикоят ёзса ўша одамга нисбатан молиявий босим қўлланилади.

3 фарзанднинг отаси Дилшод Каримов аксарият Ўзбекистонликлар қаторида ишсиз. Асосан, мардикорлик қилиб кун кўради. Болаларини ҳам мардикорликнинг ортидан боқади.

Дилшоднинг умр йўлдоши  Дилноза Холиева ҳам ҳеч қаерда ишламайди.

Уй бекаси. Уч фарзан тарбияси билан машғул.

Дилшод билан Дилноза 2015 йилнинг май ойида эгизак фарзандли бўлишганди.

Эгизак бўлганлиги сабаблими, чақалоқлар нимжонроқ туғилди.

Эр-хотин ишсиз эмасми, энди оила аравасини тортиш, уч болани едириб-кийдириш мушкул бўлиб қолди.

-Яхшиямки Президентимиз “2 ёшгача бўлган болалар нафақасини чиқариб қўйган экан” деб мен эгизакларимга нафақа пули беришларини сўраб Тортувли маҳалла раиси Бектош Тожиневга мурожаат қилгандим, – дея гап бошлайди Дилшод Каримов. – 2 ёшгача болалар нафақасини чиқариб беринг десангиз, буларнинг топган гапи “лимит йўқ, лимит йўқ”. Шундан бошқа гапни билмайди булар. Қаловини топганлар, ўзига тўқлар йўлини топиб  олиб ётишибди. Биздай ночорларга келганда “лимитлари тугаб қолади”. Жаҳлим чиқиб кетди. Кейин Нарпай     туман прокурорига шикоят ёздим. Энди билсам, шикоят эмас, ўз азобларимга фатво ёзган эканман-ай!…. Бу, болалар  пули туман молия бўлимига қарашли бўларкан…., – суҳбатдошимизнинг ҳасратлари тугай демасди…

Балки шу сабабдир, Нарпай туман прокурори Дилшод Каримовнинг шикояти тепасига “Қонуний ҳал этилсин” деган имзо билан туман молия бўлимига копток қилганди.

Нарпай тумна молия бўлими мутасаддилари ҳам “қонуний ҳал қилишнинг” ҳаддини олишган экан чамаси, Дилшоднинг олдига бир парча қоғоз кўтариб келиб қолишди:

-Молия бўлимидагилар менга “2 ёшгача бўлган болалар нафақасини олаяпмиз” деган мазмундаги тилхатга қўл қўйиб беринг. Шундай қилсангизгина сизнинг болаларингизга кейинги ойдан бошлаб 2 ёшгача нафақа тайинланади дейишди, – дейди Д. Каримов суҳбатни давом эттирар экан, – “Нега олмаган нарсамга қўл қўярканман? Олдин болалар пулини беринглар, имзо қўйиш қочмайди” дедим, имзоламадим. Шу-шу 2 ёшгача бўлган болалар пулидан мана, бир йилдирки, дарака йўқ. Менинг бормаган, ёзмаган жойим қолмади. Оқибатда эса  ўша Олтиўғил ҚФЙни раиси Саидмурод Жабборов, Тортувли маҳалла раиси Бектош Тожиевлар менинг овозимни ўчириш мақсадида ўзоро тил бириктириб, менга молиявий босим ўтказишга тушиб кетишди.

-Молиявий боисм дегани қанақа бўларкан? – сўраймиз қизиқсиниб.

Уйимизга биринчи бўлиб туман электр тармоқлари идорасидан тафтишчиларни сафарбар қилишди. Яхшиямки, ойма-ой электр энергияси ҳақини тўлаб борганимиз. Бор-йўғи 100 000 сўмгина қарзимиз бор экан. Тўлаб қўйдик. Кейин солиқ идорасининг ходимларини “ташлашди”. Ер солиғи, мулк солиғи дегандек… Бу режалари ҳам иш бермагач, мана, бугунги кунда 27 ёшли укам Урол Рўзиевга ҳамда, отамнинг укасини, яъни амакимнинг 27 ёшли ўғли Элдорга тайзиқ ўтказишни бошлаб юборишди. ҚФЙ раиси, маҳалла раиси билан биргаликда маҳалла поспони ҳамкорлигида Нарпай туман мудофа ишлари бўлими ходимларини бошлаб келишди. Мудофа ишлари бўлими вакили “Урол ва Элдор бир ойлик ҳарбий хизмат учун ҳар бири давлатга зудлик билан 3 миллион 800 минг сўм миқдорида маблағ тўлаши лозим. Акс ҳолда ишни судга ошириб, суд ижрочилари кўмагида ҳовлингиздаги молингиз борми, жонингиз борми, мусодара қилиб кетамиз” деб оёқ тираб туриб олишган, –  дея куйинади Дилшод, – Туман мудофа ишлари бўлими ходимларининг ёдига укам 27 ёшга тўлганидан кейин тушиб қолдимикин? Бизнинг қурбимиз қарйиб тўрт миллион сўм тўлашга етганида эди, маҳаллага “236 минг сўмлик 2 ёшгача бўлган болалар нафақасини чиқариб беринг” дея ялиниб борган бўлармидик?! 2 ёшгача болалар пулини сўраб, бошимизга шунча ғавғо орттириб олдик. Энди укамнинг 1 ойлик ҳарбий хизмати учун салкам 4 миллион сўм тўлашимиз керак бўлаяпти. Биз эса тўлай олмадик. Айиганларидек, энди уйимизга суд ижрочиларидан тўлашимиз хусусида хат келиб турибди…. Энди ўйлаб қарасам, 2 ёшгача болалар нафақасини ҳар ойда 236 минг сўмдан чиқартирганимда ҳам, қўлга 236 минг сўм тегиши қайда, светга қайтариб қолишади, одамларнинг қўлига 200 минг сўми тегади, халос. 200 минг сўмдан 2  ёшгача бўлган болалар пули 2 йилда 4 миллион 800 сўм бўларкан. 4 миллион 800 минг сўмни ҳар ойда бўлиб-бўлиб олиш учун мана, энди сал кам тўрт миллион сўмга тушиб ўтирибмиз. Йўқ, қаранг-да, шу болалар пулини бойлар, пора қистирганлар олиб ётибди. Масалан, мен 6 ойга моддий ёрдам ёздириб олиш учун маҳалладагиларга 80 минг сўм пора бергандим. Ўша моддий ёрдам пулиниям 3 ой бериб, қолган 3 ойини узиб қўйишди. Одамлар бор, 150-200 минг сўм беради, яна бир ойлик бола пулидан кечади, кейин ундайларга 2 ёшгача болалар пули чиқариб беришади.  Энди нима қилишни билмай, бошим қотган…. Ўзи Нарпай туман молий бўлимида тумнадаги 56 та маҳалладаги оилаларнинг молиявий аҳволини урганиб чиқиш ва хулоса беришга масъул Анвар ака деган  киши бор(тел: +99894 4780686). Ёки бизнинг Тортувли маҳалламизга туман молия бўлимидан оилаларнинг ижтимоий аҳволини урганиб, 2 ёшгача болалар пулига, моддий ёрдамга, 16 ёшгача бўлган молалар пулига муҳтож оилаларни аниқлаш ва бундай оилалар хусусида хулоса ва тавсияномалар беришга масъул этиб қўйилган ўша Дилшод аканинг ёрдамчилари Отабек (тел: +99894 4720172) ҳам бор. Улар менинг ночорлигимдан хабардор. Бироқ, қўлим калталиги сабаболи мени эшитишни исташмайди. Ҳамма ишнинг калити Тортувли маҳалла котиби Ўлмас Бобомуродовда (+99894 2829565). Ўлмаснинг кўмагида маҳалладагиларнинг, ҚФЙдагиларнинг томоғини ёўлаб турсангиз, олам гулистон. Энди менга нима қил дейсизлар? Президентга хат ёзсам қўлига тегармикан, маҳалламиздаги ебтўймасларнинг таъзирини бериб қўярмикан? – дея орзуманд бўлади Самарқнад вилояти, Нарпай тумани, Тортувли қишлоғида истиқомат қилувчи Дилшод Каримов.  (Дилшоднинг тел рақами: +99893 9978204).

Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистонда осим, тайзиқу таъқиб нафақат мустақил журналистларга, инсон ҳуқуқлари фаоллари-ю мухолифат вакилларига нисбатан, балки ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаётган ҳар бир фуқарога нисбатан қўлланилади. Иқтисодий бўҳронлар гирдобига гирифтор қилинади.

Каримовга маҳалладагиларнинг юлғучлиги, таъмагирлигини етказиш билан Дилшоднинг мушкули осон бўлмаслигини биз биламиз, бироқ буни қишлоқнинг оддий бир боласи билмайди.

Бу тузум тубдан ўзгармаса халқнинг елкасига офтоб тегмаслигини одамлар ҳис қилмайди, тушунмайди…. Халқимизнинг, Дилшод каби дилзада, жабирдийдаларнинг фожиаси ҳам ана шунда…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мустақил журналист, ҳуқуқбон