“Oқ фотиҳа бериб, кузатган Сиз эдингиз!..”

“Oқ фотиҳа бериб, кузатган Сиз эдингиз!..”
52 views
02 July 2016 - 15:39

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим олтмиш бир ёшда

неъмат-иброҳим

Неъматуллоҳ ака, эсингиздами: Институтни битиргач, азбаройи тирикчилик гирдобига тушиб қолишдан қўрққаним сабаб, туғилган юртимга берилган йўлланмани рад этиб, уйдан бир қадам олис Ҳисорда ўқитувчилик қилаётган кезларимда Сиз билан иккинчи бор учрашиб, илк бор танишгандик.

Сиз билан, дастлаб, адашмасам, олтинчи синфда ўқиб юрганимда учрашганман. Чунки, Акам билан бир курсда ўқирдингиз ва бир неча курсдошлар билан бирга уйимизга меҳмонга келган эдингиз. Унда ҳали ақлимни танимаган пайтларим эди.

Бундай дейишимга сабаб, бирор зиёлинамо одам дуч келди дегунча, Акамнинг бир имоси билан унга Маяковскийнинг “Совет паспорти ҳақида шеър”ини бор овозда, ҳол-жонига қўймай ўқиб берардим.

Ўшанда Акамнинг курсдошлари, жумладан, Сиз, қулоғингиздан тутун чиқиб кетгудек бўлса ҳам, ўзингизнинг иборангиз билан айтганда, оғзингизни очмаган ҳолда эснаб, мени тоқат билан эшитардингиз ва “бўлажак шоир”нинг кўнглини чўктирмаслик мақсадида, ўзингизга хос мулойимлик билан “қойил” қолардингиз.

Хайрият, Худо инсоф бериб, бу одатимни бора-бора тарк этдим. Алҳол, бирор нотанишроқ даврада кимдир шеър ўқишимни сўраса, бу менга ҳақоратдай туюлади…

Ўшандан буён, орадан ўттиз йилдан ортиқ фурсат ўтди, аммо, орамиздан на қил ўтди, на бирор эшак.

Ҳисорнинг чекка бир қишлоғида ўқитувчилик қилардим. Икки йиллик “отработка” муҳлати тугади. Билмадим, нима учундир қишлоққа қайтишимни ўйласам, юрагим орқасига тортиб кетарди…

Ўшанда жонимга шодлик бағишлаган Сиз эдингиз, яъни, жумҳуриятда ўзбек тилида чиқадиган ягона газета – “Совет Тожикистони” (ҳозирги “Халқ овози”)да ишлардингиз ва мендай бир бенавони ўша газетага ишга жойлаштиргансиз.

(Гарчанд, “Асқарни ҳам, Садриддинни ҳам, Одилни ҳам… елкамда олиб юрганман” дегувчилар бор эса-да, бу жараён бошида Сиз ва Абдусаттор (Аҳмадалиев) ака тургандингизлар).

Бошқаларни билмадиму аммо, мен журналистика соҳасида ҳозиргидан ҳам хароб эдим. Сизнинг шарофатингиз ва беминнат ёрдамингиз билан бу касбни озми, кўпми, ўзлаштириб, “соқчиларни ўғрилар дорга осадиган” (Ж.Румий) муҳитдан еру осмон қадар фарқ қиладиган соф адабий муҳитга ошно бўлдим.

“Совет Тожикистони”да икки йилдан ортиқроқ ишлаган бўлсам, бу муддатда шаҳардан олисроқ Ленин (ҳозирги Рўдакий бўлса керак) районида жойлашган ҳовлингиздаги ёруғ меҳмонхонада беармон яшаганимни ҳали-ҳамон мамнуният билан эслайман.

Зеро, умрнинг саноғи ва салмоғини узун-қисқа сониялар ва дақиқалар ортидан жонҳалак чопаётган, гоҳ ёнимиздан, гоҳ жонимиздан ўтиб кетгувчи Вақт эмас, балки, Мазмун белгилар экан, мен букун бор овозим билан, атрофга алангламай, баралла айтишим мумкин: Ўз уйимда ҳам Сизнинг уйингизда яшаганчалик узоқ яшамаганман…

Ўзбек тилида ижод қилгувчилар учун ягона адабий муҳит Тошкент эканлигини уқдирган, раҳматлик Асқарали ака билан “чўнтагимиздаги энг сўнгги тангаларни суви чиққунча ғижимлаб” (Асқар Маҳкам ибораси) Тошкентга равона бўлганимизда оқ фотиҳа бериб, маъюс кузатган ҳам Сиз эдингиз!..

12105871_445220179012476_8898765616156860454_nБир донишманд шоирнинг гапини бизга кўп такрорлардингиз: Яъни,чинакам гўзалликни кўрганда, завқу ҳайратдан беихтиёр қарсак чалиб юбормаган одам – одам эмас! Умрингиз давомида Сиз кўнгил аҳлига армуғон этган ирфоний ҳодисалардан завқланиш ва ҳайратланиш билан бирга, Тожикистондаги айни пайтдаги ўзбек адабий муҳитида қарийб унутилаёзган удумга риоя қилган ҳолда, Сиз билан ҳақли равишда фахрланаман!

Икки оламингиз, тўрт фаслингиз, олти томонингиз, беш сезгингиздан ташқари яна беш сезгингиз, бир неча фарзандларингиз бор. Танишларингизнинг ҳам сон-саноғи йўқ.

Аммо, сўзингиз, Дўстингиз – Ягона! У ҳам бўлса – Биру Бор!

БИРингиз икки, БОРингиз йўқ бўлмасин!

Одил Икром

Манба: facebook.com