Инсон бир нарсага умрини бағишлай олар экан, бу унинг учун муқаддасдир

Инсон бир нарсага умрини бағишлай олар экан, бу унинг учун муқаддасдир
31 views
04 July 2016 - 6:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(10)

АДАБИЁТ ФЕТИШИЗМИ

Минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойи эди. Дўрмондаги ёзувчилар уйида илҳом парисини кутиб кун ўтказаётган эдим.  Ишим унча қийин эмасди, ўша илҳом париси келганда саккиз ёки  ўн қаторлик бир шеър битсам, кўнглим жойига тушарди-қўярди. Тасаввур қилинг, ўттиз бешга кирган девдек йигит учун қофияланган ёки ҳатто қофияланмаган «поэтик» матн етарли эди. Яъни, бугунги куним бекорга ўтмади дейиш учун ва ҳатто дунёдаги энг буюк ишни мен қилаяпман, деб хаёл қилиш учун ҳам етарли эди. Аслида, Дўрмонда «буюк ишни мен қилаяпман» деб ўйламаган бирорта ёзувчи йўқ эди.

Аммо бундай ўйлаш учун ҳаммага ҳам «саккиз қатор» кифоя қилавермасди… Масалан, Пиримқул Қодир кунига дейлик, 15 саҳифа наср, Шукур Холмирза дейлик 10 саҳифа наср, шоир Усмон Азим юз мисрали бир баллада, Шукур Қурбон юз қаторлик бир достон ёзмасалар, улар «буюк ишни мен қилаяпман» деб кўкрагига ҳеч урмасдилар. Хуллас, Дўрмонда кунларимиз унумли ўтарди, фақат ёзилган маҳсулотни китоб шаклида бостириш бир муаммо эди.

Заҳматкаш ёзувчилар кечалари ўтириб, қўлёзмаларига зўр бериб, уларга гўзал номлар қўйиб, машинисткага топширардилар. Машинистка – китобнинг босилиш жараёнидаги биринчи поғона эди. Бу поғона сийнадор жуссаси билан жуда юксак кўринарди, чунки, қўлёзманинг ҳар саҳифасига нақ 40 тийиндан ҳақ талаб қиларди. Йўқсил шоир ёки йўқсил ёзувчи учун бу қўрқинчли рақам эди. Баъзи уддабурро қаламкашлар машинисткага уйланиб бу муаммодан қутулсалар ҳам, кўпчилик «Машбюро» эшиги олдида «биринчи поғона»дан ошолмай уймаланишгани уймаланишган эди. Иккинчи поғона – бўлим редактори, учинчи поғона – бўлим мудири, тўртинчи поғона – зам. диркетор (директор ўринбосари), бешинчи поғона эса, Нашриёт Директори бўларди. Бу Бешинчи Поғона бутун қаламкашларнинг тушига кириб чиқадиган бир зот эди.

Совет Ўзбекистони даврида нашриётларга Директорлик қилганлар ичида, менимча, энг ҳашаматлиси Ҳамид
Убайдуллаевич, яъни, Ҳамид Ғулом бўлган. Унинг қўл остида ишлаган бир мудир шундай ҳикоя қилади:

«Ҳамид акамлар эрталаб ишга яхши ёки ёмон кайфиятда келганини наинки, унинг юзидан, балки кийинишидан ҳам билиб олардик. Масалан, у мовий жинси кийиб, лабига сигара трубкасини қистириб тўртинчи қаватга кўтарилса, демак, кайфияти яхши. Ҳузурига кириб дарров ишни битириб чиқардим»…

Бу иқрордан маълум бўлаяпти-ки, ҳатто мудир «поғона»сида турганлар учун ҳам Директор дийдорини кўрмак осон иш эмас эди. Нашриёт Директори амалда совет тузумининг нашр сиёсатини юритган шахс эди. У хоҳлаган китобини босар, хоҳламаганини босмас эди. Марказқўм тавсия этган китобларни истисно қилганда, Директор китоб босишда ҳокими мутлоқ эди. Ҳатто цензура ҳам Директорнинг айтганини икки қилолмасди.

Директор мақоми минстр мақоми билан деярли тенг эди. Директор худди Марказқўмнинг Биринчи Котиби каби ўн йил, ўн беш йил мақомидан тушмай фаолият кўрсатаверарди. Худди тузум каби нашриёт директори ҳам абадий кўринарди. Бу туйғуни Директорларнинг ўзлари ҳам ҳис қилардилар ва уларнинг энг ҳайбатлилари ўзларини бирданига Фиръавн ҳис қилабошлардилар. Бу руҳий кўтаринкилик уларнинг кўзларини чақнатиб, нутқларини ўткирлаштирарди.

1979 йил Ғофур Ғулом нашриётининг Директори қилган бир нутқ ҳамманинг эсида. У тахминан шундай деган эди (янглиш эса, Олоҳ кечирсин): «Мен бугун шон-шуҳрат минбаридан туриб шуни айтмоқчиман… Мен халқ отасиман… Ҳа, мен Ўзбекистонда халқ отасиман. Туркиядаги ўзбекларга шундай дедим. Агар сизлар Ўзбекистон ҳақида ёмон гапирмасанглар, мен сизларнинг ҳам отангизман, дедим».

Muhammad_Salih_fotomajmua_09Бу нутқни ҳеч ким манманлик деб қабул қилмаганди ўшанда. Директор муҳокама қилинмас бир тотем эди. Унинг устидан кулиш гуноҳ даражасида эди. Мен бу ғаройиб ҳодисани унга ҳеч алоқаси бўлмаган бир мақолага тиқиштирдим. Мақола Хемингуей ҳақида эди ва у «Гулистон» журналининг 1979 йил сонларидан бирида босилди. Аммо айтилмоқчи бўлган фикр шу қадар яғмоланган эди-ки, манман Директор менинг танқидимни ўқиса ҳам ҳеч нарса тушунмасди: «Бу нутқ (Хемингуей нутқи) баъзи ёзувчилар… қўрқоқ қалбларига таскин бераётган бир пайтда, баъзилари худди бугунгидай ўзини «халқ отаси» эълон қилиб, шон-шуҳрат минбаридан сўзлаётганда, эллик ёки олтмиш ёшларини бехатар бурчакларда нишонлаётган бир пайтда янгради…»

Мен бир эгоист ёзувчи сифатида биттаси келиб, «оғайни, Ҳ. Ғуломни боплабсан, офарин, сенга!» дейишини кутардим. Амо ҳеч ким мен кутганчалик фаросатли чиқмади ва бугун ўйлаб қарасам, чиқмагани ҳам яхши бўлган. Чунки, ўша Директор бугунги инсофсиз карчолонларнинг ёнида шу қадар ҳалим ва мутавозе кўринаяпти-ки, агар ўша етмиш тўққизда уни хафа қилсайдим, бугун қаттиқ пушаймон еган бўлардим.

Мавзуни тамомлаш учун Директордан бошқа яна бир махлуқ ҳақида бир-икки оғиз гапирмоқ лозим. Бу махлуқнинг оти Госкомиздат эди. Бу «даргоҳда» ўнларча одам «ишлар», аммо нима учун «ишлаётганини» ўзлари ҳам билмасдилар. Худди Франс Кафканинг романидаги каби мистик маҳкумият ҳукм сурарди бу даргоҳга қарашли бўлимларда. Гўё бу ўнларча эркак ва хотинлар бири иккинчиси орқасидан қўйилган айғоқчи ёки бири иккинчисига боғланган маҳбуслар эди. Чунки, китобни ёзувчи ёзарди, уни нашриёт нашрга тайёрларди, босмахона эса, бу китобни чоп қиларди, лекин Госкомиздатдаги одамларнинг бунга – китобга, ёзувчига, нашриётга, босмахонага нима алоқаси бор, дея ҳайқиргиси келарди инсоннинг, тўғриси. Ҳайқирса ҳам ёзувчини ҳеч ким бир чақага олмасди. Директор ва госкомиздат ёзувчилар туфайли яратилган бўлса-да ёзувчи билан ҳеч ким ҳисоблашмасди.

Бу шўрлик профессионаллар ёнларидан ўз отини тўғри ёзолмайдиган Шоғуломов ёки Директор ўтиб қолгудай бўлса, дарров ғоз туришиб салом беришар ва зўрма-зўраки илжаярдилар. Бу профессионаллар ўз шеър ёки ҳикоясининг битта сатрига ҳам арзимайдиган золимларга бош эгаркан, мен бундан қаттиқ ғазабланардим ва уларни қўрқоқликда айблардим, аммо бугун биламан-ки, бу ёзувчи дўстларимга нисбатан ҳақсиз дашном бўлган. Уларнинг қўрқоқлик ва бўшанглик бўлиб кўринган жиҳатлари, аслида, яна ўша адабиёт учун, унга муҳаббат туфайли пайдо бўлган эди. Бу одамларнинг ўртамиёна қобилиятлиси ҳам нон учун, бола-чақани боқиш учун золимга бош эгишдан ор қиларди. Аммо адабиёт идеали учун бош эгишдан уялмасди. Буни айблашга ҳаққим йўқ эди. Чўнтагида ёзувчилар Союзи гувоҳномасидан бошқа бойлиги йўқ бу инсонлар ўзларининг халққа керакли шахслар эканлигини англар ва ўзларича ғурур туяр эдилар. Шоир Йўлдош Эшбек бунга бир мисол айтиб берган эди.

Бир куни у яна бир шоир дўсти билан автобусда ўтирган экан, бир кампир тепаларига келиб қараб тураверибди. Йўловчилардан бири шоирларга «жой берсангиз бўлмайдими?», деса, Йўлдошнинг шериги ҳайрон бўлиб, «булар бизнинг кимлигимизни билишмайди, шекилли, удостоверениемизни кўрсатайликми, ё», деган экан. Содда шоирнинг бу самимияти унинг фаросатсизлигини кечиришга мажбур қиларди.

Умуман ёзувчилик, шоирлик ва ёки ҳар қандай бошқа қаламкашлик дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Совет Иттифоқидаги каби жиддий маслак ҳисобланмасди. Бунинг, албатта, сиёсий тузумга боғлиқ бўлган тарафлари бор. Совет тузуми ёзувчилардан ўз идеологияси учун фойдаланарди. Лекин жамият – одамлар ва ёзувчиларнинг ўзи ҳам қаламкашлик касбига топингани ҳайратланарли эди. Боя айтганимдек, адабиёт инсоннинг дунёни идрок қилиш шаклларидан бири эмас, балки, энг тўғри, энг идеал шакли ўлароқ қабул қилина бошлаганди. Ва одамлар адабиёт идеали учун ишидан, дўстларидан, ҳатто оиласидан ҳам воз кечсалар ва бу ҳаракат асло нодонлик ҳисобланмас, балки аксинча, фидойилик саналарди. (Мен бу ерда ҳақиқий адабиёт вакиллари хусусида гапираяпман, совет мафкурасининг ноғорачилари ҳақида эмас. Улар гапга арзимайди). Шунга яраша бизнинг тақлид объектларимиз ҳам оргинал эди. Хусусан, 70-йилларда энг порлоқ хаёлли ўзбек шоири ўзига Шоҳ машраб ёки Пол Верлен ва ҳатто Артюр Рембо каби девоналар турмушини ўрнак қилиб олишга интиларди. Дейлик, Шоҳ Машрабнинг муллалар устидан таҳорат ушотгани, Рембонинг туя сотаман деб, Африкага кетгани, у ерда касалга чалиниб, ўлиб кетгани, Верленнинг Париж кўчаларидаги безориликлари – ёш шоирларимиз тарафидан ҳурматла қаршиланган ривоятлар эди.

Адабиётнинг бу қадар «муқаддас»лашишига ижтимоий-психологик сабаб ҳам бор эди, албатта. Кўпчилик тарафидан кузатилган нарса шу-ки, тоталитар давлатларда шахс эркинлиги ўз ифодасини адабиёт ва санъатда топишга интилади. Бу соҳанинг тоталитаризм каби экстремал иқлимларда яшаш қобилияти юксак ва бу хусусият салгина ижодий иқтидорга соҳиб бўлган кишиларни ўзига оҳанграбо каби тортаверади. Бу кишилар тузумдан қочиб, рангдан (рассомлик) ёки сўз (шоирлик)дан ясалган катокомбаларга кириб олишади ва у ердан умр бўйи чиқмай яшайверадилар. Ва табиий-ки, инсон бир нарсага умрини бағишлай олар экан, бу унинг учун муқаддасдир.

(давоми бор)