Ўзбекистонда аҳвол шу!

Ўзбекистонда аҳвол шу!
24 views
05 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(59-қисм)

2.Республиканинг энг катта бир вилоятида аҳвол бунақа экан, “жиддий матбуот”имиз шу дамгача қаёққа қараб турган эди?! Бир Кишининг кўнглини овлаб ҳадеб карнай-сурнай чалавермасдан, воқеликка ҳақиқат кўзи билан боқса, бу хато ва камчиликларни кўрмасмиди? “Халқ сўзи”нинг шу сессиядан олдинги сонларини атай варақлаб кўрдим: умуман республикадаги, хоссатан Қашқадарё вилоятидаги ишлар ҳақида биронта танқидий мақола учратмадим. Ўрнига нуқул қулоқларни қоматга келтирадиган карнайбазм – “тинимсиз ривожланиш”, “юксак самаралар”, “улкан натижалар”, “туб ислоҳотлар”, “изчил тараққиёт” ва ҳамма соҳада “Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган беқиёс ишлар”! Сессия ўтгач – президент “барча камчиликларни жасорат билан очиб ташлаганидан кейин” балки матбуотда аҳвол ўзгаргандир, деб газетнинг кейинги сонларини ҳам кўздан кечириб чиқдим – заррача ўзгариш йўқ. Жим сувга тош тушди, чўлп этди, сўнг яна жимлик. Бир марта “чўлп” этган товушини эшитиб қолдик, холос. Ҳеч бўлмаганда президент танқид қилган соҳалар ҳақида, ҳеч бўлмаганда президент танқидига суянган ҳолда танқидий ёндашув бўлиши керак эди-ку! Йўқ! Ҳоким алмашди – мақсад ҳосил бўлди, манфаатдор томонлар муродларига етдилар, қани, яна карнайбазмга марҳамат!

Уят йўқ! Ўликнинг устида ҳам тўй қилади бизнинг “жиддий матбуот”!

Президент нутқи баёнидаги ҳар бир сўз ва жумлага шу қабилда ёндашиб, мамлакатимиз аҳволи аслида қандайу оммавий ахборот воситаларида қандай экани ҳақида мантиқий кузатувларимизни узоқ давом эттирсак бўларди, лекин биз бу иш давомини зийрак ўқувчиларимизга қолдиришни тўғри деб топдик. Шарҳсиз ҳам тушунарли,телба-тескари ишлар ҳар кимнинг кўзи ўнгида очиқ турибди. Лекин битта нозик масалага диққатимизни қаратмасдан ўтолмаймиз.

Президент сўзи охирида: “Яна бир муҳим масала борки, у ҳақда ҳам эслатиб ўтишни жоиз, деб биламан. Туман, шаҳар ёки вилоят миқёсида эришилган барча ютуқларни ҳар қайси раҳбар ўзининг номи билан боғлайдиган бўлса, ўринли-ўринсиз мақтаниб гапирадиган бўлса, биринчидан, бундай ҳолат жуда хунук кўринади, иккинчидан бу (иши. – Н.М.Р.) раҳбарга ҳеч қачон обрў келтирмайди…” деб Қашқадарё вилояти ҳокимини ишдан олишининг асосий сабабини билдириб қўйибди.

Нуриддин Зайниевни Қашқадарё вилоятига президентнинг ўзи ҳоким этиб тайинлаган, ундан кейин анча-мунча ишлар қилинган, буни вилоятга кейинроқ келганида президентнинг ўзи ҳам эътироф этган. Ул-бул ишлар билан Қашқадарёга борганимизда оддий халқ тилидан “Зайниев у қилди, Зайниев бу қилди!”, “Зайниев келиб ҳокимга ялчидик!” каби мақтовларни биз ҳам кўп эшитганмиз. Халқининг кўтар-кўтаридан эриб-шишиб кетиб балки ўзи ҳам ўзи шаънига ширин сўз гапириб юборгандир. Мамлакатда ҳамма яхши ишларни Бир Киши қиладиган, ҳамма мақтов фақат Бир Кишига йўлланиши қатъий белгилаб қўйилган давлатда бунақа шаккоклик энг катта гуноҳ-да! Нуриддин Зайниев мана шу “муқаддас тартиб”ни қўпол равишда бузган! Бордию бошлиқ талтаймаган ва ўзини ўзи мақтамаган бўлса ҳам, оддий халқ уни мақтай бошлаши “давлатнинг тамал қоидалари”га болта уриш бўлади. Агар “эришилган барча ютуқларни ҳар қайси раҳбар ўзининг номи билан боғлайдиган бўлса, ўринли-ўринсиз мақтаниб гапирадиган бўлса”, давлат бошлиғи қаёқда қолади?! Президентнинг обрўйига соя тушиб қолмайдими?! Ахир, ОАВни ўқинг, тингланг, кўринг: ҳамма эзгу иш тепасида бош-қош бўлиб фақат Бир Киши – “Муҳтарам Юртбоши” турибди-ку, ҳамду санога лойиқ зот Ўзбекистонда ёлғиз президент-ку! Ҳар қанақанги раҳбар ёки раҳбарча ўз ҳудудида “…эришилган барча ютуқларни… ўзининг номи билан боғла”ши, “ўринли-ўринсиз мақтаниб гапир”иб юриши яхши эмас. Ўзига қийин бўлади: “…биринчидан, бундай ҳолат жуда хунук кўринади, иккинчидан бу (иши. – Н.М.Р.) раҳбарга ҳеч қачон обрў келтирмайди…” Ана, Нуриддин Зайниев тақдири бунга ўрнак – обрўйи ҳам кетди, лавозими ҳам…

Бу каби мисоллар бошқа вилоятларда ҳам кузатилган.

1.Бундан олти-етти йил бурун Қўқон шаҳрига Маъруфжон исмли йигит ҳоким этиб тайинланди. Ғайрат билан ишга киришди. Қўқонликлар орасида тезда обрў қозонди. Одамлар шаҳарда қилинган кўп яхши ишларни унинг номи билан боғлай бошлашди. Донғи чиқди. Давлат ҳушёр ва нозик, унинг қитиқпатига асло тегиб бўлмайди. Табиий, ғашланди. Сўнг нима қилди? Узун қўлини чўзиб Маъруфжонни ҳокимлик курсисидан узиб олди-да, пойтахтга келтириб, гавжумлик ичига қўшиб-аралаштириб юборди. Кўтаришди гўё. Мана, юрибди (агар ҳалиям юрган бўлса). Номидан ном-нишон ҳам қолмади!

2. Бухоро вилояти ҳокими Самойиддин Ҳусенов лавозимида энг узоқ ўтирган раҳбар эди. Узоқликда президентдан кейин турарди, холос. Бухорода жуда кўп яхши ишлар унинг номи билан боғлиқ. Айниқса, эски Бухоро ҳам,

янги Бухоро ҳам у раҳбарлик қилган даврда тубдан яхшиланди. Одамлар буни сезди, кўрди ва… гапира бошлади: “Самойиддин ака… Самойиддин ака…” Чамамда, вилоятда президент номидан ҳам кўра унинг номи кўпроқ тилга олинадиган бўлди. Хавфми? Хавф! Нима қилиш керак? Жавобини бериш керак! Ўзиям битта жойда жуда кўп ўтириб қолди! Буюрилди – Бухоро тўғрисида материал тўпланди: қаралса, кўп соҳалар бўйича ишлар пачава экан… Дабдала… Булар устига, ўғли ҳам жа-а чегарадан чиқиб кетибди (негадир бу нарсани ҳушёр давлат олдин сезмай юргандай)… ва ҳоказо. Хуллас, тажрибали, кекса ҳоким шунча йиллик меҳнатлари, ҳатто президентга садоқатлари ҳам унутилиб, шармандали равишда ишдан олинди. Айрим “шахсий, оилавий камчиликлари” писанда қилиниб, ғинг демайдиган, қамалиб кетмаганига, соғ қолганига бир кунда юз марта шукр қиладиган этиб қўйилди.

Бошқа раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар бу воқеалардан ўрнак олишсин. Кечаю кундуз тиним билмай ишлашса ҳам, ёмон натижани ўзларидан билиб, ютуқларни “Муҳтарам Юртбоши”га йўллашсин. Бўлмаса, ҳеч қайси бошлиқ узоққа бормайди.

Лекин бир нарса бизни ўйлантириб қўйди: агар президентнинг “эришилган барча ютуқларни ҳар қайси раҳбар ўзининг номи билан боғлайдиган бўлса, ўринли-ўринсиз мақтаниб гапирадиган бўлса… биринчидан, бундай ҳолат жуда хунук кўринади, иккинчидан бу (иши. – Н.М.Р.) раҳбарга ҳеч қачон обрў келтирмайди…” деган гапи чин, самимий бўлса, ўзига ҳам тегиб кетмайдими бу қоида, деб қолдим. Ахир, йигирма йилдан бери ўзи ўзини мақтатиб келяпти-ку? Қашқадарёда айтган бу гапини зийрак халқ жайдаричасига (тўппа-тўғричасига) тушуниб, президентнинг ўзидан ҳам шу гапига риоя этишини талаб қилиб қолмасин тағин, деб хавотирландим бир оз. Парчани қайта-қайта ўқиб, кўнглим жойига тушди: ҳартугул президент ўзини назарда тутмаяпти экан! “Туман, шаҳар ёки вилоят миқёсида…”ги раҳбарларнигина назарда тутган экан. Туф-туф-туф, хайрият-э, бошимизда соябонимиз “доно ва оқил”-да, дўппи тор келганида қочиб қолишга битта туйнукча қолдириб гапирган экан! Сичқон ини оғзича келадиган туйнук!

Демак, “туман, шаҳар ёки вилоят миқёсида”ги раҳбарларга “жуда хунук” кўринган ва “ҳеч қачон обрў келтирмайди”ган ҳол республика миқёсидаги раҳбарга бемалол мумкин: ўзи ҳам мақтанаверсин, бошқаларга ҳам ўзини мақтатаверсин – биров унинг мушугини пишт демайди. Шундай экан, эй “Халқ сўзи” бошлиқ барча матбуот органлари, қандай услубда ишлаб келган бўлсаларинг, худди шу услубда давом этаверларинг! Бўяш, бежаш, мақташ бўйича сизларга берилган “сўз эркинлиги” бундан кейин ҳам асло бўғилмайди!

Бу “беқиёс ғамхўрликни” ҳис этган ёзма, босма, тинглама, кўрсатма ахборот воситаларимиз теваракка очиқ кўз билан боқмай, виждонларини етти қават ичларига кўмиб, ҳаммаси битта улкан бутанинг юзлаб шохига биттадан қўниб олиб, булбул бўлиб сайраб ётибди. Қарқуноғи ҳам булбул, қарғаси ҳам булбул, попишаги ҳам булбул; эшаги ҳам булбул, ити ҳам булбул, бити ҳам булбул…

“Истиқлол шарофати ва муҳтарам президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ҳамда узоқ-узоқларни кўзлаб юритилаётган доно ва оқил раҳнамоликларида, юртимиз “мустақиллик”ка эришганининг илк йилларидан бошлаб” …Ўзбекистонда аҳвол шу!

Яъни, “истиқлол шарофати ва муҳтарам президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ҳамда доно ва оқил раҳнамоликларида” …матбуотимиз мана шу ҳолга тушиб қолди!

Етар. Кузатишларимиздан айрим хулосалар чиқарадиган дам ҳам келди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com