Президентга Шикоят

Президентга Шикоят
103 views
05 July 2016 - 5:00

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимовга
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Бош Прокурори И.Б.Абдуллаевга
Тошкент вилояти Эндокринология Диспансер шифокори Ж.Ж.Туевдан
Тел: 998901212449

Ҳурматли Ислом Абдуганиевич!

Мен ўз фикр-мулоҳазаларимни ва шикоятларимни билдиришимдан асосий мақсад – тиббиёт соҳасида сурункали давом этаётган ноқонуний амалиётларга ҳамда беморларга эътибор қаратиб, шифокор ва касалхона томонидан нотўғри муолажаларга барҳам бериш кўзланган. Балки, мени ҳаракатларим замон шароитларига мос бўлмаслиги мумкин, лекин Бухоро вилоятининг бир чекка қишлоғида яшайдиган соддадил отам мени ҳалол ва тўғрисўз қилиб тарбиялб, таълим бердилар. Ёшлик давомида менга бергилган тарбияни ҳаётга тадбиқ қилишни канда қилмадим. Баъзи инсонлар одамлардаги тўғрисўзлик ҳамда ҳалолликни шахсий камчилик сифатида баҳо беришади. Замонавий кунда инсон айёр, вазиятга мослашувчан ҳамда ўзинг учун ўл етим нақлига амал қилиб келаяпти. Одамийлик, меҳр, адолат, аҳлоқий гўзаллик жамиятдан кўтарилиб бораётганлигини яшириш мумкин эмас. Агар, фуқаролар адолат ва гўзаллик учун ҳаракат қилмасалар, жамиятимиз разолат чангалига тушиб қолиши мумкин. Бугун кўпчиликни тасавурида “адолатни фақатгина аҳмоқ одам талаб қилади”, деган ҳаёл шаклланган. Бундай қарашларга қарши чиққан ҳолда сизга шикоят мактубимни битдим.

Шундай қилиб, мен Туев Жамшид Журакулович Тошкент вилояти Эндокринология диспансерида врач кардиолог-эндокринолог вазифасида ишлаб келаман. Менинг мутахассислигим: кардиолог, эндокринолог, кардиолог-функцианалист, ортопед-троматолог ва педиатрлик бўйича расмий ҳужжатларга эгаман. Юқорида айтиб ўтган касалхонанинг собиқ бош шифокори Комилов Йулчи Турдибоевич томонидан содир этилган ноқонуний ҳати-ҳаракатлари ҳақида (2015 йил октябрь-ноябрь ойларида) Тошкент Вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига ариза билан мурожаат қилганман. Миллий хавфсизлик хизмати ишни Юқори Чирчик прокуратурасига ўтказади ва шундан сўнг прокуратура ходимлари мени чақиртириб ғайриқонуний ҳолатлар бўйича тушунтириш хати олишади. Шундан сўнг Юқори Чирчиқ прокуратура терговчиси мендан касалхонада рўй бераётган ғайриқонуний ҳолатлар бўйича қандай ҳужжат ва далиллар борлигини сўрайди. Мен унга касалхонада содир этилган ҳаракатлар бўйича қўлимдаги бор далилий ашёларни тақдим қилдим. 1) Телефонмдаги шифокор ва ходимларнинг ойлик олмасдан ишлаганлилари ҳақидаги овозли ёзувлар; 2) Беморлар олмаган дори-дармонларига олдим, деб қўл қўйилган ҳужжат ҳамда дориларни олмадим деб ёзилган тилхатлар билан бир даста камчиликка йўл қўйилган касаллик тарихларини бердим. Бир кун ўтгандан сўнг, мени прокуратура терговчиси олдига чақириб, стоматолог вазифасида ишлаб келаётган Тўлқин исмли шифокорни кўзим олдида сўроқ қилди ва стоматолог икки йилдан бери ойлик маошини олмасдан Бош шифокор ҳисобига ўтаётганлигини оғзаки ва ёзма кўринишида берди. Кейин касалхонада текширувлар бошланди. Текширувлар сохталаштирган ҳамда кўзбуямачиликк асосида бош шифокор томонидан огоҳлантирилиб кейин комиссия текшируви сафарбар қилинди.

Мисол тариқасида, диспансер омборхонаси, завхос ва диет ҳамшира, ошпазлар огоҳлантирилиб камоматлар вақтинча жойига қўйилди. Текширув давомида менга тилхат ёзиб берган беморларни уйига шифокор Гулбахор Тўраевна ва Аскар Тастановлар бориб, турли йўллар билан беморларни “дориларни олганмиз”деб қайта ариза ёздиришга кўндиради (фактлар қўлимда).

Юқори Чирчиқ прокуратурасига қайта мурожаат қилганимда терговчи менга тақдим этган материаллар ўзимга қарши ишлаши мумкинлигини айтди. Прокуратура терговчисининг сўзларига кўра, унга берган овозли ёзувларда гапирган инсон маст ҳолатда бўлганлиги, стоматологнинг кўрсатмалари эса, қўрқув остида берганлигини айтиб ўтади. Прокуратура терговчисининг сўнги сўзида: “бундан кейин ўзингиздан эҳтиёт бўлиб юринг сизни ўлдириб кетишлари ҳам мумкин, кўпроқ одамлар гов-жум жойларда ва катта йўлнинг чеккароғида юринг” деб мени таҳдидли мазмунда огоҳлантирди. Шундан сўнг қонун ва адолатни назорат қилувчи органдан хафсалам пир бўлиб, уларга ишончсизлигим ортди.

Шу орада Гулбахор Тураевна ҳамда Сидикова Адиба Саиповна томонидан мени обрўсизлантириш мақсадида шанимга нисбатан бўҳтон хатини уюштиришди. Унда, мен (Жамшид Журакулович) аҳлоқан бузуқлигим, турмуш ўртоғим билан ҳамшираларни алдов йўли билан маънавий бузуқликка бошлар эканман. Бу ҳам етмагандай, мени касалхона ғазнаси (кассаси)ни ўмарганлигим, хотинбозлик ва миллатчиликда айблаб, барча ходимларни жалб қилган ҳолда А4 форматидаги ёзилмаган оқ қоғозга сохта айблов ташкил этилади ва фақатгина, имзо қўйишади. Имзо қўйилгандан сўнг, амалдаги бош шифокор Гулбахор Тўраевна матнни тузади.

Бундан ташқари, Гулбахор Тураевна касалхонадан бўшатилган Зулхумор исимли ҳамширани уйига бориб, уни ишга тиклаб бериш эвазига “Жамшид Журакулович мени зўрлаган” деб, хат ташкиллаштиради (ФАКТЛАР ҚЎЛИМДА). Қайд этилган икки сохталашган ҳужжат Тошкент вилоят касаба уюушмаси ва вилоят соғликни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.

Номлари тилга олинган ҳукумат органлари мени текшириш учун комиссия тузилади ва Тошкент вилояти энодкринология диспансер ходимларини йиғиб муҳокама қилишади. Менга қарши йиғилган барча ҳужжатлар туҳмат сифатида ўзи исботини топди. Шунга қарамасдан, йиғилиш баённомасидаги фактлар инобатга олинмасдан туҳмат қилганларга интизоми чоралар ҳам кўрилмади. Туҳмат оқибатида мени ва турмуш уртоғимнинг ор-номуси жамоа олдида пой-мол қилинди. Мен бу ҳолат бўйича қонуний чора кўрилишини талаб килиб, Юқори Чирчиқ тумани Прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Улар менга Гулбахор Тураевнани туҳматона иши кўриб чиқилиши ҳақида 2015- йил 06.15/73 14-238- 14 сонли хатни беришди. Орадан бир қанча вақт ўтгач мен прокуратурага мурожаат қилдим. Мен ва оиламга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлик иши қандай давом этаётганлигини сўраганимда, прокуратура терговчиси у ишлар тугаб кетганлиги ҳамда судга оширилганлигини таъкидлади. Орадан бир ой ўтгач судга мурожаат қилдим. Судга бориб, Гулбахор Тураевнага қандай чора кўрилди деб сўрасам, бизга унақа фамилия остида иш ҳужжати келгани йўқ деб айтишди. Сўнгра, Юқори Чирчиқ Прокуратурасига йўналтиришди. Хуллас, мен давлат органи бўлмиш прокуратура билан суд биноси орасида бир неча маротаба жонли тўпдек футбол қилиндим.

Ҳозирда Хидирова Гулбахор Тураевна диспансер Бош шифокори касалхонага келганидан то кеткунигача УЗИ хонасида ҳеч бир ҳужжат ва асосиз беморларга пуллик хизмат кўрсатади. Буни устига “касал хонага ётқизилиши керак” деб топилган беморларни турли баҳоналар билан касал хонага ётишига қасддан моненлик қиллади (ФАКТЛАР ҚЎЛИМДА). Натижада беморлар турли айланма йўлларни қидириб, касалхонага таниш-билишлар орқали ёткизилади. Тошкент вилоятида жойлашган туман тиббиёт муассасаларига бериладиган тиббий ордерларни ҳам бош шифокор белгиланган меъёрдан кам тақсимлайди, қолганини эса беморларга сотади.

Бош шифокорга ҳайри ҳох бўлган шифокорлар томонидан ётиши шарт бўлмаган беморларни 150000-200000 сўм ҳисобида диспансерга йўлланма билан ёткизилади. Бош шифокор ва униннг хамтовоғи қабулхона шифокори Адиба СОИПОВНАЛАР биргаликда “воздушный историялар” (ҳаводаги касаллик тарихи), яъни саломатлиги яхши бўлган одамларга ногиронлик гуруҳига эришиш ва узайтириш учун касалхонага ётқизмай касаллик тарихи очилади ва олиб борилади (300000-400000 сўм эвазига, ФАКТЛАР ҚЎЛИМДА ). Бундай шахслар асоссиз равишда ногиронлик гуруҳларини олиб, давлатнинг мақсадга йўналтирилган пулини талон-тарож қилиб, бюджетга зарар етказмоқда.

Беморнинг Тиббий баённомаларига (касаллик тарихи) келадиган бўлсам, улар ноқонуний пул тушумларни яшириш мақсадида сохтакорлик ва меъёрга тўғри келмайдиган тартибда тўлдирилади (ФАКТЛАР ҚЎЛИМДА). Биринчидан, қўйилган саналар ва палата рақамлари ўчириб ёзилган. Иккинчидан, тиббий баённома бошқа киши томонидан тиббий тайин буюрилиб ёзилган. Аслида, ёзув хатлари даволовчи шифокор томонидан ёзилиши керак. Учунчидан, клиник ташхисларнинг аксариятида асосланмаган ва тиббиёт меъёрларига жавоб бермайди. Тўртинчидан, дори рецеплари бошқа киши томонидан тўлдирилган. Бешинчидан, Тиббий баённомаларда бемор пуллик палатага ётқизилиб ҳамда ўша куни баённомада оддий (пулсиз) палатага ўтказилади. Лекин беморнинг 100% тартибда пуллик палата пули ундирилади. Бироқ бемор тўлаган пули ноқонуний тарзда ҳамёнга тушади. Аслида, кўрсатилган палата беморлар билан тўла бўлсада, тиббий баённомада ўша палата расмийлаштирилади. Буни аниқлаш учун шифохонанинг пост журнали, қабулхона журнали ҳамда касса журналини солиштириш кифоя.

Шунингдек, Бош шифокор буйруғи билан поликлиника рўйхатида турадиган беморларга муддати яқинлашган дори дармонлар амбулатор картага атайин сарф қилинади. Яна бош шифокор назорати остида ўзига ҳайрихох шифокорлар билан биргаликда (Феруза Тавакалловна, Адиба Саиповналар) беморларга асосланмаган холда фирма дори воситалари буюрилиб, пул бонуслари олинади.

Бундан ташқари, Гулбахор Тураевна диспансер олдида жойлашган дорихона эгаси Азиздан ҳар ой ноқонуний тарзда 500000 сўм пул талаб қилади. Бир марта дорихона бошлиғи “мени бундай пулим йўқ” деса, Бош шифокор ҳамма шифокорларни йиғиб: “ушбу дорихонага беморларни чиқармайсанлар, кимда ким бемор чиқарса менинг душманим” деб таҳдид қилади (ноқонуний ҳолатни аптека бошлиғи АЗИЗНИНГ ШАХСАН ЎЗИ ТАСДИҚЛАЙДИ).

Бугун, бош шифокор Гулбаҳор Тўраевна мен ва турмуш ўртоғим Хамдамова Умида Каримовнага (у ҳам касалхонада педиатр бўлиб ишлайди) босим ўтказилиб келмоқда. Мисол тариқасида, менда даволаш истагини билдирган беморларга бош шифокор томонидан мен ҳақимда турли хил туҳматларни гапиради, ҳатто, кардиолог кўригига муҳтож бўлган беморларни Жамшид Журауловичга кўрсатманглар деб, шифокорларга захарҳанда буйруғини беради. Меннинг обрўйимни беморлар олдида тўкиш мақсадида касаллик тарихидан кўчирмаларга турли важлар билан қўл кўймай мени ва беморларни мунтазам равишда асабийлашувига сабаб бўлмоқда. Мен даволаш ишларини олиб боряётган палаталарга бошқа беморларни атайин ёткизиб бошқа шифокорларни бириктиради. Мен билан мулоқотда бўлган ва хонамга кириб чиқан ҳамшираларни бош шифокор мунтазам равишда сўроққа тутиб, асабларини бузади. Бу ҳам етмагандай, менга бириктирилган беморларга тунги навбатчилик пайтда хабар олмаларинг деб, ҳамшираларга нотўғри прафилакктика ишларини амалга ошириб келади.

Умуман олганда, тиббиёт даргоҳида беморларга эътиборсизлик, норсоғлом муҳит ҳамда ноқонуний ҳолатлар чуқирлашиб бораётганлигини инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга айланди. Мен Туев Жамшид Жўрақулович Мазкур шикоят аризасини ёзишни узил кесил бир тўхтамга келишни аҳд қилдим. Қалбим тубида ўзимга-ўзим сўз бердим, агар адолат ва рўшнолик юзага чиқмас экан, минг афсуслар билан жондан азиз она диёримни ташлаб, ўзга юртларда шифокорлик фаолиятини давом эттиришни ният қилдим. Мени шикоят хатларини атайин уюштирувчи ва бундай ҳаракатларни одат тусига айлантириб олган шахс сифатида талқин қилмаслигингизни истаб қоламан. Агар, менинг малакам давлат амалдорлари ёки етук тиббиёт ходимлари орасида шубҳа туғдиришга сабаб бўладиган бўлса, кардиология, эндокринология, кардиолог-функцианалист ва педиатрлик йўналишлари бўйича синовдан ўтказилишига тайёрман. Шу билан бирга, шикоят арзимнинг ижросини ва баъзи бир аниқликлар киритиш зарурати пайдо бўлса, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва давлат тасарруфидаги ташкилотларга жўнатмаслигингизни сўрайман. Чунки, улар муаммони холис, одил ва оқилона ҳал қилинишида шубҳам каттадир. Шунингдек, Аризада келтириб ўтилган муаммоларни жамият ва миллат саломатлиги учун ўз назоратингизга олишни ва натижаси юзасидан хабардор қилишингизни сўраб қоламан.

Ҳурмат билан,
Жамшид Жўрақулович Туев