Ҳилол кўриндими?

Ҳилол кўриндими?
89 views
05 July 2016 - 7:59

Мамлакатлар орасида ийд кунидаги фарқнинг ҳукми

novolunie_geocult-2f
Шайх Обидхон қори изоҳи

Савол:

Биз ҳозир Чехияда истиқомат қиляпмиз. Биз рамазонни турк ҳанафий мазҳаби тақвими асосида тутдик ва уларнинг тақвими асосида ҳайит намозини ўқидик. Лекин арабларда ва бошқа мусулмон давлатларда ҳайит намози эртага, деб эълон қилинибди. Биз хато қилган бўламизми бугун ўқиганимиз учун?
Руслан.

Жавоб:

Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин. Ийдул-Фитр муборак бўлсин. Иншоаллоҳ, рўзаларингиз ҳам намозларингиз ҳам қабул, деб умид қиламиз.

Аслида ҳамма мусулмонлар ойни кўриб рўзани бошласалар, ойни кўриб байрам қилсалар, суннатга мувофиқ тўғри иш қилган бўладилар. Лекин кўп мамлакатларда мусулмонлар ўз ибодатларини адо этишда тўла эркинликка эга эмаслар. Сабаб – давлатлар ўзларининг тор сиёсатларини Ислом манфаатларидан устун қўйишади.

Айрим мусулмонларда эса бунинг ёнида миллатчилик кайфиятлари мусулмонлик амалларига ҳам ўз таъсирини ўтказиб туради. Аммо илм ривожланиб, Ислом кучайган сайин бу салбий ҳолатлар камая боради, иншоаллоҳ.

Мусулмонлар Китоб ва Суннатни чуқурроқ ўрганишлари, шу икки манбага кўпроқ эргашишлари зарур. Баҳсли масалаларда эса ўзлари яшаб турган мамлакатнинг кўзга кўринган ишончли илм аҳллари томонидан бериладиган тавсияларга риоя қиладилар.

Сизлар ҳам ўзингиз яшаётган шаҳарда мусулмонларнинг кўпчилиги Аҳли суннанинг қайси мазҳабида бўлса ёки ўша ерда қайси сунний жамоа фаолроқ бўлса ана ўшалар билан бирга бўласизлар ва улар билан бирга рўза тутиб, бирга намоз ўқийсизлар. Расмий исломий муассасалар ёки фаол жамоалар Ийдул-Фитр намозини қайси куни ўқишни эълон қилган бўлсалар, шу куни ўқийверасизлар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عن النَّبِى – صلى الله عليه وسلم – قَالَ:

“وَفِطْرُكُمْ يَوْمَ تُفْطِرُونَ وَأَضْحَاكُمْ يَوْمَ تُضَحُّونَ وَكُلُّ عَرَفَةَ مَوْقِفٌ وَكُلُّ مِنًى مَنْحَرٌ وَكُلُّ فِجَاجِ مَكَّةَ مَنْحَرٌ وَكُلُّ جَمْعٍ مَوْقِفٌ”.

(رواه أبو داود والبيهقي وغيرهما وصححه الألباني وغيره).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Рўзани очишингиз ҳаммангиз очадиган кунингиздир. Қурбонлигингиз ҳаммангиз қурбонлик қиладиган кунингиздир…”.

(Абу Довуд ва Байҳақий ривоятлари, Албоний: саҳиҳ).

قال الإمام الترمذي رحمه الله:

فسر بعض أهل العلم هذا الحديث فقال إنما معنى هذا الصوم والفطر مع الجماعة وعظم الناس. انتهى. يعني هو عند الله مقبول.

قال الإمام الخطابي: معنى الحديث أن الخطأ موضوع عن الناس فيما كان سبيله الاجتهاد فلو أن قوما اجتهدوا فلم يروا الهلال إلا بعد الثلاثين فلم يفطروا حتى استوفوا العدد ثم ثبت عندهم أن الشهر كان تسعا وعشرين فإن صومهم وفطرهم ماض لا شيء عليهم من وزر أو عتب وكذلك هذا في الحج إذا اخطئوا يوم عرفة فإنه ليس عليهم إعادته ويجزيهم أضحاؤهم كذلك وإنما هذا تخفيف من الله سبحانه ورفق بعباده.

(كتاب عون المعبود: 6 / 316)

Имом “Термизий айтадилар:

Баъзи аҳли илмлар бу ҳадисни шундай тафсир қилганларки, рўзани бошлаш ва тугатиш жамоат билан ва одамларнинг аксарияти билан бир хилда бўлади ва бу иш Аллоҳ ҳузурида мақбулдир.

Имом Хаттобий айтган: “Ҳадиснинг маъноси ижтиҳод билан ҳал қилинадиган ишларда содир бўладиган хато кечирилади. Ҳатто бир қавм ҳаракат қилсалар ҳам янги ойни кўра олмасалар ва рўзани 30 кун тўлиқ тутсалар, кейин ойнинг 29 кунлик экани маълум бўлса ҳам уларнинг рўзалари ва оғиз очишлари тўғридир, уларга ҳеч бир гуноҳ йўқдир… Бу Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан енгиллик ва бандалар учун меҳрибонликдир”. (Авнул маъбуд китоби: 6/316).