Байрам табриги!

Байрам табриги!
21 views
05 July 2016 - 21:32

13439012_1777508072467220_1321216277201176250_nАссалому алайкум, ҳурматли дўстлар!

Сизларни муборак кун – Рамазон ҳайити билан табриклаймиз. Оллоҳ таоло ихлос ила тутган рўзаларимизни қабул қилсин, хато ва камчиликларини Ўз фазли ила афв айласин.

Дуоимиз:

Оллоҳим!

Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўр бўлган минглаб алломалар, валийлар юрти бўлган жонажон Ватанимиз Туркистонда дини Ислом байроғи қайта ҳилпирашини насиб эт!

Иймонимизни мустаҳкам қил, бизни адашмоқдан сақла, адашганларга тавфиқ бер! Мунофиқларнинг ёмонликларини ўзларига буюр, душманларнинг ифтиро ва фитналаридан Ўз паноҳингда мусулмонларни, қалбида пок ниятлари бўлган ҳар мўмин бандангни асра!

Оллоҳим!

Миллатимизга ёруғлик бер, уни жаҳолат зулматидан қутқар! Биз нафсимиз ўйинларига овора бўлдик, Ўзинг нажот ато айла! Гуноҳ ва маъсият ботқоқларидамиз, марҳамат қўлини чўз!

Дўстларимизга, қардошларимизга барчамизни меҳр-муҳаббатли қил! Кўр бўлган кўнгил кўзларига нур бер! Нафсларимизни ҳақиқат узра устун қўйишдан, кибримиз йўриғига юришдан сақла, Оллоҳим!

Сўзларимиз гўзал ва маънодор, уларни шунчаки ҳаво, шунчаки овоз бўлиб қолишидан нажот бер, сўзларимизга – Қуръон ва ҳадис ҳукмлари ила айтаётган сўзларимизга қатъиян амал қилишимизни насиб эт!

Иймонимизни ҳамма нарсадан кучли қил, жонимиз, молимиз, топган дунёларимиздан Сенинг ризолинг минг карра, миллиард карра, ададсиз маротаба устунлигини бизга ҳис эттир!

Йўлбошчиларимизга Ўзинг Йўлбошчи бўл! Уларни адашишдан сақла! Уларнинг кўзларига энг тўғри йўлларни кўрсат!

Оллоҳим!

Бизга бирлик насиб эт! Меҳр ва муҳаббат, кичикфеъллик ва ирода насиб эт!

Душманлар марҳаматига бизни зор этма, Ўз ёрдамингсиз, Ўз кўмагингсиз, Ўз лутфингизсиз бизни қолдима, Оллоҳим!

Сен мўмин бандаларингга Рамазонни, унинг сўнгини байрам қилиб бердинг. Сен мўмин бандаларингга намозни, ҳажни, закотни байрам қилиб бердинг! Бизни бу байрамлардан айирма!

© Фейсбукдаги “Муҳаммад Солиҳ ижоди” саҳифаси таҳририяти