Душман ортидан чиқишга буйруқ…

Душман ортидан чиқишга буйруқ…
41 views
06 July 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 62

(давоми)

ҲАМРОУЛ — АСАД ҒАЗОТИ

Бу ғазотнинг баёни шундоқ эдиким, Расулуллоҳ Уҳуд урушидан қайтиб Мадинага кирдилар. Ансор, муҳожир раислари Уҳуддин қайтган кечада шу туни ухламасдин, Расулуллоҳнинг эшик олдиларида тонг отгунча қўриқлаб чиқдилар. Чунки Қурайш куффорлари ўз ерлари Макка томонига қайтган бўлсалар ҳам, йўлдин ёниб яна Мадинага ҳужум қилишлари эҳтимол эди.

Қурайш куффорлари бўлса, Уҳуддан қайтишиб, Малал деган жойга келиб қўндилар, Қўшин раислари шу кеча ўзаро сўзлашиб ўтириб: «Бу урушда Муҳаммадни енгдик, Бадр урушида ўлганларимизнинг ўчини олиб, уларнинг қасосларини қайтардик. Шундоқ ҳам бўлса, бу ишни чала қолдириб, қайтганимиз яхши бўлмади. Муҳаммад бошлиқ қолганларини ҳам қўймай қиришимиз керак эди. Нега уларнинг хотун болаларини асир олиб, молу-дунёларини ўлжа қилиб қайтмадик. Бу урушда душманларимизни енгган бўлсак ҳам, унинг ярашиғини қила олмадик. Энди ҳам бўлса, бу ердин ёниб, Мадина устига борайлик, аларни эс олишга қўймасдин, бу ишни тездан битирайлик», деб кенгашдилар.

Буларнинг сўзларини шу қўнган жойларида Абдуллоҳ ибн Умарил Музан деган киши англаб ўлтирган эди. Худо дилига солиб, дарҳол Расулуллоҳга келиб хабар берди. Расулуллоҳ буни эшитишлари билан баробар, улар келмасдин илгари душман ортидан чиқишга буйруқ бердилар. «Кечаги Уҳуд урушига чиққанлардин бошқа ҳеч бир киши чиқмасун», дедилар. Уларнинг сони етти юзга яқин эди. Шаҳид бўлган етмиш неча кишидан бошқалари қолмай чиқдилар. Лекин ичларида ярадорлари кўп эди. Беш-ўн ердан ярадор бўлган кишилар эран қилмадилар.

Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ етмиш неча еридан яралик бўлсалар ҳам, яна бу аскардин ажраб қолишга рози бўлмади. Шунинг билан Расулуллоҳ Ибн Умму Мактум муаззинни Мадинага волий тайинлаб, йўлга чиқдилар.

Уҳуд урушида кўтарилган ғазот туғи Ҳазрати Алига топширилган эди. Бу урушга чиқмаганлардин кўп кишилар бу сафар бирга чиқмоққа тилаган бўлсалар ҳам, Расулуллоҳ аларга рухсат қилмадилар.

Ёлғизгина Уҳудда мерган бошлиғи бўлиб, шу ердан жилмай туриб, шаҳид бўлган Абдуллоҳнинг ўғли Жобирга рухсат бердилар. Ундан бошқа ҳеч бир кимарсага рухсат бўлмади. Бунинг сабаби шул эрдиким, Жобир айтди:

«Уҳуд ғазотига сиз билан чиқмоқчи эдим, чиқолмай қолганим шу учун бўлдиким, отамдин туғилган тўққиз қиз ичида мен ёлғиз ўғил эдим. Уҳуд ғазотига чиқар чоғда отам айтди: «Бу қизлар устида қараб тургудек бирор киши бўлмаса, қандоғ бўлғай, умидим шулдирки, бу ғазотда мен шаҳодат топгайман, буларга қора бўлиб сенинг туришинг албатта керакдур», деди. Мана, отамнинг шу сўзини қиёлмасдан ночорликда сиздан ажраб қолган эдим. Энди бу сафардин қолмасман, рухсат қилинг, ё Расулуллоҳ», деб қаттиқ талаб қилганидан кейин унга изн бердилар.

Бу сафарда Расулуллоҳдин бошқа отга минган киши йўқ эди. Қолган барча саҳобалар пиёда эдилар. Шу чиққанларича, юриб-ўтириб аскар Ҳамро ул Асад деган жойга етдилар. Бу ер эса, Мадинадан саккиз мил йироқда эди.

Мана шу ерга етганларида Аллоҳ таоло тарафидан бу оят нозил бўлди:

«Аллазийнастажобу лиллаҳи вар-расули мим баъди ма асобаҳумулқарҳу, лиллазийна аҳсану минҳум ваттақов ажрун аъзим», яъни:

«Ўтган Уҳуд урушида шунча кўп жароҳатланган бўлсалар ҳам, яна Аллоҳ амрига ва анинг пайғамбарига итоат қилиб, яхшилик қилгувчиларга, тақво йўлини тутгувчиларга Худо тарафидан улуғ савоб бўлғувсидир, Аллоҳ таоло уларға жаннат ато қилғувсидур» демакдур.

Пайғамбаримизнинг Мадинадан чиқиб, аскар билан шу жойга етиб келганликлари аларга маълум бўлди. Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайянинг иккинчи уруш очмоққа раъйи йўқ эди. Бу сўзни англагач, ул айтди:

— Эй Қурайш халқи, бу урушда эрса ўразимиз (бахтимиз) очилиб, бизлар ғалаба қозондик. Уруш обрўйини олдик, энди қайтиб бориб, яна уруш қилар бўлсак, қонлари қайнаган, ўч олмоққа хумор бўлиб, ғазабланган, тажрибалик душманлар билан тўнқашурмиз. Уҳуд урушида қатнашмаган кишилар ҳам ёрдамга чиққайлар. Ана ул чоғда уруш бизнинг зиёнимизга чиқмагай, албатта, бизнинг фойдамизга бўлгай, деб ким айта олур. Эндиги маслаҳат шулки, обрўйимиз қўлда турган чоғда қайтганимиз яхшироқдур, — деди.

Бунинг устига Маъбадал Хузойи деган киши Хузоа қабиласининг раисларидан эди, ўзи иймон келтирмаган бўлса ҳам, Расулуллоҳга хайрихоҳлиги бор эди. Уҳуддаги мусулмонларга бўлган мусибатни онглашиб, кофир-мусулмон, демай, бутун қабила халқи қаттиқ қайғуришган эдилар. Ислом аскари Ҳамроул Асадга тушганида, ул киши келиб, Расулуллоҳга кўнгил айтиб, шундоқ дедиким:

— Эй Муҳаммад, сизларга бўлган бу мусибатга Худо ҳаққи, бек оғриндик, ўз устимизга тушгандек кўриб, бу ишга қаттиқ қайғурдик. Сендин бошқага бу мусибатлар бўлишини тиладик. Сенинг мартабангни Аллоҳ эгиз қилишини суюб турдик. Лекин на чорадурки, биз тилагандек бўлмади, — деди.

Бу айтган сўзи Расуллулоҳга хуш келиб, ундин рози бўлдилар. Сўнгра бу киши у жойдин жўнаб, Равҳо деган жойга келганида Қурайш қўшинига йўлиқди. Сафвон ибн Умайя сўзига қарамасдин, Мадина сари бормоққа қасд қилишган эдилар. Шу орада Абу Суфённинг кўзи Маъбадул Хузоийга тушди. Бунинг Мадина томонидан келаётганини билгач:

«Орқангда нима бор?» деб андин сўрадилар. Анда ула айтди:

«Билганим шулдурки, Муҳаммад қалин қўшин тортиб, қизғинлик билан келаётибдур. Уҳуд урушида бўлолмаганлар бариси бу сафарда бирга чиқмишдур. Бутун аскар қайнаган қозондек ғазабланиб келмакдадурлар. Уларнинг энг суйган тилаклари эрса, сизлардин ўч олмоқ кўринур», деди.

Юқоридаги Сафвоннинг айтган сўзи устига бунинг сўзи қўшимча бўлиб, Қурайш қўшинига қаттиқ қўрқинч тушди. Анда Абу Суфён Маъбадил Хузоийдин маслаҳат сўраб:

«Эй Маъбад, эндиги иш нимадур, қандоқ қилсак биз учун яхшилик бўлур?» деди. Анда Маъбадил Хузоий айтди:

«Муҳаммаднинг бу келишига қараганда, бу ердин сизлар кўчиб улгура олмасдин туриб, унинг қўшини келиб босгай. Энди бу жойдин тезроқ кўчиб, йўл тортмоқдин бошқа, сизларга фойдалик иш йўқдур», деди.

Бу сўзлар билан Қурайш қўшинларининг қўрқинчлари зиёда бўлиб, шошилинч кўчиб йўлга тушдилар. Қўрқинчлик бўлганликдан оғир юкларини олишга улгуролмадилар. Унгачалик Ислом қўшини олдидан уч киши аввал йўлга чиққан эди. Душман кўзига кўриниб қолиб, алардин иккови қўлга тушди. Бирови қочиб қутулиб, душманнинг кетган хабарини Расулуллоҳга етказди. Қўлга тушган икки кишини омон бермай, дарҳол ўлдирдилар.

Аларнинг кўчиб қочган жойларига келганларидан сўнгра урушмаслик тўғрисида Сафвоннинг сўзини Расулуллоҳ онглагач, айтдиларким: «Сафвон дин йўлида тўғри йўл топмаган бўлса ҳам, Қурайш қавмини бу урушдан тўсгани учун дунё ишида уларни тўғри йўлга солмишдур. Бу ҳақда алар учун бек улуғ фойдалик иш қилмишдур.

«Валлазий нафсий биядиҳи лақад саввамту ла ҳумул ҳижората валав рожау ла канув каамсиз заҳиби».

Яъни: «Менинг жоним унинг қудрат қўлида бўлган Аллоҳ оти билан қасам қилурманким, алар учун осмондин азоб тошларини отмоққа белгилаган эдим, агар қайтиб келган бўлсалар кетган кунлар, ўтган замонлардек ному нишонсиз бўлиб, барчалари қолмай ҳалок бўлар эдилар», деб Қурайш қўшинлари қайтган тақдирда, ғазаб илоҳийга қолиб, осмон азоби билан ҳалок бўлишларидан хабар бердилар.

Қурайш қўшинларининг қочиб кетганини онглагач Расулуллоҳ шу жойда уч кун турдилар. Пайғамбаримиз амрлари билан ҳар тунда беш юз ерда ўт ёқилур эди. Бундин мақсадлари эса йироқдин кўрган душманларга аскар кўплигини кўрсатиб, аларни қўрқитмоқ ва шул атрофдаги ҳали иймонга келмаган араб қабилаларига ҳайбат кўрсатмоқ эди. Чунки Қуръон қонунида мусулмонлар ўзаро муомала ишларида бир-бирларига макру хийла қилмоқ ҳаром бўлса ҳам, аммо уруш кунларида ўрни келар экан. Макр-хийла ишлатмоқ Пайғамбаримизнинг суннатларидур. Расулуллоҳнинг таржимаи ҳолларини ўқигувчи кишилар кўп жойда бундоқ ишларга учрайдилар.

(давоми бор)