Умрим адоланди…

Умрим адоланди…
112 views
06 July 2016 - 8:00

uzbek-life-khiva-blog-bb2-221214МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Етишди солим

Қариганда қўлдан кетди инсофим,
Аё, дўстлар, қумга етишди солим,
Яратган, кун-кундан кам бўлди хавфим,
Оз-оздан кўпайди бу ёмон феълим.

Дину диёнатда йўқдир ҳеч ишим,
Умрим адоланди, оқарди сочим,
Қувватим сусайди, тўкилди тишим,
Йигитлик авжинда ҳануз хаёлим.

Кўнглим дунёларда, зар излар ҳамон,
Кўзларим кўзлайди ҳали ҳам жонон,
Тилимда ғийбат бор, аҳдимда ёлғон,
Шайтон кофир бўлса, нафсим бир золим.

Мадад етишмаса, сендан ё Жаббор,
Кенг кўринган йўллар бўлар бизга тор,
Ҳавойи ҳавасга бўлдим гирифтор,
Ибодатга йўқдир зарра мажолим.

Дўстлар, эътиборим йўқдир умрга,
Бахтимнинг қораси урмиш кўмирга,
Толеим қуёши ботмиш бадарға,
Айём, сен уйғонгил, ухлар иқболим.

Худованд-о, ҳарчанд набсим ёмондир,
Тилагим, Даргоҳдан нури-иймондир,
Шаър ишим беҳуддир, гуноҳим кондир,
Сен ўзинг кечиргил, ё Зулжалолим.

Махдумқули, ишқ ўтина бирёнман,
Эл молина, мен ҳолимга гирёнман,
Қўрқув – умид ўртасида, ҳайронман,
Тонгла Маҳшар, ё Раб, не ўлар ҳолим?

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди