Энг катта айбимиз – фикрий қулликка ўзимиз рози бўлдик

Энг катта айбимиз – фикрий қулликка ўзимиз рози бўлдик
155 views
06 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(60-қисм)

Кичик хулоса

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари энг кўп – ҳар куни ўнлаб, юзлаб марта қўллайдиган сўз ва иборалардан айримларини такрорлаймиз:

“Истиқлол шарофати”, “Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва ғояси асосида”, “изчил ислоҳотлар”, “юксак натижалар”, бетакрор тараққиёт”, “туб ислоҳот”, “доно раҳнамолик”, “янада ривожлантириш”, “юксак эътибор”, “оталарча ғамхўрлик”, “жамиятни демократлаштиришни янада чуқурлаштириш”,”иқтисодий ривожланишни янада жадаллаштириш”,изчил таъминланмоқда”, “тобора мустаҳкамланиб”, “ҳаётга изчил татбиқ”, “ривожланишнинг “ўзбек модели”, “бутун дунё эътироф этмоқда”, “кенг қамровли ишлар”, “изчил ва самарали”, “чексиз ғамхўрлик”, “беқиёс эътибор”, “юксак самаралар”, “улкан эътибор”, “кенг кўламли ислоҳотлар”, “барқарор ва мутаносиб суръатлар”, “самарали миллий модел”, “салмоқли натижалар”, “ислоҳотлар янада жадаллашмоқда”, “истиқлолнинг дастлабки йилларидан бери”, “салмоқли муваффақиятлар”, “жадал ривожланаётган”, “бетимсол ўзгаришлар”, “ислоҳотларнинг юксак самараси”, “изчил давлат сиёсати”, “бошқа мамлакатлар учун намуна”, “улкан иқтисодий ўсиш” ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Оммавий ахборот воситаларимизга қулоқ солсангиз ва уларнинг сўзига ишонсангиз: “Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва ғояси асосида” Ўзбекистонда ҳамма соҳада ҳар куни “изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда”! (Саводсизлик: ислоҳот ҳеч қачон олиб борилмайди, қилинади!)

“…ривожланиш янада жадаллаштириляпти”! (“Янада жадал ривожлантириляпти” тарзида ёзилса ҳам гўрга эди!)

“…жамиятни демократлаштириш тинимсиз чуқурлаштириляпти!” (Чуқурлаштириб-чуқурлаштириб, охири демократияни тубсиз гўрга тиқади, шекилли! Зотан, гўрга тиқиб бўлинган ҳам.)

Бу ва шу каби жужур жумлаларни синчиклаб ўқинг, мағзини (агар бор бўлса) чақишга уриниб кўринг ва… бир зум тасаввур қилинг:

1.“Изчил ислоҳот” дегани нима дегани? “Ислоҳ”нинг луғавий маъноси “тузатиш” эканини эътиборга олсак, нимани тузатяпмиз? Яна унинг устига, изчил, тинимсиз, тубдан, ҳар куни, ҳар нафас? Буни билмадим нима дейилади, асло “тузатиш” дейилмайди! Тасаввур этяпсизми: изчил, тинимсиз, тубдан, ҳар куни, ҳар нафас тузатиляпти, тузатиляпти, тузатиляпти! Яъни, ямаяпмиз – йиртилиб кетяпти, тузатяпмиз – бузилиб кетяпти, тиклаяпмиз – йиқилиб тушяптими демак? Бир марта ислоҳ қилсак (тузатсак)-да, беш-ўн йил натижасини кўрсак бўлмайдими? Оқламаса, натижа биз кутганимизча чиқмаса, ана ундан кейин яна ислоҳга киришсак бўлади-ку?!

2.“Ривожланиш ҳар куни жадаллашаверса”, аллақачон бутун дунёни чангимизда қолдириб кетишимиз керак эди. Ҳол бу ки, аҳолининг 20 фоизга яқини қашшоқ яшайди; ярми амал-тақал кун кўради; қоғозда эмас, ҳаётда ишсизлик энг баланд чўққида – коллеж ва олий ўқув юртлари битирувчилари соҳаси бўйича иш тополмай сарсон-саргардон; ёшларнинг 50 фоизи (деса бўлади) бола-чақасини ва ота-онасини боқиш илинжида четларда иш ахтариб юрибди; аёллар бир тишлам нон учун танини сота бошлади; мактаб ва коллеж ўқувчилари орасида бузуқчилик учига чиқди, гиёҳвандлик, зино кўпайиб кетди, ёш-ёш қизчалар ҳомилали бўлиб қоляпти; одамлар топаётган даромаднинг катта бўлдаги ишлаб чиқаришдан эмас (автомобилсозлик мустасно), тижорат ва мардикорчиликдан келяпти; мамлакат йўлларининг 70 – 80 фоизи талабга жавоб бермайди, дабдала, кўп жойларда ҳалиям совет йўлларида юрибмиз, хайрият, қишлоқларимиз йўлларигача аспаллаб кетган экан “мустабид тузум”, ўшандан бери тузатилмаган-янгиланмаган…

3.Давлат “жамиятни демократлаштириш, демократлаштиришни чуқурлаштириш, чуқурлаштиришни жадаллаштириш” билан тинимсиз шуғулланиши (аслида, ҳаётда бунинг акси, биз матбуот таърифини келтиряпмиз, холос) янада ишонарсиз.

Бу гап рост бўлганида, бошқача фикрдагилар таъқиб-тазйиқ қилинмас эди; мухолиф фикрларга тенг ва кенг йўл қўйиларди; халққа норозиликларини эркин ифодалаш ҳуқуқи бериларди; Андижондаги тинч намойиш ўққа тутилмаган бўларди; фикрлар хилма-хиллигидан қўрқмасдан, мамлакат ривожига хизмат қилдирилар эди; қамоқларда сиёсий маҳбуслар бўлмасди; муслималар хоҳишларига кўра кийинишар, ҳижоблилар ишлардан, ўқишлардан ҳайдалмас эди; динини маҳкам ушлаганлар қамоқларга тиқилмасди, ҳали қамалмаганлар ҳар куни қамалиш хавфи остида юрмаган бўларди…

Хуллас, Ўзбекистонда демократия шунчалик чуқур ва ривожланган бўлганида ичкаридан ташқарига қочиш эмас, ташқаридан ичкарига талпиниш кучайган бўларди. Халқимизнинг бир бўлаги Ўзбекистондан қочиб четэлларга сиғиниб бормас, аксинча, ўзининг юртида қувғину тазйиққа учраган четэллик мазлумлар “демократияси тўхтовсиз ва изчил ривожлантирилаётган Ўзбекистон”дан бошпана топган, бу ерда эмин-эркин яшаётган бўларди!

Биронта шунақа ҳодиса учрадими ҳозиргача бизда?!

Воқелик бунинг тескариси.

Ўзбекистонда “мустақилликнинг илк йилларидан бери” бу ширин орзунинг том терсини кўриб турибмиз. Кўра-билатуриб оммавий ахборот воситаларимиз изчил ва тинимсиз, юксак пардаларда карнай-сурнай чалишда давом этяпти!

“Ҳамма соҳа бўйича Ўзбекистон эришаётган ютуқларни, мамлакатда тинимсиз ва узлуксиз амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини” газетдан ўқиган заҳоти бош кўтариб ўз турмушингизга, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва бошқа ҳар бир ватандош аҳволига қарасангиз, бир-бирига буткул тўғри келмайдиган икки қарама-қарши ҳолни кўрасиз. Совет замонининг бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон сўзлари озгина ўзгартирилса, “Зайнаб ва Омон”нинг (“Ичкарида ўзга ҳол эди, Зайнаб учун ўзга фол эди” деган) машҳур икки сатри

“Мамлакатда ўзга ҳол эди,
Матбуотда ўзга фол эди…”

шаклига келади ва буни бемалол “Ўзбекистон мадҳияси” қилиб олса бўлади.

Сўзнинг қисқаси – одамлардан “жиддий матбуот” ҳақида фикрини сўрасангиз, буларда ўқийдиган нарса йўқ, деб лўндасини айтиб қўяқолади. Ҳатто бир гал газет дўкончиларидан бири теле орқали: “Бу газетларни одамлар у-бу нарсани ўраб сотиш учун олади”, деб юборди. Демак, савияси паст. Демак, туссиз. Демак, саёз. Демак, сариқ.

Аммо бу ёқда, бошда “Даракчи” ўлароқ, ўнлаб, юзлаб майда, сариқ, туссиз матбуот турибди, улар олдида буларни қандайига “сариқ” деймиз?!

Мундоқ қараганда, “сариқ” деб аталаётган газет-жўрнолларни одамлар ўқияпти, унга қизиқяпти. Эл қизиқиб ўқиётган матбуот тури “сариқ” бўладиган бўлса, адолат билан тан олиши керак, ҳеч ким севиб ўқимайдиган, давлат идоралари орқали мажбуран обуна қилдириладиган “жиддий матбуот” ҳатто сариқликка ҳам тортмаслиги билиниб қолади. Буларни ҳатто “сариқ” десак ҳақимиз кетади.

Демак, улар сариқ эмас, сап-сариқдир! Туссиз эмас, ўта туссиздир! Саёз эмас, чидаб бўлмас даражада саёздир! Тузсиздир! Мазасиздир!

“Адолат” газетининг 2011 йил 21 феврал сонида “Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси” деган сарлавҳа учради. Шунча сохта, ёлғон гаплар ичида тўғри гапни ўқиса, одам бирдан ғалати бўлиб кетаркан.

Чинданам, оммавий ахборот воситалари жамият кўзгусидир. Кўзгунинг аянчли ва шармандали аҳволини кўрдик, демак, жамиятимизнинг аҳволи аянчли ва шармандалидир! Чунки кўзгу жамиятда борини кўрсатади.

Биз “Халқ сўзи” тимсолида “жиддий матбуот”имиз қозонида борини чўмичга чиқардик, хулосани ҳар ким ўзи қилсин. Матбуотимиз бетига кўзгу тутдик, ўзини кўриб олсин, дедик…

Танқидимиз тўғри тушунилсин: бу гапларда журналистлар вазифаларини эплаёлмаяпти деган каби маъно йўқ. Бош муҳаррирлари ҳам хафа бўлишмасин, биз уларни шахсан танқид қилмаяпмиз. Биламиз, ўринларида бошқалар ҳам айнисини қилар, яъни, кўнгилдагидек ишлай олмас эди. Бурундуқ ўз қўлларида бўлса, матбуотни гуллатиб юбормасмидилар!

Гап умуман журналистикани, матбуотни қул ҳолига олиб келиб қўйган тузум ҳақида кетяпти. Эркин сўз айтиш имкони берилганида газетчилар қўлидан нималар келишини советнинг охирги пайти – қайта қуриш йиллари, ошкоралик чоғи кўрсатишган.

Лекин мафкура соҳаси шунақа аянчли ҳолга тушиб қолишида биз зиёли-журналистлар ҳам айблимиз, албатта. Энг катта айбимиз – фикрий қулликка ўзимиз рози бўлдик, маддоҳлик вазифасини бўйнимизга мажбурий қўя бошлашганида унга қарши курашмай, ўз ихтиёримиз билан бўйнимизга олдик ва аллақачон бу ҳолимизга кўниб-кўникиб кетдик.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com