Отамонлик тожи

Отамонлик тожи
158 views
07 July 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(20)

Каримов учун халққа қилган жабр-зулмлари ажрини оладиган – чорак аср тўккан қонларининг ҳосилини кўтарадиган замонлар яқинлашаётган эди.

У собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматовдан қутулгани каби Миллий хафсизлик хизмати бошлиғи Рустам Иноятовдан осонлик билан қутула олмаслигини ҳам яхши биларди.

Қарийиб, ўн беш йилга яқин Рустам Иноятовнинг ролини ўйнаган – бош жаллодлик мақомида турган Зокиржон Алиматов ҳам, унга бир замонлар чирмовиқдек ўралиб, “қилт” этишга имкон бермаганди. Уни Салимбой билан Гафурнинг таъсирида ушлаб, улар нимани истасалар мамлакатда ўшани амалга оширганди. Унинг қўлида ҳам президентнинг жиноятларини фош этадиган жуда кўп маълумотлар йиғилганди. Шундай бўлса ҳам, президент Путиннинг рус халқи олдидаги ва дунё сиёсий майдонидаги мавқейини ушлаб туриши учун арзонгаров Ўзбекистондан бораётган беғараз моддий бойликлар ва деярли текин ишчи кучи  ҳисобига Россия иқтисодига берилаётган чексиз ёрдамлар туфайли, унинг чангалидан бир амаллаб қутулди. Баробарида, бой билан графнинг чизган чизиғидан ўла қолса чиқмайдиган Зокиржон Алиматов ҳам йиғилган далиллар туфайли, бошини омон сақлаб қолди. У бой ва графнинг маслаҳатларига оғишмай амал қилмаганда, бошқа вазирбаччалар ва ҳокимчалар сингари президентнинг тепкисини еб, уйида майиб-мажруҳ бўлиб вазирлигининг учинчи йили шифтга термулиб ётган бўларди. Ёхуд Каримов бошқаларни қилгани сингари унинг ҳам кетига бутилка тиқдириб, эл-юрт кўзи ўнгида уни шармисор қилишга уринарди.

Ҳаммолдан чиққан Зокиржон Алиматов билан Рустам Иноятовнинг орасида, ер билан осмон қадар масофа бор. Совет йилларида пихини ёрган генераллар хизматида бўлган, Афғонистондаги урушларда атоқли Шўро мансабдорларига тилмочлик қилган Рустам Иноятов учун мафия билан давлат – сув билан олов сингари бир-бирига ёт бир нарса эди. У Каримов билан Зокиржон Алиматов каби бу икки тизимни қориштириб юборса, албатта бу бир кунмас бир кун нохушликлар туғдириши мумкинлигини жуда яхши англарди. Шу учун ҳам у шахсий манфаатларини давлат манфаатлари соясида юргизиб келди. Зокиржон Алиматов каби очиқдан-очиқ уюшган жиноятчилар билан оғиз-бурун ўпишиб, мамалакат манфаатларини уюшган жиноятчиларга бўйсундиришни давом эттирганда эди, у бу пайтгача ўз лавозимини бой берарди, бош жаллодлик мақоми бошқа бировга ўтарди. Собиқ Ички ишлар вазирининг хатоларини такрорламаслик билан ўз йўлини яратишини фаҳмлагани учун ҳам, у ҳукумат бошида ўтирганларнинг ўзларини уюшган жиноий гуруҳга айлантириб, президентга зимдан кимса билмас отамонлик тожини кийгизди. Ташқи қиёфасидан бироз президентга ўхшайдиган Каримов, ич-ичидан мафиянинг – жиноий тўданинг расман тўдабошиси бўлиб қолганини сезмасдан ҳам қолди. Рустам Иноятов парда ортидан расмий жиҳатдан ҳукумат тизимига алоқаси бўлмаганларни унинг қўли билан мамлакат ва халқ ҳаётидан сиқиб чиқариб, бир вақтнинг ўзида ўзининг ва оиласининг хавфсизлигини таъминлашни ҳам унутмади. Унинг устамонлигини сезиб қолган Каримов, шу учун ҳам ҳамшаҳари бўлган Баҳодир Матлубовни Ички ишлар вазири лавозимига кўтарди. У шу йўл билан сиёсий-иқтисодий майдонда кучларнинг мувозанатини тенглаштириб, барчасини ўзи бошқариб туришни кўзлаган эди.

Баҳодир Матлубовнинг укаси билан Самарқанда рўй берган хунук бир воқеа, унинг хаёлларини чипакка чиқариши баробарида, МХХ бошлиғининг мавқейини янада юксалтирди.

Помидорни қайта ишлайдиган қандайдир фирманинг эгаси, деб кўрилган бир чичен йигитининг хотинини Баҳодир Матлубовнинг укаси зўрлаб қўйгач, ҳамма нарсанинг оёғи осмондан келди.

Кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлган чичен йигити, самарқандликларга ўхшаб, дод-вой солиб маҳкамаларга чопа-чоп қилмади. “Хотинимни, шундай-шундай қилибди. Даволаниши учун фалон минг доллар пул тўласин”, деб ҳам юрмади. Ёхуд хотинининг номусига тажовуз қилган ҳамкорининг хотини ва бола-чақасига озор етказиб, қасд олишга ҳам интилмади. Унинг ўзини хилват бир жойга олиб чиқиб, кети билан оғзини битта қилди. Оғриқ зўридан тишларини қисавериб, ўлар ҳолатга келган Ички ишлар вазирининг укаси, товон остида қолиб эзилган шафтоли каби бир ҳолатда, тўғри экспертизага борди. Номусига теккан чичен йигитини маҳкамага торттириб, узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум эттирди.

Ҳамиша адолатга тиш-тирноғи билан қарши бўлиб келган суд тизими, Ички ишлар вазирининг юзи-хотирини қилиб адолатни қарор топтирган мард бир чичен йигитини ноҳақ қамоққа тиқди. Шу-шу, Баҳодир Матлубовнинг эл орасида обрўйига путур етиб, президентнинг ҳамшаҳарини не мақсадларда Ички ишлар вазири лавозимига кўтарганлари бекор кетди. Иложсизлик, уни Рустам Иноятовга борҳо муте қилиб қўйди.

 (давоми бор)