Мустақиллик йилларида динга қилинган “яхшиликлар”

Мустақиллик йилларида динга қилинган “яхшиликлар”
26 views
07 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(61-қисм)

Ўн тўртинчи кўчат
Оқпошшога букилган беллар

Совет давлати етмиш тўрт йил умуман динларга, жумладан Ислом динига қарши курашиб келди. Албатта, бундан “қайта қуриш” палласида динга эркинлик берилган тўрт-беш йил сал мустасно.

Динга қарши курашида совет самимий эди. У: “Оллоҳ йўқ!”; “Пайғамбарлар афсонавий шахслар”; “Китоблар илоҳий эмас, уларни одамлар ёзган”; “Фақат кўриб турганимиз шу дунё бор, бошқа дунё йўқ”; “Одам ўлганидан кейин қайта тирилмайди, чириб йўқ бўлиб кетади”; “Охират йўқ, жаннат йўқ, дўзах йўқ – булар бари чўпчак!” деб ўз қарашини очиқ баён қилган ва назарида эскилик сарқити бўлиб туюлган динга қарши очиқ курашган.

“Мустақил” Ўзбекистон давлати бошлиғи “мустақиллик”нинг илк йиллари Горбачнинг қайта қуриш даври таъсирида динга тегмади, аксинча, ҳатто ўзини мойилдай тутди. Ҳатто умра зиёратини адо этди. Бошини саждага қўймаган бўлса-да, Каъба ичида икки ракат “намоз” ўқиди (чидаб туриб берди!).

Аммо аста-секин ва нимагадир ‒ ички ё ташқи сабаблар биланми ё шахсида бир иллат борми, ишқилиб динга душман мавқе ола бошлади. Советдан фарқи – қаршилигида, душманлигида самимий эмас ‒ яширади. Бу томони билан советдан ўта хавфлидир.

Совет худосизлигини бекитмасди, “мустақил” Ўзбекистон давлати бекитиб келяпти. Сўзда “Оллойи таолло бор” дейди, “Динга ишонамиз” дейди, “Ислом дини қадриятларимиз  манбаи” дейди, аммо амалда том тескарисини қилади.

Айниқса, 1995 – 96-йиллардан бу ёғидаги ишлари, юритаётган диний сиёсати бу давлатнинг чин юзини кўрсатди.

Бир жумла билан айтганда, тутуми мунофиқликка тортиб кетади.

 “Мунофиқ” сўзининг энг қисқа маъноси “иккиюзламачи”дир.

“Араб тилида «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, (аммо ичи бошқача бўлади:) бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади… диний-ақидавий истилоҳда: сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади. Одамлар кўзига Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни «мунофиқ» дейилади”.

Яъни, тилда имон келтиргани билан юраги куфрда қоладиганлар мунофиқдир. Улар: “Имон келтирган кишиларга дуч келиб қолганларида: «Биз ҳам имон келтирдик», дейдилар. Ўз шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: «Биз, албатта, сизлар билан биргамиз, фақат биз (мўминларни) мазах қилувчилармиз, холос», дейдилар” (Бақара сураси 14-оят) ва нуқул орқадан мўминнинг, диннинг зарарига ишлайдилар.

Давлат дин соҳасида анчадан бери иккиюзлама (мунофиқона) сиёсат юритиб келаётганини кўнгил кўзи очиқлар кўриб-билиб турибди, аммо тушунарли сабабга кўра кўплар ичига ютиб-чидаб юрибди.

Албатта, “душман”, “мунофиқ” сўзлари давлатга ҳам, давлатбошига ҳам қаттиқ туюлади ва оғир ботади; икки дунёда тан олмайди. Шоша-пиша ўзини ҳимоя қилиб, “Мустақиллик йиллари динга қилган яхшиликлари”ни биттама-битта санаб миннат эта бошлайди.

Нима ҳам дердик, ҳақиқат уни истамаганларга жуда аччиқдир, аммо биз борини айтамиз.

1.“Ўзбекистонда ҳозир икки мингдан ортиқ мачит ишлаб турибди!” деган миннатга жавоб:

Агар диний эркинлик мачит сони ёки унинг очиқлиги билан ўлчанадиган бўлса, унда диний эркинликни бўғиш мачитларни ёпиш билан ўлчанади. Масалага бу томондан қаралса, Ўзбекистонда “мустақиллик” йиллари диний эркинлик фақат бўғиб келиняпти. Чунки советнинг охирги (1989 ‒ 1991) йиллари мачитлар сони ҳозирдагидан уч-тўрт карра кўп бўлган!

Бугун ишлаб турган мачитларнинг 90 фоизи (ёки шунга яқини) худосиз (!) совет даврининг охирги паллаларида очилган! Қайта қуриш йиллари ва “мустақиллик”нинг илк дамларида, масалан, битта Наманган вилоятининг ўзида мингдан ортиқ, Фарғона водийи бўйича эса нари-бериси билан 3 (уч) минг мачит бор эди! Ва ҳаммасида тўлиб-тошиб намоз ўқиларди!

Бутун мамлакатда нечта мачит бўлганини шундан ўзингиз чиқариб олаверинг.

Кейинги ўн беш йил ичида янгидан очилган йигирматача мачитни демаганда, “мустақиллик”имиз мустаҳкамлангани сари мачитлар фақат ёпилди (!) ва бугунга келиб ўттиз милёнли халққа 2 минг 30 тадан сал кўпроқ мачит қолди.

2.“Беш вақт намоз, жума ва ҳайит намозлари барча мачитда эмин-эркин ўқиляпти!” деган миннатга жавоб:

Агар диний эркинлик фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш билангина белгиланса, ҳатто худосиз совет даврида ҳам оз бўлса-да мачитлар бор эди ва ўша қаттол замонда мачитлару уйларда намоз ўқилган, рўзалар тутилган, ифторликлар, Қуръон хатмлари қилинган, чекли миқдорда бўлса-да ҳажга борилган, никоҳлар, жанозалар тўхтамаган, битта-иккита истисно, диний маросимлар асосан оммавий адо этилган.

Кексалар айтсин: қишлоқларда ҳайит ҳозиргидан анча файзли ўтарди. Ўзим гувоҳман.

Иккинчидан, “Намозлар эмин-эркин ўқиляпти”, дейиш ўзини ўзи алдашдан бошқа нарса эмас. Совет пайти диний ҳаёт махсус ташкилотлар орқали қаттиқ кузатиб-бошқариб турилганидек, бугун ҳам айни шундай. Усуллари ҳатто баттардир.

Намоз ўқиш имкониятлари ҳам, шароитлар ҳам борган сари сиқиштириб ташланди. Сиёсат намоз ўқийдиганлар кўнглига ғулғула солиш, сонини озайтириш, иложи бўлса, намоз ўқитмасликка эришишга қаратилган.

Намоз ўқийдиганлар ёшга, ижтимоий тоифага қараб ҳар хил рўйхатларга киритилади. Ўрганилади. “Профилактик суҳбатлар” қилинади. Ҳафтада бир келадиган жума намози тугул, йилда бир марта келадиган ҳайит намозига ҳам вояга етган, намоз ўқиши фарз бўлган ёшлар қўйилмайди. Мелисалар, мактаб-коллеж ўқитувчилари мачитни айланасига қуршаб олиб, ўқувчиларни очиқдан-очиқ овлаб ўтиради…

Бу каби “тадбир”лар, албатта, натижа бермай қўймади: умуман намозхонлар, хоссатан мачитга қатнайдиганлар сони йилдан-йилга сезиларли даражада озайди ва озайиб бормоқда.

Жума – мўминнинг байрами. Аммо байрамлиги ҳис эттирилмайди. Теварак мелисалар билан қуршаб олинганидан, жума шу қадар хавотирли кунми, мусулмонлардан доимо таҳлика кутиладими, деб ўйлаб қоласиз.

Икки ҳайитни-ку, қўяверинг. Насронийларнинг “Рождество”си давлат бошчилигида, ”Янги йил” ниқоби остида, Ўзбекистондай мусулмон мамлакатда, шаҳарларнинг гавжум-гавжум жойларида халқ сайиллари уюштириб, кўнгилхуш тадбирлар, турли-туман ўйинлар ташкил этиб, айниқса болаларга совға-саломлар улашиб, савдо бўлимчалари очиб, катта тантаналар билан ҳафталаб нишонлангани ҳолда, мўмин-мусулмоннинг икки буюк байрами – Рамазон ва Қурбон ҳайити худди мўмин-мусулмоннинг ўзи каби ғариб, хўрланган ҳолда нишонлатилади.

Ҳайит намозини “бирон машмашасиз, тинч-омон ўқитиб олиш” ниятида қўшимча мелиса кучлари ташланади. Одамлар (18 ёшдан катталар) шу мелисаларни оралаб мачитга киради ва яна шуларни оралаб мачитдан чиқади. Ҳадик-хавотир вазияти вужудга келтирилади.

Ичкарида имом-домлалар ҳар гал: “Намозларимизни эминликда-эркинликда ўқишимизга шароит яратиб берган муҳтарам президентимизга шукроналар айтамиз! Жума ва ҳайит намозларимиз тинч кечиши учун жон куйдираётган ички ишлар ходимларига ташаккурлар билдирамиз!” деб дуоларига қавмни ҳам “Омин!” дегиздиришади.

Ташқарида эса, мелисанинг кўзлари олазарак:

1) тиғиз оломон ичидан ёш болаларни ажратиб, изига қайтариш билан овора;

2) айни чоқда, оломоннинг қўлига, қўлтиғига, чўнтагига хавотир билан қарайди – ишқилиб, бирон портловчи модда йўқми?

Худди мачитга келадиганлар жамият тинчлигига таҳдид соладиган, манглайига “хатарли” деб ёзилган қандайдир олабўжи кучдай.

Ҳатто худосиз совет пайтлари ҳайит кунлари ҳайитдай ўтар, намозхонлар мачитдан чиқибоқ уйига, бола-чақасига совға-салом олар эди. Айниқса, болалар яйрарди: қишлоқ гузари ҳар хил миллий ширинликларга, ўйинчоқларга тўлиб кетарди, ҳайитликларимизга уларни сотиб олардик, пулимиз тугаб қолса, қавм-қариндошларникини биттама-битта айланиб ҳайитликлар тўплардик. Қани улар ҳозир?!

Шаҳарлардаги айрим катта мачитларни истисно этганда, атрофда сайил йўқ, байрам шукуҳи йўқ. Пана-пасқамларда анъанавий хўрозқанду сурнайчалар сотилишини демаганда, бошқа катта шод-хуррамлик йўқ. Одамлар мачитга мелиса кузатуви остида келганидек, яна мелиса кузатуви остида уй-уйига тарқалади. Тўғрироғи, тарқалишга шошилади.

Бу “тадбир”лардан мақсад ҳайитни ҳеч ким (айниқса болалар) байрам деб ҳис қилмасин! Таъзияхоналардаги йиғи-сиғини кўриб, мотам куни деб ўйлайверсин.

Тўғри, ҳар ҳайит арафасида ҳукумат миқёсида алоҳида йиғилиш қилиниб, ҳайитни “тантанали ўтказиш” бўйича мутасадди ташкилотларга йўл-йўриқлар кўрсатилади, топшириқлар берилади, аммо ҳаётда, яъни амалда “тантана” қисми кўринмайди-сезилмайди, “ваҳима” қисми яшайди, холос. Аслида, халққа бунақа миннатли “махсус” қарорлар керак эмас, унга ҳайитни ўз кўнглидагидай байрам қилишига тўсқинлик қилинмаса бўлди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com