Қарам ҳолимиздаги вазият “мустақил” ҳолимиздаги вазиятдан анча эркин ва ҳур эди

Қарам ҳолимиздаги вазият “мустақил” ҳолимиздаги вазиятдан анча эркин ва ҳур эди
26 views
08 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(62-қисм)

3.“Мустабид совет даврида бор-йўғи 1 та мадраса, 1 та Ислом олий ўқув юрти бўлган бўлса, истиқлол шарофати ва муҳтарам президентимиз раҳнамоликларида бугун республикамизда ёшларнинг диний таълим олишлари учун тўққизта мадраса, битта Ислом институти очиб қўйилибди!” деган миннатга жавоб:

Биринчидан, совет даврида мадраса ва Ислом олий ўқув юрти биттадан бўлса ҳам бор эди. Етмаганига уйларда, ҳужраларда ўқитиларди. Таъқиб ва тазйиқлар ҳам ҳужра тизимини буткул тугата олмаган.

Иккинчидан, ҳозирда ишлаб турган мадрасалар кўпи, боя айтганимиздек, қайта қуриш сиёсати туфайли асосан совет даврида, бир-иккитаси “мустақиллик”нинг илк паллалари очилган. Чунки бу илк паллаларда ўша қайта қуриш сиёсатининг оқаваси ўлароқ бирмунча эркинлик давом этган эди. Ҳамда мадраса ҳозиргидан анча кўп эди.

Сўнгра… “Мустақиллик” мустаҳкамланган сари давлат 20 йил ичида уч-тўрт минг мачитни ёпганидек, мадрасаларни ҳам битта-битта ёпди ва ҳозир бор-йўғи 9 (тўққиз)тагина қолдирди.

Илк ёпилгани Қўқондаги мадраса бўлса, охиргиси Самарқандда ишлаб турган Имом Бухорий номидаги “Ҳадис маркази”дир.

Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номида “Фиқҳ маркази”га деб мўлжаллаб қурилган тайёр бино тортиб олиниб тайинсиз бир коллежга айлантирилди.

Хусусий диний таълим тизими (“ҳужра” усули) ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади: улар ёт унсур сифатида йўқ қилиб юборилди гўё. Ҳужра эгалари ва ҳужрада таълим кўрганлар қамаб битирилди. Ҳужра таълимини олганлар ҳозиргача “ижтимоий хавфли шахслар” ўлароқ кўрилади.

4.“Диний адабиётлар, тарқатма воситалари, диний газет-жўрнол чиқиб турибди!” деган миннатга жавоб:

Диний адабиёт кам бўлса-да чиқиб тургани тўғри, аммо бу адабиёт сиёсат тарозисига солиниб, кўринмас чиғириқлардан ўтказиб, қаттиқ текширув ва тозаловлардан кейингина Диний қўмита рухсати билан чоп этилади.

Рухсат эса кўпинча республикада олиб борилаётган диний сиёсатни тарғиб-ташвиқ этувчи китобчаларга тегади.

Диний адабиётларни назорат (сензура) элагидан ўтказиб тақдим этиш анъанаси бизга Чор Ўрусияси тутимидан мерос бўлиб қолган.

Туркистонни Чор Ўрусияси босиб олганидан кейин маҳаллий мусулмон халқларни бошқариш учун ўзига хос йўл тутган. Масалан, кейинчалик ҳокимиятга келган коммунистлардан фарқли ўлароқ, бидъату хурофотга қоришиб кетган бўлса ҳам, ҳаётда дин ҳукмлари юриб туришига рухсат берган. Маҳаллий аҳоли кўзини аллалаб туриш учун, албатта. Саллалар бошда, чакмонлар эгинда, обрў-мартабалар жой-жойида қолган. Шариат идоралари, қозилар ишлаб турган. Вақф ташкилотларини ёпмаган. Диний адабиёт янгича усулларда ‒ тошбосмаларда кўплаб ададларда босилишига ижозат берган. Албатта, бу ишлар ҳаммаси узоқ замонлар давомида дин душманлари ишлаб чиққан тавсияларга таяниб белгиланган чекловлар доирасида ва давлатнинг қаттиқ кузатуви остида юритилган.

Жумладан, диний адабиёт нашри масаласида Чор Ўрусияси ҳукумати айниқса икки нуқтага диққат қилган:

1.Санкт Петербург сензура ташкилоти назоратини кучайтириб, чопга унинг рухсати бўлишини мажбурий қилиб қўйган. То Лелин бошлиқ болшавойларнинг Ўктабир тўнтаришигача оралиқда тошбосмаларда чоп этилган китобларнинг ички муқовасига боқсангиз, “Разрешено цензурою Санкт-Петербурга” ёзувли муҳрни албатта кўрасиз.

2.Мусулмонларни асл эътиқодидан буриш ва бу йўл билан динга зимдан зарба бериш мақсадида Санкт Петербург сензураси орада бидъий ва хурофий эътиқодлар аралашиб кетган китоб ва китобчаларга ҳам “рухсат берарди”. У китоблар басмала, ҳамд ва саловатлар билан бошлангани халқимизни алдаб қўярди. Айниқса, дуохонлик, мақбараларга сиғиниш, тушларни таъбир этиш, азиз-авлиёлар шахсини улуғлаш… каби шубҳали, ҳатто ҳаром ишлар ижобий қилиб кўрсатилган китобларга кенг йўл эди.

Кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида. Шундоқ ҳам кейинги асрлар давомида асл динидан узоқлаша-узоқлаша, зулматга бота-бота охири кофирлар қўлида қул бўлишдай тубанликка инган мусулмонлар бу каби “адабиёт”лар таъсирида баттар зулматга ва ботқоққа ботди. Бугунги кўп тортишув ва жанжаллар сабаби ва илдизи чоризмнинг аниқ режа асосида олиб борган ўша сиёсатига тақалади.

Совет коммунистлари эса динни афюн деди, сўсиализм ва коммунизмга фақат динсиз эришиш мумкин деди, бутун мафкураси билан динга қарши курашди. Динсиз “янги совет кишиси”ни яратиш мақсадида қарам мусулмон ўлкалар халқларининг диний эътиқодларини юракларидан зўрлаб чиқара бошлади, диний хотирани онгларидан ўчиришга киришди.

Фақат, Иккинчи Жаҳон уруши чоғи (1943 йили) 1) жабҳада дўппи тор келиб қолганида; 2) диндорларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий кўмакларига муҳтож бўлиб ва ҳам 3) дунё ҳамжамиятининг тазйиқи остида динга бир оз енгиллик беришга, диний ташкилотлар тузишга мажбур қолди. Лекин ўшанда ҳам динни ва у диний ташкилотларни тўласича давлат сиёсатига бўйин сундирган ҳолда.

Яъни, СССР Министрлар совети қошида Дин ишлари бўйича махсус кенгаш (“Совет по делам религии” ‒ бугунги “Дин ишлари бўйича қўмита”нинг отаси) тузиб динни тўрт буклаб тагига босиб олди ва фақат ўзи рухсат берган даражада қимирлаб туришига, ўлиб қолмагудай миқдорда нафас олишига “ижозат” берди.

Совет динга очиқ душман эди, шунинг учун диний адабиётни ёқиб-кўмиб ер юзидан изини ўчирмоқчи бўлди. Шу боис у даврни бир четга қўятурайлик-да, Чор Ўрусиясига қарамлик давримиз билан ҳозирги “мустақил” давримиз орасида диний адабиётга муносабатни солиштирайлик. Инсоф билан айтганда, қарам ҳолимиздаги вазият “мустақил” ҳолимиздаги вазиятдан анча эркин ва ҳур эди.

Мана, бир қиёс.

Санкт Петербург сензураси диний адабиёт нашрини назорат этар экан, дин гапидан тахминан 20-25 фоизча қисми олиб ташлар, 80-75 фоизига рухсат берар эди. Бунга ўша даврда босилган адабиётларни кутубхоналардан топиб ўрганиб ишонч ҳосил қиласиз.

Аммо ҳозир том тескариси ‒ “мустақил давлат”имиз дин гапининг тахминан 25-30 фоизига рухсат беради, қолган 70-75 фоиз қисмини айтиш ё ёзишни “мақсадга мувофиқ эмас” дейди!

Рақамда 10-15 фоизга адашган бўлсак, узр сўраймиз, 10-15 фоиз билан моҳият ўзгариб ҳам қолмайди: рухсат ва тақиқ нисбати шунга яқин.

Хўп, ана, 70-75 фоиз эмас, диндан бор-йўғи 1 (бир) фоиз қисмини айтиш- ёзиш ман этилди, ўзгартирилди ё китоблардан олиб ташланди, бор-йўғи 1 (бир) фоиз ҳукмига амал қилиш тақиқланди, дейлик. Мумкинми шу?!

Диний уламоларимиз айтсин, майли, диний идора “уламолар кенгаши” айтсин: мумкинми шу?!

Агар имон ютилмаган бўлса, агар Оллоҳдан қўрқилса, жавоб битта бўлади: АСЛО!

Чунки диннинг 99 (тўқсон тўққиз) фоиз гапи айтилмади нима,1(бир) фоиз гапи айтилмади нима ‒ иккаласининг ҳукми бир эканини, бирдай хиёнат саналишини ҳамма билади.

Дин нозикдир, ақидаси ё ҳукмидан биттаси бузилса, бутун дин бузилади. Киши битта очиқ ҳукмга ишонмаса, мас., ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деса ёки, мисол учун, барча пайғамбарга ишонса-ю, биттасига ишонмаса… диндан чиқади. Бу маънода буюк аллома Шиблийнинг (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин): “Ҳар нарсадан ҳаммаси олинса, бир қисми қолади (мас., сув тўкиб ташланса, идишда юқи қолади. ‒ Н.М.Р.), аммо диндан бир қисм олинса, ҳеч нарса қолмайди”, деган гапи машҳур.

Шундай экан, диний адабиётни Ғарб шарқшунослиги руҳи ва услубида таълим-тарбия олган кишилар текшириши ва истаган ерини ўчириб, истаган ерини ўзгартириб чиқариши ёки умуман босишга рухсат бермаслиги, табиий, умуман динга қарши сиёсатнинг бир бўлаги деб тушунилади.

Қайта-қайта айтаётган бир гапимизни шу ўринда яна такрорлаймиз: гап Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада эмас, бу жойларда ишлайдиган кишиларда ҳам эмас, гап тизимда ва тузумдадир! Давлатнинг динга муносабати тубдан ўзгармас экан, у тизимларда ким ишлашидан қатъи назар вазият ўзгармайди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com