Бандачилик ва “барса”чилик, мухлислик ва куфрчилик

Бандачилик ва “барса”чилик, мухлислик ва куфрчилик
135 views
11 July 2016 - 8:47

13620771_1316542948374374_4034928478203982409_nКечаги финални томоша қилишга кетаётиб, йўл-йўлакай уйимнинг ёнидаги магазинга кирдим. Дўкон остонасига қадам қўйишим билан сотувчилардан бир йигит: “Бобомурод ака, бугун кимга мухлислик қиласиз?”, деб сўради. Ўртамиздаги кейинги суҳбат қуйидагича бўлди:

– Португалияга!
– Ака, каллангиз ишлайдими? Келиб-келиб, шу чиқинди жамоага мухлислик қиласизми?!
– Мен доим таркиб жиҳатидан ожиз жамоаларга мухлислик қиламан. Ўзинг нега айнан Францияга мухлислик қиляпсан? Ярим финалда Германия томонда эдинг-ку!
– Мен “Реал” ва Роналдуни ёмон кўраман. Шунинг учун!
– “Барса”чимисан?
– Ҳа, албатта! Футболни тушунадиган нимаики мавжудот бўлса, “Барса”чи ва Мессичи бўлади, ака! Футболни тушунмайдиганлар “Реал”чи ва Роналдучи бўлишади.
– Сен футболни тушунсанг, айт-чи, Дидье Дешам охирги ўйинларда баланд бўйли Погбани нега майдон марказига қўймоқда?
– Ака, уни-буни қўйинг! Бугун Франция Португалияни ва Роналдуни камида тўрту нольга ютади.
– Худо хоҳласа ютади, де!
– Нима деяпсиз, ака?! ХУДО ХОҲЛАСА ҲАМ, ХОҲЛАМАСА ҲАМ, ФРАНЦИЯ ЮТАДИ! Мана мени айтди, дейсиз!
– Укам, ҳозир сен: “Францияга Худонинг кучи етмайди. Франция терма жамоаси Аллоҳдан ҳам кучли”, деган мазмундаги гапни айтдинг. Тавба қилгин!
– Эскича гапларни қўйинг, ака! Бугун Франция исқирт Роналдунинг жамоасини ёриворади!

Ичи Роналдуга нисбатан нафратга тўла бу йигит билан баҳсни дарҳол тўхтатдим.

Ўйинни томоша қилиш учун йўлда кетаётсам яна бир танишим телефон қилиб: “Ака, финалдан кейин Франциянинг ғалабасини, гей Роналдунинг кўзёшларини ювгани келарсиз ишхонамга”, деди. “Ҳудо хоҳласа, Франция ютса, бораман, албатта”, дедим. “Пайнет”да ишлайдиган бу “барселин” ҳам бормай-келмай: “Ака, 300 фоиз гарантия бераман: ХУДО ФРАНЦИЯНИНГ ҒАЛАБАСИНИ ХОҲЛАМАСДАН ИЛОЖИ ЙЎҚ! ЧУНКИ ХУДО ҲАМ КУЧЛИЛАР ТАРАФДА БЎЛАДИ”, деди.

Кафега кирай деганимда “барселин”лардан яна бири қўнғироқ қилиб қолди. Телефонни олмадим. Ўчириб қўйдим. Чунки куфр сўзларни эшитишга ортиқ тоқатим қолмаганди.

Финал “барселин”лар истаган сценарийда эмас, Аллоҳ истаган сценарийда ўтди. Португалия терма жамоаси Роналдуга боғланиб қолмаганини намойиш қилди. Ўйин португалларининг ғалабаси билан тугади.

Мусулмонларни ёқтирмайдиган ирқчи Дидье Дешам ўз уйида, ўз мухлислари олдида аламли тарзда мағлуб этилди.

Маълум бир жамоа ва футболчиларга мухлислик қиламан деб, куфрга ботаётган телба кимсаларга Аллоҳ ким тарафда эканлигини кўрсатиб қўйди.

Аллоҳнинг бандаси ҳамиша кимгадир ёки нимагадир мухлис бўлади. Лекин дунёвий бўлган бу мухлислик фанатизм ва куфрга ўтиб кетмаслиги керак. Акс ҳолда, одам Аллоҳга эмас, ўз нафсига, жамоасига, футболчисига банда бўлиб қолади.

Португалия терма жамоаси ва Роналдуга мухлислик қилган барчани ғалаба билан чин дилдан табриклайман.

Бобомурод АБДУЛЛА
11.07.2016