Димоғни бир оз пастроқ қилсак, яна ишимиз юришар

Димоғни бир оз пастроқ қилсак, яна ишимиз юришар
136 views
12 July 2016 - 6:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(18)

КГБ бизга қарши курашни бошлаб юборганди. У ёзувчилар ичига ўз айғоқчиларини жойлаштира бошлади. Бу айғоқчилар шоира қизларимизга «ошиқ» бўлиб, улар ёрдамида бизнинг даврамизга кириб олишга ҳаракат қилар ёки қариндош, таниш-билишлар воситасида бизга яқинлашардилар.

Бу айғоқчилардан бири бир куни шундай фитна қилди-ки, бутун ёзувчилар бир-биридан шубҳалана бошлади. Айғоқчи бир шоира қизчанинг бошини айлантириб, унга уйланиб ҳам олганди. Бу қизча анча пайтгача ўзи билмаган ҳолда КГБга хизмат қилди. Кейин сир фош бўлганида, у айғоқчи шоирани ташлаб қочди. Лекин фош бўлмаган айғоқчилар бизнинг шоираларимизга «ошиқ» бўлиш ва «уйланиш»га давом этдилар, ёзувчиларга яқин одамларни авраб, уларнинг энг маҳрам жойлари – оилаларигача «дўст» ўлароқ кириб бордилар. Уларнинг зиёлилар ичига нақадар чуқур киргани халқ ҳаракатлари жонланиб, зиёлилар тўғридан тўғри сиёсатга кирганларидан кейин маълум бўлди. Улар кейинги 10 йил ичида сиёсий мухолифатни чўктиришда катта рол ўйнади. Улар бугун, бу сатрлар ёзилаётган 1998 йилда, диндорларнинг фаолиятини тўхтатиш учун «жавлон» урмоқдалар.

1984 йил охирида менинг ҳаётимда яна бир муҳим воқеа рўй берди. Ёзувчилар Уюшмаси менга бир эмас, икки эмас, роппа-роса уч хонали квартира берди. Менга, ўз ватанида 14 йил ижарада яшаган бир ўзбекка уйга эга бўлиш бир буюк омад эди. Уй ёзувчиларнинг «Литературный фонд» деган вақфи тарафидан қурилганди. Бу ёзувчиларнинг гонорарларидан ушлаб қолинган фоизлар эвазига, яъни, уларнинг манглай тери тўкиб қилган меҳнати эвазига қурилган эди. Биз бу ҳалол уйда оила билан саккиз йил яшадик ва ниҳоят 1993 йилда уни биздан қайтариб олишди, мусодара қилишди. Ҳозир эшитишимча, у ерда КГБ ходими яшаётган экан.

1984 йилга келиб мен ўзим ҳам сезмаган ҳолда жуда «тушунарли» шеърлар ёза бошладим. Аввалгидай ташбеҳга ўчлик йўқ эди. Аввалгидай сўз билан расм чизишга, манзара яратишга мойиллик ғойиб бўлганди. Сийнада бир оғриқ уйғонганди, ҳаво бузилишини олдиндан сезадиган ревматизм мубталоси каби, юрак нималарнидир сеза бошлаганди. Шу кунгача фақат шеърий образ сифатида яшаб келган «Ватан» ва «ҳуррият» тушунчалари бирдан моддийлаша бошлаганди. Мен бир максималист сифатида узоқ давом этадиган тактик курашни ҳеч қачон қабул қилмагандим.

Muhammad_Salih_fotomajmua_23Номига «жумҳурият» бўлиш, номига «суверен» бўлиш фақат халқнинг норозилигини босиб туриш учун хизмат қилади, яхшиси мустамлакачи ўзини «мустамлакачи» деб айтсин, қул эса, ўзининг қуллигини билсин, деган фикрда эдим. Бу билги бизнинг ҳурриятга тезроқ эришишимизни таъминлайди, деб ўйлардим. Бунинг ифодаси ўлароқ, тахминан шундай шеърлар ёзиларди: 

Гул ҳақда куйлашни сизга чиқарган,
Баҳор истеъдоди сизда намоён.
Сизга ярашади боқиб юқорига,
Десангиз, «Меники эрур шу осмон!»
Ярашар «меники» десангиз ерни,
Чунки, алдамайсиз шундай деганда.
Шу ер меники, деб ёзаркан шеърни,
Шубҳага бормайсиз ҳеч қачон мендай.
«Бу ватан меники», десангиз бирор
Одам туриб демас сизга: «бу ёлғон!»,
Чунки, ҳақиқатни айтасиз такрор,
Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон.
1984 («Олис табассум сояси», 1986.)

Бу шеър 1986 йил («Олис табассум сояси», Ғ. Ғулом нашриёти») «Сохта шоирга» номи билан чоп этилди. Бу номнинг шеърга нима алоқаси бор, деб ҳеч ким сўрамади. Бу ном бўлмасайди, шеър цензурадан ўтмасди. Балки, шунинг учун ҳеч ким сўрамади унинг моҳиятини.

Саксон тўртинчи йил, боя изоҳ этганимдек, сиёсий ва маданий тазйиқнинг кучайиши билан бошланди. Бунга параллел равишда одамлардаги норозилик, исён туйғулари ҳам кучая борди. Эҳтимол, бу хусусият фақат 80 йилларга хосдир. Ҳамма замонларда ҳам ижтимоий норозилик давлат ўтказаётган тазйиқ ва зўравонликка пропорционал юксалади, дейиш қийин. Айниқса, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейинги беш йил тажрибаси тазйиқ ва зўравонликнинг доимо исёнга сабаб бўлиши муқаррар эмаслигини кўрсатди. Менимча, бу чархи фалакнинг айланишида ҳар ўн йил (ёки ўн икки йил)нинг ўхшашлик томонларидан ташқари мутлақо ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Жамиятлар бу ўн ёки ўн икки йиллик циклда бир-бирига ўхшаш воқеаларга бир-бирига ўхшамаган реаксия кўрсатишлари мумкин.

Саксон тўртинчи йилда бизнинг жамиятимизда бир соғлом руҳ мавжуд эди. Бу руҳ бизга 6-7 йил йўлдошлик қилди. Кейин мустақилликдан бир оз димоғимиз кўтарилганини сезди ва бизни золимнинг зулмига тарк этди. Иншоллоҳ, димоғни бир оз пастроқ қилсак, яна ишимиз юришар.

(давоми бор)