Инсонларда энг қимматлик нарса, кишининг ақлидир

Инсонларда энг қимматлик нарса, кишининг ақлидир
33 views
13 July 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 63

(давоми)

Уч кун ўтгандин сўнгра, душманлардин ҳеч бир хабар бўлмагач, Мадинага қайтдилар. Бу қайтишларида қора босгандек бўлиб, Қурайш шоири Абу Изза деган киши йўлиқиб қолиб, қўлга тушди. Бу эрса Расулуллоҳга ва мусулмонларга ҳар ерда тили ила кўп озор етказган киши эди. Ислом динини ва мусулмонларни ёмонлаб, шеър айтиб, халқни уларга қарши қўзғамоқ унинг вазифаси эди.

Абу Изза Бадр ғазотида ҳам қўлга тушиб, у ерда олинган асирлар ўзлари учун ҳар бир киши бошига тўрт минг тангадан минг тангагача тўлан бериб, қутулган эдилар. Расулуллоҳ буни ул жойда текинга озод қилган эдилар. Шу шарт биланким, иккинчи мусулмонларни ёмонлашдин тилини сақлагай, бундин буён шеър ўқиб, Ислом динига қарши ташвиқот қилмагай, яна мусулмонлар билан урушмоққа чиққан аскар қўшинига қўшилмагай. Мана шу шартларни қабул қилиб, бу ваъдани иккинчи бузмасга аҳд бериб, тўлан тўламасдан текинга асирликдан қутулган эди. Маккага боргандин сўнгра: «Барча кишилар Муҳаммаддин пул тўлаб қутулган бўлсалар, мен қуруқ сув билан уни алдаб қутулдим», деб бурунгидан ҳам қаттиқроқ ёмонликка киришган эди. Ваъдасига вафо қилмай, Уҳуд урушига чиққан куффор қўшинига қўшилиб бирга келган эди. Бу қилган ёмонлиги ўз бошига етиб, бу йўли яна қўлга тушиб қолди. Расулуллоҳ буни кўргач, ани ўлимга буюрдилар. Ул айтди:

— Эй Муҳаммад, менинг гуноҳимни кечгил, ёш қиз болаларим учун ўлимдан мени қолдиргил, иккинчи бундоқ қилмасликка аҳд берайин, — деди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

«Ла йўлдағул муъмину мин жуҳрин марратайни». Яъни: «Мўмин киши бир тешикдан икки қайта ўзини чақтирмағай, сен бизни бир йўли алдадинг, энди яна бизни алдаёлмагайсан, — дедилар.

Мана бу сўздин Расулуллоҳнинг бутун умматлари ибрат олгайлар. Бир зиён кўрган ишдан иккинчи сақланмаган киши оқиллар қаторида бўлмағай. Айниқса, сиёсат эгалари, аскар бошлиқлари мундоқ ишларда бек соқлик қилгайлар.

Шунинг билан йўл юриб, Расулуллоҳ Мадинага саломат келдилар. Уҳуддан қайтиб, бу ғазотга чиққанларига беш кун бўлган эди. Шу келган кунлари Қурайш кофирларининг жосусларидан Муовия ибн Муғира деган киши қўлга тушди. Воқеаси шундоқ эдиким, Уҳуд уруши тугаб, Қурайш қўшини Маккага қайтгандин сўнгра бу киши ўз эркича улардан ажраб қолиб, яширин равишда Мадина ичига кирди. Тўғри Ҳазрати Усмон уйига келиб эшик қоқди. Анинг аёли Пайғамбаримиз қизлари Умму Гулсум эрди. «Бу кимдир?» деб сўрагач, Муовия: «Усмоннинг яқин қариндоши эрурман, андин бир туя олган эдим, шунинг ақчасини бермак учун келдим, чақириб бергил», деди. Шу орада хиёл ўтмай, Ҳазрати Усмон келиб қолиб, кўрдиким, душман кишиси ўтирибди. Уруш ўтганига бир кун бўлмаган, икки орада қанча қон тўкилган, шундоқ куюк устида бунинг келганини кўриб, Ҳазрати Усмон қаттиқ чўчиди. Чунки бу киши унинг яқин қариндоши эди, араб одатича қариндошини душмандан сақлаёлмаслик энг оғир айб ишлардин саналур эди. Шунинг учун ҳазрат Усмон ани кўрганида:

— Мени ҳам ҳалок қилдинг, яна ўзингни ҳам ҳалок қилдинг, — деди.

Анда ул:

— Бу ерда сендин ўзга яқинроқ менинг қариндошим йўқдур, сендин паноҳ тилаб келдим, энди мени ўз омонингга олгайсан, — деди.

Сўнгра Ҳазрати Усмон уйининг бир четига киргизиб қўйиб, Расулуллоҳдин бу кишига омон олгани кетди. Шу орада Расулуллоҳ эшитдиларким, Муовия ибн Муғира жосуслик билан Мадинада юрибдур. Ани тезликда топмоққа буюрдилар. Сўроқлаган кишилари изини топиб, тўғри Ҳазрати Усмон уйига кирдилар. У қўрққанидан уйда яширинган эди. Уни уйда кўрмагач, Умму Гулсум унинг ётган жойини кўрсатиб, имлаб қўйди. Шу ердан тутиб уни Расулуллоҳ ҳузурларига келтирдилар. Дарҳол ўлимга ҳукм қилдилар. Буни кўриб Ҳазрати Усмон:

— Ё, Расулаллоҳ, сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ оти билан қасам қилурманким, шу ҳозирда, бу киши учун омон сўраб келган эдим. Ё, Расулуллоҳ бунинг қонини менга бағишланг, — деди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Сенга буни бағишладим, аммо шарти шулдурким, бу киши уч кундан ортиқ Мадинада турмасун. Агар шу шарт бузулур эрса, Худо ҳақи, омон йўқдур, — дедилар.

Бундин сўнгра Қурайш қўшинининг олдини тўсиб, Ҳамроул Асад сафарига чиқдилар. Қарасалар, бу сафардин қайтиб келгунларича бўлган воқеани Қурайшга етказмоқ учун, қилган шартининг бузилишига қарамай, сўз тинглаб Мадинада юрган экан.

Тўртинчи куни Расулуллоҳнинг келаётган хабарини онглаб, дарров қочиб, йўлга чиқди. Бу ишни Расулуллоҳ онглагач, унинг ортидан тутиб келмоқ учун икки кишини буюрдилар. Бири Аммор ибн Ёсир, иккинчиси Зайд ибн Ҳориса эди. «Албатта, уни шундоқ жойда бундоқ иш устида топгайсизлар», дедилар.

Расулуллоҳ қандай жойни айтган бўлсалар, нақ ўшал жойда тутилиб, ўлдирилди. Бу сафарда мусулмонлардин икки киши шаҳид берган бўлсалар ҳам, кофирлардин бу киши ўлдирилиб, қасослари қайтди.

Мана шу йилда Ҳазрати Фотимадин имом Ҳасан туғилди. Умму Гулсум қизларини пайғамбаримиз Ҳазрати Усмонга шу йили никоҳ қилган эдилар. Бундин илгари Руқия деган қизларини берган бўлиб, ул вафот қилган эди. Ҳазрати Усмон Расулуллоҳнинг икки қизлари билан никоҳланди. Шунинг учун лақаблари «Зуннурайн» бўлди. Маъноси — «икки нур эгаси», деган бўлур.

Яна шу йили, Уҳуд урушидан кейин, Қуръон ҳукми билан ароқ ҳаром қилинди. Анинг ҳақида ушбу оят келди:

«Ё айюҳал лазийна аману иннамал хамру вал майсиру вал ансобу вал азламу рижсум мин амалиш-шайтони фажтанибув лааллакум туфлиҳуван, иннама юридуш-шайтону ан ювқиа байнакумул адовата вал бағзоа фил хамри вал майсири ваясуддакум ан зикриллоҳи ва аниссалоти фаҳал антум мунтаҳуван».

Яъни: «Эй иймон келтиргувчи мўминлар, ҳукм шулдур, бундин ўзга эмасдурким, ароқ ичмак, қимор ўйнамоқ, бутларга сажда қилмоқ, фол ўқларига ишонмоқ, мана шу тўрт нарса шайтоннинг чиқарган ишларидан энг ёмон ишдур. Албатта, бу ишлардин сақланингларким, ҳамма ёмонликлардан қутулғайсизлар.

Ароқ ичиб, қимор ўйнамоқда шайтон ўрталарингизга қаттиқ душманлик солгай ва яна Аллоҳни ёд қилмоқдин ва намоз ўтамакдин сизларни қолдиргай. Энди бу нарсалар инсонга шундоқ зиён келтирур эрсалар ҳам нечун улардин сақланмагайсизлар, албатта, улардан сақланинглар» демакдир.

Бу оятни онглаган барча саҳобалар, «Сақландик» деб жавоб қилдилар. Бундай бўлгач, энди ҳар даврнинг мусулмонлари ҳам шу жавобни бериб, ушбу зиёнлик нарсалардан сақланишлари албатта лозимдур.

Юқориги оятда айтилган тўрт нарсанинг бириси «азлон» бўлиб, буни «фол ўқлари» дедик. Бунинг очиқ маъноси шундоқ эрдиким, учида ўқи йўқ уч дона ўқ ёйларининг биринчисига «Ифъал», иккинчисига «Ло тафъал» сўзлари ёзилган. Учинчисига ҳеч нарса ёзилмаган, қуруқ мана бу уч ёғоч ўқ бир тўрвага солиниб, Каъбага осиб қўйилган эди.

Биринчи сўз маъноси «қил» дегани бўлиб, иккинчиси қилмадир. Учинчисида— сўз йўқ, қилиш-қилмаслик ўз ихтиёрида. Каъбага осилган ўқлардин бошқа ҳар қайси араб уйида ҳам шундоқ ўқлар сақланур эди. Мана энди булардин бир киши сафарга чиқмоқчи ёки урушга бормоқчи, ёки бирор муҳим иш қилмоқчи бўлса, ул киши келиб шу тўрвага қўл солар эди, унинг қўлига қайси ўқ чиқса, шунга қараб иш қилур эди.

Масалан, «ифъал» чиқса, ул киши қилгай ва аксинча, ёзилмагани чиқса, қилар қилинмаслиги ўз ихтиёрида бўлгай. Мана шундоқ ишларга боғланиб туриш Ислом шариатида шу оят ҳукми билан харом бўлди. Энди мўмин одамга лозим шулдурким, агар шариатга сиғадиган бир иш қилмоқчи бўлса, фойда-зиёнини аввал текширгандин сўнгра, Аллоҳга таваккал қилиб, у ишга киришсин, бўлар-бўлмас нарсалардин шак олиб, иймони бўш кишилардек ҳар нарсадин фол кўтариб, ўзига фойдалик ишлардин қуруқ қолмасин. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда айтди:

«Фа иза азамта фатаваккал алаллоҳ», яъни: «Бир ишни қилмоққа қасд қилсанг, Аллоҳга таваккал қил», деди.

Бу оятдин чиққан Аллоҳнинг буйруғича, ҳар ишнинг яхши-ёмонлигини текшириб чиққандин сўнгра, ул ишни қилиш-қўйишда, албатта, Аллоҳга таваккал қилмоқ ҳар бир мўмин кишига фарз бўлди. Ўтган оятда айтилган тўрт нарсани «шайтон ишларидан энг ёмон ишдур, албатта бундин, сақланинглар», деб Аллоҳ таоло бандаларига буюради.

Буларнинг ёмонлиги, агар ўйлаб қараса, ҳар қандоқ кишига ҳам маъқул бўлур. Айниқса, ароқ билан қимор, буларнинг динга ва дунё турмушига энг қаттиқ зиён қилишини бу оятда Аллоҳ таоло очиқ кўрсатди. Чунки инсонларда энг қимматлик нарса, кишининг ақлидур. Ичкиликка киришган кишилар, шундоқ улуғ неъматдин, баҳоси йўқ гавҳардин ажрайдилар. Чунки ароқ ичиб эсирмак, киши соғлиқ сотиб, телба бўлмоғи демакдир.

Бунинг руҳоний тарафдин қандоқ зиёни кўп эрса, жисмоний томондин тан соғлиқ ишларига ундин ҳам зиёни кўпроқдир.

Ислом хукамоларининг устозларидан Абу Али ибн Сино айтибдурким: «Ичкиликка ўрганган одамлар кўпинча шол ёки қалтироқ каби қўрқинчлик дардга йўлиққайлар». Яна Расулуллоҳ айтдилар:

«Ал хамру жаммоул исми ва уммул ҳабоис». Яъни «Ароқ гуноҳнинг хазинаси ва барча ёмонликнинг онаси». Агар бир кимса ўзи билатуриб, қиз фарзандини ароқхўрга берса, ул киши ўз қизини зинога тутиб берганнинг гуноҳини топгай, дедилар. Энди бундоқ бўлгач, ҳар бир мўмин мусулмонлар бу оят-ҳадис мазмунига амал қилиб, бундоғ улуғ гуноҳдин ўзларини сақласинлар ва бир неча соатлик бош оғриғини кайф қилиш хаёлини хуш кўриб, дунё ва охиратларини хароб қилмасинлар.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Маккадин Мадинага Расулуллоҳ ҳижрат қилиб келганларидан сўнгра йигирма етти қатим ўзлари аскарга бош бўлиб, урушга чиқдилар. Қолган урушларга ўзлари Мадинада туриб аскар чиқардилар. Пайғамбаримиз бошчи бўлиб, урушга чиққан бўлсалар, уни ғазот сафари деб айтилур. Агар ўзлари чиқмаган бўлиб, оз-кўп аскар юборган бўлсалар, уни илғор сафари дейилур.

Уҳуд уруши ўтиб, бир неча ойдин кейин Расулуллоҳга шундоқ хабар келдиким, Бани Асад қабиласининг раисларидан Талҳа ва Салама деган кишилар бош бўлиб, уруш қилмоққа аскар тўпламоқдадурлар. Буни эшитиб, дарҳол бир юз эллик кишилик бир бўлик черик (аскар) чиқариб, Абу Саламани аскарга бошлиқ қилдилар. Бу сафарлари эса, ҳижратнинг тўртинчи йили, Муҳаррам ойининг бошларида эди. Бу аскар илдамлик билан душман ерига етиб бориб, туюқсиздан улар устига чопул қилдилар. Қарши турмоққа душманларнинг қудратлари қолмади. Мол боқиб юрган уч қулларини қолдириб, қолганлари эса тоғу тошларга тарқалиб қочдилар. Аларнинг ташлаб қочгани қўй-эчки, туяларини ҳайдашиб, ўн кун ичида саломат Ислом аскари Мадинага қайтиб келишдилар.

(давоми бор)