Кучимиз катта эмас, аммо зулмга қарши «йўқ» дейишга етади…

Кучимиз катта эмас, аммо зулмга қарши «йўқ» дейишга етади…
71 views
13 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(19)

1985 йил. ПОЛИТБЮРОГА МАКТУБ

Саксон бешинчи йил биз учун «Совет Ўзбекистони» газетасида босилган ғоявийлик ҳақидаги йирик мақола билан бошланди. Янглишмасам, мақола «Ғоявийлик – бош мезон», деб аталар ва ундан 30-йилларнинг ҳиди анқиб турарди. Бу мақола воситасида Абдуллаева ўз сиёсатини машрулаштиришга уринаётганди. Жамиятни эскилик сарқитлари-ю, миллатчиликдан қутқариш учун бел боғлаган фидоий бўлиб кўринмоқ истарди.

Айни пайтда бундан кейин мавжуд сиёсат янада қаттиқлашажагининг хабарини берарди мақола. «Совет Ўзбекистони» бош муҳаррири бу келаётган қаттиқ сиёсатнинг тайёр устунларидан бири эди. Аввал айтилганидек, бу одам бизнинг, 20-йилларнинг Чўлпон ва Беҳбудий авлодига қарши ташвиқотнинг бошида турарди. Рашидов ўлимидан кейин бир оз сояга чекинган бу шахс, Абдуллаеванинг қўлтиқлаши билан яна мафкура саҳнасига чиққанди. Ёзувчи халқи уни ичидан ёмон кўрса-да, ташқаридан жуда серилтифот эди у билан. Очиқроғи, қўрқишарди. Бу қўрқув 20-30 йиллардан мерос, генетик бир қўрқув эди. Ҳатто машҳур шоирларимиздан бири уни Сергей Лазо билан қиёс қилиб аноним қасида битган эди.

Бу қасидани ҳурмат қилганидан эмас, қўрққанидан ёзганди. Фақат ёш ёзувчиларда бу генетик қусур йўқди. Улар 40-йиллардан кейин туғилганликлари билан бахтиёр эдилар. «Амазон хотин» ҳам, унинг ёрдамчиси «Лазо» ҳам ёшлар учун катталарга кўрингани каби қўрқинчли эмасдилар. Ёшларнинг яна бир хусусияти, улар ҳали номенклатура неъматларидан татиб кўрмаган, мансаб ва мукофот каби нарсалардан йироқ эдилар. Эҳтимол, бу уларнинг ўша синов даврида мустақил фикр юритишини таъминлаган энг муҳим фактор бўлгандир. Чунки, кейинроқ, ёшларнинг позицияси билан ҳисоблашишга мажбур бўлганларида, орамиздан бир гуруҳ ёзувчи ҳар хил баҳоналар билан ҳукумат тарафини тутганди. Уларнинг деярли ҳаммаси «ниманингдир лауреати» ёки «кимнингдир ўринбосари» ўлароқ мансаб нарвонларига тирмашдилар.

Хуллас, 1985 йил бошида Ўзбекистон сиёсий ҳаётида бир ҳаракатланиш аниқ кўзга ташланарди. Бу ҳаракатланишнинг юраги ёш ижодкорлар эди.

Ёшлар анъанавий ўлароқ «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва Ёзувчилар Уюшмаси атрофида кўпроқ тўпланардилар. Уларнинг содир бўлаётган воқеаларга қарши фикрларини ҳеч бир нашр органи чоп этолмасди. Уларда рус диссидентларининг «самиздат»и каби қўлбола нашр қилиш имконлари ҳам йўқди. Лекин норозилик бир шаклга тушиб, халққа мутлоқо билдирилиши лозим эди. Бу йиқилаётган масжидлар, ҳақорат қилинаётган муслимон она, сингилларимиз, ерга урилаётган она тилимиз ва маданиятимиз эгасиз қолгани йўқ, уларни ҳимоя қилувчилар бор, кучимиз катта эмас, аммо зулмга қарши «йўқ» дейишга етади, деган маънода бир манифестга эҳтиёж туғилганди. Бу ҳужжатни тайёрлашни мен бўйнимга олдим. Балки, ёзилиши (ўзининг радикал оҳанги билан) оригинал бўлгандир, аммо уни қаерга ва кимга жўнатиш борасида оригинал бўла олмадик: манзил яна ўша Москва, яна ўша Политбюро – шикоятлар мозористони бўлди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_24Мактубни Черненкога ёзмадик, чунки у мактуб жўнатиладиган даражада обрў қозонмаганди халқ орасида. Мактуб тепасига «Политбюрога», деб қўйдик. «Политбюро», мажҳул сўз бўлишига қарамасдан, унда қандайдир салобат ҳали ҳам қолганди. Бундан ташқари мактубни битта шахс номига ёзиш унинг аҳамиятини озайтирадигандай туюлди бизга. Хуллас, 1985 йил январ ойининг сўнггида мактуб ёзилганди. Мактуб тез ёзилди, аммо унга имзо қўйиш жараёни, икки ойча давом этди. Мен бу жараёнда қатнашмадим, аммо қатнашганларнинг гувоҳлик беришича 250 тага яқин ёзувчилар союзи аъзосига «қўл қўйиш» таклиф қилинган, аммо қўл қўйгани фақат 53 та (ёки 56 та, аниқ эсимда йўқ) бўлди…

Уларнинг ҳам юз фоизи ёш ижодкорлар ёки ёш саналган ижодкорлар эди. Буларнинг ҳам 80 фойизи шоирлар эди. Носирлар (ёзувчилар) ҳам бор эди, аммо жуда оз эди. Бу оз бўлган қисми ҳам кейин анча ўйин кўрсатишди, соғ бўлсинлар. Мен бундан бирорта манфий хулоса чиқармоқчи эмасман, фақат демоқчиман-ки, бизнинг носирларимиз нозимларимизга кўра доим ақллироқ, доим ҳушёрроқ бўлишган.

Март ойида мактуб тўла имзоланган ҳолда конвертга солинди. Унинг аҳамиятини ҳисобга олиб, мактубни почтадан эмас, қўлдан бериб юборадиган бўлдик. Олиб борадиган полвон ҳам топилди – ёш ёзувчи М. М. Дўст. У «Шарқ юлдузи» журналида бўлим бошлиғи бўлиб ишларди. Политбюрога ёзилган мактубда «Шарқ юлдузи»га бўлаётган тазйиқ ҳам тилга олинганди.

(давоми бор)