Клептократик акахонлик – президент девонининг аксилконституциявий ваколатларидан экани тўғрисида

Клептократик акахонлик – президент девонининг аксилконституциявий ваколатларидан экани тўғрисида
132 views
13 July 2016 - 16:31

zelimxon haydarovБАЁНОТ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”, дейилган. Яъники, давлат ҳокимияти тизими(системаси)нинг тизилмаси(структураси) да демократия ўз аксини топиши талаб этилади, зеро давлат ҳокимиятининг учта мустақил шахобчага бўлиниши айнан демократиянинг асосий принципларидандир.

Лекин, Конституцияда унинг 11-моддаси қўйган талаб амалга ошиши учун зарур бўлган қоидалар йўқ, ҳусусан, мустақил шахобчалараро назорат учун чеклагичлар ва посангилар тизимини, импичмент механизмини қўллаш назарда тутилмаган, демократия тушунчасига бағишланган 13-модда тушунчани ойдинлаштирмайди, аксинча, уни мавҳумлаштиради. Натижада ҳокимият шахобчалари расман мавжуд бўлса ҳам, улар орасидаги тенглик принципи қўпол равишда бузилиб, давлат ҳокимиятининг президент девони дейилган конституцияда назарда тутилмаган шахобчаси аксилконституциявий ваколатлар воситасида устуворлик қилиб ҳукмрон шаҳобчага айланган.

Совет даврида Компартия Марказкоми давлат ҳокимияти шахобчалари устидан ҳукмронлик қиларди. Эндиликда Марказком функциялари ошиғи билан Зелимхан Ҳайдаров бошчилигидаги президент девонига ўтган. Президент аппарати тизилмаси худди Марказком тизилмасига ўхшаб кетади.

Президент девони ҳокимият шахобчалари ва органлари устидан назорат қиларкан, айни вақтда унинг мулозимлари клептократик акахонлик(крышевание) ҳам қиладилар. Ўз ҳаётимда айнан шундай ходисанинг гувоҳи бўлганман. Ҳаётимда юз берган кейинги ходисадан кейин, яъни айибсиз ўғлимнинг Бектемир ИИБ ходимлари тамонидан кўчада босиб олиб кетилиб ва шу бугунгача дом дараксиз кетиши ва бу ҳақда Президент девони, Бектемир ИИБси менга ҳеч қандай маълумот бермай ўғлимни қаерлардадир сақлаб келишлари (эҳтимол ўлдириб юборишгандир.) бугун менга шу кунгача Т.Иминов ва А.Фаттоховларнинг давлат пулларини талон-тарож қилишларида бу ишнинг бошида турган энг катта акахон тўғрисида айтишимга туртки бўлди. Чунки ҳаётда бошқа йўқотадиган нарсам қолмади.

Шундай қилиб:

Президент маслахатчиси бўлган Тохиржон Иминов 1997-2000 йиллари дўсти ТДИУ ўқитувчиси Адхам Фаттаховнинг «Акбар-Азизий» ХКга жиноий акахонлик қилиб, тўрт йил давомида мамлакатдаги Гигант корхоналардан ҳисобланган Ўзпахтасаноат ва Тошполиграфкомбинат ўртасида воситачилик ниқоби остида Ўзпахтасаноатнинг кўп эмас оз эмас 400.млн. АҚШ $ миқдоридаги пулларини талон-тарож қилди.

Тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғим Ф.Негманов «Акбар-Азизий»ХКсида иш юритувчи директор мен иқтисодчи бўлиб ишлаганмиз.Бугинги кунда бу жиноятнинг ягона гувоҳи менман.2008-16 йиллардан бери бу жиноятни очиқлаб, исботлаб, гувоҳлик бериб Бош прокуратурага, Олий Мажлис Сенатига, Миллий Хафсизлик Хизмати, Давлат Солиқ Қомитаси ва шахсан Президент И.А.Каримовга шикоят аризалар билан мурожаатлар қилиб келаман.

— Бош прокуратура: Мени 2012 йили Бош прокуратурага расман чақириб Т.Иминовдай «обрўли» одамга қарши жиноий иш оча олмасликларини тан олиб айтишган. «Маъбода яна Т.Иминов тўғрисида ёзадиган бўлсангиз ўзингизга ёмон бўлади.» деб қўрқитиб огоҳлантиришган ҳам.Бош прокуратура саккиз йилдан бери менга руҳий босим ва таъқиб тазйиқлар ўтказиб келади.

— Олий Мажлис Сенати: Саккиз йиллик ёзма шикоят аризаларимнинг бирортасига жавоб бермади. Жиноятга чора қўллашда ҳеч қандай ҳаракат қилмади.Бош прокуратуранинг бу иш юзасидан қандай чоралар қўллаётганини назоратга олмади.Фақат куръерлик қилиш билан шуғилланди.

— МХХ: Ёзган шикоят аризаларим туфайли Бош прокуратура билан ҳамкорликда таъқиб тазйиқга олишди, босим ўтказишди. Ҳалқ орасида ММХ ходимларини хизмат бурчларини қўшнилар ўртасига нифоқ солиш билан жанжалларга сабабчи бўлувчилар деб билишади.Фақат куръерлик билан шуғилланди. Ўғриларга хомийлик қилишди.

–ДСҚ: 2009 йили Т.Иминовнинг акахонлиги қаноти остида қилинган ўғирлик баён этилган шикоят аризам билан ЎзРес-си Давлат Солиқ Қўмитаси раиси Парпиев қабулида бўлганман. Юзма-юз ўтириб талон-тарожликни, солиқдан қочиш ҳолати бўлганлигини Парпиевга исботи билан баътафсил гапириб берганман. Сўзимнинг охирида Парпиевдан Президент билан кўриша олишдай имконятидан фойдаланиб бўлган воқеани шахсан И.А.Каримовга етказишини ўтиниб сўраганман.Йиллар эса Парпиевнинг бу тўғрида қўлини-қўлига уриб қўймаганини исботлайди.Парпиев ҳам бундай ҳаракати билан ўғриларни қўллади.

— Президентга мурожаатларим: Ўзбекистонда Президентга шикоят аризалар, ёзма мурожаатларнинг барчаси Президент девонига берилади. Мен 2011 йили шу иш юзасидан Президент девонида бўлганимда бу иш ҳеч қачон ҳеч қаерда кўрилмаслигини ва мен бошқа Президент девонига келмаслигим кераклигини айтиб мени махсус хизмат ходими ёрдамида шундай улуғ дарғоҳдан ҳайдаб чиқаришган. Президент номига ёзилган шикоят аризаларнинг бирортаси Президентга кўрсатилмайди, мамлакатдаги ҳақиқий ахволдан хабардор қилинмайди. Бу фуқораларнинг мурожаат қила оладиган энг олий нуқтасидир. Лекин шу ерда ҳар қандай арзчининг овози ўчирилади, кўнмаса таъқиб тазйиқларга олинади, шунда ҳам тинчимаса оилавий йўқ қилинади. Арзчилар Бош прокуратура билан Президент девони ўртасида 10-15 йиллаб сарсон-саргардон бўлиб юраверади. Буларнинг бошида эса Президент ишончидан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган нуфизли одам турибди…

— Мен эҳтимол шундай қилсам Президентнинг қулоғига етар деган мақсадда 2016 йил 2 марть куни Президент қароргоҳи олдида Т.Иминовнинг акахонлиги қаноти остида ўғирланган ҳалқнинг пуллари давлат ғазнасига қайтарилиб ўзи жиноий жавобгарликга тортилишини талаб қилиб норозилик пикети ўтказдим. Лекин бу гал ҳам ўша… Президентнинг ёнида турган акахоннинг саиийхаракатлари туфайли яна ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди.

— Мен шу битта жиноятни очиқлаганим ортидан саккиз йилдан бери таъқиб тазйиқлар остида яшайман. Охирги йиллари эса оилавий тарзда босимлар остида қолиб кетдим. Бу иш ортидан бизга оилавий тарзда сохта уйиштирилган айибловлар билан аввал маъмурий кейинчалик жиноий ишлар очишди. Йиллар давомида судма-суд сарсон қилиб, қилмаган ишларимизни қилди деб, қонун моддалари билан муҳирланган айибловларни маржон шодасидай бўйнимизга илишди. Энди охирги этап, шу шодадан тортиб турманинг тўрига итаришлари қолди халос.Саккиз йил давомида биз кўрмаган ҳўрлик ва камситишлар, жабр зулмлар, азоблар қолмади.Алалоқибат мен анча соғлигимни йўқотдим. Буларнинг ҳаммаси Президент маслаҳатчиси Т.Иминовнинг ўғирлигини очиқлаганим ортидандир.

— Энди ўша Президентнинг ёнида турган, ҳақиқатни гапирганларга нисбатан қўлида “Бош прокуратура” номли “ур тўқмоқ” ушлаган юқори мансабдаги Президентнинг чорак асрлик энг ишонгани, қадирдони, мамлакатдаги иккинчи одам, Зелимхон Хайдаров тўғрисида икки оғиз сўз. Ўз вақтида Ф.Негманов Зелимхон Ҳайдаров тўғрисида шундай деган эди: “Давлат маслаҳатчилари аслида давлатнинг уйишган ўғрилари тўдасидан иборат экан-ку, фақат Т.Иминов ўғримикан десам , ундан ҳам каттаси уларни бошқариб тургани Зелимхон Ҳайдаров дегани бор экан. Айнан Зелимхон Хайдаров Ўзпахтасаноатнинг пулларини талон-торож қилишда давлат маслаҳатчиларига бошчилик қилиб, улар ўртасида навбатни белгиловчи одам ва улишнинг каттасига эгалик қилувчи тўда боши экан. Ўша одам борни йўқ-йўқни бор қилаётган ўғрибоши экан. Воажобо Президентнинг ёнида туриб шундай ўғирликлар билан шуғилланишса-я, наҳотки мустақил мамлакат деганлари шундай бўлса?”-деб ҳайратланган эди. Агар Зелимхон Хайдаров 1997- 2000 йиллари ўзи билан ёнма-ён,эрталабдан кечгача бир том остида Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Т.Иминовнинг хизмат бурчини суистеъмол қилиб шахсий манфаати йўлида тўрт йил давомида жуда катта миқдордаги давлат пулларини ўзлаштириш билан шуғилланганини кўрмадим, билмадим деса бу ёлғонга ким ишонади?

Аксинча бундай ҳолат унинг Т.Иминов билан оғзи бирлигини, ҳамтавоқлигини билдирмайдими? Айниқса олти йилдан бери бу ўғриликни нафақат мамлакат ичкарисида, балки интернет газеталарида дунёга очиқлаб келишимдан бу ҳақда дунё ҳалқлари хабардору, лекин Президентнинг ишонган дўсти Зелимхон Хайдаров эшитмаганми? Ҳамкасби Т.Иминов Бош прокуратура, МХХ, ДСҚнинг кўзини боғлаб, оғзини мойлаб тўрт йил давомида шундай катта молиявий ўғирлик қилади-ю З.Хайдаров бехабар қолибдими? Шу ва шу каби саволлар бу ишда калаванинг учи З.Хайдаров билан боғланган деб ҳулоса қилишга асос беради. Шунинг учун ҳам саккиз йилдан бери собиқ Президент маслаҳатчиси Т.Иминовнинг қилган жиноятига жазо қўллаш Бош прокуратура тамонидан ошкора рад қилиб келинади. Бош прокуратура тизимлари хизмат бурчини анча йиллардан бери бажармай қўйган. Қисқаси Бош прокуратурани, МХХ, Суд тизимларини алигархлар бошқара бошлаганига анча йиллар бўлган. Бу тоифа одамларга қонуннинг қўли етмайди. Уларнинг жиноятлари ошкор қилинмайди. Жуда камдан-кам ҳолатларда ўзора низолар туфайли бир-бирларидан ўч олиш мақсадидагинажиноятлари элга ошкор бўлади.

Мисол тариқасида, МХХдан Хаёт ва Жавдот Шарифҳўжаевлар ёки Бош прокуратурадан А.Шарафуддиновнинг ҳалқ мулкларини ва пулларини йиллар давомида талон-тарож қилганлари бутун дунёга шармандаларча ошкор қилингани каби. Лекин собиқ Бош прокурор Р.Қодиров ва собиқ Президент маслаҳатчиси, бугинги кунда “Алском” суғирта компанясининг Бош директори бўлиб ишлаётган Т.Иминовларнинг эса айиблари қанчалар очиқланса шунчалар очилмайдиган жиноятлар сирасига киритилиб, қулф-калитлари З.Хайдаров қўлида сақланмоқда.Чунки З.Хайдаровга “Нега мамлакатдаги Гигант корхоналарни атрофингиздагилар талон-тарож қилаётганларини кўра-била туриб, Президентни хабардор қилишдай имкониятингиздан фойдаланмадингиз?” деган саволга бугун орадан йигирма йилча вақт ўтиб у кишида жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам жавоб йўқ-ки аввал бошидан талон-тарожликнинг бошида З.Хайдаровнинг ўзи турган, барча жиноятларга акахонлик қилган.

Сир фош бўладиган бўлса Т.Иминовнинг ёнига З.Хайдаров ҳам ўтириб Президент олдида, Қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Бундай ҳолатдан ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак ислоҳатлар Президент маслаҳатчиларидан бошлашмас экан,мамлакатдаги аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.Хукумат мамлакатдаги авж олган коррупцияни томири билан тугатмас экан жиноятчи Президент маслаҳатчилари жазодан қутилиб қолаверадилар. Ноқонуний коррупция йўли билан топилган пуллар кам сонли элитанинг шохона ҳаёт кечиришига замин бўлади. Ўзбекистондаги коррупциянинг авж олиши эса ҳалқнинг эркин, фаровон хаёт кечиришига чеклов бўлиб хизмат қилади.

“Бошингга қилич келса ҳам ёлғон гапирма” деган мақолга амал қилиб, бошимни кундага қўйиб,ўзим кўрган,беихтиёр иштирок этиб, гувоҳи бўлган воқеалар тўғрисида тўҳталдим. Мен кўтарган масаланинг саккиз йил давомида ечими топилмасдан, аксинча мавҳумлашиб бориши, мени бу мақсад йўлида янада қаътиятли қадам ташлашга ундайди.

Чамангул Негманова