Умид ва қайғу йили

Умид ва қайғу йили
34 views
15 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(21)

ГОРБАЧЕВ

Горбачев ҳокимиятга келганида унинг «келиши» фавқулодда бир ҳодиса саналгани йўқ, Ҳар ҳолда, Москвани истисно қилганда, совет кишилари бу янги лидердан каромат кутмаган эдилар.

Москва аҳли эса, воқеани ҳаяжонли қаршилади. Миш-мишларнинг уяси бу улкан шаҳарда янги йўлбошчининг образи тез тўқиб-бичилди. Унинг ҳокимиятга келишига Ғарб давлатларининг ижобий қарагани-ю ва бунинг сабаблари миш-миш савиясида муҳокама қилина бошлади.

Горбачев ўзи ҳақида халқ тарафидан бичилган қиёфага, табиий-ки, ўхшамасди. Лекин у ўзидан олдин ўтган коммунист раҳбарларга ҳам ҳеч ўхшамасди. Оғир гавдали, оғир фикрли, оғир қарашли «Йўлбошчи»лар силсиласидан кейин, Горбачев қандайдир инсоний шамойили билан лидерлик стандартларини остин-устин қилганди. У социализмга ҳам ўзининг «шаклини» бериш учун майдонга чиққанди. Чехословакиянинг собиқ лидери Дубчекнинг «инсоний юзли социализм» иборасини қўлларкан, Горбачев ўз юзини назарда тутарди. Аммо, айтиш керак-ки, Горбачев ҳеч қачон социализмни йўқ қилиш, Совет давлатини тугатиш учун Кремлга келмаганди. Шунингдек, у баъзи рус шовинистлари иддао қилганидек, Совет Иттифоқини Америкага сотгани ҳам йўқ.

Умуман, Совет Иттифоқини Горбачев йўқ қилди, дейиш, Горбачев шахсига туҳмат бўлибгина қолмай, рус колониализми тарихи учун катта ёлғондир. Горбачев модерн рус империясини 70 йил аввал чизилган ҳудудларда сақлаб қолиш учун курашга бел боғлаган совет лидерларининг энг некбини эди. У янги жамият қуриш учун ўртага чиққанди, эски жамиятни янги шароитларга мослаштириш ниятида фаолият бошлаганди.

Унинг ислоҳотлари ислоҳот эмас, балки, таъмирлаш (ремонт) даражасида режаланганди. Горбачевнинг характеридаги «демократизм» ҳам демократники эмас, жуда нари борса, империя маъмурининг ўрта савиядаги либерализми эди, холос. СССР йиқилганидан кейин Горбачев соғдан ҳам, сўлдан ҳам кўп ҳақорат эшитди. Аммо ташқаридан қараган дўст ҳам, душман ҳам шуни кўрди-ки, «Горби» СССРни сақлаб қолиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Горбачевни қоралаганлардан ҳеч бири СССРни қайта тиклашни Горбачев қадар истамасди. Лекин Горбачевнинг бу демагоглардан фарқи, у, Совет Иттифоқини ҳеч қачон қайта тиклаш мумкин эмаслигини биларди.

Горбачев ҳокимиятга келган йилиёқ «қайта қуриш»ни эълон қилди. Марказий газеталарда «танқид, ўз-ўзини танқид» шиори остида, бир оз демагогик, аммо нима бўлса-да танқидий мақолалар берила бошлади. Аммо поёнсиз империянинг чекка минтақаларида зулм кучлироқ, ғафлат теранроқ эди. Бу ерларда «қайта қуриш»нинг сиёсий принципларидан кўпроқ ижтимоий-маиший тамойилларини «ҳаётга тадбиқ» қилиш хавфсизроқ эди. Масалан, ароқхўрликка қарши кураш кампанясида Совет Иттифоқида жуда кўп узумзорлар осонгина чопиб ташланганди. Тўғри, кейин дод-вой солинган ва «қайта қуриш» ланъатланган эди.

Хуллас, Горбачев ҳукмронлигининг илк босқичида давлат сиёсати Андропов ва Черненко давридагидан жуда оз фарқ қилди. Фақат битта фарқ яққол кўзга ташланарди: фикр ҳуррияти. Бу ҳуррият жуда оз эди, аммо инсонлар Совет Империясининг бутун 70 йиллик ҳукмронлиги давомида бу «оз ҳуррият»га тенг ҳеч бир неъмат кўрмагандилар. Бу ҳурриятни, бу жуда оз ҳурриятни ҳар бир табақа ўз мақсадлари учун, ҳар бир шахс ўз манфаати учун ишлата бошлади. Бу биз учун табиий ҳол эди. Биз, ҳурриятни орзу қилган совет кишилари, унинг ёлғиз битта табақа ёки ёлғиз битта шахсники бўлолмаслиги хусусиятини ақлан англасак ҳам, қалбан ҳеч қабул этолмасдик. Бизнинг ҳурриятимиз биз учун нақадар азиз кўринса, қарши тарафнинг ҳуррияти бизга у қадар таҳликали кўринарди. Биз бир неъматни ўртада баҳам кўриш саодатидан маҳрум қилингандик. Биз бирга бахтли бўлишга ўрганмагандик.

Биз, Совет кишилари бирга бахтсиз бўлишга ўргангандик. «Фикр ҳуррияти»дан илк ўлароқ номенклатура (бошқа нарсаларда ҳам бўлгани каби) фойдалана бошлади. Бу ўзига рақиб бўлган маъмурни йўқ қилиш, мансаб зинапоясида юксалиш мақсадида ёзилган рапорт ёки аноним хатларда намоён бўлди. (Аноним хатлар ҳам фикр ҳурриятининг хабарчисидир, чунки, тоталитар давлатда буни ёзиш ҳам таҳликали эди). Кичик ва ўрта мақомдаги раҳбарлар бир-биридан қўрқа бошладилар, чунки, уларнинг ҳар бири «фикр ҳуррияти»га қурбон бўлиши мумкин эди. Бу қўрқув ҳануз Кремлга етиб бормаган бўлса ҳам, у ердаги баъзи Политбюро аъзолари «ошкоралик»нинг янглиш тушунилишидан безовта бўла бошлаганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_26Лекин бу ғаройиб-»ошкоралик» шунчалар жозиб келди-ки, безовта бўлганларнинг ўзлари ҳам умумий оқимга қўшилиб кетганини билмай қолдилар. «Фикр ҳуррияти» Ўзбекистондаги кадрларни Андропов режалаштирганига мувофиқ ўзгартиришда жуда қўл келди. Оддий бир шикоят, рапорт билан туман, вилоят раҳбарларини ишдан олиш мумкин бўлиб қолди. Бунга жумҳурият раҳбари ҳам тўсқинлик қилолмасди, чунки, у ҳам «фикр ҳуррияти»дан қўрқарди.

Кадрлар фақат ишдан олинмади, балки, судланиб, қамала бошладилар. Яъни, «Фикр ҳуррияти» Андропов замонида бошланган «тозалаш кампанияси»нинг янада тезлашувига, Москвадан юборилган терговчилар террорининг янада кучайишига ёрдам этди. Ва албатта-ки, фикр ҳурриятидан биз ёзувчилар ҳам ўз насибимизни олдик. Номенклатурачи ва терговчилар даражасида бўлмаса ҳам, ўз сўзимизни иложи борича шаффофроқ айтиш даражасида фойдаландик. Зотан, бизнинг ҳам ўз дардимиз, ўз манфаатимиз бор эди. Биз на табақа ва на-да шахс эдик, биз дунёга келганимиз сабабини англашга тиришган, аммо бир қарорга келолмай, сарсон юрган дарвишлардик, холос. Фикр ҳуррияти бизни шу қадар қаттиқ туртди-ки, масалан, мен ҳали ҳам, ўн беш йил ўтганига қарамай, бу туртки таъсирида гарангман. Бу турткидан уйғониб, шундай деб ёзгандим:

Тақлид этолмадим сенга, ватаним,
Сен каби бардошли бўлолмадим ҳеч.
Сапчиб турган эсам, айбситма мени,
Афу эт, ахир, мен ўлолмадим ҳеч.
Кечир, сапчиб турдим оғир уятдан,
Тарихидан жудо бўлган халқ каби,
Келажаги қора инсониятдай,
Энг сўнгги лаҳзада турдим мен қалқиб.
Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,
Шаккок фарзандингни афу эт, Ватан,
Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим,
Тушдим, сакраб тушдим, тилла тобутдан!
1985 («Олис табассум сояси», 1986)

Биз ҳеч бир режасиз, ҳеч бир таёргарликсиз фикр майдонига отилгандик. Биз доим сиёсатдан нафратланган, сиёсатчиларни масхара қилган кишилар, бирдан сиёсат ҳақида кутилмаган бир жиддийлик ва изчиллик билан мушоҳада қила бошлагандик. Биз ҳали мустақиллик ва мустақил давлат чегаралари ҳақида мақолалар ёза олмасдик, аммо бу фикрни шеърда айтиш имкони бор эди:

Сўзлар бир-бирига боқсин эркинроқ,
Яшасин, мустақил жумҳуриятдай.
Бир-бирин тўлдирсин, бўлсин иттифоқ
Ҳар жойда туғилган бир хил ниятдай.
Жипслашсин, жипс этса замона зайли,
Аммо олий Белги этган ҳукм-ла
Ўртада ҳад бўлсин… шундан сўнг майли,
Жумлаи жаҳонга айлансин жумла!
1985 («Олис табассум сояси», 1986)

Хуллас, саксон бешинчи йил баракатли ва айни пайтда оғир келди. Баракатли келди, чунки, мустамлака ватанимиз истиқболида бир нурли туйнук очилди. Оғир келди, чунки, порахўрлик ва «қўшиб ёзишга қарши кураш» баҳонасида минглаб бегуноҳ ўзбеклар қамалди, хонавайрон бўлди. Биз, саксон бешда шу бир-бирига зид икки туйғу – умид ва қайғу – орасида бориб-келдик.

(давоми бор)