Малоҳат Эшонқулова: Конституцияни таҳқирловчи, ўз халқини хўрловчи қонунни зудлик билан бекор қилиш керак!

Малоҳат Эшонқулова: Конституцияни таҳқирловчи, ўз халқини хўрловчи қонунни зудлик билан бекор қилиш керак!
129 views
15 July 2016 - 8:05

Malohat-Eshonqul“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуни  мамлакат аҳолисини синфларга бўлишга, табақалаштиришга қаратилган десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Ўзбекистон фуқароларининг ўз киндик қони тўкилган Ватанида хўрлашга қаратилган, мамлакат Конституциясига зид бўлган мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қандай қилиб қабул қилинган, Сенат Уни қай бир демократик тамойилларга асосланиб маъқуллаганига ҳайронман.

 “Қовун-қовундан кўриб ранг олади” деганларидек, ушбу қонун ости ҳужжатлари ҳам халқни масхара қилишга қаратилганди. Масалан, Ички ишлар вазирлигининг србиқ вазири Б.Матлюбовнинг 01.05.2012 й. 71-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги Буйруғи (Адлия Вазирлиги томонидан 04.05.2012 й. 2358-сон билан рўйхатга олинган)га  асосан Республикамизнинг 12 та вилоятларида истиқомат қилаётган аҳоли давлат ишида ишламаса, хусусий корхоналарда фаолият юритса, нафақахўр, ёинки ногирон бўлса, давлат ишида ишламаганлиги учун ҳам Тошкент шаҳрига ҳатто вақтинчалик прописка қилишлари ҳам таъқиқлаб қўйилган эди. Мамлакат аҳолисининг эрки, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига раҳна солувчи мазкур “Йўриқнома” 4 йил умргузорлик қилди.

Орадан  4 йил ўтиб Ички ишлар Вазирлигининг янги раҳбарияти Конституция талабларини инкор қилувчи мазкур “Йўриқнома”нинг фуқароларни камситувчи жиҳатларини англаб етишди чоғи, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги Ички ишларнинг янги вазири  А. Аҳмадбоевнинг 79-сон буйруғи ва унга илова қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги ЙЎРИҚНОМАси Адлия вазирлиги томонидан шу йилнинг 28 июнда рўйхатдан ўтказилди.

ИИВнинг янги “Йўриқнома”си  “Бор-э!” деди-да нафақат вилоятдан пойтахтга келган нафақат давлат идоралари ходимларига, балки барча “келгинди”ларга вақтинчалик пропискани “очиб қўйди”.

Бироқ, бу – мазкур “Йўриқнома” хатолардан холи  дегани эмас.

Юқоридаги қонун асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Респубилкаси Адлия вазирлигининг ички меъёрий хужжатлари ИИВнинг йўриқномасидан-да беъманилиги билан ажралиб туради.

Адлия вазирлигининг ички меъёрий хужжатларига асосан Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган ва истиқомат қилаётган фуқаро Тошкент шаҳридаги мулкини  – уйини мамлакатимиздаги мавжуд 11 та вилоятларда  яшаб турган қариндошларига хадъя қилиши, мерос қолдириши, ёки уй жойларини бошқа вилоятларда бўлган кўчамас мулки билан айрбошлаш каби Конституция ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодекси, Оила Кодекси билан белгилаб берилган  хуқуқлари чекланиб кўйилган. Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган эр Ўзбекистон вилоятларида доимий пропискаси бўлган қиз билан қонуний никоҳдан ўтса, оила қурса, гарчи қонуний эр-хотин бўлса-да, Тошкентлик эр вилоятдан келган ўз турмуш ўртоғига ҳатто ўз мулкини, уйини то уч йилга қадар нотариал идора орқали ҳадя қилиши, мерос қолдириши, уйини хотинининг номига ўтказиши ҳам таъқиқлаб қўйилган. Мазкур қонун ва қонун ости ҳужжатларининг фуқароларнинг Конституция билан белгилаб қўйилган эрки, ҳаракатланиш ҳуқуқини паймол этадиган яна бир беъмани жиҳати шундаки, вилоятдан Тошкент шаҳрига турмушга чиққан қиз, ёхуд Тошкентдан уйланган йигит то уч йилга қадар Тошкент шаҳридан хусусий мулк – уй сотиб олиши ман этилган. Яна ҳам баҳсли томони шундаки, хотин ёхуд эрнинг никоҳ ортидан олинган Тошкент шаҳридаги доимий пропискаси қонуний никоҳ бекор бўлиши биланоқ бекор қилинади ва эр (ё хотин) яна ўз вилоятига бадарға қилинади!

Хуллас, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун ва қонун ости ҳужжатларининг Конституцияни инкор қилувчи жиҳатларини санайман десангиз, адо бўлмайди.

Минг айсуски, бизнинг халқимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни билмайди. Биладиганлари ҳам талаб қилишдан кўра “кўки”дан бериб, муаммосини осонгина хал қилиб олишни кўпроқ маъқул кўради.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда кооррупция илдиз отган.

Шу боис ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталгани-топталган….

Ўз уйингда ўгайдек яшашнинг ситами жон-жонлардан ўтиб кетди.

Шу боис ҳам бунингдек ҳақсизликларга барҳам бериш мақсадида мамлакат Конституцияси талабларини рад этувчи, аҳолининг асосий қатламини камситувчи,  “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун ва мазкур қонун ости ҳужжатларини бекор қилишларини сўраб  Ўзбекистон Республикаси Конституцион судига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига оилавий мурожаат қилишга мажбур бўлдик.

Аризамизни 2016 йилнинг 13 июль куни Конституцион суд ходимаси М. Тожиева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан Ботир Жўраев қабул қилиб қолди.

Мен Конституцияга зид қонунни беккор қилишга оид мазкур аризамиз матнини эътиборларингизга ҳавола қиларканман, унга имзо чекувчилар сони миллионларни ташкил қилишини жуда-жуда истаган бўлардим…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист ва ҳуқуқбон