Ариза: Халқни ҳақоратлайдиган қонунлардан воз кечиш керакмас… ми?

 Ариза: Халқни ҳақоратлайдиган қонунлардан воз кечиш керакмас… ми?
149 views
15 July 2016 - 4:00

Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди Раисига

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раисига.

Тошкент шаҳри “Учтепа” тумани Чилонзор 23-
мавзе 16-уй, 39-хонада яшовчи фуқаролар:
Алимбекова Зарнигор Авазовна,
Алимбеков Қодирбек Баҳодирбекович,
Тел:+998-946541282;

Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Даштисухта маҳалласида яшовчи фуқаролар:
Ҳакимова Зарҳала Авазовна,
Эшонқулова Малоҳат Худжамовна,
Фозилов Аваз Ҳакимовичлар номидан
Тел: +998-93-570-17-47; 2748152

АРИЗА

Ўзбекистон Республикасининг 14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 14.07.2011 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 26.08.2011 й. маъқулланган)  ва мазкур қонун асосида ишлаб чиқилган қонун ости ҳужжатларини – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.02.2012 йилдаги 41-сон “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 16-сон, 179-модда)ни, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Аҳмадбоевнинг 16.05.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид эканлиги ҳақида хулоса бериш, адолатли қарор чиқариш ва ушбу қонун ва қонун ости ҳужжатларини бекор қили чорасини кўриш ҳақида.

Ҳурматли Конституцион суд раиси ва Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари!

Башарият  адоғсиз тортишувлар, урушлар, қон тўкишлар, баҳсу-мунозаралар, кескин зиддиятлар ортидан яқин-яқиндан бошлаб инсонийлик жамиятидаги табақалашга, камситишга асосланган синфлардан қутилди.

Одамларнинг орзулари ўлароқ “помещиклар синфи”, “ишчилар синфи”,  “задогонлар”, “бойлар”, “қуллар” синфи, оқ танлилар, қора танлилар, олий ирқлар, юқори табақа, паст табақа… каби инсонларни бир-биридан фарқловчи, ерга урувчи, тоифаларга ажратиб турувчи, табақаларга бўлувчи, ҳуқуқларини паймол қилувчи синфларга барҳам берилди.

Бутун бир башарият инсонлар ўртасига нифоқ солувчи турли табақалар, тоифа ва синфлардан қутилиб, эндигина эркин нафас олишга чоғланиб турган айни бир дамда, ҳеч бир иккиланмай айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни мустақил мамлакатимиз фуқароларини яна синфларга, тоифаларга, табақаларга ажратмоқда ва ҳақ-ҳуқуқларимизни сўзсиз паймол қилмоқда, асосий аҳоли қатламини камситмоқдаки, бунга биз, фуқаролар жимгина қараб тура олмаймиз.

Мустақил мамлакатимиз Конституцияси, шубҳасиз, фуқароларнинг эркини, ҳуқуқини тўлақонли кафолатлайди. Аммо Республикамизнинг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни, шак-шубҳасиз, мамлакат Конституциясига мутлақо зид келмоқда, Бош Қомусимиз талабларини инкор қилмоқда.

Мазкур Қонун  Ўзбекистон Конституциясига зид эканлигини қўйидаги мисоллар билан асослаб берамиз:

1.Конституциямизнинг 13-мoддaсига кўра, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб кўрсатилган.

            Конституциямизнинг 14-моддаси эса 13-модданинг изчил давоми бўлиб, уни янада тўлдиради: яъни “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” дейилган.

Конституция талабларига кўра инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланар экан, давлатимиз ўз фаолиятини фуқароларининг фаровонлигини кўзлаган ҳолда қонунийлик принципларига асосан амалга оширар экан, модомики, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинар экан,  у ҳолда «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги  қонун ва шу асосида чиқарилган қонун ости ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Аҳмадбоевнинг 16.05.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ваТошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи нима учун Ўзбекистон фуқароларининг Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларига, эркига даҳл қилмоқда, уларнинг ҳаракатланиш эркини чеклаб қўйилмоқда?

Конституциянинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон фуқароси мамлакат ҳудудида эркин ҳаракталаниш ва ўзи ҳоҳлаган манзилда яшаш ҳуқуқига эга, яъни ушбу моддага  кўра  “Ўзбекистoн Фуқaрoси Республикa ҳудудидa бир жoйдaн иккинчи жoйгa кўчиш, Ўзбекистoнга  келиш вa ундaн чиқиб кетиш ҳуқуқигa эгa”.  Тўғри, 28-моддада хотимасида “Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир» дейилган. Бироқ, бу жумлалар Ўзбекистон Республикасининг «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Қонунига ишорат этилган, холос.

Шундай экан, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонунига кўра, нега энди Тошкент пропискаси фақатгина 12 тоифа кишилар учун мумкин экану, қолган фуқаролар учун таъқиқланаркан?

Нима бу? Мамлакат аҳолисини синфларга ажратиш, тоифаларга бўлиш эмасми? Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Демак, мазкур Қонунда кўрсатилган 12 тоифадаги шахслар олий ирқ ҳисобланади-ю, ўзга фуқаролар эса одам саналмайдими?

Ахир, Ўзбекистон Конституциясининг 18-моддасида барча тенг ҳуқуқлидир дея ўқтириб қўйилмаганмиди? “Ўзбекистoнда бaрчa фуқaрoлaр бир xил ҳуқуқ вa эркинликлaргa эгa бўлиб, жинси, ирқи, миллaти, тили, дини, ижтимoий келиб чиқиши, эътиқoди, шaxси вa ижтимoий мaвқеидaн қaтъи нaзaр, қoнун oлдидa тенгдирлaр” (18-модда) дея қатъий белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, нима сабабдан Қонунда 12 тоифа кишилар улуғланмоқда, уларнинг ҳуқуқи кафолатланмоқда-ю, қолган фуқароларнинг хуқуқлари, ҳаракатланиш эрки буғилмоқда?

Шуни бизга тушунтириб берадиган оқил бормикин?

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуннинг 5-бандига диққатингизни қаратмоқчимиз: Эр (хотин) доимий рўйхатда турган уй-жой майдонида, биргаликда камида бир йил яшаганлик шарти билан, рўйхатда туриш ҳуқуқига эга» дейилган.

Эътибор беринг, Қонуннинг 5-банди, шу қонунинг 2- бандини инкор қилмоқда. Хўш, Қонуннинг 2- банди талаблари қандай эди: 2-бандда “Қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига” прописка қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ўқтирилган. Барчага аёнки, йигит-қиз қонуний никоҳи қайд этилган кундан эътиборан “биринчи даражали қариндош” ҳисобланади. Шундай эмасми?

Қонуний никоҳ қайд этилгач, эр учун хотиндан, хотин киши учун эридан-да яқин киши, яқин қариндош бўлиши мумкинми?  Давлатнинг асосини оила ташкил этишини яхши биласиз.

Вахоланки «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуннинг 5-банди оила муқаддаслигини тан олмасдан Ўзбекистон Республикаси “Оила” Қодексининг 1-моддаси, 2-моддаси талаблари инкор этган ҳолда, Эр-хотин ўртасига жарлик, нифоқ солиб келмоқда. Бу масаланинг бир жиҳати.

Бундан ташқари, мазкур қонуннинг талабига кўра, эр (хотин) бир йил давомида яшаганидан сўнг, эр ёки хотинининг прописка масаласи кўрилар эмиш. Вахоланки қонуннинг ушбу талаби фуқароларни хуқуқбузарликни содир этишга даъват қилмайдими? Қандай қилиб пропискасини қўймасдан эр-ёки хотин бир йил давомида бирга яшаши мумкин?

Иккинчи жиҳати шундан иборатки, мазкур Қонуннинг 5-банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг 34- банди талабларини ҳам тан олмайди. Президент фармонида жумладан шундай дейилган:

34. Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари, шунингдек белгиланган тартибда берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар уй-жой майдонининг қанчалигидан қатъи назар доимий қайд эттириш ҳуқуқига эгадирлар:

— эр-хотин — бир-бирининг уй-жой майдонига;..”

Қизиқ, Қонун Президент фармонини инкор қилмоқдами, ёки Президент фармони қонунга зид келмоқдами?

Масаланинг яна бир муҳим томони борки, буни таъкидламасликнинг иложи йўқ: яъни Қонуннинг, 5-бандига  такрор эътибор каратилса, “Эр (хотин) доимий рўйхатда турган уй-жой майдонида, биргаликда камида бир йил яшаганлик шарти билан, рўйхатда туриш ҳуқуқига эга» дейилмоқда.  “Уй-жой” нима ўзи? Хусусий мулкми? Хўш, Конституциямизни кўздан кечирайликчи, Қомусимизда хусусий мулк хусусида қандай ҳуқуқлар мавжуд экан:

Мана, бош Қомусимизнинг 53-54-моддасига кўра, “Xусусий мулк бoшқa мулк шaкллaри кaби дaxлсиз вa дaвлaт ҳимoясидaдир” ва “Мулкдoр мулкигa ўз xoҳишичa эгaлик қилaди, ундaн фoйдaлaнaди вa уни тaсaрруф этaди” дея белгилаб қўйилган.

Модомики, уй-жой хусусий мулк саналар экан, Конституция фуқароларнинг ўз хусусий мулкларига ўз ҳоҳишича эгалик қилиши ва тасарруф этишларига изин берар экан,  «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуни Конституцияга зид равишда эрга ёки хотинга “Хотин-эрнинг  хусусий мулкига –уйига бир йилдан кейин прописка қиласан” дея таъқиқ қўйиши Конституция талабини инкор қилиш эмасми?

Шу ўринда бош Қомусимизнинг 16-моддасини эслатиб ўтиш лозим. Конституциямизни  16-моддасида “Бирoртa қoнун ёки бoшқa нoрмaтив-ҳуқуқий ҳужжaт Кoнституция нoрмaлaри вa қoидaлaригa зид келиши мумкин эмaс” деб кўрсатилган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-мoддaсида “Ўзбекистoнда, Ўзбекистoн Республикaсининг Кoнститутсияси вa қoнунлaрининг устунлиги сўзсиз тaн oлинaди” дея бегилаб қўйилган.

Конституциянинг 15-моддасида “Дaвлaт, унинг oргaнлaри, мaнсaбдoр шaxслaр, жaмoaт бирлaшмaлaри, фуқaрoлaр Кoнститутция вa қoнунлaргa мувoфиқ иш кўрaдилaр” дея таъкидлаб қўйилган бўлишига қарамасдан, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуни ва қонун ости ҳужжатлари, айниқса, Ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкнет шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи мамлакат аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости этилишига олиб келмоқда.

Номи юқорида тилга олинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари асосида юртимиз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилиши билан боғлиқ ҳолатларни санаб ўтай десангиз, адоғига етмайсиз:

 Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё каби республикамизнинг турли вилоятларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг Тошкент шаҳридан уй-жой–хусусий мулк сотиб олишлари ва уларнинг прописка қилишлари таъқиқлаб қўйилган;

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонун ва қонун ости ҳужжатлари, шунингдек, Адлия вазирлигининг ички меъёрий хужжатларига асосан Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган ва истиқомат қилаётган фуқаро Тошкент шаҳридаги мулкини  – уйини мамлакатимиздаги мавжуд 11 та вилоятларда  яшаб турган қариндошларига хадъя қилиши, мерос қолдириши, ёки уй жойларини бошқа вилоятларда бўлган кўчамас мулки билан айрбошлаш каби Конституция ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодекси, Оила Кодекси билан белгилаб берилган  хуқуқлари чекланиб кўйилган. Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган эр Ўзбекистон вилоятларида доимий пропискаси бўлган қиз билан қонуний никоҳдан ўтса, оила қурса, гарчи қонуний эр-хотин бўлса-да, Тошкентлик эр вилоятдан келган ўз турмуш ўртоғига ҳатто ўз мулкини, уйини то уч йилга қадар нотариал идора орқали ҳадя қилиши, мерос қолдириши, уйини хотинининг номига ўтказиши ҳам таъқиқлаб қўйилган. Мазкур қонун ва қонун ости ҳужжатларининг фуқароларнинг Конституция билан белгилаб қўйилган эрки, ҳаракатланиш ҳуқуқини паймол этадиган яна бир беъмани жиҳати шундаки, вилоятдан Тошкент шаҳрига турмушга чиққан қиз, ёхуд Тошкентдан уйланган йигит то уч йилга қадар Тошкент шаҳридан хусусий мулк – уй сотиб олиши ман этилган. Яна ҳам баҳсли томони шундаки, хотин ёхуд эрнинг никоҳ ортидан олинган Тошкент шаҳридаги доимий пропискаси қонуний никоҳ бекор бўлиши биланоқ бекор қилинади ва эр (ё хотин) яна ўз вилоятига бадарға қилинади!  Лекин қонунда кўрсатилган 12 тоифадаги ахолигина бунингдек таъқиқлардан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлигининг србиқ вазири Б.Матлюбовнинг 01.05.2012 й. 71-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги Буйруғи (Адлия Вазирлиги томонидан 04.05.2012 й. 2358-сон билан рўйхатга олинган)га  асосан Республикамизнинг 12 та вилоятларида истиқомат қилаётган аҳоли давлат ишида ишламаса, хусусий корхоналарда фаолият юритса, нафақахўр, ёинки ногирон бўлса, давлат ишида ишламаганлиги учун ҳам Тошкент шаҳрига ҳатто вақтинчалик прописка қилишлари ҳам таъқиқлаб қўйилган эди.

Ниҳоят Ички ишлар вазирлигининг янги раҳбарияти, хусусан амалдаги вазир А. Аҳмадбоев халқни табақалаштиришга қаратилган бунингдек хатоларини англаб етгандек бўлди ва мазкур буйруқ бекор қилинди ва янги вазир буйруғида нафақат давлат идоралари ходимларига, балки хусусий корхона ишчи-хизматчиларига ҳам вақтинчалик прописка қилишлари учун рухсат этилди.  Бироқ, бу билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Аҳмадбоевнинг 16.05.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ваТошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи Конституция талабларига мос келиб қолди деб бўлмайди. Негаки, айтиш мумкинки, собиқ вазир Матлюбов буйруғи қисман бекор қилинган халос, аммо ахоли эркига, ҳаракатланиш ҳуқуқига таҳдид солувчи асосий мазмун вазир Аҳмадбоевнинг буйруғида сақланиб қолган, ҳамон баҳсли бандлар, эътирозга молик моддалар мавжудлиги билан ажралиб туради.

Давлатнинг асоси бу халқ, унинг фуқаролари. Шундай экан, қандай қилиб давлат ўз асосини, негизини – халқининг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, поймол этиши мумкин? Яна Конституция талабларига мутлақо зид равишда?

Конституция “Ўзбекистон фуқароси мамлакат ҳудудида истаган жойига кўчиш ҳуқуқига эга”(28-модда) деб турган бўлса, Бош Қомусимизда “Инсон, унинг ҳaёти, эркинлиги, шaъни, қaдр-қиммaти вa бoшқa дaxлсиз ҳуқуқлaри oлий қaдрият ҳисoблaн”са-ю (13-модда), Конституция “Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади» (13-модда) дея ваъда қилса-ю, Бош Қомусимизда “Дaвлaт, унинг oргaнлaри, мaнсaбдoр шaxслaр, жaмoaт бирлaшмaлaри, фуқaрoлaр Кoнститутция вa қoнунлaргa мувoфиқ иш кўрaдилaр” дея таъкидласа-ю, 15-моддаЎзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар» дея кафолатлаб қўйса-ю, “Фуқaрoлaрнинг Кoнститутция вa қoнунлaрдa мустaҳкaмлaб қўйилгaн ҳуқуқ вa эркинликлaри дaxлсиздир, улaрдaн суд қaрoрисиз мaҳрум этишгa ёки улaрни чеклaб қўйишгa ҳеч ким ҳaқли эмaс” эканлиги талаб қилинса-ю (19-модда), “Xусусий мулк бoшқa мулк шaкллaри кaби дaxлсиз вa дaвлaт ҳимoясидa” бўлса-ю (53-мoддa), “Мулкдoр мулкигa, ўз xoҳишичa эгaлик қилaди, ундaн фoйдaлaнaди вa уни тaсaрруф этaди” (53-мoддa) дея кафолатлаб қўйилган бўлса-ю, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонун ва мазкур қонун ости ҳужжатлари Конституция талабларини оёқ ости қилиб турса, вилоят аҳолисига пойтахтдан хусусий мулк сотиб олишини таъқиқласа, эр-хотинни бир йилдан то уч йилга қадар қийнаса, Тошкентдаги қария ўз уйини вилоятдаги қариндошига нотариал идора орқали совға қилолмаса, фуқаро хусусий мулкини ўзи билганича, истаганича бошқара олмаса, ўз уйига истаган кишисини прописка қилолмаса…. қонунсизликларни санасанг, адоғига етмайсан одам….

Шуни ҳам таъқидлаш керакки,«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонун  Бирлашган миллатлар ташкилотининнг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларининг ҳам қўпол тарзда бузилишига олиб келмоқда.

“Международный пакт о гражданских и политических правах” халқаро хужжатнинг 12-моддасида, жумладан шундай дейилган:

“Каждому, кто законно находится на территории какого-либо государства, принадлежит, в пределах этой территории, право на свободное передвижение и свободу выбора местожительства. Каждый человек имеет право покидать любую страну, включая свою собственную.

Упомянутые выше права не могут быть объектом никаких ограничений, кроме тех, которые предусмотрены законом, необходимы для охраны государственной безопасности, общественного порядка, здоровья или нравственности населения или прав и свобод других и совместимы с признаваемыми в настоящем Пакте другими правами.

Никто не может быть произвольно лишен права на въезд в свою собственную страну.”

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатлар сарасига киради. Мазкур  пактга аъзо бўлган давлатлар эса Пакт талабларини ҳурмат этиши ва риоя қилиши лозим.

Бу борада Мазкур Пактннинг 2-қисми, 2-моддасида:

“Каждое участвующее в настоящем Пакте Государство обязуется уважать и обеспечивать всем находящимся в пределах его территории и под его юрисдикцией лицам права, признаваемые в настоящем Пакте, без какого бы то ни было различия, как-то в отношении расы, цвета кожи, пола, языка, религии, политических и иных убеждений, национального или социального происхождения, имущественного положения, рождения или иного обстоятельства.

Если это уже не предусмотрено существующими законодательными или другими мерами, каждое участвующее в настоящем Пакте Государство обязуется принять необходимые меры в соответствии со своими конституционными процедурами и положениями настоящего Пакта для принятия таких законодательных или других мер, которые могут оказаться необходимыми для осуществления прав, признаваемых в настоящем Пакте» дейилган.

Шу маънода,«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуни Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормаларига ҳам мувофиқ келмаслиги маълум бўлмоқда.

Ваҳоланки, Конституция муқаддимасида “Ўзбекистон халқи … халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,… ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади” дея жарангдор иборалар қайд этилган. Бас шундай экан, Ўзбек халқининг ишонган “мухтор вакиллари” халқининг ҳуқуқларини топтамаслиги, ҳақ-ҳуқуқларини чекламаслиги лозим.Бас шундай экан, Ўзбекистон қонунлари Халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳамнафас бўлмоғи зарур.

Ахир, мамлакат Конституцияси “Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон давлатининг ҳимоясидадир” деб уқтиради. Аммо амалда Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилишга эмас, хўрлашга қаратилган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши Конституцияни таҳқирлаш деб ҳисоблаймиз.

Маълумки,  Ўзбекистoн Республикaси қoнунлaрини қaбул қилиш, унгa Ўзгaртиш вa қўшимчaлaр киритиш Конституциянинг 78-мoддaсига кўра  Ўзбекистoн Республикaси Oлий Мaжлисининг мутлaқ вaкoлaтлaри жумлaсигa тааллуқлидир. Қонун ости хужжатлар эса ушбу қонуности хужжатларни қабул килган Давлат органи ва Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган.

Олий Мажлис депутатлари халқ иродасига кўра сайланган. Шундай экан, Олий Мажлис мамлакат фуқароларининг орзу истаклари, манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини кўзловчи қонунлар қабул қилиши лозим деб хисоблаймиз.

Мамлакат фуқароларининг эрки, ҳаракатланиш ҳуқуқига чеклов қўйишга, хусусий мулкига даҳл қилишга, Конституцияга тамомила зид равишда Қонун қабул қилишга Олий Мажлис Сенатининг қандай ҳаққи бор?

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Конституцияга зид бўлган қонун ва қонун ости ҳужжатлари хозирги кунда  Ўзбекистонда порахўрлик, таъмагирлик, кооррупцияни болалатиш учун доя сифатида хизмат қилмоқда, холос. Асилда, бу қонунни айнан ана шу мақсад учун ўйлаб топишган бўлишса ҳам ажаб эмас.

Мазкур қонун мамлакатимиз аҳолисини тарқоқлаштириш, табақалаштириш, аҳоли ўртасига нифоқ солишдек ғаразли мақсадларга хизмат қилмоқда деган тўхтамдамиз.

Ҳурматли Конституцион суд ҳайъати! Хамда Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари!

Конституциянинг 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” дея кафолат берилган.

Мамлакатимиз фуқароларининг эрки, эркин ҳаракатланишига раҳна солувчи, ўз ватанининг истаган манзилида яшаш, кўчиш, хусусий мулкини бошқариш каби қатор ҳақ-ҳуқуқларини поймол этувчи, халқимизни тоифаларга, табақаларга, синфларга ажратувчи, аҳолининг асосий қатламларини камситувчи «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги  қонун ва шу қонун асосида чиқарилган  қонун ости ҳужжатларининг  Конституция талабларига зид эканлиги масаласини атрофлича урганиб чиқишларингизни, мазкур қонун Бош Қомусимизга мувофиқ келмаслиги хусусида Хулоса беришингизни ва «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонун ва қонун ости ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида Олий Мажлис Сенати муҳокамасига таклиф киритишингизни  сўраймиз.

Алимбекова Зарнигор
Алимбеков Қодирбек
Ҳакимова Зарҳала
Эшонқулова Малоҳат
Фозилов Аваз

13 июль,  2016 йил.