Қари билганни шайтон билмайди

Қари билганни шайтон билмайди
91 views
16 July 2016 - 5:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (12-қисм)

Тўққизинчи боб

Кун бўйи ғалвадан боши чиқмаган Баҳром кеч тушганини сезмасдан қолганди. Каталакнинг куйиб қолган чироғи яроқлисига алмаштирилгандан сўнгра ичкари бир қадар ёришди. Ёруғда у бетонсувоқ деворнинг текисланмаганини кўриб, унинг совуқ ва дағаллиги боисини тушунди. Пол шишиб кетган, димоқни ёргудек анқиётган сийдик аралаш моғор ҳиди захдан эди.

Янги келган тутқун олифтароқ чиқди. У эшик юқорисидаги тирқишдан даҳлизга мўралаш билан фаолият бошлади. Бу пайтда биринчи каталакда учта аёл бўлиб, ўртадаги каталак тутқунларга тўла эди. Таниш соқчи учинчи каталакка иложи борича ҳеч кимни ташламаётганди. Келганида бу жойда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлигидан зериккан Баҳром энди уларнинг кўпаяётганидан сиқиларди.

Янги тутқун даканг хўроздай бўйнини чўзиб қарайверишдан чарчади чоғи, қўлидаги бақлашкани полга қўйиб, устига ўтирди. Баҳром тикка туравергандан бели қотиб, оёқлари зирқираётганди. Нима учун шундай қилмаганига ичида ҳайрон бўлиб, у ҳам полда ётган бақлашкани тортиб, унинг устига ўтирди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлиб, бутун танаси яйради. Ҳузурдан керишиб, оёқ-қўллари чигалини ёзди. Етти қат кўрпачага чўзилганда ҳам у бунчалар роҳатланмаган бўларди.

– Менинг исмим Азиз! – деди унга қўл чўзган тутқун.

– Баҳром!

– Нима учун қамашди?

– Фирибгарликда айблашяпти!

Баҳром бошидан кечирганларини унга қисқача сўзлаб берди. Улар деярли тенгдош эдилар. Шу сабаб, эшитганлари маъқул бўлди шекилли, манзиратни йиғиштириб, биров сўрамаса ҳам, Азиз ўзи ҳақда гап бошлади.

– Мен сиздан салгина нарироқдаги даҳада тураман! – деди у бақлашкага ўрнашиб ўтириб. – Ўзим собиқ миршабман. Илгари ҳам ўғирлик содир этиб қамалганман. Хотиним, учта қизим бор. Кеч уйланганим боис, қизларим ҳали ёш. Қамоқдан чиқиб келганимдан сўнгра иш қидириб бош урмаган жойим қолмади. Тўрт йилдан буён ишсизман. Икки қўлни бурунга тиқиб ўтириш эр кишига ярашмайди. Бола-чақа, уй-жой тўловлари бор, дегандай. Бўлавермагач, “Паркент” бозори билан “Янгиобод” бозорларида эски-тускиларни олиб-сотишга уриниб кўрдим, бўлмади. Ўлик оғзига сув томизгандек бир гап экан. Топган фойданг ҳуркитган қурбаққангга арзимайди.

Қамоқхонадан чиқиб келган куним қизларимга 8 Март байрамида қўлбола шашлик пишириб бераман, деб ваъда бериб қўйгандим. Сўзимнинг устидан чиқишим учун тўрт йил керак бўлди. Бу йил ҳам 8 мартда уларга берган сўзимнинг устидан чиқолмагач, қандай бўлмасин 9 Май байрамигача сизларга албатта шашлик пишириб бераман, дея қаътий ваъда бердим. Май ҳам бирпасда етиб келди. Топган пулим нон-чой, шакардан ортмагани сабаб, нима қилишни билолмай бошим қотди. Ота фарзадларга берган ваъдаси устидан чиқмаганидан ёмони йўқ экан. Қизларимнинг 9 майни бармоқ букиб санашлари мен учун чексиз азоб-уқубатга айланиб борарди. Чораси топилмаса, эллик долларга одам ўлдиришга ҳам тайёр эдим. 7 май тонгида ҳам қўлимда бир тийин пулим йўқ эди. Участка нозири билан ишлаб юрган пайтларимиздан таниш эдик. Унинг маҳалламизга участка нозири бўлиб ўтганига икки ҳафта бўлмаган эди. Ўз оёғим билан олдига боришим унинг учун айни муддао бўлди. Майда-чуйда ўғирликни бирга қилган пайтларимиз кўп бўлгани сабаб, унга юрагимдаги дардларимни тўкиб солдим. У кўпдан ишламай турган бир ошхона борилигини, унда идиш-товоқлар ва турли жиҳозлар жуда кўплигидан гап очди. Уни бир киши ўмара олмаслигини айтиб, шерик топишни шаъма қилди. Қайнимни кўндириб, тунда ўғирликка тушдик. Ўмарилган буюмларни барчасини эртаси куни Янгиобод бозоридаги олиб-сотарларга пуллаб юбордим. Қўлим яхшигина маблағ кўрди. Менга ўхшаган одам беш йилда бунча пулни тополмайди. Фойдани уч қисмга бўлдик. Чўмич, қошиқ ва шунга ўхшаш алюминдан ясалган қиймати паст нарсаларни Паркент бозоридаги темир-терсак билан шуғулланадиган болаларга топшириб юборгандим. Миршаблар билан бозорга тушган ошхона хўжайини буюмларини таниб қолипти. 8 май куни тушда қизларим билан шашликхўрлик қилиб ўтирганимизда, улар уйга бостириб боришди. Бўлган воқеа мана шундан иборат. Ушланган дақиқаларимдан бери қилган-қилмаганимни бўйнимга олиб ётипман. Қизларим шашликка тўйди. Хотинимнинг қўлида тўрт-беш сўм пули бор. Бу ёғига пешонадагини кўраверамиз…

Унинг ҳикоясини тинглаган Баҳром қандай муносабат билдиришни билмади. Ажаб қилипсан, деса, иқрори самимий чиқмас эди. Чатоқ қилипсан, деса, бу ҳақиқат садоси инсоф нуқтаи назаридан тешик қулоққа эриш туюларди. Муҳтожлик, иродаси бўшлиги уни жар тубигача етаклаганди.

Бу пайтда нариги каталаклардаги тутқунларнинг қовоқариларникига ўхшаш ғўнғиллашлари деворлардан сизиб ўтиб, бутун ҳибсхонага таралаётган эди. Қоришиб кетган гап-сўзлардан бирор маъно англаш қийин эди.

Кечга бориб, ҳибсхона эшиги тез-тез очилиб-ёпиладиган бўлиб қолди. Бозори қизиган миршаблар кимларнидир ушлаб келтириб каталакка тиқаётган бўлсалар, кимлар билан ими-жимида ҳисоб-китоб қилиб, чиқариб юбораётгандилар. Алқисса, Хотира байрами муносабати билан бироз совиган олди-сотти кечга яқин қизигандан қизиди. Тутқунлар кўпайган сари овқат устига овқат кирар, “қўшнилар” Баҳром билан Азизга ҳам ул-бул чиқаришни канда қилмасдилар.

Каталакнинг эшиги яна очила бошлади. Азиз, “қўшнилар” овқат киритаётган бўлса керак деб ўйлаб, қабул қилиб олиш учун шайланганда, соқчи етмиш ёшлардаги бир чолни ичкарига киритиб юборди.

Чолни таниган Азиз:

– Сассиқ чол, бу ерларда нима қилиб юрипсиз? – деди унга менсимаган оҳангда.

– Тирикчилик! – деди чол ўзини таниб қолган одамни кимлигини пайқай олмай.

– Тирикчилигингиз Янгиобод бозорида эди-ку! Бу ёққа чақимчи бўлиб ўттингизми?

– Байрам кунларида бу ерларда овқат яхши бўлади!

– Қанақа овқат? – тушунмаган Азиз унга ҳайрон тикилди. Чол Азизни таниган онларидан дир-дир қалтирай бошлади. – Сассиқ чол, очиқ гапираверинг. Мен ўтган кун жиноят устида қўлга тушдим. Саккиз йилга қамаладиганга ўхшаб турипман. Саккиз йил ичида ким бор, ким йўқ.

Шундан кейин чол қўрқа-писа сирини очди.

– Қирқ йил битта зовотда ишладим. Ҳаливерин ишлаётган бўлардим, заводни мустақиллик йилларида бузиб ташлаб, остига пулдорлар маҳобатли иморатлар қуриб олдилар! – деди у. – Ўша замонларда битта ўзим ишлаб, бешта қиз чиқариб, бир ўғилни уйлапман, денг. Хотиним ўтганига анча бўлди. Ўғлим билан тураман. Ўғлимнинг бешта жўжабирдай фарзанди бор. Иш йўқлигидан у ҳам шифтга боқиб, тупигини ютиб ўтирипди. Саккиз жон битта менинг нафақамга кўз тиккан. Яхши еб-ичиб ўрганганмиз, еб-ичмасак туролмаймиз. Илгариги вақтларда дуч келган одам наҳор ошларига ва тўй-томошаларга кириб қорнини тўқлаб кетаверарди. Бизнинг кунларда тўй-маърака эгалари кимлигингни билмаса, кўчанинг бошидан орқангга қайтариб юборади. Шу учун беминнатроқ кўриб, бу жойларга гоҳ-гоҳ келиб тураман…

– Тушунмадим! – деди Азиз унинг гапини бўлиб. – Бу ерларда пишириб қўйиптими?

Чол бир зум муддаосини айтишга ботинолмай турди. У ҳар ютинганда қари хўрознинг кекирдагига ўхшаш ажин босган томоғидаги лиқилдоғи иягининг тагига лиқиллаб кириб, лиқиллаб чиқарди.

– Овқат учун келаман! – деди ахири у.

– Қанақа овқат, бу ер ошхона эмас-ку?!

– Бу жойларда байрам кунлари овқат ошиб-тошиб ётади. Пиёз пўстига айланган ошқозонни яхшилаб бир марта тўлғазган одам, ул-бул чимдиниб, бир ҳафта қаддини тиклаб юрадиган бўлади. Қарини қорин асрайди, деганларидек, уйга олиб кетган овқатларим невараларимга ҳам икки-уч кун асқотади!

– Вой туллак! – гап тагига етган Азиз ҳайратини яшириб ўтирмади. – Ёмонсиз, ёмонсиз, шумтака чол. Қари билганни пари билмайди деганлари шу экан-да. Шу иборани ўзгартириб, қари билганни шайтон билмайди, десак, қандай бўлар экан?

Чол мушук чангалига тушган чиноқ сичқондай, елкасини қисиб қалтирарди.

– Қолган жойидан давом эттиринг! – деди калакани бас қилган Азиз.

– Бор гап шу, Азизжон! – деди у ёш боладай ийманиб.

– Бунақанги жойларга қайси йўллар билан кириб келиш усулларини тушунтиринг? – қисталади Азиз.

– Оддий! – деди барчасини айтмаса осонлик билан қутула олмаслигини англаган чол. – Келгим келганда вилоятлардан келган мардикорлар орасига қўшиламан. Байрамга яқин метро бекатлари атрофидаги дайдиларни йиғиштирадилар. Мен ҳам билдирмай уларнинг орасига кириб оламан. Қўшиб мени ҳам ҳайдаб келаверишади.

– Келгим келганда, деяпсиз, қачон келгингиз келади?

– Тансиқроқ таом егим келган пайтларда, байрамларда, невараларимни хурсанд қилгим келиб, меҳрим товланиб кетганда, бозорда олди-сотти юришмаган кунларда!

– Невараларингизни қандай хурсанд қиласиз, тушунмадим?

– Ортиб қолган овқатларни пакетга жойлаб олиб кетаман. Келиним сўраб қолгудек бўлса, бозордан сотиб олдим, деб айтаман. Невараларим мазали таомларни хуш кўриб ейишади. Бунақа тансиқ таомларни уйда тайёрлашга йўл бўлсин. Ҳаммаси ҳам пул бўлса бўлади. Пул бўлмаса, ҳеч нима йўқ. Ҳаракатда баракат, деганларидек, етиб турипти. Ҳеч нима орттиролмаганимиздай, ўлиб ҳам қолмаяпмиз.

– Невараларингизга шашлик ҳам олиб борасизми? – қизиқди Азиз.

– Унақа пайтлар ҳам бўлиб туради! – дея жавоб қайтарди чол. – Байрамларда тутқунларнинг яқинлари шашликдан ҳам мазалироқ таомлар олиб келадилар…

Чол гапини тугатар-тугатмас Азиз унинг кўкрагига тепди. Бояқиш деворга орқаси билан урилиб, полга ёнбошлаб йиқилди.

– Урманг, урманг, ўлдириб қўясиз! – дея Баҳром Азизни дарҳол қучоқлаб олди.

У чолнинг невараларига шашлик олиб бориб едириб юриганини эшитганда, аламидан қутуриб кетганди.

– Ифлос, ҳароми!.. – дея у чолни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўка бошлади. – Шу ишни менга ўргатганингда, ўғирликка тушмасдим, беғалва юрган бўлардим. Энди қамаламан. Буни пиёниста деб юрсам, ичидан пишган тулки экан. Қизғанчиқ, худбин, яхшигина бизнесинг бор экан, бировга билдирмасдан, қулоғимга шипшитиб қўйсанг  ўлармидинг, бахил. Икковлашиб ов овлаб юраверардик…

 (давоми бор)