Насабсизлар

Насабсизлар
140 views
16 July 2016 - 8:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(22)

НАСАБСИЗЛАР

Руслар Туркистонни ишғол қилганидан сўнг унга қарши зулмкор ва олчоқ сиёсатини кўпроқ рус бўлмаган насабсиз маъмурлар, таги паст жосуслар ва ҳаромзода қотиллар ёрдамида амалга оширганлар.

Болшевиклар бу сиёсатни айнан давом эттирди. Совет Ўзбекистонининг энг маҳрам нуқталарида рус бўлмаган, аммо ўзбек ҳам бўлмаган кимлиги номаълум кимсалар жойлаштирилган эди. Шаҳарга «прописка» қилиш, иш билан таъминлаш, квартира бериш, пенсия ва бошқа ижтимоий ёрдам ишлари уларнинг қўлида эди. Улар ўзига ўхшаганларни четдан чақириб шаҳарга жойлаштириш, ерли халқни эса иложи борича шаҳардан қувиб, ишдан бўшатишга, ҳаракат қилишарди. Катта шаҳарнинг бутун моддий резервлари, уларнинг назоратида эди.

Шаҳарга ижроқўм ўзбек бўлиши мумкин эди, аммо у доим насабсизларнинг ноғорасига ўйнарди. Насабсизлар инсонларимизга зулм қилар экан, буни доим руслар номидан қилишган ва масъулиятни ўзидан соқит қилганлар.

Шунинг учун ҳам улар рус хўжайиннинг буйруғини русдан яхшироқ ва «сифатлироқ» бажарган. 1918 йил Қўқон мухторияти ҳукуматини ағдариб, Қўқон шаҳри аҳолисининг учда бирини қириб юборган болшевик тўдаларининг ичида ўз қонхўрлиги билан ажралиб турган гуруҳ армани дошноқлар эди. Дошноқлар ўзлари яшаб, тузини еган бу шаҳарда ҳомиладор хотинларнинг қорнини ёриб, боласини олган ва уни ҳам қатл қилганлар.

Ўзбек зиёлисининг шуурида 1985 йил Ўзбекистонда Москва номидан иш кўрган Гдлян-Иванов терговчилар гуруҳи ўша Қўқон қатлиомини ташкил қилган насабсизларнинг меросхўрлари ўлароқ таҳайюл этарди. Бу гуруҳ аъзолари – миллати ким бўлишидан қатъий назар – ерли халққа қарши кин ва нафрати билан ажралиб турарди. 1984-1985 йиллар ичида ўнлаб эмас, юзлаб бегуноҳ кишилар Гдлян тўдасининг қурбони бўлишди. Улар порахўрларни йўқ қиламиз, деб оддий меҳнаткашни жазоладилар, порахўрлардан эса пора олдилар. Шу қадар кўп олдилар-ки, бу ўзбек миллионлари билан СССР Олий Совети депутати бўлишди, бу пуллар билан катта сиёсат саҳнасига чиқишди ва бугун ҳам улар еяётган нон ўша меҳнаткаш ўзбекдан ўғирланган нондир.

Россия ўзининг бу ёлланган қотилларини хизматига яраша юксалтди: уларни миллий қаҳрамон эълон қилди.
Бу қонхўрлар босқини бир тараф, уфқда Москва йўллаган «янги раҳбарлар контингенти» пайдо бўлди. Халқ хўжалиги ва давлат идораларига Россиядан «ёрдам қўшини» оқиб кела бошлади. Саратов ёки Тамбовда қассоблик қилиб юрган бир кимса ўзбекнинг бир шаҳрига ижроқўм, Воронежда ўғирлик қилиб, дордан қочган киссавур рус бир ўзбек туманининг прокурори қилиб тайинланиши ҳеч гап бўлмай қолди. Ҳуқуқ органларининг деярли ҳаммаси бу «янги раҳбарлар» билан тўлдирилди. Бу «раҳбарлар» тўғридан-тўғри Москва амри билан иш кўрарди, масалан, оддий рус прокурори Ўзбекистон Марказқўм котибига бўйсунмаслиги мумкин эди. «Янги раҳбарлар» келиши билан гдлян-иванов тўдасининг иши янада осонлашди. Улар халқни биргалашиб жазолай бошладилар, уни биргалашиб талон-тарож қилишди. Насабсизлар фақат давлат идоралари ва ҳуқуқ органларида эмас, матбуот ва ташвиқот марказларида ҳам асосий ўринларни эгаллаб олгандилар. Табиий-ки, уларнинг ҳаммаси «русча гаплашадиган аҳоли» синфига кирар ва Ўзбекистонда туғилиб-ўсганига қарамай, ўзбекча учта сўз ҳам ўрганишга ҳафсала қилмагандилар.

Русча чиқадиган «Правда Востока», «Ташкентская правда», «Вечерный Ташкент» газеталари йиллар давомида ўзбекларнинг тарихини, тилини ва маданиятини камситиш, халқнинг ғурурини синдириш учун режали равишда ташвиқот олиб боришди. Бу ташвиқот «байналминалчилик» шиори остида юритилди. Бу ташвиқот Москва истаганидан ҳам эркинроқ ва шафқатсизроқ олиб борилди, чунки, насабсизлар зулмнинг маъсулиятини ташимасдилар.

Muhammad_Salih_fotomajmua_28«Қайта қуриш ва ошкоралик» эълон қилинганидан кейин туғилган нисбий ҳурриятни ўша насабсизлар матбуоти бўғиб ташлашга уринди. Уларнинг нашр органлари Горбачев сиёсатининг бошидан охиригача душмани бўлиб келди ва улар Янаев хунтасини қувонч-ла қаршилашди, унинг директивларини зудлик билан, мамнуният билан ўз газеталарида чоп қилдилар.

Насабсизлар Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги у ёқда турсин, унинг Москвадан бир сония бўлсин узилишини истамас ва буни яширмас ҳам эдилар. Булар маълум жабҳада ижрочи маъмур бўлибгина қолмай, айни пайтда истисносиз равишда, ҳаммаси, марказнинг рутбали ёки рутбасиз жосуслари ўлароқ хизмат қилишарди. Шу боис улардан фақат фуқаро эмас, раҳбарлар ҳам чўчиб туришарди.

Пахта далаларида фақат ўзбек меҳнат қиларди. Етмиш йил давомида бирорта рус пахтакор бўлди, деган гапни мен эшитмадим. Ёки бирорта арманининг пахта экиб, уни етиштирганини, арманининг уни териб олаётганини сиз тасаввур қилоласизми?

Энг оғир меҳнатни ерли халқ қиларди, энг оз иш ҳақи ерли халққа тўланарди. Бу ҳақиқатни айтиш ҳатто қайта қуриш бошланиб, ошкоралик авжига чиққан пайтда ҳам, таҳликали эди. Айтган кишига дарров ирқчи ёки миллатчи ёрлиғи ёпиштирилар ва у секин-аста жамиятдан сиқиб чиқариларди. Ёки машина аварияси уюштирилиб, жисмонан йўқ қилинарди.

Совет тузумининг тамалидаги ғайрирус миллатларга нисбатан адолатсизлик турғунлик йилларида бир нави парда орқасида тутилган бўлса ҳам, қайта қуриш келиб, уни ортиқ яшириш қийин бўлиб қолди. Тузум ўз адолатсизлигини ошкора давом эттиришга мажбур бўлди.

Мен 1985 йилда ҳам шоир эдим ва бу юракни эзувчи манзарани кўраркан, қўлимда ягона қуролим қалам эди. Ўша пайтларда ёзганларим шеърий санъатга, эҳтимол, алоқаси йўқ, аммо уларни ёзмаслигим ҳам мумкин эмасди, чунки бўғизга тиқилган ғазабни бўшатиш керак эди:

Бир қўлим кўксимда турар мунтазам,
Бир қўлим раисга саломлар берар.
Ишга шўнғиб кетар қолган ўнтаси,
Қолган ўнта қўлим пахтани терар.
Қўлдан иборатдир менинг вужудим,
Кўзим – қўл, юзим – қўл, оёғим ҳам қўл,
Неки туртиб чиққан бўлса ичимдан
Бари қўл, ҳатто-ки қулоғим ҳам қўл!
Тунда аён бўлди улуғ бир мақсад,
Олға кетаяпман, боқмай орқамга:
Хўжалик ерига пахтани эксам,
Мен қўл экажакман ўз томорқамга!
1985 («Олис табассум сояси», 1986)

(давоми бор)