«Юз ёридими?»

«Юз ёридими?»
20 views
16 July 2016 - 7:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 64

(давоми)

УРАНА ВОҚЕАСИ

Яна шу йилнинг Муҳаррам ойида ансор саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Унайс деган кишини Арафот тоғи яқинида, Урана деган ерга юбордилар. Ул жойда Ҳузайл қабиласининг раиси Суфён ибн Холид Расулуллоҳга қарши аскар тўплаб, Мадина устига юриш қилмоқчи эди.

Бу хабар Расулуллоҳга эшитилгач, Абдуллоҳга буюрдиларким:

Бу хизматга яширинча ёлғиз ўзи боргай, пайт топиб фитна бошлиғи бўлган кишини ўлдириб, қайтгай.

Анда Абдуллоҳ:

— Эй Расулуллоҳ, бу ишни бажариш устида, агар ҳожат туғилиб қолса, ёлғон сўз қилмоққа рухсат қилурмисиз? — деди.

Зарурат ҳолда ёлғон сўзлашга Пайғамбаримиз рухсат қилдилар. Сўнгра шу ҳижратнинг тўртинчи йили, Муҳаррам ойининг бешинчи кунида ул киши Мадинадан чиқиб, бир неча кун ичида душман ерига етиб, у билан кўришди.

— Қайси қабиладин эрурсан? — деб сўради,

— Хузоа қабилалсидан бўлурман, Муҳаммад билан урушмоқ учун сени аскар йиғибди, деб эшитдим, унга душман бўлганлигимдан мен ҳам фидоий бўлиб шу урушга қатнашмоққа келдим — деб жавоб қилди Абдуллоҳ.

Бу сўзни онглаши билан унинг кўнгли кўтарилиб, айтдиким:

— «Англаганинг тўғридур. Муҳаммад билан уруш қилмоққа аскаримиз йиғилиб тайёр бўлди. Бу яқин орада Мадина сари юриш қилмоқчидурмиз, хуш келдинг, — деб Абдуллоҳни ўз чодирига бошлади.

Кеч бўлиб, бошқалари тарқалиб кетдилар. Абдуллоҳ сўзини сўнин (яхши) кўриб, эл уйқуга кетгунчалик ухламасдин, сўзлашиб ўлтиришди. Расулуллоҳдин сўз очиб:

— Муҳаммад шу кунгачалик мен каби уруш йўлини билган бир кишига йўлиқмаган бўлса керак. Уруш қандоқ эканини энди унга кўрсатгайман, — дер эди.

Шу орада уни уйқу босиб, ажал тўшагига келиб ётди. Қаттиқ уйқуга кирган чоғда, Абдуллоҳ секингина туриб, жон чиқар уни чиқмас жойига ханжарини ботирди. Ва шу замон тўхтовсиз тун қоронғусида Мадина сари жўнади. Кундузи яшириниб, кечаси йўл юрар эди. Орқадин чиққан қувғинчиларга йўлиқмай тўққиз кун деганда Мадинага саломат қайтиб келди. Шу чоғда Расулуллоҳ масжидда ўтирган эдилар. Абдуллоҳга кўзлари тушган ҳамон, арабчалаб:

— «Афлаҳал важҳу», яъни: «Юз ёридими?» дедилар.

Анда Абдуллоҳ: «Афлаҳа важҳука», яъни: «Расулуллоҳ, юзингиз ёриди, тилагимга етдим» деди.

Бўлган воқеадан хабар топгач: «баракаллоҳ» деб Пайғамбаримиз Абдуллоҳга бир асо (ҳасса) бердилар ва: «Сен жаннатда бу асони тутиб юргайсан. Ул жойда асо тутганлар оз бўлгайлар», дедилар.

Демишларким, Абдуллоҳ бу асони бутун умри борича сақлади. Вафоти ҳозир бўлди эрса, анинг васияти билан асони кафан ичига қўйиб, бирга кўмдилар, разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)