Конституцион ҳуқуқдан фойдаланганлик учун жарима

Конституцион ҳуқуқдан фойдаланганлик учун жарима
19 views
16 July 2016 - 16:41

Ўзбекистонда Конституцион ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун жарима қўлланилади.

Мазкур ноқонуний тенденция Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан буён мухолифат вакиллари, инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистларни молиявий жиҳатдан таназзулга учратиш илинжида ҳаётга тадбиқ этиб келинади.

Эътиборингизни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасига қаратамиз:

“Муқаддима

Ўзбекистон халқи:

… демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,
инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,
… ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади» дея жарангдор оҳангда қайд этиб қўйилган.

Хўш, Ўзбекистон халқининг ўз мухтор вакиллари сиймосида қабул қилинган Конституциянинг 33-моддасида нима дейилган экан:

“33-модда.
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган.

– Ёлғизгина фарзандим Ғайрат Негмановни шу йилнинг 27 июнь куни ИИБ ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганлиги ва шу пайтга қадар унинг қаерда эканлигидан бехабарлигим боисидан мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевичга кўмак сўраб мурожаат этиш истагида 2016 йилнинг 14 июнль куни соат 10.00 да Президент қароргоҳи олдида пикет ўтказиш мақсадим ҳақида ОАВ воситаларида БАЁНОТ тарқатгандим, – дейди Тошкент Шаҳар Бектемир туманида истиқомат қилувчи ёлғиз она Чамангул Негманова, – Ўғлимнинг ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан таъқибга олиниши тасодифий эмас. Негаки, мен 8 йилдирки давлатнинг миллиард-миллиард маблағларини талон-тарож қилган президентнинг собиқ давлат маслаҳатчисини жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўтариб чиқмоқдаман. Менинг ҳақли талабимга жавобан ўзим, айниқса, ўғлим қонун идораларининг босимлари остида қолиб кетдик. Бу курашлар ёлғизгина ўғлимнинг ИИБ томонидан ўғирлаб кетиши билан якун топди. Мен прокуратура ва ИИБ идораларига ўғлимнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот беришларини сўраб, бир эмас, бир неча маротаба мурожаатлар қилдим. Бироқ, қонун идоралари масъуллари мени ҳатто идорага киритишни таъқиқлаб қўйишди. Ўғлим борасидаги қидирувларим бесамар кетганлиги сабаб Президент қароргоҳи олдида пикет ўтказишга мажбур бўлдим…”

Конституциянинг 33-моддасида белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш мақсадида Чамангул Негманова 2016 йилнинг 14 июнь куни соат 10. 00 да Президент қароргоҳи олдига пикетга чиқди.

Қўлидаги плактада шундай талабнома битилган эди: “18 кундан бери Бектемир туман ИИБ ходимлари ўғлимни ўғирлаб кетиб, қаердадир сақлаб келишмоқда. Ўғлимни зудлик билан қайтариб, ИИБ ходимларининг жиноятларига нисбатан жазо қўлланилишини сўрайман”

– Президент қароргоҳига бориб талабим битилган плакатни 2 дақиқага яқин кўтариб тура олдим холос. Ўша заҳотиёқ Келис ИИБсининг 2 та ходими етиб келди. Кўп ўтмай Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлимининг 4 нафар ходимлари ҳам ҳозир бўлишди ва мени ИИБ идорасига олиб кетишди. Бу пайтда соат тахминан 10.05 эди. Мени ИИБ идорасида ноқонуний тарзда кеч соат 19 га қадар олиб ўтиришди, – дейди телефон орқали суҳбатда Ч. Негмнаова, – ИИБнинг ёш-ёш ходимлари мени ниҳоятда хўрлашди, кун бўйи масхара қилишди, жиноятчининг онаси дея таъна тошларини отишди. Менга нисбатан сохта далолатномалар тузишди, сохта ҳужжатлар расмийлаштиришди. Кейин Мирзо Улуғбек туман судига элтишди. Маҳаллий вақт билан кеч соат 20.00 лар эди, адашмасам, мени суд қилишди ва суд менга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 70 бароварида жарима жазоси қўллади…

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари пикетга чиққан Негманованинг ўтириши учун стул ҳам беришмаган. Негманова кун бўйи тик оёқда туриб тинка-мадори қуриганидан шикоят қилади. “Бу ҳам майли, кунинг шундай жазирамасида овқат у ёқда турсин кун бўйи бир қултим сув ичишга ҳам изин беришмади” дейди ўғлини қидираётган аёл.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист, ҳуқуқбон

***

14 июля 2016 года в 10 часов утра Чамангуль Негманова намерена пикетировать резиденцию Президента Узбекистана с требованиями розыска её сына Гайрата.
Конт тел Чамангуль Негмановой +998946002861