Ўзига қайтаётган Ватан

Ўзига қайтаётган Ватан
25 views
17 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(23)

1986 йил. ВАТАННИНГ ҚАЙТИШИ

Агар янглишмасам, ўша саксон бешинчи йилдан бошлаб мен ўз шеърларимни одамлар ҳузурида ўқий бошлагандим. Авваллари ўқимасдим ёки жуда оз ўқирдим. Шеърларим жуда қисқа бўларди ва уларни ўқий бошлаган заҳот тугаб қолгани мени ноқулай аҳволга солар ва худди шеър тинглаётганларни масхара қилгандай бир аҳволга тушардим. Кейинги шеърлар публицистик шаклга киргани учун анча узайди, бармоқ вазнида ёзилиши эса, декламация қилишни янада завқлироқ қиларди. Лекин, аввал изоҳ қилганимдек, «долзарб» шеърлар ёзишни ҳеч удда қилолмадим.

Ҳолбуки, долзарб шеърлар керак эди. Инсонлар хабарга, ўзлари ҳақдаги хабарга – ўз ватани, ўз миллати, ўз тили ҳақдаги хабарга, ўзлари билса ҳам, яна бошқасидан эшитишга муштоқ эди. Улар саксон бешнинг қоронғу кечаларида «йилт» этган ёруғ кўрса, ўша тарафга талпиниб, бир ҳамдард излашарди. Аслида улар тимирсикланиб ўз ҳурриятини излашарди, аммо айнан ўша ҳурриятни излаётганлридан ўзлари ҳам амин эмасдилар.

Махлуқ

У бир махлуқ дунё боғида,
Унинг турган-битгани қайғу.
Кишан йўқ-ку, қўл-оёғида,
Лекин эркни, эркни истар у.
У бир махлуқ, юрган бир дайди,
Йўқ, йўқ юрмас, кўкларда учар.
У ўзининг нафратин ейди,
У ўзининг ғазабин ичар.
Шундай махлуқ, унинг ёнида
Ҳар бир аёл кўринади тул.
«Келгинди»миш ўз ватанида
Ўз уйида номаҳраммиш ул.
Бас қил, махлуқ, бас қил дедим, бас!
Музламасин юзингда қаҳр –
Бу дунёда мумкин-ку яшаш,
Ватансиз ҳам мумкин-ку, ахир!
1985 («Олис табассум сояси», 1986)

Ватансиз яшаш ортиқ мумкин эмас эди, буни мен ҳар қадамда кўра ва сеза бошладим. Ўша йиллари кенг жамоатчиликка эшиттирилган Орол фожеаси ҳам, пахта монокултураси ҳам, болалар ўлими ва ҳакозо – бутун ижтимоий ва иқтисодий муаммолар секин-аста сиёсий, секин-аста миллий муаммоларга эврила бошлади. Бу эврилиш ҳамманинг кўз олдида, ошкора (Горбачевга раҳмат) давом этди. Ҳеч ким бу жараённи, бу эврилиш жараёнини тўхтатолмас, ҳеч ким бу жараён учун бировни айбдор санай олмас эди.

Ошкоралик бир гипноз эди, ҳамма бир-бирига қараб, энг маҳрам сўзларини айтар, нормал ҳолатда айтишдан уяладиган гапларини гипноз ҳолатида бемалол талаффуз қиларди. Кремл мансабдорлари худди эртакдаги сеҳрланган мулозимлар каби ғаройиб бир рақсга туша бошлагандилар. Улар бу рақсдан тўхтай олмас, тўхтатгани дарров ишидан бўшатилар эди. Бу рақс то Янаев путчига қадар давом этди. Бу рақс тоталитар давлатнинг видо рақси эди. 1986 йил Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида «Орол қўмитаси» ташкил қилинди. Унинг бошлиғи адабиётшунос Пирмат Шермухаммад бўлди. Ҳозир бу ғалати кўриниши мумкин, аммо у пайтлари ёзувчилар ҳамма соҳага аралашар эдилар. Барча иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто маиший масалалар ҳам Ёзувчилар Уюшмасида муҳокама қилина бошлаганди. Уюшманинг реал ижро ҳуқуқи бўлмаса-да, у зиёлиларни – фақат ёзувчилар эмас, турли маслакдаги зиёлиларни – бир ғоя атрофида жипслашишга ўргатди.

Уюшмада тузилган «Орол қўмитаси» ҳукуматнинг махсус рухсатисиз тузилган илк жамоат ташкилоти эди. Шу маънода уни кейинроқ тузилиши керак бўлган «Бирлик» халқ ҳаракатининг аждодларидан бири, деса бўларди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин-ки, Ёзувчилар уюшмаси 80-йиллар бошидан бошлаб мавжуд тузумга нисбатан танқидий қарайдиган шахс ва гуруҳларнинг уясига айлана бошлади. Бу хусусият давлатнинг назаридан қочмади: зотан, Ёзувчилар Уюшмаси давлат учун доимо муҳим мафкура ўчоқларидан бири бўлиб келган. Қайта қуриш ва ошкоралик бу муҳимиятни янада оширди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_29Ёзувчилар Уюшмасининг раҳбари Сарвар Азимов 1985 йил ўз вазифасидан четлатилиб, ўрнига янгиси келтирилганди. Марказқўм котиби Р. Абдуллаева қўрс ва ўзбилармон Азимов ўрнига гап тинглайдиган, ҳалим бир ёзувчини қўйганди. Аммо у ҳам Абдуллаева директиваларини бажара олмади, чунки, замон ўзгарган эди, инсонлар ўзгарган эди. Инсонлар гапиришни, танқид қилишни ўрганган эдилар. Бу янги ўрганган ишидан уларнинг ҳеч ажралгиси келмасди, чунки, очиқ гапириш, ҳеч тап тортмай гапириш жуда ҳам завқли эди. Бундан ташқари, 1985 йил май ойида ёш ёзувчилардан олинган дакки Абдуллаеванинг обрўсига жиддий зарба берганди. Бу зарбадан кейин унинг «юксалиши» тўхтади ва одамлар у берган буйруқларни бажармаслик ҳам мумкин эканлигини кўра бошладилар.

Саксон олтинчи йилга келиб, Абдуллаева ўз «ҳайбати»ни тамомила йўқотди. Мағлубият инсонни кўримсиз қилади. Котиблигининг сўнгги ойларида Абдуллаеванинг қиёфасида мағлубият ёзиғлиқ эди. У, 1986 йилнинг бошлари эди чамаси, биринчи ва сўнгги марта Ёзувчилар Уюшмаси мажлисига келди. Ўз ғурурини енгиб, бу ерга келганди. Бу мажлисдан олдин бошқа бир мажлис бўлиб, унда Ёзувчилар Қурултойига «очиқ хат» ёзган қаламкашлар тақдири муҳокама қилинганди. Уларни Ёзувчилар Союзи аъзолигидан ўчириш масаласи кун тартибига қўйилганди.

Улар ёзган «очиқ хат»нинг тўла мазмуни эсимда йўқ. Ҳар ҳолда, 20-йиллар жадид ёзувчи-шоирларининг реабилитацияси талаб қилинганди. Бу «очиқ хат»да Сарвар Азимовнинг ишдан олинишига норозилик ҳам ифода этилганди, шекилли. Чунки, бизнинг ичимизда бир гуруҳ ёшлар (нега, ҳалигача билмайман) Сарвар Азимовни ҳимоя қилиш ҳам миллий мужодаланинг бир қисми, деб билишарди. Ваҳолан-ки, Азимов бизнинг ўша идеалимиз – 10-йиллар жадидлар ҳаракати ва унинг намоёндаларига қарши бўлган одамлардан бири эди. Абдуллаева бу мажлисда ўзини жуда мутавозе тутди. Ёшларнинг давлатга кераклиги ва уларни асраш, тарбиялаш лозимлигини гапирди.

Ўтган мажлисда ёшларнинг Ёзувчилар Союзи аъзолигидан ўчирилмагани тўғри қарор бўлганлигига ишора қилди. Абдуллаева ёзувчиларга муроса қўлини узатаётганди, аммо кеч бўлган эди. Ёзувчи халқи марҳаматли халқ, унга қўл узатганлар ҳам бўлди, аммо Абдуллаеванинг марказдаги «патрон»лари ундан аллақачон воз кечишган эди. Мағлубиятга учраган одамдан ҳамма қочади. Биринчи навбатда, бу мағлубиятга уни мажбур қилганлар қочади. Шундай ҳам бўлди: Москва ўзининг келиб-кетмиш кадрларидан энг содиқ ва энг ғайратли аскарини бир арман қароқчиси қўлига топширди, жиноий иш очтирди. Ва йиқилган масжидлар, инжитилган мусулмонларнинг баддуоси шундай ижобат бўлди.

1986 йилдан бошлаб турғунлик йиллари лидерлари аввалгидан қаттиқроқ танқид қилина бошлади. Шароф Рашидов ва унинг ҳукмронлик даври газеталарда очиқ манфий баҳоланди. Номенклатура ичида Рашидовга яқин бўлган одамлар, ҳар хил баҳоналар билан ишдан бўшатилиб, янги раҳбарга яқин бўлганлар ишга олина бошлади. Рашидов яқинлари ундан юз ўгирсаларгина ўз мавқеини сақлаб қолиши мумкин эди, ҳатто бу ҳам мумкин эмас эди. Рашидов тириклигида унга қасида бағишлаганлар у ўлгандан кейин уни қоралаб достонлар ёзди, аммо янги раҳбариятга хуш кўринолмади.

Қайта қуриш ва ошкоралик инсонларнинг гўзал фазилатлари қаторида бадбин ва чиркин табиатини ҳам ўртага чиқарди. Мен одамлардаги иккиюзламачилик, манфаат йўлидаги риёкорлик ва ёлғонни қайта қуриш давридаги каби ёрқин – ундан олдин ҳам, кейин ҳам – кўрганим йўқ. Шунингдек, инсонлардаги яхшиликка интилиш, умидворлик, ҳамдардлик ва ўзғ ери, тили, маданияти, келажаги учун ҳар қандай фидокорликка ҳозирликни ҳам қайта қуриш даврида кўрдим. Улар етмиш йил давомида кўр бўлаёзган кўзларини уқалаб, ўз ватанининг пажмурда борлиғини кўришга уринардилар. Ўзи ёрдамга муҳтож – ёрдам беришга, ўзи ҳимояга муҳтож – ҳимоя қилишга тайёр эди бу одамлар. Ҳузурида гапирар ёки шеър ўқир экан, бу содда ва кўпинча, тунд қиёфалар мени мендан кўра яхшироқ тушунаётгандай туюларди. Уларнинг тундлиги тушунганини билдирмаслик учун кийилган ниқоб туюларди менга. Бу мистик туйғу мени доим ҳушёр тутарди. Шеър ўқир экан, ҳеч ким билан ҳизиллашмасдим, ортиқча пафосдан қочардим, ўқиш услубимни мени тинглаётган тунд юзларга ҳамоҳанг тутишга ҳаракат қилардим. Албатта, бу механик бир йўсинда, беихтиёр юз берарди. Уларга саксон бешинчи ва саксон олтинчи йиллари ёзилган шеърларнинг истисносиз ҳаммасини ўқидим. Улардан ҳеч ким бу шеърингизни тушунтириб беринг, демади. Чунки, ҳаммасини тушунардилар. Энг нозик деб саналган киноя, энг мураккаб ҳисобланган ташбеҳлар дарҳол уларнинг мийиғида акс этар, лоқайд кўринган кўзларида тасдиқ нурини порлатарди. Бу одамлар ўзлигига қайтаётган одамлар эди. Секин аста, шошмасдан, оғир-вазмин, ўзбекчасига қайтаётган одамлар.

Ўзига қайтаётган Ватан.

(давоми бор)