Биргина ўғлим билади!

Биргина ўғлим билади!
34 views
19 July 2016 - 8:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (13-қисм)

Бошини чангаллаб, бўралатиб сўкаётган Азизни қўйиб юборган Баҳром чолни тиклаб қўйди. У қушдек енгил эди. Шу пайт эшик очила бошлади. Соқчи эшикни ланг очиб, ёнидаги кимсага:

– Тезроқ гаплашиб олинглар, юқоридан текширув бор. Кириб қолса, муаммо бўлади! – деди.

Кимсага кўзи тушган Азиз ўрнидан ирғиб турди. У тугун тўла овқатни Азизга узатиб:

– Ҳамма ёқ тинчми? – дея сўради.

– Тинч! – деди Азиз. – Ўзларингизда нима гап?

– У ёқдагилардан хавотир олма. Буёғини тўғирласанг, у ёғи ўз-ўзидан тўғри бўлиб кетади.

Бу кимса Азиз айтган ўша участка нозири эди. Унинг сўзлари замирида “хотининг билан қайнинг миқ этмайди. Калтакларга чидаб берсанг, барчаси жойига тушиб кетади”, деган ишора бор эди. Тафсилотлардан хабарсиз кимса қочириқларни тушунмасди.

– Мендан кўнглинг тўқ бўлсин! – деди Азиз. – Роса таъзиримни беришди. Чидадим. Қолганига ҳам чидайман. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Азиз ҳамтовоғи қолдирган тугунни очиб улгурмасдан, Баҳромнинг уйидагилар ҳам ул-бул кўтариб келишди. У таниш соқчига қанча илтимос қилмасин, текширувчиларни баҳона қилиб, уни яқинлари билан учраштирмади.

Икки тугунда ҳам Азиз йиллар бўйи орзулаган шашлик бор эди.  Азизнинг тугунидаги тўрт қути сигарет, халтачалардаги нос, бир шиша ароқни ҳисобга олмаганда, тугунлар бир-бирига ўхшаб кетарди.

Азиз билан чол Баҳромни қанча қисталанг қилмасин, у бир қултум ҳам ароқ ичмади. Яримтани ичиб олган танишлар бирпасда яна апоқ-чапоқ бўлдилар. Икковининг бояги кўнгилсизлик учун бир-биридан узр сўраб ўпишишини кўрган одам уларнинг урушиб қолганига ишонмасди.

– Котта дода, илгари бирор марта қамалганмисиз? – деб сўради Азиз чолдан.

– Ҳеч қачон қамалмаганман! – деди у. – Қама-қамалар мустақиллик йилларида чиқди. Илгари биров билан бировни иши бўлмасди. Жиноят қилмасанг, ҳеч ким тегмасди. Ҳозир тескариси бўлди.

– Қамалмаган бўлсангиз, ҳали қамаласиз, дода! – деди Азиз. – Сизга ўхшаган бир-икки одамни айтмаганда, ҳамма қамалди ўзи.

– Ўша кунларга етказсин! – деди нима деётганини ўзи ҳам билмаётган чол.

– Мен ўзимни ақлли деб юрардим, аммо мендан ақллироқ чиқдингиз. Сизни фаҳмингиз етган нарсага менинг фаҳмим етмаганини қаранг. Пиёниста, дайди, деб юрган одаминг кўзларинг ўнгида буюк инсонга айланиб қолса, эриш туюларкан. Бу ёқда мен бўзчи белбоққа ялчимай юрипман Мен хумкалла сиздан бир оғиз маслаҳат сўрамайманми? Ҳеч кимга билдирмасдан иккаламиз тирикчилик этиб юравермаймизми? Бизнеснинг бу турини дунёда сиз билан мендан бошқа ҳеч ким билмайди. Қутулиб чиқсам, айнан шу бизнес билан шуғулланаман. Мен сизга айтсам, бу бизнеснинг қулай томонлари жуда ҳам кўп. Растарат бўлмайсиз, ҳеч жойга қўл қўймайсиз, энг асосийси, иш бошлаш учун сармоя зарур эмас…

Бу иш билан шуғулланишга қаътий қарор берган Азиз, ҳар бир детални сир-асрорини пухта ўрганиш мақсадида, ипидан игнасигача суриштира бошлади. “Даҳо”лигини умри поёнида англаётган чол ҳам эринмасдан ҳар бир нарсанинг икир-чикиригача айтиб беришдан ташқари, унга фойдали маслаҳатлар ҳам берарди.

Каталак ароқ ҳидидан баттар сасиди.

Соқчилар билиб қолишидан хавфсираётган Баҳром:

– Секинроқ гаплашинглар, соқчи келса, ароқ ичганларингизни билиб қолади! – деди уларга.

– У каллаварамлар ичганимизни қаердан билади? Ўзлари ҳам бўкиб ичиб олганлар-ку! – Баҳромга олақараш қилди ароқ таъсирида тетиклашаётган чол.

– Бемалол гапираверинг! – деди Азиз унга. – Миршаблар ўзимизники, ҳаммасидан хабарлари бор. Чўталини олганларидан сўнгра, қисмасдан иложлари қанча.

Баҳром бирор нарса дейиш ортиқчалигини тушунгач, индамасдан ўтириб уларни тинглашни маъқул деб топди.

– Ҳамиша битта туманда “ишлайсиз”ми ёки бошқа туманларни ҳам айланиб чиқасизми? – қолган жойидан сўровни давом эттирди Азиз.

– Бошқа туманда яшайман, биласиз! – деди ишбилармонлигидан дақиқалар сайин кеккайиб кетаётган чол. – Бугун бу туман ҳибсхонасини тунадимми, тўрт-беш ойгача бу ерларга яқинлашмайман.

– Бўри ов овлаган жойига олти ойгача оёқ босмайди! – деди завқи ошиб бораётган Азиз.

– Ҳа-а, яшанг! – деди чол. – Тушунган одамни қурбони бўлсанг арзийди. Миршабларнинг кўзига тушиб, иш бузилишини ким хоҳлайди? Шаҳарда нечта туман бор? Ҳар олти ойда бир мартадан айланиб чиқсам, бир йилда ўртача йигирма тўрт марта бўлади. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр, деганларидек, ана тижорат, мана тижорат. Шу ўзи етиб ортади, бошқа нарса керак эмас.

– Бу иш билан шуғулланишингизни мендан бошқа биров ҳам биладими?

– Биргина ўғлим билади! – деди чол. – Қаёққа кетаётганимни уйдан чиқаётиб унга айтаман. У тонг саҳарлаб, ақлдан озган отасини қидирган одамга ўхшаб, қидириб келади-да, паспортимни кўрсатиб, мени ҳибсхонадан чиқариб олади.

– Мўлжалингиз тўғри чиқмаган пайтлар ҳам бўладими?

– Учраб туради! Мен кўзлаган ҳибсхона тутқунларга тўлиб-тошса, бошқасига олиб кетиб қоладилар. “Панелний”га[1] ўхшаган нобоб жойга тушсам, тезроқ чиқиш пайида йўлини топиб ўғлимга қўнғироқ қиламан.

– Менинг ўғлим йўқ, ҳаммаси қиз-да! – деди Азиз уф тортиб.

– Ҳечқиси йўқ, куйинманг. Куёвлар орасидан чаққонроғи чиқиб қолар. Ширинкама мазасини бир марта олса, орқангиздан қолмайди! – деркан чол, ўз гапидан ўзи кулди.

– Қизларим турмушга чиқишга ёшлик қилади! – деди Азиз афсусга ўхшаш маъюс товушда.

– Қизлар ўғил болаларга қараганда тез етиладилар. Қамоқдан чиққунингизча улар турмуш қуришга улгурса, омадингиз. Ҳа, айтгандай, бу тижорат билан жидий шуғулланмоқчи бўлсангиз, ҳеч қачон ўзингиз билан паспортингизни кўтариб юрманг. Паспортингиз куёвингизда тургани маъқул. Тошкентлик эканингизни билсалар, кетингизга тепиб чиқариб юборадилар. Унақада на қорнингиз тўяди, на уйингизга ул-бул олишга улгурасиз.

– Миршаблар сизни иккинчи марта кўрганда таниб қолган пайтлар ҳам бўлганми?

– Бугун учради. Шеригига билдирмасдан беш юз сўм қистиргандим, олиб келиб яхши каталакка жойлади! – деди уддабурролигидан хурсанд чол…

 (давоми бор)

[1] “Панелний” – шахси аниқланмаганларни ва дайдиларни ушлаб турадиган вақтинчалик ҳибсхона.