Ҳақиқий иймонга эга зот

Ҳақиқий иймонга эга зот
67 views
19 July 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 65

(давоми)

АЗАЛ ВА ҚОРРА ҚАБИЛАЛАРНИНГ ХИЁНАТЛАРИ

Яна шу йилнинг Сафар ойида Азал ва Қорра араб қабиласидан бир неча кишилар элчи бўлишиб келиб:

— Ё Расулуллоҳ, бизлар бутун қабилаларимиз билан сизга иймон келтирдик, энди бизга олим кишилардин, қорилардин қўшиб берсангиз, алар бизларга бориб динни ўргатсинлар ва Қуръон таълимини берсинлар, — дедилар.

Расулуллоҳ бу хизматга саҳобалардин ўн кишини тайин қилдилар ва уларга топширдиларким, Қурайш кофирларига кўз-қулоқ бўлиб, аларнинг ишларидан хабар келтиргайлар. Буларга ансор саҳобаларидан Осим ибн Собитни раис қилдилар.

Мадинадин чиққан кундан бошлаб, кеч юриб, кундуз киши кўрмас жойларда яширинур эдилар. Шунинг билан юриб-ўтириб, Ражиъ деган жойга етдилар. Бу жой бўлса ўтган воқеадаги Абдуллоҳ ўлдирган Суфённинг қавми Ҳузайл қабиласининг макони эди. Мана шу ерга келгандин сўнгра, дин ўрганмоқчи бўлиб, бу ўн саҳобани олиб келаётган мунофиқларнинг хиёнати зоҳир бўлди.

Шундоқким, «Муҳаммаднинг кишиларини алдов билан бу жойга келтирдик, сизлардин ўлдирилган бир киши ўрнига ўн кишини қўлга туширдик. Энди жонингиз бўлса, тезликда етиб қасос қилгайсиз», деб аларга яширин хабар етказдилар. Бу хабар етиши билан қабила кишиларидан икки юзга яқин аскар орқадин қувиб, буларга етиб келишди. Саҳобалар кўрдиларким, бунчалик қалин аскарга қандоқ қарши тургали бўлур. Дарҳол ўзларини эгиз тоғ устига олишиб, аларни тоққа чиқмоққа қўймадилар. Қўлга туширмакдин ожиз қолгач, душманлар ҳийлага киришиб: «Агар тоғдин тушар бўлсанглар, сизларни ўлдирмагаймиз», деб ўзларига қаттиқ қасам билан ишонтирдилар.

Булардин уч киши раисларига итоат қилмай, ёлғон қасамга алданиб, тоғдан тушишлари баробар, буларнинг қўлларини боғлагани туришди. Бировлари боғлатмасдан қаршилик кўрсатган эдилар, шу  дамдаёқ қилич билан чопиб ташладилар. Қолган икковлариниМаккага элтиб, мусулмонларда ўчи бор Қурайш кофирларига сотиб, ҳар икковлари ҳамдушманлар қўлида шаҳид бўлдилар. Бировлари Ҳабайб ибн Адий деган саҳоба эди. Букишини Маккада Ҳарам ташқарисига чиқариб, дорга осдилар.

Дин йўлида Худо учун дорга осилганларнинг бу уммат ичида энг биринчисидур. Ўлим олдида икки ракат намоз ўқишни мусулмонларга шу киши суннат қилди. Қолганлари ҳам тоғ устида очлик-чанқоқлик билан уришиб юриб, барчалари шаҳид бўлдилар, разияллоҳу анҳум.

Ҳазрати Ҳабайб осилур чоғида дор тагида туриб, ушбу сўзларни айтди:

— Ислом йўлида мусулмонлик билан ўлдирилганлигим учун ўлимдан ҳеч қўрқинчим йўқдур. Қайси ёним билан йиқилсам ҳам, Худо учун йиқилиб ўлурман. Душмандин қўрқиш, аларга эгилиш мендин зоҳир бўлмас. Бу йўлда ўлсам, Аллоҳ олдидан ўрин олгайман.

Шундоқ даҳшатлик бир ҳолда туриб, бундоқ мазмунлик шеър айтиб, душман олдида намоз ўқимоқ бу зотнинг разияллоҳу анҳу, қандоқ ҳақиқий иймонга эга эканлигини кўрсатди.

(давоми бор)