Ичимиздаги улғайишни бутун вужуд-ла, жисмонан ҳис этардик

Ичимиздаги  улғайишни  бутун  вужуд-ла, жисмонан ҳис этардик
31 views
19 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(25)

ПЛЕНУМ

Саксон  олтинчи  йилнинг  кун  тартибига  тарихни  ҳимоя қилиш,  20-йиллар  адабиёти  намояндаларининг  меросини  тиклаш, ўзбек  тилига  эътиборни  кучайтириш  (ҳали давлат тили ҳақида гап йўқ),  Орол  кўлини  қутқариш,  болаларни  меҳнатдан  озод  қилиш, араб алифбосини  мактабларда ўқитиш каби турли-туман масалалар қўйилди.

Бу  масалаларнинг  ҳеч  бири  Ёзувчилар  Уюшмаси савиясидан  юксакроқ  бир  мақомда  муҳокама  қилинмади. Аммо Ўзбекистон  марказқўми  ва  КГБ  тамсилчилари  бизнинг мажлисларимизни  диққат  билан  кузатиб  борар,  «бошга  бало  бу ошкоралик»нинг  яна  қайси  нуқталарга  етиб  бориши  мумкинлигини чамалаб кўришарди.

Биз,  «ёшлар»  деб  аталган  ёки  «жанжалкашлар» деб аталган гуруҳ  1985  йилги  «Политбюрога  мактуб»  давридан  кейин  анча ўзгаргандик.  Қайта  қуришнинг  бир  йили  турғунликнинг  йигирма йилига  тенг  эди.  Ичимиздаги  улғайишни  бутун  вужуд-ла, жисмонан ҳис этардик.

Ёзувчилар Уюшмасидан ҳайдалиш, китоб таъқиқланиши ёки бошқа тазйиқлар, «ёшлар»ни ортиқ қўрқитолмасди. Улар ўн дақиқа эркин  нутқ  қилиш  учун  бир  йил  китобини  бостиролмай  юришга ёки ҳатто Уюшмадан ҳайдалишга ҳам тайёр эдилар. Ёшларнинг бу журъати уларнинг  теварагида бир сассиз ҳурмат чамбарини яратди.

Ёшлардан  ижирғанган,  уларнинг  қилаётгани  тўғри  эканлигини билатуриб, билмасликка олганлар ҳам кўп эди, албатта. 1986  йил  октябр  ойида  Ёзувчилар  уюшмасининг  навбатдаги (ёки фавқулодда, эсимда йўқ) пленуми бўлди. Мажлисга бир қисқа нутқ  тайёрлаган  эдим.  Унинг  русча  ёзилганини  кўриб, дўстларимдан  бирининг  жон-пони чиқди. «Ўзбекча гапириш керак, сиз  ўзингиз  ўзбек  тилининг  обрўсини кўтариш кераклигини тарғиб қилаяпсизу,  яна  русча  гапирмоқчисиз…»  деди.  У  ҳақ  эди.

Унинг фикрини  рад  қилиш  учун  менда  битта  ҳам  аргумент  йўқди.  Бу қисқа  нутқни  йўл-йўлакай  таржима  қилиб,  минбарга  чиққунча тайёрлаб қўяман, деб ўйладим. Ва залга кириб, эртароқ жойлашиш учун  фоеда  турган  одамларни  оралаб,  юқори  қаватга  кўтарила бошладим.  Кўтарилар  экан,  ёнимда  сервиқор  халқ  ёзувчилари кўксида  орденларини  шалдиратиб  кетаётган  ветеранлар, Марказқўмнинг  сип-силлиқ  инструкторлари,  КГБнинг  қиёфасиз агентлари,  маддоҳ  журналистлар, хуллас, мен ардоқлаган ғояларга ким  бефарқ  бўлса,  ҳаммаси  мен  билан  мажлис  залига,  учинчи қаватга  кўтарилар  эди.  Мен  нутқимни  ўз  дўстларимга  ўқимоқчи эмасдим.  Улар  менинг  нима  дейишим  мумкинлигини  билишарди, уларга менинг деяжакларим доим маълум бўлган. Мен тайёрлаган бу  қисқа  нутқ  менинг  ёнимда  ҳарсиллаб,  инқиллаб  юқорига кўтарилаётган мансаб ва мукофотдан бошқа ҳеч нарса, хўжайинига хушомад,  қўл  остидаги  маъмурга  ҳақоратдан  бошқа  ҳеч  нарса билмайдиган  бу  зотларга  ўқилиши  керак  эди.  Мен  булар  билан юқорига  кўтарилар  эканман,  ғазабим  ҳам  секин-аста  кўтарилиб борарди:  булар  айнан  рус  тилида  тушунадилар,  булар  фақат  рус тилига  топинадилар,  булар  фақат  русча  нутқни  жиддий  қабул қилишади,  буларнинг  мияларига  фақат  русча  сўзларни  санчиш мумкин, дердим ўз-ўзимни қиздириб.

Muhammad_Salih_fotomajmua_30Залга кириб, ўриндиққа ўтирганда нутқимни  русча  ўқишга қарор  қилгандим.  Бу  воқеа  менинг  ҳаётимдаги  биринчи сиёсий тактика эди. Буни ўша пайтда англамаган эдим, энди  таҳлил қилаяпман.

Зотан,  нутқнинг  аввалданоқ  русча  ёзилишида  ўша  тактика – ғояни  кичик  давра  эмас,  кенгроқ  омма  ўртаcида  ёйиш,  у  билан, керак бўлса, баҳсга киришиш тактикаси ётарди. Бу хусусият ортиқ шоирнинг  хусусияти  эмас  эди.  Шоир  ҳеч  қачон  оломонга тушунарли  бўлиш  учун ўз идеалларини вақтинча бўлса ҳам, четга суриб  қўяолмас  эди.  Айниқса,  у  юқорида  тасвирланган  манфий энергия  маскани  бўлган  оломон  учун  ўз  тилида  гапиришдан  асло воз кечмаган бўларди. Воз кечса, у шоир бўлмасди.

1986 йил менинг шоирлигим шундай тугаган эди. Саксон олтидан кейин ҳам бир неча шеърий сатрлар ёзилди, аммо улар сиёсий шеърлар эди:

Афсун

«Йўқолсин зулм!», дедик,
Зулм дарров йўқолди.
«Яшасин ҳуррият»,  дедик
Ҳуррият яшади.
«Йўқолсин бойлар!», дедик
Йўқолди бойлар.
«Яшасин йўқсиллар!»,  дедик
Яшаяпти йўқсиллар.
1987 («Орзу фуқароси»,  1990)

Нутқим етти  дақиқа  давом  этди  ва  зал  етти  дақиқа  чурқ этмади.  Мен  нотиқ  эмасдим,  аммо  ўзим  ёзган  матнни қандай ўқишни билардим. Менинг танқидим тўғридан-тўғри Пленум ҳайъатида  ўтирганларга, Марказқўмга, унинг лаганбардорларига қарши қаратилганди.  Нутқ  20-йиллар  адабиётининг  намояндалари ва уларнинг душманлари ҳақида эди. Душманлар Пленум ҳайъатида ўтирган  бўлсалар  ҳам  чурқ  этишмади.  Улар ўз кучига шу қадар ишонгандилар. Лекин  мен  бундан инжилмадим. Мажлис тугаб,  ташқарига  чиқар  эканмиз, танқидчи Озод Шарофиддинов қўлтиғимдан олиб,  «ҳали «групповщина»ни  қандай  ибора  билан атагандингиз, жуда ҳам оригинал эди», дея кулди.

Бу ўша кунги чиқишимга билдирилган ягона «легал» муносабат эди. 1986 йилда бу ҳам оз саналмасди.

(давоми бор)