«Оилани планлаштириш»

«Оилани планлаштириш»
25 views
21 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(27)

1987 йил. «ОИЛАНИ ПЛАНЛАШТИРИШ»

Ҳали қайта қуришгача, Россия стратеглари 2010-йилга бориб, Совет Иттифоқида кичик миллатлар нуфузи буюк рус миллати нуфузидан ошиб кетади, бунинг тадбирини эртароқ олиш керак, дея бошлагандилар. Бу фикр юксак лавозимли раҳбарлар ва илмий марказлар доирасидан четга чиқмаган бўлса ҳам, доим парда орқасида муҳокама қилинаётган эди. Совет раҳбарлари тузумга раҳна солиши мумкин бўлган фактор ўлароқ бошда мамлакатдаги демографик мувозанатнинг бузилишини кўрардилар. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий факторлар у қадар аҳамиятли саналмасди.

Қайта қуриш бошқа жабҳаларда бўлгани каби, Москванинг демографик сиёсати устига ёпилган пардани ҳам олиб ташлади. Руслар бу ҳақда тортинмай гапира бошлашди. 1987 йил бошларида «Известия» газетаси бир кичик суҳбат эълон қилди. Суҳбатда илк бор ўзбек оилаларида туғилишни камайтириш ҳақида фикр билдирилди. Шу баҳона билан Ўзбекистонда болалар ўлими жуда кўпайгани ҳақида ҳам қистириб ўтилди.

Бу хабар аслида Ўзбекистонда «оилани планлаштириш кампаняси» амалда бошлангандан сўнг чиққанди. Жамоатчиликни уйғотмаслик учун, кампания тўғридан-тўғри давлат директивлари билан юритила бошлаганди. Шаҳар ва район марказлари туғриқхоналарида аллақачон амалий иш олиб борилаётган эди.

Матбуот бу кампания ҳақида хабар қилиб, баҳс-мунозара бошланганида, Россиядан юзлаб ҳамширалар Турксиб йўлларига термулиб «нон шаҳри Тошкент»га кетиш учун ҳозирланаётгандилар. Бу гўзал ҳамширалар ўзбек дугоналарига туғишнинг нақадар зарарлигини ўргатиш вазифаси билан келаётган эдилар. Улар рус демографик сиёсатининг аскарлари эдилар.

Уларнинг қанчаси етиб келди ва қанчаси келолмади, билмайман, фақат шу маълумки, агар ўзбек зиёлилари Совет давлатининг бу сиёсатига очиқ қарши чиқмаса эди, бизнинг оила қурилишимиз ўша пайтда олган зарар, эҳтимол, янада каттароқ бўларди. Чунки, туғилишни қисқартириш фақат туғриқхонадагина бошланиб, ўша ерда тамом бўладиган масала эмасди. Бу фақат тиббий ва ҳатто фақат демографик масала ҳам эмасди. Бу бир миллатнинг оилага, фарзандга анъанавий муносабати масаласи, бу бир миллий зеҳният ва нияҳот, бу бир диний масала эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_32Ўзбек, оиласида фарзанд туғиларкан, уни қандай боқамиз, деб ўйламайди. Ҳеч ким «бу ортиқча оғиз», демайди, чунки, ҳамма Оллоҳнинг бу оғиз учун яратган ризқи ҳам борлигини билади. (Бугун Ўзбекистонда одамлар очдан ўлаётган бўлса, ўз фарзандини «ортиқча оғиз», деб қўшниларига бераётган бўлса, бунинг туғилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу одамлар ношуд давлат арбоблари юритган кўр сиёсат қурбонларидир).

Қизиғи шунда-ки, ўша демография масаласи муҳокама қилинаркан, рус тилида чиқадиган бутун газеталар кампаниянинг нақадар тўғри тадбир эканлиги, бечора ўзбек хотинини бола каби оғир юкдан қутқариш нақадар олийжаноб иш эканини куйиб пишиб, илҳом билан ёзабошладилар. Насабсиз журналистлар ҳар тарафга чопиб «суҳбатлар» уюштирар, фалон вилоят, фалон қишлоқлик бир аёл «бола боқиш қийин иш», деди, дея репортажлар тўқирдилар.

Бу материалларнинг баъзиларини ўзбек газеталари (тепадан келган буйруққа биноан) таржима қилиб, ўз саҳифаларида босарди. Аммо ўз ташаббуси билан бирорта ўзбек газетасининг бу хусусда мақола уюштирганини эслай олмайман. Аслида, «оилани планлаштириш» дунё учун – Хитой ва Ҳиндистон каби супернуфузли ўлкаларни истисно қилсак, долзарб ва ҳассос мавзу эмас. Бу масала биз ўзбеклар учун ҳам ҳассос эмасди. Агар буни ўзимиз муҳокама қилсак, ўзимиз тортишсак, демография мавзуси биз учун ниҳоятда нормал мавзу эди. Бу – Россия тарафидан буюрилгани учун мавзу биз учун дарров ҳассослашди. Ва бу мутлақо табиий эди.

(давоми бор)