Кетди қўлдан ихтиёр

Кетди қўлдан ихтиёр
138 views
22 July 2016 - 6:00

hivar1МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Бу на гўзал таваллодир

Юзим ёр юзига тушса, тилда алҳамдулиллодир,
Агар қаҳрина учрасам, ўқирман қулҳуаллодир.

Бу даргоҳи турур қурбат, эрур Ул ҳодийи ваҳдат,
Муҳаббатнинг мақоминда анинг ўз васпи ловлодир.

Фалаклар нардибонидир, замин соясига муҳтож,
Икки наълайни Аршнинг калласида тожу аълодир.

Агар мискин, агар бир бой, топармикин сенсиз ҳеч рой,
Ёмондир айрилиқ, эҳ вой, араб лафзида валайлодир.

Жаврингдан жудоларга, кўйингда жон фидоларга,
Сени истар гадоларга заковат ҳуснида авлодир.

Эрурман бир гуноҳкоринг, ҳамиша ошиқу зоринг,
Юзин кўрмасам ул ёрнинг, қачон кўнглим тасаллодир.

Фироғий, неча вақт ўлди, хабар топмасман ул ёрдан,
Ёнарман оташи-ишққа, бу не тархос-таваллодир.

*****

Суймишам сени

Ё ҳабиб, Ҳақ Расулисан,
Чин жондан суймишам сени,
Дарвешлар қадр кечасин
Суйгандек суймишам сени.

Айлабон сайру сайронни,
Гашт этсам кулли Эронни,
Мисли Иброҳим Сорани
Суйгандек суймишам сени.

Яқуб юрт этди Канонни,
Ўғлидир Миср султони,
Мисли Юсуф Зулайхони
Суйгандек суймишам сени.

Ёлғончини тутди оти,
Улардир ишқнинг бунёди,
Мажнун Лайли паризодни
Суйгандек суймишам сени.

Қидириб тоғу дарани,
Топмаган бири-бирини,
Ошиқ Фарҳод Ширинини
Суйгандек суймишам сени.

Эгди мени дунё моли,
Бўлмади ишқим камоли,
Сайфулмалик Моҳжамолни
Суйгандек суймишам сени.

Босди муҳаббат нишони,
Гашт айлади тўрт кошонни,
Яманда Варқо Гулшанни
Суйгандек суймишам сени.

Кетди қўлдан ихтиёри,
Қолмади сабру қарори,
Ошиқ Наврўз Гулфархорни
Суйгандек суймишам сени.

Бир кун йўлиқдилар Хизра,
Турдилар ниёз, назира,
Бир-бирини Вомиқ, Узро
Суйгандек суймишам сени.

Кездилар Румнинг тузини,
Бердилар Ҳақнинг назрини,
Кўкларда Моҳлар Осмонни
Суйгандек суймишам сени.

Тутмади улар дунёни,
Қолмади ёру ёрони,
Мисли ул Тоҳир Зуҳрони
Суйгандек суймишам сени.

Бу дунё хушлабди кимни,
Хуш тутинг беш кунлик дамни,
Ошиқ Ғариб Шоҳсанамни
Суйгандек суймишам сени.

Махдумқули, дунё фони(й),
Ўтипдир, Рустамлар қани?
Ой, қуёш, замин, осмонни
Суйгандек суймишам сени.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди