Чинакам бир фожеа

Чинакам бир фожеа
47 views
22 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(28)

ШЕЪРИЯТ ЗИРҲИ

Саксон олти ва саксон еттинчи йил мен учун адабиёт ва шеър иккинчи планга чекинди. Узун йиллар давомида шеърият, бизнинг авлод учун миллий ўзликни ҳимоя қилиш воситаси бўлди.

Шеърларда ифода қилинган ғоялар у ёқда турсин, фақат ўзбек тилида ёзишнинг ўзигина ўша «ўзлик»ка хизмат эди. Чунки, бошқа тилда ёзиш «имкони» ҳам бор эди. Бошқа тилда ёзиш таҳликаси бор эди. Бошқа тилда ёзиш жозибали эди, бошқа тилда ёзиш «Умумиттифоқ ўқувчисига олиб чиқади» ва ҳакозо. Ҳар ҳолда, бошқа тилда ёзишни руслар бизга жуда тарғиб қилишарди. Чунки, бу «бошқа тил» уларнинг тили эди.

Чингиз Айтматов, Олжас Сулаймонов, Фозил Искандар каби талантли ёзувчилар рус тилида ёзмаганларида «ўз адабиётларини» дунё миқёсига олиб чиқолмасдилар, дейишарди адабиётшунослар. Ўзбекистонда ҳам бу йўлдан кетишга ишқибозлар топилди. Аммо уларда на Чингизнинг на-да, Олжаснинг истеъдоди бор эди. Улар ўз она тилини билмасди, аммо ўз она тилини билмаслик бошқа тилни билиш деган гап эмасди. Улардан бири русча роман ёзиш орзусида бир русча ёзадиган ёзувчи хотинга уйланган ҳам эди. Боёқиш хотин, эрининг номидан бир-икки китоб чиқарди, аммо ундан ҳеч ёзувчи чиқоролмади. Ва эри уни уч талоқ қилди.

70-йиллар охири ва 80-йилларнинг бошларида, турк жумҳуриятларида руслаштириш сиёсати бир жонланиб олганди. Хусусан, бизнинг йўлбошчимиз Шароф Рашидов рус тилини «иккинчи она тили» эълон қилиб, уни ҳаётга кўпроқ тадбиқ қилиш учун қарорлар қабул қилганди. Биз «ёш авлод» бундан қаттиқ ранжигандик. Рашидовни жуда ёмон кўриб қолгандик.

Бир куни бир дўстим билан шоир Абдулла Ориповнинг уйига борганимизни эслайман. Унинг иш столи устидаги Рашидов портретини кўриб, ҳайратландик. Орипов «бу одам жуда улуғ одам, сизлар билмайсизлар», деди. Биз шоирдан бу «хоиннинг» портретини олиб ташлашни сўрадик. Шоир яна «сизлар билмайсизлар», деди. Биз хафа бўлиб, чиқиб кетгандик шунда. Рашидовни ҳозирги «мустақил подшоҳлар» билан қиёслар экан, шоир Ориповнинг «сизлар билмайсизлар», деган гапи эсимга тушади. Бошимизга Рашидовдан бешбаттари келиши мумкинлигини гапирганди гўё шоир.

Рус тили Рашидовнинг қарорисиз ҳам кирадиган жойига кириб бўлган эди. Биз бирор яхши китоб ўқимоқчи бўлсак, уни фақат русча ўқишимиз мумкин эди. Дунё хабарларини кўрмоқчи бўлсак, телевизорнинг фақат Москва каналини кўриш лозим эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_33Ўзбек зиёлиси, ўз тили ва маданияти ҳақида ўйлайдиган ўзбек зиёлиси ўз ватанининг пойтахти Тошкентда ўзини худди бегона юртдаги бир шаҳарда каби ҳис этарди. Бу чинакам бир фожеа эди. Буни ҳис қилган одамгина, унинг фожеа эканини англарди. Акс ҳолда, сиздан кулишарди, сизни маҳдудликда, биқиқликда айблашарди.

Бу аччиқ туйғуни тахминан шундай тасвирлаш мумкин эди:

Ўзга тилда бераман мен ўз саломимни,
Ўзга тилда нонуштага қилишар таклиф.
Бу шаҳарнинг кўчасида кўр каби мени
Ўзга тилнинг уч-тўрт сўзи юрар етаклаб.
Ўзга тилда кўрсатарлар менга юлдузни,
Ўзга тилда уйғотурлар мени саҳарда.
Ўз тилимни эмас, ўша уч-тўртта сўзни
Унутмоқдан қўрқаман бу улкан шаҳарда.
Ватан эса менинг тушим,
Ватан – тушимдир,
Ўз тилимда гаплашаман фақат тушимда
1981 («Олис табассум сояси», 1986)

Ўша пайтлари мендан «санъат турлари ичида энг миллийси қайси бири?», деб сўрасалар эди, мен ҳеч иккиланмай «шеър» деб жавоб берган бўлардим. Чунки, руслаштиришнинг энг интенсив даврида мени ва тенгдошларимни маданий ассимляциядан шеър санъати қутқарди.

Мақолани, насрни (роман, ҳикоя) бошқа тилда ёзиш мумкин, аммо шеърни бошқа тилда ёзиш, тўғрироғи, бошқа тилни ўрганиб, бу тилда шеър ёзиш деярли мумкин эмас. Менга дарров Олжас Сулаймоновни мисол келтиришлари мумкин, аммо рус тили Олжас учун бошқа тил эмас, балки, ягона тилдир. У рус тили етиштирган шоир, рус маданияти етиштирган мутафаккир. Шу маънода Олжас қозоқ адабиётининг эмас, қозоқларнинг фахри.

Шеър инсон қалбининг маҳсулоти, инсон ақлининг эмас. Балки шу хусусияти билан у ташқи (жисмоний) таъсирлардан ҳимоялангандир. Шеърнинг бу хусисияти биз учун маданий ассимиляцияга қарши бир зирҳ вазифасини ўтаганди, демоқчиман. Қайта қуришнинг иккинчи йилида мен бу зирҳни бир чеккага қўйиб, мақолалар ёза бошладим. Ортиқ ассимиляция таҳликаси ўрнини ундан абадул-абад қутулиш умиди олган эди. Илгарилари шеър ёзмасам, бир неча ой шеър ёзмай қўйсам, дарров виждон қийналарди. Худди шеър ёзиш бу дунёдаги асосий вазифадай. Худди шеър ёзмасам, инсоният бундан зарар кўрадигандай. Энди вазият ўзгарганди. Энди бу виждон кутилмаганда бошқа нарсалар учун қийнала бошлади.

Яқинларда бир озодлик нафаси кезарди. Биз йиллардир шивирлашиб гаплашган гапларимизни очиқ айтиш имкони пайдо бўлганди. Йиллардир бизнинг тушимизга кириб, безовта қилган эрк шундоқ ёнимизда, кўчада юрарди. Бундай бир пайтда шеър ёзиб ўтириш учун жуда ҳам босиқ, жуда мулоҳазали ва жуда ҳам шоир бўлиш керак эди. Мен на униси на буниси эдим ва кўчага отилдим. У ерда ҳаракат бор эди.

(давоми бор)