Вазият чигаллашса-чигаллашади, яхши тарафга ўзгариш ясамайди

Вазият чигаллашса-чигаллашади, яхши тарафга ўзгариш ясамайди
252 views
23 July 2016 - 7:00

squareЭргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(22)

Собиқ Ички ишлар вазири – президент Каримовнинг кўз очиб кўрган биринчи бош жаллоди Зокиржон Алиматовнинг тагига сув қуйган Андижон фожеалари, баъзи бир журналистлар ва сиёсий шарҳловчилар айтмоқчи, унчалик ҳам сирли ва енг ичида битирилган оламшумул бир иш эмас. Бу жойда муғамбирлик ҳам, фавқулотда режалаштирилган пишиқ-пухта тактика-страдегия ҳам йўқ.

Аммо, Каримовнинг мудҳишликлар ва тубанликлар содир этгани чин ҳақиқат.

Унинг қуролсиз ва ўзига сидқи-дилдан ишониб яхши ниятлар билан майдонга йиғилган аҳолини қирғин-баротга тутганини, ваҳшийликлар содир этиб, узил-кесил ўз келажагини бой берганини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди.

Бу барчаси унинг лаёқатсизлиги ва давлатчилик асосоларини билмаслиги орқасидан келиб чиққан муаммолар, холос.

Унинг инсон зотига нафратини, меҳр-муҳаббат туйғусидан мосуволигини кучлилик ёхуд қувлик деб тушунмаслик керак. Билимсизлиги ва кучсиз бир шахс эканлиги, уни президентлик курсисини ноқонуний ва ноинсоний усуллар билан ушлаб туриш учун жиноятлар қилишга ундаётган экан, барчасини қўл қовуштириб томоша қилаётган биз кабиларнинг ҳам бу жойда айбимиз етарли. Мустақилликнинг юзидаги қора ниқобни юлиб, парда ортидаги Каримовнинг қўтир башарасини омма кўзи олдида фош қилган ўзбекнинг бу фожеаси, унинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ экани ҳам асосли бир далил. Бу нарса кимнинг кимлигини, баробарида Каримовнинг олчоқ ва қўрқоқ бир одам эканлигини очиб ташлади. Андижон фожеаси унинг қўлидан йўлбошчилик келмаслигини, унга ишониб бир қадам ҳам босиб бўлмаслиги тугул, ҳеч қачон этакдаги тошни тўкиб ташлаш – бўшашиш мумкин эмаслигини исботлади. Шунинг учун ҳам воқеаларни мураккаблаштиришнинг, сирлилигини кучайтириш учун турли-туман ёлғонларни ва чўпчакларни бичиб-тикишнинг ҳожати йўқ. Бир сўз билан айтганда, Каримов ҳар доимгидек вазиятнинг қули бўлди. У оқимда оқа туриб, ўзини эплай олмагани сабабидан ўзи билан оқаётганларни ҳам, қирғоқдагиларни ҳам сувга чўктираётган бир одам эканлигини оддий одамларга ҳам билдириб қўйди.

У Андижон фожеаси сабаб, мустақиллик пайдо қилган чигалликлар ечимини тополмасдан ўша кунгача минг бир хаёлга бориб юрган бўлса-да, пировардида вазият тақазоси билан пайдо бўлган Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаётнинг мураккаб талабларини бош қотирмасдан бартараф этиш учун сўқирларча жумбоққа бош уриб, муаммо юзага уриб чиқарган оқим таъсирида тескари қарор қабул қилгач, эпсизлигини намойиш қила туриб, яна бир самарасиз юришни ниҳоясига етказди. Халқнинг хоҳиш иродаси у учун шахмат ўйинидай бир гап бўлгани учун имкони туғилиши билан қўлига тушган тошни сурди-ю, рақибининг шоҳини мушти билан уриб шахмат тахтасидан улоқтириб ташлади. Ақл ишламаган жойда у ўзини мушти билан ҳимоялаши мумкинлигини намойиш этди. Шу билан қонун-қоидалар у учун ишлаб чиқилмаганини, халқнинг ҳоҳиш-иродасини назар-писанд этмаслигини узул-кесил ошкор эди.

У учун муаммо саналган аксар ишлар, халқ учун муаммо ечими эканлигини ҳисобга олсак, низога унинг тахтни сақлаб қолиш иддаоси туртки берганини ҳам яхши тушунамиз.

Халқнинг мамлакатда адолатни қарор топтириш ва иш ўринларини яратиш каби ҳақли талаби у учун муаммо бўлган бўлса, унинг халққа бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида эркини, ҳақ-ҳуқуларини беришни хоҳламагани – икки томоннинг тўқнашувига туртки бўлди. Тўғрироғи, Каримов шундай бўлишини хоҳлагани учун ҳам хавфсизлик кучларининг саъй-ҳаракати билан ур-йиқитлар суъний равишда, зўрма-зўраки пайдо қилинди. Бундай бўлиши мумкинлигини, бошларига кўтариб юрган бир кимсалари ўзларини беаёв ўқ ёмғирларига рўпара қилишини одамлар етти ухлаб тушларида ҳам тахмин этмаган эдилар.

    У ҳеч қачон ташаббус кўтариб, жон-дилидан суядиган ўроқ ва болға тасвири туширилган қизил байроқни Кремлнинг пештоқидан ўз-ўзича илиб, майдонга омма орасидан отилиб чиқмайди. Бу унинг яхши-ёмон барча ташаббуслар душмани эканлигини, ислоҳатларга ҳеч қачон йўл очиб бермаслигини ва асносида ёв қочса, мард кўпаяди, деганлари сингари баъзида таваккалчиликларга қўл уришининг ҳам ўзгалар ҳисобидан эканлигини кўрсатади.

У ҳар доим бошида, ён-атрофидаги одамларнинг феъли-атворига қўрқа-писа, зимдан разм солади, кейин ким нима деяпти, яхшилаб эшитиб кўради. Сўнгра, кўпчиликка ёқаётган жозибалироқ бир фикрни дарров одамлар орасидан ўзлаштириб, ўзиники қилиб оладида, отни қамчилашга тушади. Ҳар сафар қизғин бир кайфиятда бошланган сафарбарлик, охирида ҳар сафар ланж бир ҳолатда якунига етади. Аммо, вазият чигаллашса-чигаллашади, яхши тарафга ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди. У бутун умр тегирмонга қўшилган кўзи боғлиқ эшак сингари бир жойда доира ясаб, айланаверади-айланаверади.

Шунинг учун ҳам у на ўзига, на бировга яхшилик қила олади.

У ўзининг кўлмакдаги тилло балиқча каби бир жонзодлигини жуда хира англайди. Баъзида, барчасини тушида рўй бераяпди, деб ўйлайди. Бир кунмас бир кун ўзининг акулага, кўлмакнинг денгизга айланишига бўлган пуч ишончигина уни аросатлар ичра ушлаб туради холос.

 (давоми бор)