Маувна воқеаси

Маувна воқеаси
122 views
23 July 2016 - 6:30

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 66

(давоми)

МАУВНА ВОҚЕАСИ

Дағи (яна) шу йилнинг Сафар ойида бани Омир қабиласининг раисларидан Абу Омир деган киши элчи бўлиб, Мадинага келди. Расулуллоҳ уни динга даъват қилдилар. Иймон келтирмаса ҳам яқинлашиб айтдиким:

— Эй Муҳаммад, мен бу динни тўғри топдим, шарофатлик яхши дин, деб ўйлайман. Лекин менинг қавмим Наждда қолдилар. Агар Нажд қавмига бир неча уламо кишиларингдан юборур эрсанг, аларни шу динга даъват қилсалар, қабул қилгайлар, деб умид қилурман, — деди. Анда Расулуллоҳ:

— Нажд халқига ишончим йўқдур, юборилган кишиларга ёмон қасд қилгайлар деб қўрқаман, — дедилар. Анда Абу Омир:

— Андоқ эрса бу борадурган кишиларни ўз омонимга олурман, ҳеч кимдан аларга зиён-заҳмат етказмаслик учун ваъда берурман, — деди.

Расулуллоҳ бунинг сўзига ишонганликдан Мунзир Ибн Амр деган кишини бошчи қилиб, саҳоба қориларидан етмиш кишини қўшиб юбордилар. Булар неча кунлаб йўл юришиб, Маувна деган қудуққа етишди. Мана шу жойга келганларида, маслаҳат билан халқни динга даъват қилиш мазмунида бир хат ёзишдилар. Бу хатни саҳобалардин Ибн Милҳон деган киши юқорига Абу Омирнинг жияни Омир деган кишига келтириб топширди. Бу эса қабила раисларининг бириси эди. Келтирган хатни ўқиб кўрмай туриб, хат келтирган ибн Милҳон устига ҳужум қилиб, ани шаҳид қилди. Қолган саҳобаларни ҳам йўқ қилмоққа ўз қабиласини чақирган эди, амакиси Абу Омир буларни ўз омонатига олиб, Расулуллоҳга ваъда бериб чиққанини аларга билдирди.

Қабиласи буни онглагач: «Биз Абу Омирнинг ваъдасини буза олмаймиз», деб унинг чақириғига юрмадилар. Ночор бўлиб, бир неча бошқа қабилаларни ташвиқ қилиб, улар устига ҳужум бошлади. Душмандан сақлашга ваъда бериб олиб чиққан Абу Омир буларни ҳимоя қилишдан ожиз қолди. Шунинг билан кўпчилик душманлар тўрт тарафдин ўраб, етмиш саҳобани орага олди. Булар ҳам уруша-уруша, охири барчалари шаҳид бўлдилар.

Булардин икки киши ўлимдан омон қолди. Бириси Каъб ибн Зайд ўликлар ичида ётиб, кейин тирилди. Буни душманлар ўлди деб ўйлашган эди.

Иккинчиси, Амр ибн Умайя, бу киши бўлса, ҳеч ишдин хабари йўқ, аскарнинг от-улоқларини ўтлоқда боқиб юрган чоғда шу воқеа бўлмиш эди. Сўнгра бу мусибатдин хабар топиб, бўлган фожиани Расулуллоҳга етказди.

Бундин бир кун илгари ҳазрати Жаброил ҳам шу ҳақда ваҳий келтирган эди. Бу мусибатни онглагач, Расулуллоҳ қаттиқ қайғурдилар. Душманлар қўлида ваҳшиёна ўлдирилган аҳбобларни эскариб, бек ачиндилар.

Илгари-кейин Расулуллоҳ буларга ачингандек ҳеч кимга ачинмаган эдилар», деб Анас ривоят қилмишдур. Чунки бу саҳобалар уруш учун эмас, балки Нажд халқига Расулуллоҳнинг даъватларини етказиш учун элчи қаторида юборилган эдилар. Араб одатича, элчиларни ўлдириш бу ёқда турсин, аларни меҳмон ўрнида кўришиб, ҳурмат қилишур эди ва ўз раисларидан бўлган Абу Омир уларни зиён-заҳматдин сақламоқчи бўлиб, Расулуллоҳга ваъда берган эди. Ваъдасига вафо қила олмаганлиги учун у киши ҳам қаттиқ қайғуриб, шу сабабдин ўзи ҳам вафот топди. Чунки Расулуллоҳ: «Мен буларни иймон келтурмаган қабила ичига юборишни яхши кўрмаган эдим. Бу иш эрса қўрқинчли эди. Бу фожианинг бўлишига Абу Омир сабабчи бўлди», дедилар.

Араб раисларига бундоқ ишлар ўз одатларича ўлимдан ҳам қаттиқроқ кўринур эди. Мана шунинг учун бу ишнинг ор-номусига чидай олмасдин хафалиги ошиб, ажалига сабаб бўлди. Бундин олдинроқ ўтган Ражиъ воқеаси, бу айтилаётган Маувна фожиаси ҳар икки мусибат хабарини Расулуллоҳ бир кунда эшитдилар. Бу икки воқеада шаҳодат топган саҳобалар сони саксонга етган эди. Уҳуд урушида ўтган ишлар эскирмай туриб, унинг устига бу мусибатларнинг бўлиши мусулмонларга қаттиқ таъсир қилди. Шу адабсизликни қилган уч қабиладан Расулуллоҳ қаттиқ ранжидилар. Қирқ кунгачалик, бомдод намозининг иккинчи ракатида рукудин ёниб (қайтиб) сажда олдида Қунут дуосини ўқиб, шаҳидларни дуо қилдилар. Шофеъй мазҳабида бомдод намозида Қунут дуосин ўқиш шундин қолди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга шу мазмунда ваҳий келтирдиким, бу шаҳидлар эса раҳмат нурига чўмдилар. Аллоҳ булардин рози бўлди. Булар Аллоҳдин розидурлар.

Имом Зарқоний раҳматуллоҳи алайҳи айтибдур:

— Бу хиёнатни қилгувчи учта қабила: Раъл, Заквон, Асбатага безгак вабоси пайдо бўлиб, хиёнатларидан сўнгра кўп ўтмай етти юз киши ҳалок бўлди. Шу мусибатга бошчилик қилган қабила раисига иймон насиб бўлмай, кофирлик ҳолда ўлди. Шуни билмак керакким, бундай мусибатлар ўтган пайғамбарларга ҳам кўп бўлгандир. Аммо бизнинг Пайғамбаримизга ҳаммадин ҳам кўп бўлгандир. Шунинг учун Расулуллоҳ айтдилар:

«Ашаддуноси балоан ал-анбиёу сумма авлиёу суммал лазийна ялувнаҳум суммал амсалу фал амсал», яъни:

«Бу дунёда балонинг қаттиқроғи пайғамбарларга бўлур, кейин авлиёларга, кейин булардин тубанроқ даражалик кишиларга, энг охири мўминга, каттага каттароқ, кичикка кичикроқ, ҳар кимга ўз даражасига қараб, дунё мусибатларидан етиб турадур».

Шу учунким, алар бу мусибатларга сабр қилиб, улуғ ажр топгайлар. Бунинг оқибати улар учун яхшилик бўлгай. Лекин шундай ишларнинг аниқ сирини Аллоҳдин ўзга ҳеч ким била олмас. Анинг неъматларига шукр қилиб, меҳнатларига сабр қилмоқдин ўзга банданинг чораси йўқдур.

(давоми бор)