Аёл ўзбек бўлганда…

Аёл ўзбек бўлганда…
23 views
24 July 2016 - 7:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (14-қисм)

Ўнинчи боб

Учинчи каталакдаги тутқунлар сони тонг отгунча беш кишига етди. Улар бошлари остига бақлашка қўйиб ухлаётган эдилар. Итдек чарчаган Баҳромга исқирт пол тўшакдан ҳам юмшоқ туюлди. У кўзларини юмиб, хаёллар оғушига шўнғиганда, шоир Шавкат Раҳмоннинг – “Каллакланган тутлар биродарларим” деб ёзган шеърий мисраларини эслаб, талабалик йилларини қўмсади, юраги ҳаприқа бошлади. Мўъжаз бир шеърда шоир мудраётган миллатни силкитишга, ўзича уйғотмоққа уринган эди. Шеърда куйланишича, “тутни каллаклаб, ипак қуртига берадилар. Яшил баргларни еган қурт, охир-оқибат, ипак ўрайди. Ипакдан турли матолар тўқийдилар. Матолардан минг хил либослар тикиб киядилар… Гўзалликни бунёд этганлар каллакланган тутлар мисоли меҳнатлари самарасидан бебаҳра қолаверадилар… Бойликларга куч сарфламасдан эга бўлганлар эса асосларга ижирғаниб боқадилар… Босқинчи ва мустабидлар тегирмонига сув қуяётган маҳаллий мансабпараст ва миллатфурушлар ҳар баҳорда болта кўтариб, тутлар тепасига келаверадилар… Тағин, япроқ ёзиб яшнаётган тутлар, ҳеч нима бўлмагандек, қўр тўкиб тураверадилар, тураверадилар… Мустабид тузум ҳар гал уларни шафқатсизларча каллаклайверади, каллаклайверади…” Овоз: “Мен тут дарахти – туркман… Бошқа дарахтларга ўхшамайман… Минг бор каллакланглар, минг бор бўғизимга тиғ тортинглар, қайта ва қайта унавераман, унавераман… Илдизим, минг йиллар қаърига кетган. Сизлар хоҳласангиз-хоҳламасангиз, мен яшайман, яшнайман. Йиқиламан, туртинаман, депсинаман, бироқ ўлмайман, ҳеч бир замонда орқага чекинмайман. Яратганнинг иродаси шундай”, деяётгандек эди. Афсус, уни ажал ҳаётдан эрта олиб кетди. Шоир Мустақилликнинг шармандали башарасини тўлиқ кўриб улгурмади. У тирик бўлганида тутлардан ҳам жони қаттиқ бўлган бақлашкалар ҳақида ёзармиди? Бу кунгача етиб келганда уни зиндонларга отармидилар, икки оёқли итларга талатармидилар…

Баҳромнинг хаёллари чуваланаркан, бир-бирларига тиқилиб ётган тутқунларга син солди. Бошлар остидаги сувга тўлдирилган бақлашкаларга боқиб, дунёда ўзбек учун улар ўрнини босадиган бошқа бир буюм бўлмаса керак, деб ўйлади. Пахта даласида жавлон ураётган ҳар бир ўзбек белида сувга тўлдирилган бақлашка… Бозорда мой сотадиган ҳар бир ўзбекнинг дастёри бақлашка… Олисларга отланган ўзбек тижоратчисининг йўлдоши бақлашка… Саноқни тонг отгунча давом эттирганда ҳам, охирига етиб бўлмасди. Бақлашка – эрга хотиндан, хотинга эрдан яқин бўлиб қолганди. Рўзғорда эркаксиз ёхуд аёлсиз кун ўтказса бўларди, бақлашкаларсиз кун ўтказиш мушкул эди. Бир марта ишлатишга мўлжалланган бақлашкалар юз марта, минг марта ишлатиларди. Бақлашкаларга ўзбекни меҳри ортгани сайин, бақлашкалар ўзбекни кўрса кўнгли озадиган бўлиб қолганди…

Мустақиллик йилларининг турмуш тарзи бақлашкалар фаолиятига ўхшаб кетарди. Фуқаролар, бақлашкалар мисоли, бутун ер юзига сочилиб кетдилар. Улар дунёда неча турли иш бўлса, бақлашкалар каби барчасини бажараверадилар. Йиқилмагунларича, ўлмагунларича тинимлари йўқ. Иш танламайдилар, овқат танламайдилар, ётоқ танламайдилар… Ёки бақлашкани ўзбекларга ўхшатса ҳам бўларди. Ўзбекнинг бақлашкадан минг-минг йиллар олдин яралганини ҳисобга олсак, уларнинг кўз илғамас қариндош эканликларига амин бўламиз. Тузум бу ришталарни йигирма йилдан буён мустаҳкамлашга уринади. Унинг саъй-ҳаракатлари бекорга кетаётгани йўқ, албатта. Самарали меҳнат натижалари ўз ҳосилини бериб, қариндошлик туйғулари гуллаб яшнамоқда. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деганларидек, тузум қилаётган ишидан ўзида йўқ мамнун…

Бўлар-бўлмас хаёлларга берилиб, киприги энди илинган Баҳром бақир-чақирдан уйғониб кетди. Учинчи каталак эшиги орқасида бир рус аёли қомусий ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётган соқчидан унинг қонунларни билиш-билмаслигини суриштираётганди. Аёл шунчалар ишонч билан гапирардики, шижоатига тасанно айтмаслик инсофсизлик бўларди. Тенг ҳуқуқли фуқаро эканлигини рўкач қилаётган аёл, ундан нимага асосан ўзини бу жойга олиб келганларига изоҳ беришларини, сабаб бўлмаса, чиқариб юборишларини ёхуд адвокатини чақиришга имконият беришларини талаб қилганида, соқчи унинг орқасига бор кучи билан тепди.

Шунда тепадан тушиб ёрилган қовуннинг “пўт” этган бўғиқ товушига ўхшаш бир товуш чиқди.

– Ифлослар, одамхўрлар! – дея аёл соқчига ҳамла қилгач, нималар рўй бераётгани бирпас номаълум қолди.

Бир пайт, “их”, “их-х” деб, икки томонни олишаётгани эшитилдию, орқасидан эркак кишининг “вой” деган ноласи қулоққа чалинди. Аёл устун келаётганди, чоғи, соқчининг:

– Қўйвор, қўйвор! Ўлдириб қўясан, жаллаб! – деган биғиллаган товуши ўчиб қолди.

Тутқунлар бу пайт ўринларидан туриб, эшикка ёпишиб олгандилар. Орқада қолган Баҳром ҳеч нимани кўрмаётган бўлса-да, чиқаётган товушларга қараб вазиятни англашга уринарди.

Бир замон кекирдагини аёл чангалидан чиқариб олган соқчи:

– Ёрдам… ёрдам беринглар! – дея бўри оғзидан қочган эчки сингари чинқира бошлади.

– Ифлос қанжиқ, ҳолинг шу экан! – дея аёл унинг башарасига тарсаки тортарди.

Ёрдамга келган миршаблар кела-сола аёлга ёпишдилар. “Тарс”, “тарс” этган товушларга аёлни зорланганлари кўмилиб, сўнгра бариси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Баҳромнинг кўз олдидан шолтўқмоқнинг суврати ўтиб, бир вақтлардаги намойишларда еган калтаклари ёдига тушди. Гўё ўзи калтакланаётгандек, елкалари зирқиради. Кўз олди қоронғилашиб, қулоқлари том битгандек, ҳеч нимани эшитмай қолди. Қурғурнинг заҳри жуда аччиқ-да. Зарбадан нафас ичга тушганда, ўпка кекирдакка тиқилиб, ичак-чавоқ оқиб тушгандай бўлади. Бу нималигини шолтўқмоқ еб кўрган кимса яхши билади.

Шолтўқмоқ таъмини тотган аёлнинг ҳам нафаси ичига тушди, шекилли, товуши чиқмай қолди. Аламини босолмаган миршаблар унинг юмшоқ жойларига тепишга тутиндилар. Шунда унинг “мама”, “мамочка” деган синиққан ноласи эшитилди. Бу овоз аввалги мағрур ва жасур аёлнинг овозига сира ўхшамасди. Бу овоз таҳқирланган, номус-ори, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган хаста бир кимсанинг зорланиши эди. Буни эшитиб жунбушга келган Баҳромнинг ичини ночорликка ўхшаш бир нима емира бошлади. Қулоқларига қуйилаётган оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратлар борлиғига ёпишиб, шуурини қора булут қоплади. Аёлнинг мағлубияти унинг юрагига  узилган ўқ эди…

“Қонунларни менсимаган” тажовузкор аёл устидан баённома тузилди. Тутқунлар орасидан уч-тўрт гувоҳ топилиб, аёлнинг “айтишга тил бормайдиган ваҳшийликлари” оқизмай-томизмай баённомага илова қилинди. Баённомага  биринчи бўлиб ҳиқиллаб йиғлаётган аёлнинг ўзи имзо чекди. Баҳром:

– Жинними бу аёл! Нима учун ўзига-ўзи гўр қазияпти? – деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

– Унинг бошқа иложи ҳам йўқ-да! – деди эшик тирқишидан даҳлизга бўйлаётган Азиз.

– Имзо чекмаса, нима қилишади? – деди тутқунлар орасидан кимдир.

– Нима қилишади? – деди Азиз. – Ҳеч нима ҳам қилишмайди. У имзо чекмаган тақдирда ҳам, гувоҳлар берган кўрсатма билан энди уни қамашади. Юзлари тимдаланган миршабни бошлиқлар бош бўлиб экспертизадан ўтказадилар. Аёл қонунга бўйсунишдан бош товлади. Тузумга қарши исён кўтарди…

– Пул билан тўғриласа бўлмайдими?

– Аёл ўзбек бўлганда, тўғриласа бўларди! – деди Азиз. – Ўрислардан пул олиш хавфли. У энди қамалиб чиққанидан кейин ҳам миршаблар устидан ёзади.

– Гувоҳлар кўрсатмаларини қайтариб олсалар-чи?

– Жонлари нечта? Ўзлари миршаблар одами бўла туриб, шу ишни қиладиларми?

– Мабодо қайтариб олсалар-чи?

– Эски жиноятлари очилиб, ўзлари қамалиб кетадилар! – дея Азиз норози оҳангда ғудранди. – Илиниб қолган жойлари бор буларнинг. Қамалмаслик учун ҳам шунақа ишларга ёлланади.

Шу пайт даҳлизда:

– Ғийбатчи хотинларга ўхшаб нималарни пичирлашаяпсанлар? Қисиб ўтира олмайсанларми? – деган овоз янгради.

Бу каталаклар бўйлаб юрган подполковникнинг овози эди. Остига бақлашка қўйиб ўтирган чол бу товушни эшитиб, бўш қўли кафтини оғзига босди. У бу пайтда ўзини олиб кетишга келган ўғлини кутиб, иккинчи қўли билан овқат тугилган тугунни ушлаб турарди.

   Кўп ўтмасдан соқчи уни чиқирди. Чол эшикдан чиқаётиб Азиз билан қучоқлашиб хайрлашаркан:

– Қутулиб чиқишингизни албатта кутаман. Кун келади, бирга иш қиламиз, меҳрибон укажоним! – деди унга.

– Саккиз йил кўз юмиб-очгунча ўтиб кетади. Ғам еманг…

 (давоми бор)