Ташқарига саёҳат

Ташқарига саёҳат
107 views
24 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(30)

1988 йил. ТАШҚАРИГА САЁҲАТ

80-йилларда бошланган миллий ҳаракатнинг энг пассив бўлгаси пойтахт Тошкент эди. Бунинг икки сабаби бор эди: биринчиси, дунёдаги бутун катта шаҳарлардаги каби, Тошкент аҳолиси ҳам моддиятчи ва космополит қавм эди. Улар бирорта мафкура учун моддий манфаатни таҳликага қўйишни ҳеч истамасдилар.

Иккинчиси, Тошкент нуфузининг деярли ярмини «рус тилида гаплашадиганлар» ташкил қиларди ва улар ҳеч қандай сиёсий фаоллик тарафдори эмасдилар. Аксинча, улар бунга қарши эдилар. Ерли халқнинг сиёсий фаоллиги уларнинг заволи бўлишидан қўрқишарди.

Миллий ҳаракат ўз кучини провинсия (вилоятлар)дан олди. Вилоятлардаги аҳоли хабарлашма воситаларининг заифлигига қарамай, пойтахт ва дунёдаги воқеаларни изчиллик билан кузатиб борарди. Айниқса, Фарғона водийсидаги вилоятларнинг сиёсий фаоллиги фавқулодда юксак эди. Бу фаоллик секин-аста бошқа вилоятларга ҳам ёйила борди. Масалан, Ўзбекистоннинг нисбатан пассив саналган жанубий минтақаси Қашқадарё ва Сурхондарё, ғарбий минтақаси Бухоро ва Хоразм 80-йиллар охирига келиб умум сиёсий жараёнга шундай кирди-ки, мустақиллик эълон қилинганидан кейин бошланган қатоғонда демократик ҳаракатнинг ҳаётий томирлари бўлиб қолди.

Чунки, у пайтлари Водийдаги кучларимиз тўла тор-мор этилганди. Ўрта минтақа – Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ҳам пойтахт Тошкентга нисбатан анча динамик бўлган эди. Лекин бизнинг ишимиз Тошкент билан эди. Тошкент пойтахт эди. Бизнинг ғояларимиз вилоятларда қанча олқишланмасин, биз уларнинг Тошкентда тан олинишини истардик. Тошкент тан олиши учун эса, у биздан қўрқиши керак эди. Ғояларнинг тўғри-нотўғрилигидан ҳам кўпроқ, Тошкент бизнинг орқамизда бир куч кўрсагина, бизга ён босиши мумкин эди.

Бизни учрашувларда, мажлисларда ва ёки бошқа жамоат марказларида юзлаб одамлар қўллаб-қувватлаётганини кўриб турар эдик. Аммо бу тарқоқ ва мажҳул қувватни бир шаклга сололмагандик. Биз худди артист, одамлар эса томошабинлар каби, томошадан сўнг ҳар ким уй-уйига кириб кетаверарди. Йилдиримни тутиб, электрга айлантириш лозим эди. Халқни ташкилотлантириш пайти келганди. Аммо биз умримизда ташкилот қурмаган шоир-ёзувчилар узоқ вақт, 88-йилнинг ўртасигача гарангсиб юрдик.

1988 йил май ойида мен Ёзувчилар Уюшмасига котиб сайландим. «Сайландим» деганим рост, чунки, ҳеч ким мени тайинламади. Эски замонлардаги каби менинг номзодим аввал Марказқўмда, кейин Ёзувчилар Секретариатида кўрилмади. Қайта қуриш замони бўлгани учун сайлов бўлди ва мен сайландим. Коммунист бўлмасам ҳам.

Muhammad_Salih_fotomajmua_37Котиблик менга жуда катта имконият берди. Ўша боя изоҳлаганим сиёсий фаолликка йўналиш бериш имкониятини туғдирди. Июл ойида Болтиқбўйи жумҳуриятларидан бирида… қандайдир сиёсий ҳаракат тузилаётганмиш, деган хабар келди. Мен Болтиқбўйини яхши билардим, у ерда дўстларим кўп эди. Янглишмасам, уларнинг ташкилотланиш тажрибасини ўрганиш учун ёзувчи Зоҳир Аълам бориб келганди.

Дарвоқе, қурилиши керак бўлган ҳаракатнинг биринчи «лойиҳаси»ни Зоҳир Аълам билан келган Фахриддин исмли бир талаба таклиф қилганди. Менимча, номи «Эътиқод» ёки шунга ўхшаш сиёсий маъно ташимаган бир ном эди. Мен бу номнинг жуда кулгули эканини айтдим. Аслида, бирор сиёсий платформа билан ўртага чиқиш учун ҳаммамиз ҳам бир нави «талаба» эдик.

Ҳаракатга исм бериш шарафи менга насиб бўлди. Уни «Бирлик» деб атайдиган бўлдик. Бу ном билан 10-йилларнинг иккинчи ярмида бизнинг Туркистон миллиятчилари (татар ва бошқирдлар билан) бир сиёсий ташкилотни тузишганди, аммо у халқ ҳаракатига айланолмаганди. Мен «Бирлик» номининг тарихдан мерос эканиин дўстларга айтмадим. «Бизни пантуркистлар деб аташади-ку», деб ўйлаб, ҳаракатга киришдан андиша қилмасликлари учун айтмадим.

Ҳаракатнинг дастур лойиҳасини қораларкан, иложи борича лўнда тезислар билан белгиланган бир чорчўп ясашга ҳаракат қилдим. Дастур тезисларини ҳам иложи борича «туманли»роқ, иложи борича умумийроқ ва иложи борича сиёсатдан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларнинг ифодаси шаклида қоғозга туширдим. Бу гўё ҳар эҳтимолга қарши олган «тадбир»имиз эди.

Хуллас, мен қоралаган илк матн жуда ибтидоий эди, лекин бу ўша саксон саккизинчи йилнинг июл ойи учун нормал эди. Ташкилот тузиш ғоясини бармоқ билан санарли кишилар биларди ва уларнинг ҳеч бири ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаганди. Уларнинг ичида «энг шуғулланмагани» деб мен ўзимни ҳисоблардим. Аммо 1985 йилдаги Политбюрога мактубдан тортиб, ундан кейинги кечган 3 йил давомида ёзилган бутун мақолалар мени мен ўйлаган шоирлик «чизиғидан» анчагина ташқарига чиқариб қўйганлигини ҳали ўзим ҳам сезмасдим.

Бу ташқари – сиёсатнинг яланғоч майдони эди.

(давоми бор)