«Бирлик» ташкилотининг таъсиси

«Бирлик» ташкилотининг таъсиси
160 views
27 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(33)

«БИРЛИК» ТАШКИЛОТИНИНГ ТАЪСИСИ

Ниҳоят,  ноябр  ойининг  ўн  биринчи  куни  биз,  бир  гуруҳ ёзувчи  ва  олим,  режалаганимиз  ташкилотни  таъсис  этиш  учун қўшиқчи  шоир  Дадахон  Ҳасаннинг  уйида  тўпландик.

Янглишмасам, 15-17 тача киши бор эди. Қисқа  муҳокамадан  кейин  «Бирлик»  номи  остида Ўзбекистоннинг  маънавий  ва  моддий  қадриятларини  асраш ҳаракати  таъсис  этилди,  деб  қарор  қилдик.  Менга  ҳаракатни бошқариш  таклиф  этилди,  мен  рад  қилдим.  Ҳаракат  ҳайъатида бўлиш  мен  учун  етарли,  Ёзувчилар  Уюшмаси  котиблиги  юки ҳам бор,  лекин  ҳаракатни  бирга  юритаверамиз,  дедим.  Академик Тошмуҳаммедов  ҳам  раҳбарликни  истамади.  Шунда  фан  доктори Абдураҳим  Пўлатов  бошқарсин  қурултойгача,  деди  кимдир.

Кўпчилик  «бу  одамни  яхши  танимаймиз»,  деган  баҳонада  қарши чиқди.  Мен  Пўлатов  номзодини  қўлладим  ва  қарши  чиққан дўстлардан унга овоз беришни илтимос қилдим.

Илтимос  қилдим-у,  уни  ўзим  ҳам  унча  яхши  танимасдим. Уни  илмий  институтларда  олимлар билан ўтказган суҳбатларимда бир-икки  марта  кўриб,  эсимда  қолганди.  Эсимда  қолганди,  чунки кўп  савол  берарди.  кейин  уни,  янглишмасам,  Д.  Ҳасаннинг  уйига шоир  Рауф  Парфи  ва  Бегжон  Тошмуҳаммедов  олиб  келишганди. Мен бу одамларга ишонардим.

Бундан  ташқари,  биз,  ёзувчилар,  ташкилотни  тузиб,  оёққа қўйиб,  уни  бизга  кўра  прагматик,  закий  олимларга  топшириш керак, деган қатъий фикрда эдим. Қолаверса, Пўлатов, кибирнетика олими,  ўзи  ҳақида  жуда  чаққон  ва  ишчан  бир  киши  таасуротини қолдирарди. Шундай бир одам биз илтимос қилган нарсани дарров қабул  қилганига  хурсанд  ҳам  эдим.  Ҳар  ҳолда,  ҳаракатнинг қурултойга  қадар  ташкилий  ишларини юритишига ҳеч шубҳам йўқ эди.  Баъзи  радикал  ошналар  аввал  ҳаракатга  умуман  коммунист олмаслик  керак,  деган  фикрни  олға  суришганди.  Ёзувчиларнинг кўпчилиги  бу  фикрни  қўллади.  Аммо  Таъсис  мажлисида дўстлардан  бири  «бу  Пўлатов  илмий  институтнинг  парткоми бўлган,  қандай  ишлайди  биз  билан»,  деб  шипшиганда  унга: «коммунистларни  ҳаракатга  олмайдиган  бўлсак,  ҳаракатни тузайлик  деб  юрган  Зоҳир  Аъламни  ҳам,  Дадахон  Ҳасанни  ҳам олмаслик  керак  эди.  Бизга  кейинроқ  қўшилган  Бегжон Тошмуҳаммад ҳам коммунист-ку», дедим.

Muhammad_Salih_fotomajmua_40Хуллас,  Пўлатов  Қурултойгача  янги  ташкилотнинг  таъсис қўмитасига бошлиқ бўлиб сайланди. Бу воқеадан кейин Ёзувчилар Уюшмаси  янада гавжумлашди. Ёзувчи Мамадали Маҳмуд ва мен Котиблигимизни  суистеъмол  қилиб,  янги  ҳаракатимиз  учун Уюшманинг  биринчи  қаватидан  бир  хона  ажратиб  олишга муваффақ бўлдик. Бир-икки стол, тўрт-бешта шалоғи чиққан курси, бир  эски  машинка  –  ташкилотнинг  бор-йўқ  мулки  эди,  аммо  хона доим ғиж-ғиж одамга тўла бўларди.

Айни  пайтда,  давлатнинг  энг  махфий органи КГБ ходимлари ҳам  Уюшмага  очиқ  келиб-кета  бошлашди.  Улар  воқеалар ривожини  диққат-ла  кузатишарди.  Улар  «Бирлик»  ҳали  ўша кичкина  хонадан  чиқмаган  бир  пайтда,  ҳали  кўпмингли митинглар бошланмасдан  туриб,  ўз  айғоқчиларини  ҳаракат  ичига  тиқиб улгургандилар.  Эҳтимол,  ўша  кичик  хонадаги  «ғиж-ғиж» оломоннинг  учдан  бири  ўша  айғоқчилардан  иборат  эди.  Бу  кейин маълум  бўлди.  Лекин  ташкилотланиш  жараёни  бу  андиша  билан тўхташи  мумкин  эмас  эди.  Халқ  ташкилотланишни  истарди,  бу истак қаршисига ўша пайтда ҳеч ким, ҳатто КГБ ҳам чиқолмасди.

КГБ  бу  ҳаракатни  ичидан  емириши  мумкин  эди,  уни заифлаштириши  мумкин эди. Бунинг  усулларини  КГБ биларди…

(давоми бор)