Нима, сен Амриқода яшаяпсанми?

Нима, сен Амриқода яшаяпсанми?
37 views
27 July 2016 - 8:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (15-қисм)

Ўн биринчи боб

 10 май. Эрталаб икки қўриқчи Баҳромни тергов хонасига олиб чиқди. Эълон этилган айбловга кўра уни бугун терговчи прокурорга олиб бориши керак. Қамоққа олишга рухсатни шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев ўтган йилнинг 9 июнида берган эса-да, у қўлга тушгач, рухсатнома янгиланиши лозим эди. Ёзилмаган қонунларга кўра шаҳар прокурорини туман прокурори қўллаб-қувватлашга мажбур. Унинг қарорини чипакка чиқариш  жорий ҳукуматга уруш эълон қилиш билан баробар…

Адвокат ўндан ўтганда келди. Бу пайт терговчи ҳужжатларни тайёрлаш билан банд эди.

– Шамшод ака, келдингизми? – дея Баҳром ўрнидан сапчиб турди.

Тепасида пойлоқчилик қилиб турган қўриқчи:

– Ўтиринг, сизга туриш мумкин эмас! – дея елкасидан босганда, у муносабатини бузишни истамади.

– Майли, майли! – дея қайтиб ўтирди.

У ҳаққини талашиб, қўриқчи билан тескари бўлса, бор имкониятидан ҳам маҳрум бўларди. Уни омбурдай сиқиб чегаралаб қўйиш қўриқчининг қўлидан келарди, лекин юмшоқ муомала уни ийдирди. Тутқун панжасидаги пулни илиб олди-да, уни адвокат билан ёлғиз қолдириш учун даҳлизга чиқди.

– Мелисни кўрдингизми?

Баҳромнинг адвокатга берган биринчи саволи шу бўлди.

– Телефонда гаплашдик,  кўриша олмадик! – деди у. – Мелис барчаси назорат остида деяпти.

– Қанақа назорат остида? Қамалиб кетяпман-ку!

Баҳром ўзини идора қилолмай бақириб юборди.

Шовқинни эшитган қўриқчи хонага чопиб кирди.

– Сийратжон, хавотир олманг, ҳаммаси жойида! – деди қўллари қалтираётган адвокат унга.

– Бошимга бало ёғдирмасанглар гўрга эди! – дея у орқасига қайрилиб хонадан чиқди.

– Шамшод ака! – деди Баҳром ўзини босиб олиб. – Қоидага кўра барчасини сиздан талаб қилишга тўла ҳаққим бор. Бош терговчи билан ишни пишитдим деганингизда, сўралган маблағни қўлингизга тутқазганман. Тийин-тийинигача қурутдек санаб олгансиз. Мелисни номини ҳимоя воситаси сифатида ишлатиб, йўқ қалқон орқасига беркинишга уринманг. Мелисдан нима учун сиз билан учраштириб, оғримаган бошимга сақич ёпиштирганини сўрамоқчиман, холос. Пулни сизни қўлингиз билан олгунча, мард бўлиб, ўз қўли билан олса бўлмасмиди? Унда ортиқ даъвойим йўқ. Сиз ваъда берганингиздек, етмиш икки соат ичида мени бу ердан олиб чиқиб кетишингизга тўғри келади. Бунинг учун прокурорга бориб менинг айбсизлигимни исбот қилишингиз лозим. Осон йўли – мен билан Сожида Нозирни юзлаштириш. У менга пул берганини исботлаб берсин. Исботлаб беролмаса, қонунга биноан прокурор мени айбсиз деб эълон қилсин.

– Баҳромжон! – деди адвокат чайналиб. Унинг ароқ ичавериб бужмайган юзида нур қолмаган, нуқул сувдан чиқиб қолган балиқдай оғзини каппа-каппа очар, қуруқшаб оқарган тили оғзига сиғмасди. – Сиз қайси жамиятда яшаяпсиз? Шаҳар прокурори рухсатномасини туман прокурори бекор қила оладими? Минг айбингиз йўқ бўлсин, сизни туман прокурори очиқда қолдирса, ишдан кетади-ку.

– Менга деса ўлмайдими! – деди жаҳли чиққан Баҳром. – Менинг тақдирим уларни қизиқтирмагандан сўнгра, нима учун уларнинг тақдири мени қизиқтириши керак? Қонунлар ишламаслигини билганим учун ҳам сизга ўн беш минг доллар пул берганман. Яъни, ўз номи билан айбсизлигимни исботлаб, адолатни қарор топтиришингиз учун пора беришга мажбур бўлганман. Бу исқирт жойларда бир кун ҳам ётгим йўқ. Масъулиятни зиммангизга олдингизми, энди бажаринг. Қўлингиздан келмас экан, вақтида айтишингиз керак эди. Мен ҳам шунга қараб иш тутардим. Ниятингиз чалғитиш бўлган бўлса, жуда катта хато қилган бўласиз. Акси бўлса, ваъдангизни устидан чиқинг!

Баҳромнинг қайта ва қайта берган пулини рўкач қилаётганидан хавотирга тушган адвокатнинг икки кўзи қонга тўлиб, қизариб кетди. У бир кал бошини қашласа, бир икки чоти орасини кафти билан эзиб-эзиб қўярди. Найранги амалга ошмагач, у ўз-ўзидан боши берк кўчага кириб қолаётганди.

 Терговчининг хонага кириб келиши адвокатни ноқулай вазиятдан қутқарди.

Унинг прокурорга тақдим этиладиган ҳужжатларни ўқиб кўрмасдан, имзо қўйиши Баҳромнинг жонини баттар ҳалқумига келтирди. У буни сабабини прокурор ўринбосари олдига кириб-чиққач англади.

Беш маҳбусни қўриқчилар йўлчи машинага ортдилар. Улар орасида Азиз ҳам бор эди. Машина ичи икки бўлинмадан иборат бўлиб, барчаси сидирға темирдан ясалганди. Ҳамма ёқ берк, бўлинма эшиклари панжара билан тўсилганди. Бўлинмалар билан ҳайдовчи кабинаси оралиғида қўриқчилар учун жой бўлиб, ён томонида бир кишига мўлжалланган каталакча жойлашганди. Бу ўрин аёллар, юқори лавозимли кимсалар ва хавфсизлик ташкилотлари ходимларига мўлжалланганди. Бўлинма торлигидан темир скамейкада ўтирган одам тиззалари тўсиққа тиркалиб турар, тор жойда томоша деганларидек, ичкари ҳаддан зиёд иссиқ бўлганлиги боис нафас олиш учун ҳаво етишмасди. Эшик ёпилгач, ичкари хиралашиб, кабина томондан сизиб кираётган бир тутам нурдан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолди. Шифтдаги коса оғзидек келадиган тешикни ҳисобга олмаганда, бошқа жойдан ичкарига тоза ҳаво кирмасди. Бошқарма билан прокуратура биноси ораси беш юз қадам масофа бўлса ҳам, ўтган беш дақиқада ҳавога тўймаган тутқунлар ғишт терга ботдилар. Офтобда қизиган темир дўзах мўрисидек дам қайтариб, жаҳаннам оловини пуркаётганди. Машина прокуратура ҳовлисида тўхтаб, эшик очилганда, ташқаридан танни яйратадиган сергин ҳаво уриб кирди.

Бошқа тутқунларнинг терговчилари етиб келган эсалар-да, Баҳромнинг терговчисидан дарак йўқ эди. Кутавериб тоқатлари тоқ бўлган терговчилар вақтида етиб келмаган Ниғматни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан орқаваротдан сўкавериб чарчадилар шекилли, бирпас ўтмай ўз ишлари билан овора бўлиб кетдилар.

Қўриқчилар тутқунларни иккинчи қаватдаги долонга олиб чиққандилар. Уларни деворга ўгириб қўйиб, бир-бирлари билан сўзлашувни қатъиян маън этдилар.

 Ниғмат келавермагач, кишанларни ечиб, тутқунларни бир-бир прокурор ўринбосари ҳузурига олиб киришдан ўзга чора қолмади. Прокурор йўқлиги боис уларни ўринбосар қабул қилаётган эди.

Тўртинчи тутқун ўринбосар ҳузурига киришга чоғланаётганда Ниғмат етиб келди. Адвокатдан эса ҳамон дарак йўқ эди.  Аслида бошқа тутқунларнинг адвокатлари ҳам ўз мижозларини ҳимоя этиш учун прокуратурага келмаган эдилар. Ўринбосар ҳузурига кирган тўртинчи тутқун бошқалар сингари бир дақиқа ҳам ўтмасдан терговчиси билан қайтиб чиққач, Ниғмат ичкарига кириб кетди.

Шунда Баҳромнинг қўлидаги кишанни ечган қўриқчи:

– Саволларга эҳтиёт бўлиб жавоб қайтаринг. Сўрамаса, ўзингизча гапирманг! – деди. – Бу инсон прокурордан ҳам қатъиятли. Ортиқча гапириб қўйсангиз, болохонадор қилиб сўкиб юримасин тағин. Жаҳли ёмон. Нима деса “хўп бўлади” деб индамасангиз, ютасиз.

– Тушундим, раҳмат! – деди Баҳром қўриқчининг ялтоқланиши жиғига тегаётган бўлса ҳам ўзини миннатдор кўрсатиб.

Аммо у айбсизлигини ҳозир исботлай олмаса, бунақа имконият иккинчи бор туғилмаслигини яхши биларди. Шунинг учун қўриқчининг ўгити қулоғини бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқиб кетди.

Адвокатнинг келмагани унга жуда кўп нарсани англатарди.

У эшикдан кирганда жиноий иш билан танишаётган ўринбосар бошини кўтармасдан:

– Сожида Нозирдан алдов йўли билан ўн икки минг АҚШ долларни олганингга иқрормисан? – деди.

– Олмаган нарсамга нима учун иқрор бўлишим керак?

Бошини кўтарган ўринбосар итникига ўхшаш чақир кўзлари билан тутқуннинг кимлигини уқишга уринди. Саркашлик билан қайтарилган жавоб уни ажаблантиргани офтоб кўрмаган, ачиб кетган хамирдай кўпчиган юзидан сезилиб турарди. Тутқуннинг кескин жавобини ҳазм қилолмаётган терговчи ўзини ўринбосар кўзида гуноҳкор кўрсатиш учун нигоҳини ерга қадади. Бу ҳолат сўзсиз узр сўрашнинг энг қулай усули эди.

– Терговчи ёлғон маълумот беряптими, бўлмаса?

– Албатта! – деди Баҳром юрагини тўкиб солиш вақти етганини англаб. – У даъвогар билан мени юзлаштирмаса, пул берганини қандай исботлайди? Даъвогар иккаламизни учраштиришларини тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида сиздан талаб қиламан. Терговчининг хатти-ҳаракатлари қонунга зидлигини ўзингиз кўриб турипсиз.

“Сен”сираётган ёрдамчи айбланувчи ўзини бемалол тутиб, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаётганлигини кўриб, уни “сиз”лашга ўтди.

– Сиз қонун ҳимоячиларига ишонмайсизми?

– Ишонмайман! Барча ишлар бошида мана шуларнинг ўзлари турипти. Ҳатто президентга ҳам аниқ исбот-далиллар билан икки марта уларни кирдикорлари ҳақида хат ёзганман.

– Эртага гумондорнинг айбини бўйнига қўйиб келасиз! – деди ўринбосар тутқун айтаётган сўзлардан ғазаби қайнаётган бўлса ҳам, аламини ичига ютиб, терговчига еб қўйгудек ўқраяр экан.

 Унинг иззат нафсига теккан  бу ноодатий суҳбат терговчини ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйганди. Бундай бўлишини кутмаган терговчи тагини ҳўллаган боладай қизариб кетди.

  Баҳром ўринбосар ҳузуридан чиққанидан кейин ҳам тутқунлар ортилган йўлчи машина прокуратура ҳовлисида йигирма дақиқадан кўпроқ туриб қолди.

У машинага чиқиши билан шифт тешигидан сигарет тутунини пуфлаётган Азиз унга сўз қотди:

 – Қамоққа олишга рухсат тегдими?

– Йўқ! – деди Баҳром.

– Нима учун? – деди Азиз сигарет қолдиғини тешикдан улоқтириб.

– Билмайман!

– Э, ҳали ҳам тутқун экансиз-да! – деди у ўзини хурсанд кўрсатишга уриниб. – Тўрталамиз маҳбуслик мақомига мушарраф бўлдик. Ўринбосар жаноблари даражамизни бир поғона кўтардилар. Барча замонларга мос шоирнинг “Дориломон кунлар келди, ёноқларинг ол, Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор,” деган шеърида айтилган қўшиғидек, пешонамиз шўри бор экан, бахтимиз гул-гул бўлиб очилди. Советлар замонида қадрланган бу қўшиқ мустақиллик йиллари ҳам авжи камолида куйланяпти. Мустақиллик бир кун барбод бўлиб, ўрнига бошқа тузум келса ҳам бу қўшиқ минбарлардан тушмайди. Чунки у буқаламун услубида ёзилган ‒ ҳамма замонга мослашиб кетаверади. Унинг худди товусдек турланиб-эврилиб туриши сабаби шоирнинг замонасозлигидан бўлса керак.

Бу билан нима демоқчилигини ўзи ҳам билмаётган Азиз ўз гапидан нашъа қилиб хохолаб кулди. Аммо, бу гаплар унга тегишли эмаслиги, кимнингдир сўзларини тўтидай қайтараётгани билиниб турарди.

– Нима гап, маймун ўйнаяптими сенларга? – деди шунда машина эшигидан ичкарига мўралаган қўриқчи. – Шовқин солманглар. Қурбонов қовун тушириб қўйипти-ку. Ўринбосар жаҳли чиққанидан ҳозир Мадраҳимовни тўнқайтириб, иккита тешигини битта қиляпти. Ажриқ тишлаган Мадраҳимов омон-эсон қутулса, Қурбоновни ясайди.

Терговчининг ноқулай аҳволга тушганидан йўлчи миршаб хушнуд кўринарди.

– Қурбонов, тинчликми? – деди Баҳромга боқиб Азиз.

Ушланиб қолганлари сабабини англаган Баҳром ўзини овсарликка солиб:

– Билмасам! – дея елка қисди. Ўз дарди ўзига етиб ортаётгани учун ҳам у бировга ҳисоб беришни истамасди. Шу боис гапни чалғитмоқчи бўлиб: – Тутқун билан маҳбуснинг бири-биридан нима фарқи бор? – деди томдан тараша тушгандек.

Ёши олтмишларга етиб қолган маҳбус:

– Катта фарқи бор! – деди гапга аралашиб. – Тутқун гумонланиб қўлга олинган одам. Унинг айби бор-йўқлигини исботлаш керак. Маҳбус жинояти тасдиқланиб, терговда ушлаб турилган шахс. Жиноятлари суд жараёнида исботини топса, ҳақ-ҳуқуқлари кескин чегараланган маҳбус маҳкумга айланади. Ҳукм ўқилгач, маҳкумлар тергов ҳибсхонасидан жазони ўташ муассасаларига тарқатиладилар.

Шундай дея у кўйлаги юқорисидаги учта тугмасини ечиб қўйди. Аёллар терисидай жунсиз, буриш кўкрагида ажи-бужи бўлиб чаплашган расмлар нақшланганди. Бу билан у атрофдагиларга бир неча марта қамалиб-чиққанини пеш қилмоқчи бўлди.

Баҳром:

– Нима учун ҳеч кимнинг адвокати ўз мижозининг ҳимояси учун пракуратурага келмаганига ақлим етмаяти? – деди, атай гап узулишини истамагани учун.

– Нима, сен Амриқода яшаяпсанми? – деди кўкраги нақшли маҳбус лабини бир томонини қийшайтириб куларкан.  – Бизда адвокатнинг кимга кераги бор? Унинг турган-битгани даҳмаза бўлса. Охирги чақаларингни ҳам чўнтагингдан қоқиб бермоқчимисан? Унинг фойдасидан кўра кўпроқ зарари тегади. Сирларингни бошида терговчига пуллайди, охирида камчиликларингни судя билан баҳам кўради. Ошиб-тошиб ётган пулинг бўлса, адвокат ёлласанг, бошқа гап. У орқангдан ул-бул олиб киришга, яқинларингга хат-хабар чиқаришга ярайди, холос. Уддабуронроғи учраб қолса, терговчи билан келишиб, айблов хулосасини енгилроқ қилиши, судянинг тилини топса, умр бўйи йиққанларингни қўлига тутқазиб, ўн йиллик қамоқ жазосини беш йилга қисқартириши ҳам мумкин. Каттароқ пул ташласанг, йўриғини топиб, бу жойлардан чиқартиришга қурби етадиганлари ҳам учрайди. Адвокат – терговчи, прокурор ва судянинг халқ орасидаги ишончли вакили. Икки ўртада олди-бердидан бошқасига ярамайди. Ақлли одамлар адвокатсиз, керакли тугмачани босиб, муаммоларини ими-жимида ҳал этиб кетаверадилар. Бир сўз билан айтганда, у ҳам битта текинхўр!

– Адвокатсиз прокурор қамоққа олиш рухсатномасига қандай имзо қўяди? Бу қонунларга зид бўлиб қолмайдими? – дея тағин сўради  Баҳром ўзини тушунмаганга олиб.

– Адвокатлар бошқармадаёқ ҳужжатларга қўл қўйиб бўлганлар! – дея нақшли маҳбус мийиғида ўхшовсиз куларкан, эскирган темир тишлари хунук кўриниб кетди. – Қолаверса, прокурор қамашга рухсат бераётган жараёнда, қонунда “адвокат иштирок этади” деган модданинг ўзи йўқ. Мижозини ҳимоя қилмоқчи бўлган адвокат билан прокурор умуман гаплашмаслиги ҳам мумкин. Хоҳламаса, уни хонасидан ҳайдаб чиқаради.

– Қандай қилиб?

– Шундай қилиб. Хавфсизлик ташкилотларига фуқароларни эзиш учун қанча ваколат керак бўлса, барчаси норасмий равишда бериб қўйилган. Битта терговчининг ўзида учта-тўртта навбатчи адвокати бўлади. Адвокатларга яхши яшашга имконият жоиз бўлса, терговчининг топшириғи билан иш кўради. Қонун чизган чизиқдан чиқмайман, дея, ўзбилармонлик қилмоқчи бўлса, ишсиз қолади. Прокурор билан судя олдида унинг пашшача ҳам қадри йўқ. Улар талаб этган ҳужжатга имзо чекиш адвокатнинг бошига бахт қуши қўнгандек бир гап. Одамлар ейишга нон, кийишга кийим тополмаётган бир замонда қўлларидан бошқа иш келмайдиган адвокатлар учун бу чакана иш эмас.

– Адвокат прокуратурага келиб ўз мижозини қаттиқ туриб ҳимоя қилса-чи?

– Бундай қилган адвокат, авваламбор, мижозига кафан бичади. Сўнгра ўз ризқ-насибасига ўзи болта уради!

 Бу гаплардан сўнгра Баҳром адвокатнинг нима учун ўз орқасидан етиб келмаганини англай бошлади. Илгарилари у бу каби гап-сўзларни кўп бора эшитган бўлса-да, кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиш бошқа нарса эканини тушунди. Унинг қолган-қутган умидлари ҳам хазон чалган япроқлардек ер билан чилпарчин бўларкан, Азизга қайрилиб:

– Вазият мураккаблашиб кетяпти, собиқ миршаб оға! – деб юборди.

– Жим, жим! – дея Азиз гапни бошқа томонга буришга ҳаракат қилди. – Кўп туриб қолдик. Чўллаб, тамоқларим қақраб кетди! ‒ У Баҳромга гапираётган бўлса ҳам, кўзларининг қири кўкраклари нақшли маҳбусда эди. У тупураётган кишидай эгилди-да, Баҳромга пичирлади: – Мени миршаб деб чақирманг, илтимос!

Унинг кўкраги нақшли маҳбусдан чўчиётганини Баҳром шунда пайқаб қолди.

Аксига олиб, кўкраги нақшли маҳбус Азиздан сигарет сўради. Азиз унга қутини тутганда, қўллари қалтираётган кўкраги нақшли маҳбус шеригига ҳам икки дона сигарет тутқазди. Ўзи эса ҳар қулоғи орқасига икки донадан қистирди-да, бешинчисини тутатиб, лабига қистирди.

 Ярим дақиқа ўтмасдан тўрт тутқуннинг оғзи-бурнидан тутун бўралай бошлади. Умрида йўлига сигарет тортмаган Баҳром бўғилганидан зўрға нафас оларди.

 (давоми бор)