Биринчи митинг

Биринчи митинг
176 views
28 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(34)

БИРИНЧИ МИТИНГ

«Бирлик»  таъсиси  қилинганига  бир  ой  тўрт  кун  тўлган  эди, саксон  саккизинчи  йилнинг  15-декабри  эди.  Одатдагидек,  эрталаб соат  9да  уйдан  чиқдим.  Негадир  мени  олиш  учун  Уюшмадан машина келмаганди. Яёв юриб, метрога кетдим. Орқамдан кимдир келиб  тўхтатди.  Бизнинг  яшайдиган  уйдаги  қўшнимиз адабиётшунос  Раҳим  Отаев  эди.  Қўлида  газета,  менга узатаяпти: «Айтдим-ку,  ўйиннинг  охири  шунақа  бўлади,  деб,  мана  ўқинг»,  – дея менга берди қўлидагини.

Очиб  қарадим,  ярим  саҳифадан  кўпроқ  жойни  олган  мақола (бунақасини  фелетон  дейишарди),  номи  ҳам  узун:  «Двайной стандарт честного Мухаммада». Яъни, «Мухаммад» мен эдим. Рахим  Отаевга  «раҳмат»  айтдим-да,  йўлимда давом этдим. Аммо  қизиққонлик,  бир  оз  ҳаяжон  устун  келди,  йўл-йўлакай газетани  яна  очдим  ва  юришдан  тўхтамай,  у  ер  бу  ерига  кўз югуртирдим.  Мақола  авторлари  Юрий  Кружилин  ва  (исми  эсда йўқ)  Хисомов  эди. Газета «Правда Востока» бўлиб, у сўнгги икки йил давомида мен қилган чиқишларга турли маслак ва мансабдаги одамлар  тилидан  мақолалар  уюштириб  ўзича  менинг «миллатчи»лигимга  «зарба  бериб»  келаётганди.  Аммо  бу  сўнгги зарбаси  анча  жиддий  эди.

Газета биринчи марта мени очиқчасига нафақат  миллатчилик  балки  ирқчиликда айблаётганди. Мухбирлар ўз  айбномасига  асос  қилиб  менинг  «Нъю-йорк  таймс»  газетасига берган  интервъюмни  олишганди.  «Солиҳ»  арабчада  ҳалол, тўғрисўз  дегани,  аммо  Муҳаммад  Солиҳ  бу  ердагиларга  бир  хил, чет  элликларга  бошқа  хил  гапиради,  унинг  тилда интернационализми  аслида  ёлғон,  у  совет  миллий  сиёсатини Гиммлернинг  истило  қилинган  мамлакатларда  юритган  сиёсатига тенглаштиради.  Аслида,  М.  Солиҳнинг  ўзи  ирқчи,  Ўзбекистонда руслар, тожиклар, туркманлар яшайди, фақат ўзбеклар эмас», дея у шохдан  бу  шохга  сакрашганди  мухбирлар.  Дархондан  ўтиб, метрога  тушдим.  Ёзувчилар  Уюшмасига  келдим.  Вақт  эрта бўлишига  қарамасдан  Уюшма  олди  гавжум  эди.  Тўпланганлар ёзувчилар эмас, ёшлар эди. Университет ва политехника институти талабалари.  Улар  «Бирлик»  тузилгандан  бери  Уюшмага  келиб-кетиб  туришарди.  Лекин бугун жуда эрта келишганди. Буни ўйлаб тугатмасданоқ,  бир-нечата  қиз  ва  йигит  менга  яқинлашиб саломлашдилар ва бир қучоқ гулдаста узатишди.

Мен бир оз ҳайрон бўлдим, аммо уларнинг қўлидаги «Правда Вастока»  нусхаларини  кўриб,  ҳамма  нарсани  англадим.  Ёшлар менинг  кайфиятимни  кўтариш  учун  зудлик  билан  етиб келишганди.  Улар газеталарни силкитишиб, «бу билан ҳеч нарсага эришолмайди,  сиз ҳеч хавотир олманг», дейишди.

Мен  уларнинг  айтганини  қилиб,  ҳеч  хавотир  олмадим.  Мен бу  мақолага  халқнинг  муносабати  ижобий  бўлишига  ҳеч  шубҳам йўқ  эди.  Фақат  бунга  ҳукумат  қандай  реакция  кўрсатади,  буни тахмин  қилолмасдим.  Одатда,  Марказқўмнинг  органи  бўлмиш газетада  бундай  «душман»ларни  фош  қилувчи,  сиёсий  руҳдаги мақола фақат марказқўм кўрсатмаси билан чиқарди. Марказқўм бу кўрсатмани бераркан, бир режаси бўлганлигига ҳеч шубҳам йўқди.

Илгарилари бундай мақолага мавзу бўлган одам энг камида ишдан олинарди  ва  қамаларди,  чунки,  совет  тузумининг  сиёсатини фашизм  билан  тенглаштириш,  «ўзбек  халқини  пахта  занжирбанд қилиб қўйди», дейиш совет давлатига туҳмат саналарди. Лекин уч йилдир-ки,  қайта  қуриш  бошланганди  ва  бу  давр  ичида  бундай мақолалар  ҳеч  қаерда  эълон  қилинмаганди.  Ва  табиий-ки,  бундай мақолалардан  кейинги  «проседура»ни  ҳеч  ким  билмасди,  чунки, «тажриба» йўқди.

Менимча,  ҳукумат  бу  мақола  билан  икки  масалани  ҳал этишни  ўйлаганди.  Биринчиси,  мени  Ёзувчилар  котиблигидан қувиш,  у  ердаги  сиёсий об-ҳавони йўқ қилиш, ёзувчиларни ўзининг профессионал  касбига  даъват  қилиш,  «мана,  кўринг  шундай қилмасанглар,  бошингизга  Солиҳнинг  куни  тушади»,  қабилида қўрқитиш.  Иккинчиси,  бу  менимча,  энг  муҳими,  яқиндагина тузилган  «Бирлик»  ҳаракатига зарба бериш. Ҳаракатнинг идеологи ўлароқ  табиий-ки  ёзувчилар  танилганди.  Ва  улардан  бирини  йўқ қилмоқ  ҳали  суяги  қотмаган  ташкилотни  ҳам  бешикдаёқ  бўғиб ташлаш деган гап эди.

Лекин  буни  режа  қилганлар  бир  нарсани  ҳисобга олишмаганди.  Ўша  даврнинг  ўзгарганини  ҳисобга  олишмаганди. «Правда Востока»да чиққан мақола ўн йил аввал босилсайди, мени ҳеч ким Уюшма олдида гулдаста билан қаршиламаган бўларди…

Мақола  кутилмаган  акс-садо  берди.  Бутун  жумҳуриятдан хатлар  ёғилиб  кела  бошлади.  Ҳаммаси  ҳеч  бир  истисносиз  менга далда  бериш  учун,  менинг  тутган  йўлим  тўғри  эканлигини билдириш  учун  ёзилган  эди.  Мактуб  ёзганларнинг  ёши,  маслаги ҳар  хил  эди.  Ҳатто  Қашқадарёдан  бир  деҳқон  бутун  бир  қишлоқ номидан  мени  қутлаш  учун  Тошкентга  келди.  Халтасида  тандир кабоб  ва  шунга  ўхшаган  Қашқадарё  қишлоқларининг  тансиқ емаклари.  Мен  бундан жуда ҳаяжонланган эдим. Шунча йил шеър ёзиб, бу қадар иззат кўрмагандим.

«Правда  Востока»  мақоласи  билан  битта  ерли  муслимонни йўқ  қилмоқчи  эди,  аммо  Оллоҳу  таоло  тескарисини  истади:  бу мақола  минглаб  муслимонларнинг  кўзини  очишга  восита  бўлди. Ҳукумат  бундай  акс-садони  кутмаган  эди.  Агар  мақолани босишдан аввал бир мақсади бўлган бўлса-да, буни амалга ошириш борасида тараддудланиб қолганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_41Мақола чиққандан беш кун сўнг, 20-декабр, соат 11 атрофида кабинетимга  секретар  қиз  кирди  ва  «Ўзбекистон»  меҳмонхонаси олдида  одамлар  митинг  қилаяпти,  деди.  Мен  дарров  Мамадали Маҳмуднинг  (у  ҳали  Уюшма  котиби  эди)  икки  кун  аввал  айтган гапини  эсладим:  Ёшлар  сизни  ҳимоя  қилиб  митинг  қилмоқчи.

Ҳимоя  бўлмаса,  сизни  қамашлари  мумкин,  мен  уларга билганингизни  қилинг,  деб айтдим, деганди. Ҳақиқатан  ҳам, меҳмонхона олдида кўп эмас, 450тача киши, ҳаммаси талабалар эди. «Вертушка»  жиринглади.  Олдим.  Минстрлар  Совети  Раиси Ғайрат  Қодиров  экан.  «Бу  одамлар  сизнинг  одамлар  эмиш, илтимос,  бориб  тинчлантиринг,  тарқалишсин,  талаблари  бўлса, ёзма  ҳолда  бизга  топширишсин,  кўриб  чиқамиз»,  деди.  Мен  бу одамларнинг  «меники»  эмаслигини  айтдим  ва  уларнинг  талаблари нима  эканлигини  ҳам  билмайман,  деб  жавоб  бердим.  «Ука,  мен сиздан  илтимос қилаяпман, бизга ёрдам қилинг, Рафиқ Нишоневич ҳозир Москвада, бу ерда вазиятни кескинлаштиришмайлик»,  деди.

Ғайрат Қодирович сўзларига русча қўшиб гапиргани ғашимга тегиб  турган  бўлса  ҳам,  унинг  илтимосини  рад  қилолмадим. Қодиров ўзи одам сифатида ёмон эмас эди, кўнгли очиқ, содда эди. Қодиров  билан  гаплашиб,  ташқарига  чиққанимда  милиция митингчиларни  «Ўзбекистон»  меҳмонхонаси  олдидан  ҳайдаб, Инқилоб  хиёбонига  олиб  киришга  мувоффақ  бўлганди.  (Хиёбонда уларни  камроқ  одам  кўрарди  ва  шов-шув  ҳам  камроқ  бўларди).

Бутун  хиёбон  атрофи  милиционерлар  «занжири»  билан чирмалганди. Ҳеч кимни хиёбон ичкарисига қўйишмаётганди. Мени  танишди  шекилли,  дарров  йўл  беришда  ва  ҳатто милиционерлардан  биттаси  овозини  пасайтириб,  «ака,  шундай давом  эттиринглар,  биз  ҳам  Сиз  тарафда»,  деди.  Бу  менинг кўнглимни  тоғдай  кўтарди,  шу  кўтаринкилик  билан митингчиларнинг  ҳузурига чиқдим.

Хиёбон  ўртасида  минерал  сув  ва  музқаймоқ  сотиладиган кичик  кўшк  бор  эди,  унинг  майдончаси  саҳнага  айланган, саҳнада Марказқўмдан  бўлим  бошлиғи,  шаҳар  ижроқўм  раиси,  ИИБ бошлиғи  ва  ўн-бешта  КГБ  ходимлари  туришарди.  Менга микрофонни  тутқазишди.  Микрафонни  олиб,  оломонга  боқдим. Катта-кичик  картон  қоғозларга  менинг  исмимни  ёзиб,  «сени қўллаймиз,  биз  сен билан, йўқолсин зулм, Сафарян Ўзбекистондан даф  бўл!»  (Сафаров  –  «Правда  Востока»  редактори),  каби  содда шиорлар  битилганди.

Мен  ёшларга  раҳмат  айтдим.  Ҳукумат  бошлиғига  таклиф-талабларингизни  ёзма  ҳолда  беринглар-да,  тарқалинглар,  дедим. Ёшлар  «биз  мақолани  ёзган  мухбирлар  келиб,  шу  ерда  ўзбек халқидан  узр  сўраши  керак,  чунки,  улар  фақат  сизни  эмас,  ўзбек халқини  ҳам  камситган»,  дейишди.  Кимдир  «буни  муҳокама қилайлик,  майли,  мухбирларни  олиб  келамиз,  фақат  шу ерда эмас, Ёзувчилар Уюшмасида муҳокама қилайлик», деди.

Ҳокимият  бу  исёнчи  талабаларни  халқ  кўзидан  тезроқ йироқлаштиришни,  тезроқ яширишни  истарди.  Ёшлар  таклифга  рози  бўлишди.  Оломон  уюшмага  қараб юрди. У бизнинг залимизга сиғмади, иккинчи, учинчи қават, фое ва даҳлизлар ҳам одамга тўлди.

Мухбирлар  Кружилин-Хисомовни  дарров  топиб  келишди. Узр сўрашдими-йўқми, билмайман, ҳар ҳолда ёшлар уларни қаттиқ терлатишгани рост. Мен  муҳокаманинг  сўнгида  кирдим  ва  ҳукумат митингчиларга  «М.  Солиҳнинг  «Правда  Востока»га  жавобини  ўн кун  ичида  босамиз»,  деб  ваъда  берганини  билдим.  Бу  мен  учун жуда  катта  имконият  эди. Бундай бир мақолага «айбланувчи»нинг жавоби  яна  ўша  газетанинг  ўзида  босилиши  совет  жамияти  учун фавқулодда бир ҳодиса бўлган бўларди.

Бу жавоб чиқса, биринчидан, бу ёшларнинг ғалабаси саналар ва  уларнинг  ўзига  бўлган  ишончи  икки  қат  ортарди.  Иккинчидан, бу  жавоб  Ҳаракатимизга  қўшилишга  тараддудланиб  турган одамларга  сўнгги  туртки  бўлар  ва  улар  сафимизга  қўшиларди. Учинчиси,  бизнинг  ҳаракатимиз  бир  психологик  тўсиқдан  ўтиб, ҳукумат  ҳам  биздан  бир  қадам  орқага  (биринчи марта!) чекинган бўларди.  Мен  «Правда  Востока»га  жавобни  ўша  куниёқ  бошлаб, эртасига битирдим ва газета редакциясига жўнатдим.

(давоми бор)