Банин-Назир Ғазоти

Банин-Назир Ғазоти
69 views
28 July 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 67

(давоми)

БАНИН-НАЗИР ҒАЗОТИ

Мадина атрофида қишлоқ қилиб ўлтиришган бир тоифа яҳудийлар бор эди. Улар биз Ҳорун алайҳиссаломнинг авлодларимиз, дейишарди. Ислом келмасдин илгари мадиналик Хазраж қабиласи билан бирлашиб, дўстлик аҳдини боғламиш эдилар. Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин шу ердаги яҳудийлар билан тинчлик ҳақида бир шартнома тузган эдилар. Лекин яҳудлар бу аҳдномани буздилар. Кўнгилларида яшириниб ётган ҳасадлари яна қўзғолди.

Воқеа шундоқ эрдиким, бир куни Расулуллоҳ бир неча саҳобаларни олиб, бир иш тўғрисида шу яҳудийлар билан сўзлашгани келдилар. Улар ҳам ҳурмат кўрсатиб: «Эй Абул Қосим, хуш келдингиз, сизга зиёфат тайёрладик, уни егизайлик, сўнгра нима ҳожатингиз бор эрса, албатта адо қилгаймиз», дейишиб Расулуллоҳни бир уй соясига жой солиб ўтказдилар.

Кейин буларнинг кўнгилларига шайтон кириб, ниятлари бузилди. Расулуллоҳга қасд қилмоқчи бўлиб, яҳудийлар ўзаро шундоқ қарорга келдилар: «Муҳаммадни ўлдирмоқ учун бундай пайт ҳеч вақт келмайди, энди бу фурсатни ўтказмасдан, бунинг ишини шу ерда тамом қилайлик. Бир киши яширинча том устига чиқсун ва катта тош билан Муҳаммадни бошига уриб, ўлдирсин. Шу билан бундин ҳаммамиз қутулгаймиз. Қолган йўлдошларини қочирмай, барчасини асир олгаймиз. Буларни Маккага элтиб, қонларига ташна бўлиб турган Қурайш халқига оғир баҳо билан сотгаймиз», дейишиб, шу хиёнатни қилмоққа аҳд қилдилар.

Мана шу чоғда Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб, бу хабарни Пайғамбаримизга билдирдилар. Дарҳол Расулуллоҳ ҳожат қилмоқчи бўлиб, ташқарига чиққанларича қайтиб у жойга кирмасдин, йўлга тушиб Мадинага қараб жўнадилар. Аммо бу ишдин саҳобаларнинг хабарлари йўқ эди. Расулуллоҳ қайтиб кирмасдин кечикиб қолганлари учун ташвишланиб, ҳаммалари ташқарига чиқишиб, Расулуллоҳни кўрмагач, ҳайронликда қолдилар. Шу орада Мадина томонидан келаётган бир одам Расулуллоҳнинг Мадинага кетаётганларини йўлда кўрдим, деб хабар берди. Буни онглашиб, саҳобалар чопганларича Расулуллоҳга етдилар. Сўнгра айтдиларким:

— Сиз бир ишга шошилгандек бўлиб у жойдин чиқиб, қайтиб кирмадингиз. Бизлар хабарсиз қолиб, сиздан кўп ташвишландик, бунинг сабаби нима эканини билмадик? — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Яҳудлар мени ўлдириш учун қасд қилмиш эдилар. Бу ҳақда Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб, менга билдирдилар, шу учун алардин сақланиб қайтиб кирмадим, — дедилар.

Шундай қилиб, яҳудларнинг қилган хиёнатлари маълум бўлди. Ўртада тузилган илгариги аҳднома шартларини ўзлари буздилар. Расулуллоҳга қилган хиёнатларини юзага чиқардилар. Бу хиёнатлари ҳаммага маълум бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Саламани уларга юбориб, бир неча кун ичида хоинлар араб тупроғидан чиқиб кетсунлар, деб амр қилдилар. Бу фармон боргандин кейин бошларига қиёмат келиб ичларига ғулғула тушди. Бу ишга сабаб бўлувчиларни ёмонлаб, аларга таъна айтишдилар. Ислом аҳлига қазиган чуқурларига ўзлари йиқилдилар. Ёпиқ турган офат эшигини ўзлари очганликдан уни ёпиш учун Расулуллоҳга узр айтмоққа тиллари йўқ эди. Мана шундай бўлгач, ночор қолишиб, жой-жўшларини, боғ-бўстонларини ташлашиб кетмоқчи бўлдилар. Мана шу чоғда буларнинг дўстлари — Мадина мунофиқларидан яширинча хабар келдиким: «Биз сизлар билан биргадурмиз. Агар Муҳаммад билан урушар бўлсангиз, ёрдамга тайёрдурмиз», деб яҳудларга ваъда қилдилар. Буларнинг сўзига ишонишиб, кўчишни кечиктирдилар.

Буни кўриб Расулуллоҳ уруш жамалғусини қилишга буюрдилар ва етарлик аскар йиғилди. Туғ байроқлар боғланиб, бош туғни Ҳазрати Алига бердилар. Мадина шаҳрига ибн Умму Мактумни волий қилиб, сўнгра душман устига юриш қилдилар. Бу хабар яҳудларга эшитилгач, қарши чиқиб урушолмай, қўрққанларидан қочиб қўрғонларига киришди.

Расулуллоҳ олти кеча-кундуз қўрғонни қамал қилдилар. Шунгачалик ёрдамга ваъда берган Мадина мунофиқларидан хабар бўлмагач, алардин умидлари узилиб, бошқа йўл топиша олмаганларидан кейин, Расулуллоҳга элчи юбориб:

— Уруш қуролларимизни бутунлай топширайлик, ҳар бир оилага ўзимиз хоҳлаганимизча бир туя юк мол олайлик, жонимизга омонлик берилсин, шу билан араб тупроғидан чиқиб кетайлик, — дедилар.

Расулуллоҳ бунга розилик билдирдилар. Сўз шунга тўхталгандин сўнгра, яҳудлардин бир қанчалари Хайбарга кўчишиб, қолганлари эса Шом тупроғидаги Азруъот деган жойга кетишди. Булардин қолган бутун мол-дунёлари хазинага олинди. Расулуллоҳ бу ғанимат моллардин фақир мискинларга, етим болаларга, тул хотунларга насиба чиқариб, аларга улашиб бердилар. Ўртада қон тўкилиб, уруш бўлмаганликдан аскарларга бу молдин берилмади. Чунки бу воқеада ўлжа тушган молларни баъзи саҳобалар Исломдин илгариги араблар одатларича бўлишиб олмоқни истадилар.

Мана шу чоғда тушган Ҳашр сурасидаги оятларнинг ҳукмига қараб, Расулуллоҳ бу молларни хазинага олиб, шариат буюрган ўрнига бердилар. Шу кундан бошлаб, урушда олинган ўлжа молларини бўлиш усули араб одатларича бўлмай, балки Қуръон ҳукмига боғланди. Шундай бўлиб, бу сафарда уруш-талаш бўлмасдин, буларнинг шарридан мусулмонларни Худо қутқарди.

(давоми бор)