Академикка мактуб

Академикка мактуб
32 views
29 July 2016 - 14:31

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(38)

1989 йил. АКАДЕМИККА МАКТУБ

Саксон тўққизинчи йил январ ойининг еттисида «Совет Ўзбекистони», «Правда Востока» ва «Ташкентская правда» газеталарида менинг Кружиилин-Хисомовларга жавоб мақолам босилиб чиқди. Бунинг босилиши менинг ғалабамдан кўра, кўпроқ талаба ёшларнинг ғалабаси эди. Бу ҳодиса уларнинг «Бирлик» халқ ҳаракати атрофида жипслашувини, уларнинг тарғибот ишларида эркинроқ ҳаракат қилишини таъминлади.

Менинг шахсим учун эса, бу воқеа бир муҳим босқичнинг тугалланиши эди. 1985 йил январ ойида «Совет Ўзбекистони» газетасида эълон қилинган «Ғоявийлик бош мезон» мақоласидан кейин ўтган тўрт йил ичида мамлакатда шундай ўзгаришлар юз берди-ки, ўша коммунистларнинг Бош газетаси энди мен каби коммунист бўлмаган ва ўзининг миллий қарашдаги фикрларини ҳеч қачон эплаб яшираолмаган биттасининг мақоласини босишга мажбур бўлаётганди.

Қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати саксон тўққизнинг бошида шундай бир нуқтага келди-ки, ортиқ уни орқага қайтариш ёхуд тўхтатиш у ёқда турсин, унинг тобора авж олаётган тезлигини сусайтириш ҳам мумкин эмас эди. Баъзи мутафаккирлар агар 1989да бир иҳтилол (давлат тўнтариши) юз берса эди, Совет Империясини қутқариб қолиш мумкин эди, дейишади. Аммо улар, бу иҳтилолнинг ўша саксон тўққизда нега бўлмаганини ўйлашмайди. Бу иҳтилол бўла олмаган эди, шу боис империяни қутқариш ҳам имконсиз эди.

Иҳтилол саксон тўққизда тез юриб кетаётган аравани бирдан тўхтатганда юз берадиган қазо (авария) каби хавфли эди, шунинг учун у араванинг тезлиги сусайиб, одамлар қайта қуришдан ҳам совий бошлаган бир пайтда, яъни 1991 йилнинг августида юз берди. Бу иҳтилолнинг мувафақиятсизлиги – бошқа бир мавзу.

Саксон тўққизга келиб, Ғарб давлатлари ва дунё жамоатчилиги ҳам Совет Иттифоқида, ҳақиқатан жиддий ўзгаришлар юз бераётгани ва бу жараённинг янада жиддийлашуви мумкинлигига инона бошладилар. Бу давргача дунё Совет Иттифоқидаги воқеаларни бир нави скептицизм пардаси аро кузатарди, чунки, Хрушчев замонидаги бир «юмшаш»дан кейин қайтадан жонланган неосталинизм СССРда осонликча (тинч йўл билан) бирор ижобий ўзгаришнинг юз беришига шубҳа уйғотганди.

1989 йилда СССР ва Ғарб орасидаги алоқалар анча самимийлашди. Тоталитар давлат ўз қиёфасини ўзгартириш учун ўз фуқароларининг чет эл саёҳатларини анча енгиллаштирди, чет эл сайёҳлари ҳам илгаригидан осонроқ келиб-кета бошладилар.

Ёзувчилар Уюшмаси расмий тан олинмаган «Бирлик» ҳаракатини бир машру ташкилот савиясида тутиш учун тиргак эди. Менинг айри кабинетим ва секретарим бор эди, «Бирлик» ҳаракати билан танишишга келган ерли ва ажнабий ким бўлса, ҳаммаси шу кабинетга бир учраб кетарди. Бу бир қараганда жўн кўринса ҳам, расмий мақомларга ҳурмат туйғуси билан ошланган одамлар учун психологик нуқта-назардан жуда муҳим нарса эди. Биз чет эл мухбирларига кўчада эмас, ўз идорамизда интервъю берардик, улар ҳаракат ва унинг фаолияти ҳақида зарур билгиларни тўғридан-тўғри марказ фаолларидан оларди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_42Январ ойида жуда кўп чет эллик газетачи ва тадқиқотчилар билан кўришдим. Уларнинг аксарияти рус матбуотида ёритилган материалларга таяниб, Ўзбекистон ҳақида хулоса чиқарган кишилар эди. Кўпчилигини коррупция ва порахўрлик қизиқтирарди, бизнинг гапира бошлаганимиз миллий масалаларни англамасди ёки англамаган бўлиб кўринишни истардилар. Чунки, улар ҳам қанчалик мустақил фикрловчи шахслар бўлмасин, ўз давлатлари идеологиясини у ёки бу қадар ташимоқда эдилар. Улар бизнинг (ҳозирча!) мустақиллик ҳақида сал секинроқ орзу қилишимиз тарафдори эдилар, улар қарши лагер одамлари ўлароқ, эндигина улар истаган йўлга юра бошлаган бу баҳайбат машинанинг бирдан орқага қайтиб кетишидан жуда-жуда қўрқардилар. Бундан биз ҳам қўрқардик, аммо бу яхши кийинган, ғам-ташвишсиз (бизга шундай кўринишарди) ёқимтой ғарбликлардан фарқимиз шу эди-ки, биз оҳиста орзу қилолмасдик, биз бугун сўзлаш учун берилган имконни зудлик билан қўлланишга мажбур эдик. Ҳатто, «чиқарган варақаларни сақлаб қўйинглар, қайта қуриш тугаб, зулм қайтадан бошланганда, бу варақаларни кўзга суриб ўқиб юрамиз ҳали», дердик. Яъни, «қайта қуриш» «вақтинчалик кампания» деган ботиний фикр некбинлар некбини бўлган бизни ҳам доим таъқиб қиларди. Шу боис, «ётиб қолгунча отиб қол», тактикаси билан иш тутиб, истисносиз бутун жабҳаларда – иқтисоддан тортиб маорифгача, пахта монокултурасидан тортиб медицинагача, – муаммоли масалаларни ўртага қўяр, уларни ечолмаслигимизни билсак ҳам, лоақал бу ҳақда жамоат фикрини уйғотишга шошар эдик.

Давлат тили масаласи саксон тўққизинчи йил бошларининг долзарб масалаларидан бири эди. Ўша йил январ ойида ёзилган бир мактуб, мана:

Академик Эркин Юсуповга

Қадрли Эркин ака, авваллари Сиз ҳақда не гап бўлса, бари яхшилик рамзи сифатида айтиларди. Афсуски, бугунги миш-мишлар, хусусан, «Совет Ўзбекистони»даги «иккитиллилик» масаласига оид мақолангиз ва телевидениедаги сўнгги чиқишингиз атрофидаги гаплар Сизнинг ҳам, ўзбек зиёлиларининг ҳам обрўсига яхши бўлмаяпти.

Сиз тил бўйича комиссия раисидирсиз. Эҳтимол, бу комиссия хулосаси жумҳурият фикри бўлиб қарор шаклига кирар. Масъулият катта. Тилимиз давлат тили бўлиши шарт. Бу «бир ҳовуч зиёлилар» истаги эмас, балки, бутун халқнинг орзу-армони. Буни ўзингиз яхши биласиз. Бас, шундай экан, биз халқ тарафига турмасак, ким туради? Сиздан илтимос ва илтижомиз шу-ки, тилимиз билан дилимизни бир қилайлик. Бугун биз тарихий воқеа бўсағасида турган бўлишимиз мумкин. Мансаб, обрў, раҳбарлик ўтиб кетади. Аммо халқимиз, тилимиз, ватанимиз қолади. Бизни фарзандларимиз қарғаб юрмасин. Бугунги ҳисобга кўра, Ўзбекистонда 72 фойиз ўзбеклар, 13 фойиз рус тилида гапирувчилар, 4 фойиз тожиклар (қолганлари туркий халқ вакиллари) яшайдилар.

Биз ўзбек тилини билмайдиган 13 фойиз учун ўз тилимизни қурбон қилолмаймиз. Агар бу фойиз 25 ёки 40 бўлса, ҳам биз ўз тилимизнинг ўз еримизда давлат тили бўлишини истаган бўлардик. Чунки, акс ҳолда, ўша Сиз доим таъкидлаётган байналминалчилик тушунчасининг бир чақалик қадри бўлмасди. Борди-ю, Сиз бошқараётган комиссия ўз вазифасини адо этолмаса ёки адо этишни хоҳламаса, жамоат ўз тилини ҳимоя қилишга тайёр. Ишонинг, у ўз ҳақ-ҳуқуқини қатъий талаб этажак, бизнинг Ёзувчилар Союзига келаётган хатлар шундан дарак бериб турибди.

Сизга соғлик тилаб, Сиздан умид қилиб, укангиз Муҳаммад Солиҳ

P.S. Тазйиқ ҳаммага ўтказилаяпти. Аммо бу ўзимизни оқлаш учун ҳуқуқ бермайди. Мен Сизга ўзимни яқин ўйлаб, шу гапларни ёзишга ҳаддим сиғди. Йўқса, Сизнинг қимматли вақтингизни олиб ўтирмасдим, афу этинг.

12 январ 1989 йил, Тошкент.

Эркин Юсупов ўша қайта қуриш даври зиёлиларининг аксариятини тамсил қилган, илмий ибора билан айтганда, «типик вакил» эди. Бу тип инсонлар нисбатан ақлли, нисбатан виждонли, нисбатан ватанпарвар, қисқаси, нисбатан яхши одамлар эди. Улар об-ҳаво яхши бўлиб, замон қатоғон замони бўлмаса, юрт дардига қулоқ солиб, унга қайишар ва ўзлари эгаллаган мансаб даражасида бир ишлар қилишга уринардилар. Аммо об-ҳаво бузилиб, халқ тарафда туриш таҳликали бўп қолса, дарров унга қарши тарафдаги бирор шинам жойга ўтиб олардилар.

Мен бу хил одамларни дарров танирдим, чунки, умримнинг ярми шулар билан ўтганди. «Бирлик» ҳаракати бошқарувининг юзда саксон фойизи шу тип инсонлардан иборат эди. Уларнинг истисносиз ҳаммаси коммунист эдилар, аммо улар ўз жабҳаларида озми-кўпми мутахассис эдилар. Биз «коммунист» дея, ўрнига коммунист бўлмаган, аммо малакасиз инсонларни ҳаракатга таклиф қилолмасдик. «Бирлик»нинг таркиб топишида бу тутум туфайли мендан хафа бўлганлар кўп бўлди. Хафа бўлганларнинг коммунистларнинг бари-бир кун бошқа тарафга ўтиб кетиши ҳақидаги фикрлари тўғри эди. Аммо улар ўша «бир кун келгунча» ҳаракатда ишлайдиган одамлар кераклигини тан олгилари келмасди. Академик Эркин Юсупов 1986-88 йилларда ҳукуматга «ўгай» бўпқолганди шу боис ёзувчилар билан – норасмий мухолифат билан яқинлашган эди. Аммо янги ҳукумат келиб, унинг «юлдузи» янгидан порлай бошлаган заҳот, миллий масалалар қолиб, байналминалчиликнинг аҳамияти ҳақида куйлай бошлаганди. Юқоридаги мактуб шунга қарши ёзилганди.

(давоми бор)